Наҳот ишқ қисмати бунча бераҳм…
Йигитлар мактубин битганда қондан,
Келинлар фироқдан чекканда ёҳу,
Унинг ҳам паноҳи қайтмади жангдан,
Ўн тўққиз ёшида бева қолди у…
Юракларни ларзага келтирувчи, манфур урушнинг оғир асоратларини очиб берган бу шеърни яхши биласиз. Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов қаламига мансуб бу ашъорни ҳеч ким бефарқ ўқий олмаса керак. Чунки юртимизда мудҳиш уруш оқибатлари кириб бормаган бирорта хонадон топилиши амримаҳол.
Юракка яқин шеър ўз-ўзидан ёзилмайди. Юртимизда бундай қаҳрамон жангчиларнинг беваси жуда кўп бўлган. Бу шеър Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида истиқомат қилган Бодомгул аянинг тақдиридан сўзлаётгандек гўё.
…Бодомгул ва Ҳасанжоннинг тўйи 1941 йил июнь ойида бўлиб ўтди. Уларга кўпчилик ҳавас қилди: “Бир-бирига жуда муносиб”, дейишди. Бундан келин-куёв дунёларга сиғмай қувонди.
Кунларнинг бирида қишлоққа машъум хабар ўрлади: уруш бошланибди. Бахт оғушидаги келинчак Бодомгул бу гапга бошида парво қилмади, Ҳасанжон билан бир ёстиққа бош қўйганига ўн беш кун бўлганида эса чақирув қоғози келди. Ўшанда у бор-йўғи 19 ёшда эди.
— Тез қайтаман, уруш узоққа чўзилмайди, — деди Ҳасанжон. — Мени кут!
— Умримнинг охиригача кутаман сизни, — деди Бодомгул хайрлашар чоғида.
Уруш номи билан уруш. Забардaст йигитлар фронтга кетди. Ҳамма иш кексалaр ва аёлларга қолди. Даладаги оғир меҳнат вужуд-вужудини эзиб ташласа-да, Бодомгул асло чарчадим демади. У бу қийинчиликлар тезда ортда қолишига, севикли ёри Ҳасанжон тез кунларда ғолиблар қаторида қайтишига ишонарди…
Қишнинг заҳри кетиб, тарновлардаги сумалаклар эрий бошлади. Қиру адирларда бойчечаклар бўй кўрсатди. Қалдирғочлар уй айвонига ин қуриш ташвишига тушиб қолди. Далаларда иш қайнай бошлади. Қаҳратондан ҳориб чиққан қишлоқ аҳли Наврўзи оламга тайёргарлик кўраётган пайтда узоқдаги сўқмоқ йўлда бир аскар кўринди.
— Ҳасан акам шу, аниқ Ҳасан акам! — дея Бодомгул оёқяланг югурди. Аскар ҳам худди Ҳасанжонга ўхшар, аммо қўлтиқтаёқда эди. Яқин қолганда эса кийими ўзига ярашган бу аскар бегона эканини билди ва Бодомгул ерга чўккалаб қолди.
— Синглим, хафа бўлманг, сиз кутган инсон, албатта, келади, — дея таскин берди аскар йигит…
Бодомгул яна ўн марта адашди, келаётган аскар томон ўнинчи бор югуриб чиқди. Ёридан эса на хат, на хабар бор эди. Урушга кетганига бир ой бўлганида “Бодомгул, мени кут, мен албатта қайтаман” деган мазмунда мактуб олган эди. Шу биргина хат унга илинж, умид ва ишонч бериб турарди.
…Уруш тугаб, қишлоққа энг охирги жангчи ҳам қайтди. Аммо Ҳасанжондан дарак бўлмади. “Майли, ногирон бўлса ҳам тирик келса майли эди”, деб фарёд чекарди Бодомгул.
Уруш тугаганига анча йиллар бўлганида ҳам Бодомгул ёрини кутишдан чарчамади. У аёллар бригадасига раҳбарлик қилиб, бор аламини меҳнатдан олди.
— Ўтган асрнинг 80-йиллари эди, — дея эслайди Бодомгул момонинг жияни Дилмурод Холиёров. — Бир куни аммамнинг хонасига кирсам, йиғлаб ўтирган экан. На чиқиб кетишимни, на киришимни билмай эшик ёнида туриб қолдим. Чунки аммамни бундай ҳолатда асло кўрмаган эдим. Йиғласа ҳам ҳеч кимга сездирмас эди. Қарасам, қўлида Абдулла Ориповнинг китоби.
— Дилмуроджон, кел, мана бу сатрларни кўр, худди мен ҳақимда ёзилгандек, — деди аммам ва ўқиди:
Наҳот ишқ қисмати бунча бераҳм,
Бунчалар буюксан вафо шеваси.
Сенгадир ҳурматим, сенга шарафим,
Қаҳрамон жангчининг содиқ беваси…
Аммам менга суяниб ўкириб юборди. Мен ҳам йиғладим. Қанийди, аммамга таскин бўла олсам, дардларига малҳам бўлсам. Афсуски, бунинг иложи йўқ эди. Аммажоним умрининг сўнгигача ўз суюкли ёрини кутиб яшади…
Ҳикоямиз қаҳрамони Бодомгул Олимова 1941 йилдан 1980 йилгача Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида пахтачилик, ғаллачилик ва сабзавотчилик бригадаларига раҳбарлик қилиб, элда катта обрў-эътибор топди. Нафақага чиқди, дориломон кунларни кўрди.
Ая 2013 йилда 90 ёшида бу дунёни тарк этди. Ундан мерос — биттагина сандиқ қолди. Сандиқни очишганда ичидан ёрига ўз қўллари билан тиккан тўн, белқарс, дўппи, Ҳасанжон урушдан ёзган ягона “мени кут, мен келаман” деган хат ва… Абдулла Ориповнинг “Аёл” номли шеъри чиқди:
Назокат пайтимас, яқинроқ келинг,
Буюк зот қошида айлангиз салом.
Шу содиқ бевага саждалар қилинг,
Шу содиқ бевага айланг эҳтиром.
Ҳатто зеб-зийнатни юлқиб зиёда,
Ҳайкал ҳам қўйингиз бамисли хаёл.
Шундайлар бўлмаса агар дунёда,
Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл.
Фахриддин БОЗОРОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.
