ОКМКда тарихий натижа
ёки “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”нинг 3-мис бойитиш фабрикасида дастлабки 10 миллион тонна маъдан қайта ишланди
Ҳа, комбинатнинг 3-мис бойитиш фабрикасида 2026 йил 16 мартдан 4 ноябргача 10 миллион тонна маъдан қайта ишланди.
Шу даврда Мис эритиш заводига 160 минг тоннадан ортиқ мис концентрати етказиб берилган.
Ишлаб чиқариш суръатлари ойма-ой ўсиб борди. Май ойида 661 минг 500 тонна маъдан қайта ишланган бўлса, июнь ойида 1 миллион 161 минг 805 тонна, октябрь ойида эса 1 миллион 600 минг тонна маъдан қайта ишланди. Бу март ойига нисбатан 2,5 баравардан ортиқ маъдан қайта ишланди деганидир.
Ушбу тарихий зафарга муносиб ҳисса қўшган ишлаб чиқариш илғорларини шарафлаш мақсадида тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олган ОКМК бошқаруви раиси, сенатор Aбдулла Хурсанов барчани ушбу зафарли муваффақият билан самимий муборакбод этди. Комбинат раҳбари ўз нутқида ҳозирда комбинатда йирик инвестиция лойиҳалари юқори суръатларда ва жадаллик билан амалга оширилаётганини, аҳил меҳнат жамоаси бундан кейин ҳам ҳамжиҳатликда бундан-да юқори мақсад ва марраларни забт этишига ишончи комил эканлигини алоҳида таъкидлади.
Тантанали маросим давомида мана шундай натижа қайд этилишида юксак жонбозлик кўрсатган 4 нафар комбинат масъул ходимига турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари топширилди. Шунингдек, 67 нафар фабрика ишчиси, комбинат таркибий бўлинмалари мутахассислари ҳамда пудрат ташкилотларининг вакилларига ташаккурномалар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
ОКМКнинг фахрий вакилларидан бири, Ўзбекистон Қаҳрамони Сайдали Раҳманов ва комбинат таркибий бўлинмалари раҳбарлари, ёшлар ва пудрат ташкилотлари аъзолари ушбу юксак натижа тасодиф эмаслигини қайд этишди. Улар ўз чиқишларида мазкур улкан меҳнат маррасининг замирида, энг аввало, Президентимизнинг комбинатга қаратаётган доимий эътибори ва ғамхўрлиги, ОКМК раҳбарияти ҳамда муҳандис ва мутахассисларнинг вазифаларга пухта ёндашуви ҳамда кўп минг кишилик ишчи-ходимларнинг ҳамжиҳатлиги ётганини эътироф этдилар.
Катта имкониятлар сари ташланган дадил қадам комбинатнинг истиқболдаги янги зафарлари учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев 16 март куни ишга туширган фабрика “Ёшлик I” конини ўзлаштириш лойиҳасининг асосий объектларидан бири ҳисобланади. Унинг лойиҳавий қуввати йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаш ва қарийб 900 минг тонна мис концентрати ишлаб чиқаришга мўлжалланган.
Ҳозирда фабрикадаги 12 та тегирмондан 10 таси фойдаланишга топширилган. Қолган иккитасида созлаш ва синов ишлари давом этмоқда. Корхонани босқичма-босқич лойиҳавий қувватга олиб чиқиш режалаштирилган.
Мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятига муносиб ҳисса қўшаётган ушбу корхона фаолияти йилдан-йилга ҳар томонлама ривожланиш босқичларида, десак, муболаға бўлмайди. Шу боисдан ҳам бу ерда меҳнат қилаётган минглаб ишчи-хизматчилар, муҳандис ва технологлар, турли мутахассислар, барча-барчалари ҳақли равишда фахрланишади.
Зеро, бунга улар ҳақлидирлар.
Муҳаммад КЕНЖА.
