Боғлар қийғос гулда

1 март — Ўзбекистон халқ шоири зулфия таваллуд топган кун

 

                                                                      Зулфия

 

                 Боғлар қийғос гулда

Боғлар қийғос гулда — яхлит бир чаман,

Ҳар дарахт анвои бир тароватда.

Бир кафт боғ меҳнату ҳосилга ватан,

Ўзга кўрк, ўзга ранг ҳар бир дарахтда.

Ҳар навда бир гулда, ҳар гулда бир рўй,

Ҳар дарахт барги бир дунё ҳикоя,

Ҳар бирин ҳосили ўзгасига кўрк,

Бири-бири учун қудрат, ҳимоя.

Ватаним кўзимда: қай бурчи азиз,

Билмам, қайда толе серзавқ, сержило?

Ялпи тўлишади бедахл юртимиз,

Нақ ҳар қаричи дил, жон томир гўё,

Бир қардош тинчисиз — ўзга беором

Бирининг нонисиз — ўзга эмас тўқ…

Бу — қадим дунёда янги бир олам,

Бунда орқа тоғсиз бир тирик жон йўқ.

Таянч бўлмасайди одамзод албат,

Ўзи кашф этарди, кашф этгандай бахт.

 

                 СОҒИНИБ

Шу кунларда баҳорга зорман,

Навжувонлик ўти танда йўқ.

Куз сингари заъфар рухсорман,

Мевалар ҳам шохлардан узуқ.

Шу кунларда баҳорга зорман,

Танхасталик эзади руҳим.

Танҳо эмас, қаторда борман,

Яна нени излайди суқим?

Шу кунларда баҳорга зорман,

Шаффоф, ёрқин куй тилар кўнгул.

Яхшиямки, қаламга ёрман,

Сўзлаб турар бор дилимни ул.

Шу кунларда баҳорга зорман,

Ўз баҳорим каби бемисол.

Баҳор қайтмас, ёнувчи қорман,

Ё нўноқ қўл бутаган ниҳол.

Шу кунларда баҳорга зорман…

 

          БАҲОР КЕЧАСИ

 Кеча жимжит, кўп гўзал кеча,

Қарайсану суқинг киради.

Ёнади гул, жилмаяр ғунча,

Еллар ғир-ғир эсиб туради.

Баҳор кечи тиниқ ва оппоқ,

Борлиқ тўлган гуллар ҳидига.

Ҳислар уйғоқ, табиат уйғоқ,

Уйғун бўлиб киши дилига.

Ажаб, гўё тиниқ тўлин ой

Ҳоким сезар осмонда ўзин,

Бахтли билар шу дам ҳойнаҳой,

Сайр этган-чун бутун ер юзин.

Тун мусаффо, кеча беозор,

Биздайин соф нафас олади.

Унда йўқдир ўтмишдаги зор,

Янги куйга қулоқ солади.

Ойда кулиш, электрда нур,

Юрагимда севги тўлқини.

Дайди шамол елади ҳур-ҳур,

Олиб кетар кўздан уйқуни.

Ерга баҳор чаман тўшаган,

Олма ҳали гулин тўкмаган.

Кўк бахмалга гуллар бурканган,

Лаб очмаган, булбул ўпмаган.

Кўзим тушди олма гулига,

Дедим, тақсам энг гўзал бирин –

Сўйлаб берса…

                  менинг чаккамда,

Дилбарлигин, гўзаллик сирин.

Шундай гўзал баҳорнинг гули,

Ундан гўзал биз ўсган ҳаёт.

Гул тутади ҳур инсон қўли,

Гулга тўлган бутун коинот.

Шу манзара, шу ажиб чаман,

Қучоғида севинчга ботдим.

Оқшом завқин қониб ичиб мен,

Тоғ ортига ойни узатдим.

 

                     * * *

Ҳаво кўм-кўк, унда йўқ ғубор,

Қуёш нурин беҳад сочади.

Ерда ажиб тўлишиб баҳор,

Ҳар кун янги чеҳра очади.

Қишдан чиққан боғчалар, боғлар,

Безанади баҳор гулига.

Майса ўтлар, зилол япроқлар

Илҳом берар киши дилига.

Ариқ лабидаги бинафша,

Кашф этади ўзи бир баҳор.

Кўнгилларга беради нашъа,

Сайраб булбул чиройли наҳор.

Хаёлингни мафтун этади

Гўзал оппоқ фируза тонглар.

Уйқуларни олиб кетади

Аллақандай майин шамоллар.

Баҳор кўриб яшнар даралар,

Қир ҳам иш завқига тўлади,

Меҳнат билан зумрад далалар

Кундан кунга дилбар бўлади.

Ишга чиқар, севиб, шошилиб,

Қуёш билан тенг турган қизлар;

Ишлар баҳор каби очилиб,

Ёнар бахмал лоладай юзлар.

Баҳор, ёшлик ишга тушар тез,

Тонгда меҳнат завқли бўлади.

Бахтли тонгдай кулган ўзбек қиз

Тракторнинг рулин буради.

Қиши билан етилган тупроқ

Қиз қўлига очар кўксини.

Олтин кузда очилган оппоқ

Ҳосил эркалайди кўзини.

Юракларда, кўзларда баҳор,

Ерда, кўкда баҳор юради.

Ҳатто сочи оқарган чоллар,

Баҳор каби яшнаб киради.

Шундай сочиб гулларин ҳар гал,

Еру кўкни безаш одати.

Гул ёзади баҳордан гўзал,

Шод инсоннинг ҳур саодати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + eighteen =