Мўйноқда янгиланиш шамоли

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун шериклик асосидаги “Траст” фонди тузилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация маркази, Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган — Мўйноқ халқи. Уларнинг сабр-матонати, ватанпарварлиги ва меҳнатсеварлиги учун раҳмат айтишимиз, шунга муносиб хизмат қилишимиз керак.

                                                                      Шавкат Мирзиёев

Бугун Мўйноқдаги янгиланишлар бутун дунё ҳамжамияти нигоҳини ўзига қаратиб, каттаю кичикнинг ҳавасини келтирадиган  масканга айланмокда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга дастлабки ташрифи Мўйноқ тумани учун катта ўзгаришларни бошлаб берган эди. Сўнгги икки йилда туманнинг ижтимоий инфратузилмасини мустаҳкамлаш иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар Мўйноқ учун янги имкониятлар эшигини очиб берди. Туманни янгилаш, марказини “Мўйноқ сити”га айлантириш борасидаги ишларга  дастлабки  қадамлар ташланди. 2019-2021-йилларда саноат соҳасида 33 та, аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида 32 та, қишлоқ хўжалигида 8 та ва бошқа соҳаларда жами 73 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилди.

2019-2021 йилларда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида кўзда тутилган  1 триллион 485 миллиард сўмлик маблағнинг шаҳар қурилиши учун 197 миллиард 826 миллион сўми ажратилиб, айни пайтда 20 та кўп қаватли турар-жойларнинг қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Сўнгги  пайтларда ҳудуднинг эко­логик  муҳитини  яхшилаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш,  янги иш ўринларини яратиш  борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами ўзининг натижасини кўрсатди, одамларнинг турмуш шароити сезиларли даражада ўсганини кўриш мумкин.  Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бу галги ташрифи айни Мўйноқ туманидан бошланиши ҳам бежиз эмас. Сабаби, ўтган давр мобайнида шунга арзирли кенг кўламли ишлар олиб борилди.  Орол денгизининг қуриган тубидан кўтариладиган қум тўзонларини тўсиш мақсадида 2019 йилнинг 8 ойида  500 минг гектардан зиёд ерга саксовул кўчатлари экилди. Келгуси йил бундан ҳам кўроқ саксовул экиш режалаштирилаётир. Бепоён Ўзбекистонимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири Мўйноқда амалга оширилаётган ишлар  қорақалпоғистонликлар, айниқса, мўйноқликларни ҳайратда қолдираётганига гувоҳмиз.

Дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёев Мўйноқ туманидаги янгидан барпо  этилган  маданият марказида маҳаллий фаоллар билан мулоқот қилар экан, шундай дея таъкидлади: “Қорақалпоғистонда ҳамма соҳада ўзгариш бўляпти. Бунинг замирида шу заминда яшаётган буюк халқ­нинг меҳнати, интилишлари мужассам. Сизлар билан биргаликда катта ҳаракат бошладик. Ҳар бир ҳудуднинг дардини ўрганайлик, ҳар бир инсоннинг қалбига кириб борайлик, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайлик, деб чуқур ислоҳотларни амалга оширяпмиз. Одамлар эртага эмас, олис келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак”.

Дарҳақиқат, ушбу даъват натижада Қорақалпоғистонда яққол бўй кўрсатди.  Оролбўйи аҳолиси ҳаётини яхшилаш ҳақидаги гап-сўзлар 50-йиллардан бери бор эди. Лекин кейинги икки йилда қилинган ишлар кўзга ташланарли бўлди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун шериклик асосидаги “Траст” фонди тузилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация маркази, Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Денгизнинг қуриган тубида ҳимоя ўрмонзорлари, Амударё дельтасида кичик сув ҳавзалари барпо этилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 28 февралдаги қарорига мувофиқ Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

Биргина жорий йилнинг саккиз ойи­да 8 боғча, 7 мактаб, 4 спорт иншооти, 6 тиббиёт муассасаси, 8 та маданият объекти қурилди ва таъмирланди. Бундан ташқари, 20 та кўпқаватли уй-жой барпо этилмоқда.

Юртбошимиз билан кечган самимий учрашувларда: “Катта-катта иморатлар, замонавий техника билан мақтаниш керак эмас. Ақлли, билимли, фидойи фарзандларни тарбияласак, улар Ватанга садоқат билан хизмат қилса, энг катта бойлик, бахт мана шудир”, — деди давлатимиз раҳбари.

Бир пайтлар Мўйноқ балиқчилик саноати билан машҳур бўлган. Ўтган асрнинг 80-йилларида фаолият юритган  консервалаш комбинати касодга учраган ва кейинчалик бу ерда битта ҳам корхона қолмаган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили бу ерга келиб, мавжуд сув ҳавзаларида балиқчиликни қайта тиклаш ва ривожлантириш бўйича тавсиялар берган эди. “Мўйноқ аква саноат” корхонаси ана шу ташаббус натижасидир. Лойиҳа қиймати 20 миллиард сўмлик мазкур корхона йилига 4 минг тонна балиқни қайта ишлаш қувватига эга. Корхона ишга тушгач, 200 тонна дудланган балиқ, 780 тонна қийма, 400 тонна филе, 9 миллион дона консерва ишлаб чиқарилади. Қарийб 60 иш ўрни яратилади.  Бугунги кунда корхона биноси қурилиши якунланиб, технологик ускуналар ўрнатилмоқда. Уни шу йил сентябрда ишга тушириш мўлжалланган.

Аслида, балиқчилик тармоғида қўшимча 17 лойиҳа ишлаб чиқилган. Натижада балиқ етиштириш ҳажмини 15 минг тоннага, қайта ишлаш даражасини 36 фоизга етказиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Оролнинг қуриган тубига буталар экиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўтган 42 йил мобайнида  400 минг гектар майдонда саксовуллар экилган бўлса, 2018-2019 йилда қарийб 500 минг гектарда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилган. Тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, яна икки йилда 700 минг гектар ерни яшил ҳудудга айлантириш мумкинлиги таъкидланди.

Ўтган ойда туманда “Мўйноқ порлоқ текс” масъулияти чекланган жамияти томонидан тикувчилик корхонаси ишга туширилди. 350 та иш ўрни яратилди. Тумандаги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга эришилди. Замонавий машиналар ўрнатилган мазкур корхона йилига 1 миллион дона тайёр тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирги кунда чойшаб ва кўрпа жилдлари, махсус иш формалари тикилмоқда. Шу ернинг ўзида савдо дўкони ташкил этилган. Янги қурилаётган уйлардан корхона ишчилари учун хонадонлар ажратилган.

Президентимиз ушбу корхона фао­лияти билан ҳам танишди, ишчи хотин-қизлар билан суҳбатлашди.

“Мўйноқдаги ўзгаришларни, сизларнинг кўзларингиздаги розиликни кўриб жуда хурсандман. Бу — узоқ-узоқ ҳудудларга бориб қилаётган ишларимиз натижаси. Агар кимдир бизнинг ислоҳотларимизга шубҳа қиладиган бўлса, Мўйноққа келиб кўрсин”, — деди Президент.

Корхона фаолияти билан танишар экан, давлатимиз раҳбари мутасаддиларга уни барқарор ишлатиш, маҳсулот турларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғис­тонга икки кунлик ташрифи давомида бир қатор туманларда бўлиб, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси билан яқиндан танишди. Ютуқлар билан бирга,  йўл қўйилган камчиликларни ҳам тилга олиб ўтди.

Гўзал Якудаева.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + 4 =