Ўрозбой Абдураҳмонов: “Адабиёт миллатнинг нафақат келажаги, балки ўзини ҳам белгилайди”

Ўразбой Абдураҳмонов, таниқли ёзувчи ва журналист. У 1949 йил 29 августда Кегейли туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети (аввалги Тошкент давлат университети)нинг журналистика йўналишида таҳсил олган. Фаолиятини «Жеткиншек» болалар газетасидан бошлаган ижодкор йиллар давомида Қорақалпоғистондаги бир неча нуфузли нашрларда ижод қилди. Сер­қирра ижодкор сифатида элга танилди. У журналистикани адабиётга, адабиётни эса миллат маънавиятига бирлаштира олди. Унинг «Бир муҳаббат тарихи», «Консы кобалар» номли ҳикоялар тўплами кенг жамоатчилик тарафидан илиқ кутиб олинган.

Ёзувчининг «Оролим — дардим менинг» номли асари ЮНЕСКОнинг махсус мукофотига сазовор бўлди.

Бу йил «Қорақалпоқ халқ ёзувчиси», «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» – Ўразбой оға 70 ёшни қарши олмоқда. Биз мустақиллик байрами кунларида ижодкор билан суҳбатлашдик.

— Ўразбой оға, бугунги янгиланаётган Қорақалпоғистон сизда қандай таассурот уйғотаяпти? Ўтмиши ҳақида нима дея оласиз?

— Ўтмишини эслаш қаричилик аломати дейишади. Лекин кампиримнинг кўзи билан ўлчасам, ҳали-ҳали ўша Ўразбойман. Урушдан ке­йин дунёга келган бизнинг авлод коммунизмга интилиб, ривожланган социализмга ета олмай, давлат мус­тақиллигига эришганимиз билан фахрланиб яшаганлар сирасига киради. Биз фарзандлар бахти, набиралар камолида ҳалол меҳнат қилиб, чеваралардан умид қилиб яшаяпмиз. Мен бахтиёр отаман ва барчага шуни ихтиёр қилган бўлардим…

Тўғри, Орол қуриди, лекин Аллоҳ ер устидан олиб қўйган насибасини ер қаъридан — нефть-газ сифатида бераяпти…

Муҳими, халқимиз жаҳон тамаддуни жараёнларига аралашиб, аҳоли турмуш тарзининг яхшиланиши, адолатли тузумда, адолатли низомлар асосида қурилган адолатли жамиятда яшаши лозим. Бугунги авлод ҳаётга ўз орзу-умидлари билан келган ва улар ўз хоҳиш-имконлари даражасида шаҳарлар ва ўзлари истагандек жамият қуриб олади. Биз уларга маслаҳатимиздан бошқа ҳалақит бермасак бўлди. Улар ўз овози билан ўзларининг ашулаларини баралла айтаверсин, ахир тинглайдиганлар ҳам ўзлари-ку.

— Ўнгланиши имконсиз бўлаётган денгизнинг қуриши тўғрисида «Оролим — дардим менинг» асарингизни бугунги Орол ҳудудидаги янгиланишлар асосида давом эттириш ниятингиз борми?

— Бор. Орол менинг умрбод мавзуим ва уни ҳар хил жанрларда ёритишни тўхтатганим йўқ. Ўша сиз айтган асардаги воқеалар, нафақат менинг, балки кўпчилик қаламкаш дўстларимнинг бошидан кечган. Қорақалпоқ тилида ёзилган бу асар, дунёнинг етакчи тилларига тўла ва қисман ўгирилиб, унинг асосида бир нечта бадиий ва ҳужжатли фильмлар суратга олинган. Швед олимаси Соренсен Францияда Орол ҳақида менинг асарим асосида докторлик диссертациясини ҳимоя қилганларидан сўнг, ўзбек тилига тўлиқ таржимаси 2017 йили чоп этилишининг ўзи менинг учун катта воқеа бўлди. Бундан ўттиз йил аввал Орол-ку Орол, ҳатто ўша ҳудудда яшаган одамларнинг қадри қолмаган эди. Ҳудуддаги одамлар пешонасига экологик талафотдан ташқари, оммавий ишсизлик тақдири ёзилди. Одамлар бу жойларни ташлаб, бошқа жойларга кўчиб кетди…

Аслида, ҳар бир қорақалпоқнинг қалбида ўз Ороли бор: бировларнинг кўнгил денгизлари тўла, бировлариники чала, яна бирлариники қуриб қолган. Аммо ҳеч бирларининг умидлари сўнмаган. Қаранг, Президентнинг ҳудудга ташрифи ва халқ билан мулоқоти одамларнинг қалб денгизларини тўлдириб, меҳр кўзларини очди.

— Сиз бир асарингизда: «Шоирлар Аллоҳ таолонинг суюкли бандалари», деб келтиргансиз. Замонавий қорақалпоқ поэзияси, ҳозирги қорақалпоқ шоирлари тўғрисида нима дея оласиз?

— Ҳақиқатан мен адабиётда шоирларнинг мавқеини баланд деб ҳисоблайман. Ўйноқи, кўркам ва лўнда маъноларда ёзилган шеърларни ким севмайди дейсиз?! Шоирларнинг султони ҳисобланган Навоий бобомиз, Бердақ, Маҳтумқули, Абайларни назарда тутаяпман ёки Бернс, Пушкин, Лермонтов, замондошларимиздан Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуфлар ижоди атрофида нафақат уларнинг мухлислари, балки умуминсоний туйғудаги одамзот жамланган. Поэзиянинг илоҳийлиги ва қудрати ҳам шунда бўлса керак.

Лекин мен қорақалпоқ поэзиясида Ибройим Юсупов издошларидан Улмамбет Хўжаназаров, Тўлепберген Матмуротов, Кенгесбой Рахмоновлардан сўнг ёрқин аланга билан ёнаётган шоир кўрмаяпман. Шоирлар бор, аммо уларнинг кўпчилиги замонавий тилда айтсак, «бир марталик» шеърлар билан банд.

Яна бир кўнгилдаги гап: шоирларни семинарлар, давлат мукофотлари, китобларини оммавий тиражларда чоп этиш орқали инкубацион йўл билан етиштириш қийин, сабаби, шоир Аллоҳнинг марҳамати туфайли табиий ўсиб чиқади. Бизларнинг вазифамиз уларнинг ҳурматини жойига қўйиб, авайлаб-асраш ва қўллаб-қувватлашдир.

— Адабиёт миллатнинг келажагини белгилайди дейишади. Айтайлик, кул орасида чўғдай ёнган ёшларни адабиёт майдонига қандай олиб кириш мумкин, балки махсус мактаблар очиш керакдир?

— Менимча, адабиёт миллатнинг нафақат келажагини, балки ўзини ҳам белгилайди. Адабиётсиз миллат шакл­ланмайди.

Адабиётдаги ёшлар муаммоси мангуликга дахлдор масала. Агар бунинг осон ечими бўлганида аллақачонлар айтилган бўларди, лекин ёш ёзувчиларга муносабатимни олдинги жавобимда айтдим шекилли.

— Бугунги давр қаҳрамонлари кимлар? Сизнингча, уларнинг қиёфасини шоир-ёзувчиларимиз қандай ёритмоқда?

— Бу саволингиз Чингиз Айтматовнинг «Мангу қайлиқ» мавзусини эслатади. Бир қарасангиз, адабиётнинг ўзаги инсон ва унинг кечмишлари, қайси асарни қараманг, қаҳрамонлари бор, ҳаётда-чи, улар оддий инсонлар. Аввало, қаҳрамон ва қаҳрамонлик тушунчасига аниқлик киритиб, қаҳрамонлик нимадан иборат эканлигини билмоқ лозим. Инсон ўз табиий, жамоадаги иш вазифасини бажаришини қаҳрамонлик дейиш ҳақиқатга тўғри келавермайди. У меҳнат қилса, ишига яраша маош олаяпти, тўғрими?! Қаҳрамонлик миллат ва халқ учун фидойилик билан қилинган иш.

Адабиётда бор нарса, ҳаётда йўқ, ҳаётда бори эса адабиётда кўринмайди. Демак, иккаласининг бирида ёлғон бор. Ўтган асрларда одамлар қаҳрамон деса кўкси тўла нишони борни кўрсатарди, уларни узоқдан танирди. Ҳозир ким қаҳрамон, ким қаҳрамон эмас, таниб бўлмай қолди. Замоннинг илгарилаб кетгани шунча, баъзан манфаат бўлганиданми, қаҳрамонларнинг қаҳрамонликларини кўз илғамай қолади.

— Бугун ҳаётимизда Президентимиз ташаббуслари билан кенг кўламли ислоҳотлар содир этилмоқда. Қишлоқларимиз қиёфалари янгиланиб, шаҳар тусига энмоқда. Аммо бу эзгу ишларни оддий ҳисобот ёки рақамли маълумотлар тарзида ўқияпмиз. Шоир, ёзувчи, публицистларнинг қалами бу мавзулардан четлаб ўтаётибди шекилли…

— Тўғри айтасиз, баъзан ҳаётий жараёнларга эргашиш осон эмас. Бир-икки йил олдин урбанизация масаласи қўзғалиб, махсус қарор ҳам қабул қилинганди. Мана, Мўйноқдаги саъй-ҳаракатларга эътибор беринг. Урбанизация (том маънода, шаҳарлаштириш) — бутун инсониятнинг интилаётган турмуш тарзи. Одамларга яшаш учун шаҳарлардагидек қулай шароит яратиш дегани. Мўйноқ шаҳарсозлигини ўлкамиздаги намуна сифатида қабул қилсак, янгидан ташкил этилаётган Бузотов тумани марказини шакллантиришда ушбу тажрибани қўллаш мумкин. Лекин, кўчалар билан иморатлар, инкубатор жўжаларидек, бир бирларига ўхшаб қолиши шарт эмас. Маълумки, қорақалпоқ уйларининг денгиз, соҳил, саҳро шароитларини эътиборга олган миллий меъморчилик услублари бор. Биз жаҳон тамаддунининг илғор технологияларига ўзимизнинг имконимиз даражасидаги миллий ўзлигимизни қўшиб ривожлансак ютамиз… Хуллас, айтсангиз гап кўп, лекин энди ижод аҳли «ундай бўлиши керак, бундай бўлиши керак», деган маслаҳатомузликни қўйиб, ишга киришгани маъқул. Айниқса, ёшларимиз.

— Ижодиётнинг ёш вакилларига тилакларингиз?

— Адабиётимизнинг ёш бўғинига эзгу ниятларим: томирингиздан оқаётган аждодларимиз қонига лойиқ, она тупроқга содиқ хизмат қилсангиз, бири-бирингизни севиб яшаб, халқимизнинг яхши яшашига улуш қўшсангиз бўлди. Мен эзгу ниятдаги одамларнигина ҳақиқий замона қаҳрамонлари деб биламан.

— Ўразбай оға, чин дилдан суҳбатдош бўлиб, билдирган самимий фикрларингиз, тилакларингиз учун сизга раҳмат.

Гўзал Якудаева

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × two =