Борий Алихонов: Халқ манфаатини кўзлаганлар комил инсонлардир
Маълумки, бу йил юртимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Бу албатта, катта сиёсий тадбир. Таъбир жоиз бўлса бу – мамлакатимиздаги барча сиёсий партиялар учун Халқимиз олдидаги яна бир синов, имтиҳон вазифасини ўтайди десак хато бўлмайди.
Албатта, газетамизда жорий йил охирида бўлиб ўтадиган ана шу сайловларга кўрилаётган тайёргарлик, унинг шаффоф ва адолатли руҳда ўтиши, ҳар бир сиёсий партияларнинг бу жараёнда иштироки, ўрни хусусида таҳлилий мақолалар, суҳбатлар эълон қилиш ниятидамиз.
Шу боис, мухбиримиз дастлаб республикамиздаги энг ёш, яъни жорий йилда сиёсий партия сифатида давлат рўйхатидан ўтган, бешинчи партия — Ўзбекистон Экологик партияси раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари
Борий Алихонов билан суҳбатлашди.
— Депутат — халқ вакили, улуғ мартаба. Чунки одамлар ишониб овоз беришган, сайлашган. Уларнинг ишончини оқлаш, сайловчилар томонидан бўладиган мурожаатларни ўрганиш, имкон қадар ижобий ҳал қилиш бу жуда катта масъулият. Шундай эмасми?
— Ҳақсиз. Депутат — халқнинг ишонган вакили. Очиғи, депутат сиёсатчи ҳам бўлиши керак. Депутатлик шараф, унинг ортида жамиятга хизмат қилишдек улкан масъулият ҳам мужассам. Биргина оилангизни кўз олдингизга келтиринг, унда ота-она, бобо-буви ва ака-сингилларнинг ишончини бирдек қозониш қанчалик мушкул. Минглаб сайловчиларнинг ишончини оқлаш учун эса депутат ўз манфаатларидан ортиб, халқ манфаатлари йўлида хизмат қилиши керак.
Юрт манфаатини кўзлаб йўлга чиққанларни комил инсон деб атагим келади. Бугунги жамият уч йил олдинги жамият эмас. Таққослаб айтадиган бўлсак, уч йил олдин йилига юзлаб мурожаатлар келган бўлса, эндиликда минглаб мурожаатлар келмоқда. Айримлари қайта-қайта келадики, демак бунда депутат мурожаатчининг муаммосини охирига етказмаган ёки муаммо бутунлай ечимини топмаган. Халқ бугун раҳбарлардан аниқ, жўяли ва натижали ишларни кутмоқда.
Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилишини ўрганмоқдамиз. Бу бизнинг зиммамизга ҳар ишга масъулият билан ёндашишимизни юкламоқда.
— Мурожаатларни шахсан ўзингиз ўрганасизми?
— Албатта. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мурожаатлар билан ишлаш шўъбамиз бор. Ҳар куни мурожаатлар билан танишамиз. Ўтган йили Бухоро вилоятида 5 ой давомида аҳоли мурожаати билан ишладик. Вилоятнинг туманларида бўлиб, аҳолидан шахсан ўзим мурожаатларни қабул қилдим ва тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ҳал этдик. Нафақат экологик муаммоларни, балки ижтимий-иқтисодий муаммоларга ҳам ечим қидирдик. Ҳар куни шахсан ўзим 15-20 тага яқин мурожаатларни қабул қилиб, ўргандим. Беш ой давомида 1000дан зиёд фуқаронинг муаммоси тегишли идоралар билан ижобий ҳал этилди. Халқ билан мулоқот бу фақатгина аҳоли билан салом-алик қилиб, сўрашиш эмас, балки уларнинг дардини эшитиш, тушуна билиш, ҳар бир мурожаатнинг моҳиятига ета билиш ҳамдир. Қолаверса, бу бизнинг олдимизда турган инсонийлик бурчимиздир.
— Фуқаролар энг кўп қайси муаммога дуч келмоқда?
— Вилоятларда, биринчи навбатда, тоза ва сифатли ичимлик суви муаммо. Қолаверса, йўл, канализация, ободонлаштириш борасида ҳам камчиликлар етарли. Кўп йиллар давомида чекка ҳудудларда ижтимоий масалаларга урғу берилмаган ва бунинг оқибатида талай муаммолар йиғилган. Бизга мурожаат қилган фуқароларнинг дарди улкан музликнинг сув юзига қалқиб чиққан биргина парчасидир. Бу мавзуларга бир неча бор қайтиб, аҳоли дардини қайта-қайта эшитишимиз даркор.
— Борий Ботирович, маълумки, қонунлар қабул қилишда, уни ишлаб чиқиш ҳам депутатларнинг тинимсиз ва самарали меҳнат қилишини талаб этади. Бу жараён Олий Мажлисда қай тарзда кечади?
— Қонунларни ишлаб чиқиш жараёни қабул қилиш босқичлари олдингидан анча мураккаблашган десам муболаға бўлмайди. Нимага деганда, муҳтарам Юртбошимиз томонидан бизга аниқ вазифалар қўйилди. Қонуности ҳужжатлар билан эмас, қонунлар тўғридан-тўғри ишлашини тартибга солиш масаласини ҳал этишимиз лозим. Қолаверса, депутатларнинг савияси ҳам ўсди, талабчанлиги ортди. Илғор мамлакатларнинг қонунчилик амалиётини ўргандик ва ўзимизга ҳам жорий этмоқдамиз. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзоларининг қонунчилик ташаббуси асосида 21 та қонун ишлаб чиқилди. Атмосфера ҳавосини, сув, ҳайвонот, ўсимлик ресурсларини муҳофаза қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича ишлаган қонун ҳужжатларимиз Олий Мажлисда маъқулланди ва Президентимиз томонидан имзоланди.
— Ўзингизга маълум, яқин келажакда АЭСнинг Ўзбекистонда қурилиши кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Жумладан, мамлакатга экологик хавф туғдирмайдими деган эътирозли саволлар ҳам бўлди. Албатта, Сиз бу борада матбуотда ўз муносабатингизни қатъий билдирдингиз.
— Ушбу йўналиш бўйича депутат ва қолаверса, мутахассис сифатида жавоб берадиган бўлсам, АЭС бугунги кунда энг ривожланган давлатларда қурилган. Дунёнинг 32 та технологик илғор мамлакатида 193 та атом электр станцияси ўз фаолиятини юритмоқда. Уларда 450 дан зиёд реакторлар ишламоқда. Бутунжаҳон электр энергиясининг 22 фоизи айнан АЭСлар ҳисобига тўғри келади. Хўш, энди Ўзбекистонда АЭС қурилишини холисона кўриб чиқайлик.
Саноат корхоналарининг сафи кенгайиб, электр энергиясига бўлган талабимиз йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ўзбекистонда бир йилда 64 млрд.квт. соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, аммо йилига эҳтиёжларимиз учун 69 млрд.квт. соат электр энергияси зарур бўлмоқда. Бундан кўриниб турибдики, 5 млрд.квт. соат электр энергия ҳажмда танқислик юзага келмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга келиб электр энергиясига бўлган талабимиз йилига 114 млрд.квт. соатга етади. Бу ҳозиргидан қарийб икки баробар кўп дегани. Хўш, ушбу масалани қандай ечиш мумкин? Сизга юртимизда АЭС қурилишининг фақатгина учта фойдали томонларини айтиб ўтаман.
Биринчидан, иқтисодий жиҳатдан оладиган бўлсак, энергияни анъанавий усулда олишдан кўра, АЭСдан олинадиган электр энергия биз учун икки баробар арзон тушади. Бу иқтисодимиз учун катта кўрсаткич, сабаби энергияни иссиқликдан олиш учун кўп миқдорда газ ва бошқа суюқ ҳамда қаттиқ углеводородларни ёқишга, ташишга тўғри келади. АЭС эса бизга кўпгина харажатларни қисқартиради. Мисол учун, бизда ҳозирги вақтда 86 фоиз электр энергияси иссиқлик манбалари, яъни газ ва бошқа углеводородларни ёқиш орқали, 14 фоизи эса ГЭСлардан олинмоқда. Бир йил давомида ҳар бир иссиқлик электр станцияси учун ўрта ҳисобда 2-5 млн. тонна углеводород ёқилғиси талаб этилади. Ёқилғини ташиб келиш ва умуман, йўл харажатлари учун таннархга қўшимча 50 фоизгача кўтарилади. Электр энергияси олиш учун Ўзбекистонда йилига жами 16 млрд. метр куб газ ёқилади. Газ захираларимиз ҳам чегараланган. Атом электр энергияси билан қиёсланса, бунда тахминан 30 тоннагача ёқилғи талаб этилади холос ва бу деярли қўшимча харажатларни талаб этмайди.
Иккинчидан, лойиҳа афзаллигини ижтимоий жиҳатидан кўриб чиқадиган бўлсак, АЭСни қуриш жараёнида 8 мингга яқин ишчилар жалб қилинади. АЭС ишга туширилганидан сўнг мазкур объектда 2,5 мингдан зиёд юқори малакали муҳандислар, мутахассислар, ишчи ва хизматчилар фаолият юритади. Боз устига атом электр станцияси фаолияти билан боғлиқ бошқа тармоқларда атом энергиясида ҳосил қилинган ҳар 1 та иш ўрнида бошқа тармоқларда қўшимча 7 та янги иш ўрни яратилади.
Учинчидан, ушбу объект қурилишига экологик нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, анъанавий углеводород ёқилғидан фойдаланадиган электр станцияларга нисбатан АЭС йилига ўртача атмосфера ҳавосига 14 млн. тонна зарарли углерод оксиди ва 70 минг тонна азот оксидларини чиқарилишининг олди олинади. Бундан ташқари, сувдан айланма тизим орқали фойдаланилади, чиқиндилар деярли ҳосил бўлмайди. Умуман, атом электр станциясининг технологик салоҳиятини қиёслайдиган бўлсак, ушбу технология космик саноати технологияларидан кам эмас. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг интеллектуал технологик салоҳиятини бир неча юксак сифат поғонасига кўтаради.
Яна бир воқелик. Мана, куни кеча “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларда фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунни ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг бевосита иштироки ва ҳиссаси бор албатта. Биз мазкур соҳадаги дунё амалиётини, ҳуқуқий хорижий тажрибани ўрганиб таҳлил қилдик ва ушбу қонун нормаларига имплементация қилишга ҳаракат қилдик. Шу ўринда яна бир фактни айтиб ўтиш жоизки, ушбу қонун лойиҳасига МАГАТЭнинг ижобий хулосаси олинган. Ундан ташқари, атом электр станцияларнинг хавфсизлик тизимларини бевосита ўрганиш мақсадида Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари Россиянинг “Нововоронеж”, Япониянинг “Токай” ва Венгриянинг “Пакш” атом электр станцияларига ташриф буюриб уларнинг фаолияти билан танишдилар. Мазкур мамлакатларнинг ушбу соҳадаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларини таҳлил қилдилар.
— Йил бошида раҳбарлигингиздаги Ўзбекистон Экологик ҳаракати сиёсий партияга айланди. Партиянинг асосий мақсад ва вазифалари нималардан иборат?
— Табиатга бўлган эҳтиром жамиятимиздаги инсонларнинг қон-қонгига сингиб кетган. Айниқса, ота-боболаримиз табиатни асраш борасида бизга кўп таълим берган. Ҳозирги ёшлар орасида ҳам экологик маданиятни шакллантириш, барқарор экологик муҳитни яратиш мақсадида Экологик ҳаракатни партияга трансформация қилишга қарор қилдик. Бунинг ўзига хос сабаблари борки, батафсил гапириб беришга ҳаракат қиламан. Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев БМТ бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, Орол муаммосига ҳам тўхталиб ўтдилар. Нутқдан дунё нигоҳи яна Оролга қаратилди. Бутун дунё бўйича глобал экологик муаммо тилга олинди. Қуриган денгизимизни инсониятнинг энг катта экологик фожиаси деб айта оламан. Сабаби дунё яралганидан бери ҳали ҳеч қачон бир авлод кўз ўнгида жаҳонда тўртинчи ўринда турадиган денгиз қуриб қолмаган.
Энди Экоҳаракатнинг партияга айланганига тўхталадиган бўлсак, 15 кишилик депутат билан биз кўзлаган мақсадимизга тўлақонли етиша олмасдик. Қонунчилик палатасида гуруҳимиз бўлгани билан, туман ва вилоятларда бизнинг ваколатли депутатларимиз бўлмаган. Партияга айланишимиз бизнинг маҳаллий ваколатли органларда вакилларимизни шакллантиришга асос бўлди. Жойларга чиқиб муаммоларни ўргандик. Ҳаракатдан партияга ўтганимиз юқорида саналган имкониятларимиздан ташқари, моддий техник базамизни шаклланишига ҳам кўмак берди. Партиямизга 7 ой ичида 247 мингдан зиёд аъзолар қабул қилинди. Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий партия ташкилотлари ҳамда 201 та туман ва шаҳарларда партия бўлимлари ташкил этилиб, жамоатчилик асосида фаолияти йўлга қўйилди, бошланғич партия ташкилотлари сони 1000тадан ошди.
Бугунги кунда партиямиз аниқ дастур асосида иш олиб бормоқда. Ўзбекистон Экологик партияси сиёсий куч бўлиб, майдонга кириб келди. Эндиликда партия мамлакат сиёсий майдонининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ўз олдига вакиллик органларида ўринлар эгаллаш вазифаларини қўйиб, ўрин олгач, парламентда ўзининг мақсадларини давлат сиёсати даражасида илгари суради.
— Ўзбекистон Экологик партиясининг асосий сайловолди дастурига нималар киритилган?
— Дастуримиз тайёр ва биз буни муҳокамаларга ҳам қўйдик. Бизнингча, биринчи навбатда, ҳар бир сиёсий ташкилот, яъни сиёсий партия учта асосий тамойилга таяниб иш кўриши лозим.
1. Халқ дардини ўз дардидек қабул қила оладиган, инновацион ғоя ва таклифлар билан чиқиб худди шу таклифларни қўллаб-қувватлаши.
2. Партия атрофида фидойи, малакали ўз йўналиши бўйича билими юқори ва иродаси метиндек соҳа мутахассислари бўлиши.
3. Сўз ва амал бирлиги мужассамлиги лозим. Берган ваъдасига ўзи амал қилса, шундагина одамларни ортидан эргаштира олади. Агар сиёсий ташкилот ўз олдига мана шу учта тамойилни қўймас экан, унинг келажаги узоққа бормайди.
— Ривожланган давлатларга монанд «яшил иқтисодиёт», «яшил шаҳар» деган тушунчалар кириб келяпти бизга. Бутун дунёда экологияга фойдаси бор ҳар қандай ташаббус илгари сурилиб, амалда қўлланилмоқда. Бизда қанақа?
— Бизнинг дастур айнан “Яшил иқтисодиёт” ва “Яшил шаҳар”га ўтишни қўллаб-қувватлайди. Бутун дунё бўйича 90 дан зиёд “Яшиллар” ёки бошқача айтганда, Экологик партияларнинг иш услубини, тарихини, тажрибасини ўргандик. Ўзимизга тегишли хулосаларни олдик. Муҳтарам Президентимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммитида биринчилардан бўлиб, “Яшил белбоғ”, “Ақлли қишлоқ” хўжалигини ташкил этиш борасида ўз таклифларини билдирди. Бошқа мамлакатлардан аввалроқ бу ташаббусни ўзимиз амалга оширсак, мақсадга мувофиқ бўларди.
Партиямиз “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим омили деб ҳисоблайди. Бунинг афзалликлари — иқтисодиётнинг барча тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиши, экологик тоза ва хавфсиз, ресурс тежовчи, тежамкор технологияларни татбиқ этишни рағбатлантириши ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш ва уларни бошқариш тизимини такомиллаштириш орқали биохилмахилликни сақлашга кўмаклашиши билан ҳам манфаатлидир.
Феруза Раҳимова
суҳбатлашди.