Ватаним онагинам
Ҳалима Худойбердиева,
Ўзбекистон халқ шоири
Ватан, кўрдим тўнингнинг сузилиб турган ерин,
Шуни кўриб кўнглимнинг бузилиб турган ери,
Шуни кўриб кўнглимнинг узулиб турган ери,
Ватаним онагинам…
Тўнни сузилган ерин ямамоқ лозим бўлар,
Майли қаҳратон қишим ёки ўт ёзим бўлар,
Тинмай чорлаган овоз, менинг овозим бўлар,
Ватаним онагинам…
Сен қишлоқда ранг-рўйи сариқ онамсан асли,
Ҳорғин онам, хокисор, ориқ онамсан асли,
Қадди долу қўллари ёзиқ онамсан асли,
Ватаним онагинам…
Ҳар ким ўзимас, аввал онасини кийдирсин,
Ўзига эмас, аввал онасига шай турсин,
Илҳақ қилмай, ўкситмай кўнглини илғай турсин,
Ватаним онагинам…
Чексанг улуғ бир дард чек, шу тан кетмаси учун,
Милтираб турган шу шам, шу шаън кетмаси учун,
Онадайин ҳеч қайтмас Ватан кетмаси учун,
Ватаним онагинам…
1987-2014 йиллар
***
Бошпанамми, бош паноҳим,
Қуёш, моҳим, манимсан.
Кўнглим қуйиб айтар оҳим,
Қайтар оҳим, манимсан.
Номозшомгул, хонгулларим
Ўпади ўнгиримни.
Ялпизларинг — сингилларим,
Сотмайди бир сиримни.
Тўнсам офтобинг иситиб,
Тинсам сувинг жилдирар.
Қўними йўқ қушчаларинг
Айвонимда чулдирар.
Шу қушчалар орасинда
Мен беш гўдак ўстирдим.
Ҳар бирида Ватан отлиғ
Озод юрак ўстирдим.
Бир кун тугаб ўлан, айтим,
Олсам қаро ерга йўл,
Туғилганда бошимдайдинг,
Ўларда ҳам бошда бўл!
Ватан!
Шунда оналигинг
Ногоҳ чуқур туйгайсан,
Беш боламнинг кўз ёшларин
Ўзинг артиб қўйгайсан!
1996 йил 6 июль
Ватан байроғи
Юрт байрорғин ҳар жойгамас,
Кўнглингга эк. Кўксингни ўй.
Ишлов бергин, юмшатиб тур,
Илдиз отсин, кўрсатсин бўй.
То бу байроқ, Ватан, нурлар
Ич-ичингга кетсин кириб,
Токи ғаним – ватанхўрлар
Ололмасинлар суғуриб.
Шундай ўргат қулни, хонни,
Учмас қуш ҳам учар бўлсин.
То байроқдан олдин жонни
Бермак осон кечар бўлсин.
1995 йил 12 сентябрь