“Forbes”: Ўзбекистон дунёнинг жадал ривожланаётган давлатларидан бирига айланди
“Forbes” журналининг электрон нашрида халқаро молиявий шарҳловчи Райнер Майкл Прейсснинг Ўзбекистонга бағишланган мақоласи эълон қилинди.
Р.Прейсснинг таъкидлашича, Ўзбекистон инвестиция фаолияти бўйича жаҳонда энг яхши намуна бўлиши мумкин. “Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон дунёнинг жадал ривожланаётган давлатлари қаторига қўшилди. Бор-йўғи икки йил ичида мамлакат ўз қобиғига ўралган тизимдан воз кечиб, эркин бозор тамойилларига асосланган ва қиймати 50 миллиард долларга тенг иқтисодиётга эга давлатга айланди.
Ўзбекистон иқтисодиёти сармоядорлар диққат эътиборини тортмоқда. Президент валюта сиёсатини ўзгартирди, капитал устидан назоратни бекор қилди ва хусусийлаштириш кампаниясини бошлаб юборди. Мамлакат иқтисодиёти мазкур ислоҳотлар самарасида 2018 йил 6 фоизга ўсди. Халқаро валюта жамғармаси яқин бир неча йил давомида Ўзбекистонда ўсиш суръати 8 фоизга тенг бўлишини башорат қилмоқда. 2019 йилнинг биринчи ярмида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тўрт баробар ошди, 2018 йил якуни бўйича мамлакатга келаётган туристлар сони икки марта кўпайди”, деб ёзади шарҳловчи.
Ғарбдаги мамлакатларнинг катта қисми заёмларга жуда ҳам боғланиб қолган бир вазиятда Ўзбекистоннинг давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 19,8 фоизни ташкил қилмоқда. Жорий йил февраль ойида мамлакат халқаро бозорда биринчи марта 1 миллиард долларлик еврооблигацияларни сотди. Республика халқаро рейтингларда S&P Global Ratings ва Fitch Ratings томонидан BB-даражада баҳоланган.
Мақола муаллифи “Mobius Capital Partners” инвестиция жамғармаси асосчиси М.Мобиуснинг дунё молия бозорлари Ўзбекистоннинг кредит рейтингини ижобий баҳолаётгани ҳақидаги фикрларини келтириб ўтган. Мамлакат инвесторлар учун жозибадордир, чунки унинг табиий бойликлари беқиёс ва пахта экспорти бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини муқим эгаллаб турибди.
Ўзбекистон банк сектори сармоядорлар томонидан бизнес юритиш учун истиқболли йўналишлардан бири сифатида кўрилмоқда. Мамлакат аҳолисининг катта қисми шу пайтгача банк хизматидан фаол фойдаланмай келган. Бироқ яқинда қабул қилинган янги қонунга биноан ойлик иш маошини тўлаш жараёни банкдаги ҳисоб-рақамга боғланадиган бўлди. Бу эса соҳадаги вазиятни кескин ўзгартириши мумкин, деб ҳисоблайди мақола муаллифи.
Материалда Ўзбекистон тараққиёти учун имкониятлар сероблиги алоҳида таъкидланган. Бунда 33 миллионлик аҳолининг 64 фоизи 35 ёшгача бўлган ёшлар эканига эътибор қаратилган. Мамлакат Марказий Осиё минтақасига ўзига хос кўприк бўлиб ҳам хизмат қилади, зеро у Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон билан чегарадошдир.
“Мамлакат раҳбарияти изчил индустриализация сиёсати юритмоқда. Масалан, бугунги кунда Жанубий Корея ва Хитой компаниялари билан электромобиллар ва ички ёниш двигателли автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. 2018 йил декабрь ойида Хитой, Жанубий Корея, Япония ва Россиядан Шўртан газ-кимё мажмуасини модернизация қилиш учун 2,3 миллиард доллар миқдордаги инвестиция жалб қилинди”, деб ёзади сингапурлик тадқиқотчи.
Мақолада Ўзбекистон қадимий Ипак йўлининг бир қисми ҳисобланмиш Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари билан машҳурлиги таъкидланган. 344 километрлик юқори тезликдаги темир йўл билан боғланган ушбу шаҳарлар жаҳон савдо-сотиқ жараёнида муҳим роль ўйнайди. Бугун Тошкентда қиймати 1,7 миллиард долларга тенг тадбиркорлик хаби яратиш бўйича йирик лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Унга кўра 70 гектарлик майдонда бизнес марказлари, савдо мажмуалари, ресторанлар, маданият маркази, турар-жой апартаментлари қад ростламоқда.
Р.Прейсс мақола якунида AFC Uzbekistan Fund жамғармаси ижрочи директори С.Ошроффнинг “Хорижлик сармоядорлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар аҳамиятини англаб етадиган вақт келмоқда”, деган сўзларини келтирган.
Материал муаллифи Сингапурдаги “Taurus Family office” компаниясининг ижрочи директоридир. У блокчейн, криптовалюта, жамғармаларни бошқариш, инвестицияларни тадқиқ қилиш, савдо-сотиқ ва сармоялар киритиш масалаларига ихтисослашган.
Садриддин Суяров,
“Дунё” ахборот агентлиги
директори вазифасини бажарувчиси.