“Блогерни журналист деб бўлмайди”
Эътибор қилинса блогерлик фаолияти, албатта, Интернет жаҳон ахборот тармоғи билан боғлиқ. Уларнинг ахборот тарқатиш ёки маълум масалалар бўйича ўз шахсий позициясини билдириш нуқтаи назаридан ижтимоий фаол фуқаролар сифатида кўрсак ҳам бўлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Қушербаевга “Hurriyat” газетаси бир неча саволлар билан мурожаат қилди. Қуйида ушбу савол-жавоблар билан танишинг.
1. Сизнинг нафақат халқ ноиби — депутати, балки оддий бир инсон, газетхон сифатидаги фикрларингизни билмоқчи эдик: бугунги газета ва журналлардан нечоғлик кўнглингиз тўлаяпти?
2. Босма ОАВлари фаолиятини янада жонлантириш учун сизнингча нималар монелик қиляпти?
3. Бугунги кунда блогер деган тушунча ҳам пайдо бўлди. Ҳуқуқий жиҳатдан блогерни журналист деб аташ тўғрими? Қонунчилигимизда блогернинг ваколатлари қай даражада белгиланган?
4. Яхши билсангиз керак, босма нашрлар учун обуна масаласи жуда муҳим, айтиш мумкинки, “ҳаёт-мамот” масаласидир. Демоқчимизки, матбуот мутолааси ҳам китобхонлик сингари қўллаб-қувватланиши керак эмасми?
1. — Босма матбуотда ҳам танқидий-таҳлилий мақолалар кўпайиб, анча жонланиб қолганини кузатиб бораяпман. Бу ижобий ўзгариш албатта. Бироқ Интернет оммавий ахборот воситалари асосий ахборот тарқатувчи воситаси сифатида миллий ахборот маконида ўрин эгаллаб бораётган бир шароитда бу ҳаракатлар ўқувчилар эътиборини қанчалик торта олаяпти деган, савол ўйлантиради одамни. Балки бундай жонланиш анча аввал бошланганида босма нашрлар ахборот тарқатишнинг анъанавий воситаси сифатида бунданда кўп доимий ўқувчиларига эга бўлиб, бугун дуч келиб турган иқтисодий қийинчиликларни бемалол енгиб ўтган бўлармиди. Билмадим, аммо факт шундаки, бугун асосий омма ахборотни босма нашрлардан кам оляпти.
2. — Фикримча, босма нашрлар асосий эътиборни бошқа турдаги ахборот воситаларида қисқа-қисқа сатрларда кетаётган янгиликларни таҳлил қилиб, унинг ижобий ва салбий ёки бизнинг шароитдаги манфаатларимизга мос жиҳатларини очиб беришга қаратилган таҳлилий чиқишларни кўпайтириш устида ишласа, инсон руҳияти ва онгига таъсир қилувчи воқеликларни чуқур очиб беришга янада кўпроқ урғу қаратса, одамлар босма нашрларнинг алоҳида афзалликларини аниқроқ ажратиб олишган бўлар эди.
Шунингдек, яна бир муҳим масала шундаки, бугун истеъмолчи, яъни ўқувчи ўзи мустақил танлов орқали қайси нашрни ўқишни ўзи белгилашга ўтаяпти. Шу боис, ўқувчи талабига мос равишда унинг психологиясини чуқур ўрганган ҳолда ҳар бир босма нашр ўзининг аудиториясини қайта кўриб чиқиб, уни иқтисодий манфаат нуқтаи назаридан аниқ белгилаб олиши лозим. Маънавият, таълим-тарбия каби масалаларда асосий масъул давлат органлари эса фақатгина муассис сифатида эмас, босма нашр билан заруратга қараб ижтимоий шериклик асосида ҳамкорликда ишлаши мақсадга мувофиқ. Очиғини айтганда, вазирлик ва идоралар муассислигида қандайдир нашрнинг бўлиши, бундай муассисга нисбатан нашрнинг холис, ҳақиқатни ёзадиган, керак бўлса очиқ танқид қиладиган мустақил ОАВ эканлигига шубҳа туғдиради. ОАВ эркинлигини таъминлаш нуқтаи назаридан давлат идораларининг ОАВ таъсис этиш амалиётини иложи борича ўйлаб кўриш керак. Агар идораларга ўз фаолиятини кенгроқ ёритиб бориш керак бўлса, бу алоҳида нашр эмас ахборотнома кўринишида бўлгани мақсадга мувофиқ назаримда.
Босма нашрларнинг бош муҳаррирлари ҳам ўзлари раҳбарлик қилаётган таҳририят штатларида фақатгина журналистлар эмас, балки психолог, социолог, тарихчи, сиёсатчи, иқтисодчи каби соҳаларнинг яхши мутахассислари бўлиши кераклигини тушунишлари лозим. Нашр аудиторияси билан ишлаш ва доимий равишда унинг диққат марказида бўлишда бу муҳим аҳамиятга эга.
3. — Блогерни журналист деб бўлмайди.
“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунда блогер ким эканлиги аниқ келтирилган, яъни блогер — Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс ҳисобланади.
Эътибор қилинса блогерлик фаолияти, албатта, Интернет жаҳон ахборот тармоғи билан боғлиқ. Уларнинг ахборот тарқатиш ёки маълум масалалар бўйича ўз шахсий позициясини билдириш нуқтаи назаридан ижтимоий фаол фуқаролар сифатида кўрсак ҳам бўлади.
“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра эса, журналист меҳнатга оид ёки бошқа шартномавий муносабатлар асосида оммавий ахборот воситалари учун хабарлар ва материалларни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ҳамда тарқатишга доир фаолиятни амалга оширувчи шахсдир.
Ушбу қонун асосида журналистлик фаолият профессионал фаолият ҳисобланиб, унга ўз мақомига кўра фаолиятини кафолатлашга оид алоҳида ҳуқуқ ва ваколатлар белгиланган. Журналист бир вақтнинг ўзида фуқаролик ҳуқуқлари асосида блогерлик ҳам қилиши мумкин. Бироқ блогер агар меҳнатга оид ёки бошқа шартномавий муносабатлар асосида оммавий ахборот воситалари билан боғлиқлиги бўлмаса, журналист ҳисобланмайди.
Айтмоқчиманки, блогер ОАВда қонуний фаолият юритмаса, журналист сифатида журналистик суриштирув ва журналистик фаолиятга дахлдор бошқа ҳуқуқларга ҳам эга эмас. Буни кенг жамоатчилигимиз яхши тушуниб олиши керак.
4. — Қўллаб-қувватланиши шарт. Менимча, давлат томонидан давлат аҳамиятига молик ва зарур деб ҳисобланган, асосий мақсади тижорат бўлмаган босма нашрларнинг реестри юритилиб, уларни турли кўринишларда қўллаб-қувватлаш тизимига ўтилса яхши бўлар эди. Бунда қўллаб-қувватлаш доирасига тушадиган нашрларга бўладиган талаблар очиқ ва ҳамма нашрлар учун тенг шароитлар даражасида бўлгани маъқул. Масалан, болалар учун мўлжалланган бадиий ёки маънавий-маърифий, ҳуқуқий масалаларни ёритишга мослашган ва давлат томонидан белгиланган мавзу, йўналишларни устувор вазифа сифатида белгилаган нашрларга бундай имкониятлар яратилса, мақсадга молик бўлур эди.
Ўз мухбиримиз
ёзиб олди.