Дунёда нима гап?

Туркиянинг янги таҳдиди

Агар Москва ва Вашингтон Сурия бўйича мажбуриятларини бажармаса, Туркия курд отрядларига қарши ҳарбий амалиётини қайта бошлаши мумкин. Бундай таҳдид билан Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлу чиқди, деб хабар берди “Yeni Safak” нашри.

Човушўғлунинг таъкидлашича, Туркия АҚШ ва Россия билан эришилган келишувларнинг ўзига тегишли қисмини бажарган. Бироқ Москва ва Вашингтон ўз мажбуриятларини бажармаяпти. “Агар биз натижа кўрмасак, унда АҚШ билан келишишга уринишдан кейин бошлаганимиздек, амалиётни қайта бошлаймиз”, деб айтган Туркия ташқи ишлар вазири.

Полиция бошлиғи ўзгарди

Хитой ҳукумати Ҳонгконг маъмурияти раҳбари Кэрри Ламнинг таклифига кўра, Ҳонгконг полицияси бошлиғини ўзгартирди. Ушбу лавозимга Крис Тан тайинланди. Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар берди.

Полициянинг аввалги бошлиғи Стивен Ло ушбу лавозимда 2015 йилдан бери ишлаб келаётганди.

Ушбу қарор Ҳонгконгда бир неча ойдан бери тўхтамаётган норозилик намойишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Жангарилар ҳужуми

Мали шарқида жангариларнинг мамлакат қуролли кучлари патрулига ҳужум қилиши оқибатида 24 ҳарбий ҳалок бўлди, 29 нафари яраланди.

Маълум қилинишича, воқеа Мали ва Нигер “чегарада террорчиларни” топиш бўйича “Tongo Tongo” деб номланган амалиёт ўтказиши вақтида юз берган.

Отишмада уч киши вафот этди

АҚШнинг Оклахома штатидаги Дункан шаҳрида жойлашган “Walmart” дўконида содир бўлган отишма оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълум қилинишича, жиноятчининг ўзи ҳам отишма чоғида ўлдирилган. Шунингдек, яраланганлар борлиги айтилмоқда.

“Барча муассасалар ва ўқувчиларни ҳимоя қилиш учун эҳтиёт чораларини кўрмоқдамиз. Ҳозирда барча мактаблар ёпилган”, — деди шаҳар полицияси вакили.

17 ноябрь куни Калифорния штатидаги Фресно шаҳрида оилавий байрам чоғида содир этилган отишма натижасида тўрт киши ҳалок бўлгани ва олти киши жароҳатлангани хабар қилинганди.

“Учар одам” рекордни янгилади

Британиялик ихтирочи Ричард Браунинг реактив костюмда парвоз қилишда ўрнатган тезлик рекордини янгилади.

“Учар одам” ушбу қурилмада 136 км/соат тезликка эриша олди.

Браунинг махсус костюмда сув устидан 500 метр масофагача учиб ўтган. Унинг 2017 йилдаги тезлиги анча пастроқ — 53 км/соат бўлган.

Британиялик ихтирочининг қурилмаси минг от кучига эга 5 та турбинадан иборат бўлиб, у шлемда жойлашган дисплей ёрдамида бошқарилади.

Интернет хабарлари асосида А.Содиқов тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 4 =