Бутун дунёда ДНК таҳлили энг ишончли таҳлил ҳисобланади
— Қозоғистон Республикаси Актўбе шаҳри яқинида содир бўлган автобус ёнғини натижасида кўплаб Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлганди. Мурдаларнинг ташқи кўринишига қараб шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган. Тергов идоралари топшириғи бўйича тезда ДНК экспертизаларини ўтказишга киришдик.
Суд иши замирида инсон омили, тақдирлар ётади. Ушбу жараёнда тақдим этиладиган ҳар бир маълумот ёки ахборот инсоннинг кейинги ҳаётини ҳал қилиши мумкин. Шу боис суд ишларининг холис ва адолатли ўтишида суд таҳлиллари ҳам шу мезонга жавоб бера олиши лозим.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги суд-экспертиза маркази, Одам ДНКси суд биологик экспертизаси лабораторияси мудири Дилобар Аҳмедова билан суҳбатимиз айни соҳа фаолиятига оид айрим масалалар хусусида бўлди.
— Айтингчи, Ўзбекистонда суд-экспертиза соҳаси қачондан ривожланган? Қолаверса, ДНК тушунчасига соддароқ тарзда изоҳ бериб ўтсангиз?
— Мамлакатимизда бу соҳа 2000 йилгача деярли бўлмаган. Ўша йиллари кўпгина катта жиноятлар содир бўлганда, айтайлик, қотилни аниқлаш учун профессионал экспертиза таҳлилига талаб ошди. Шундан кейин соҳадаги илк қадамлар қўйилди ва Адлия вазирлиги қошида ушбу марказ очилди. Лабораториянинг раҳбари этиб ташаббускор генетик олим, биология фанлари номзоди Аброр Икромов тайинланди. Унинг раҳбарлигида 2000 йил сентябрь ойида Ўрта Осиё минтақасида биринчи бор яқин қариндошликни аниқлашга ҳамда шахс идентификацияси билан боғлиқ бўлган бир қанча экспертизалар ўтказишга эришилди. Дастлаб лабораториянинг штат бирлиги тўрт кишидан иборат бўлган, ҳозирги вақтга келиб 12 нафарга етди. Мазкур лаборатория қуйидаги асосий масалаларни ҳал қилади: генетик тадқиқотлар асосида жиноят содир этилган жойда аниқланган биологик излар, (қон, сўлак, маний доғлари) ва биологик материаллар, соч, суяк қолдиқлари, таниб бўлмайдиган ҳолатга келган тана қолдиқларини солиштирма намуналарга нисбатан солиштирма-қиёсий таҳлили натижасида айнан кимга тегишлигини аниқлаш. Генетик тадқиқотлар орқали яқин қон-қариндошликни аниқлаш. Бундай экспертизалар асосан фуқаролик ишлари бўйича ўтказилади. Тадқиқотлар натижасида гумонда бўлган шахсларнинг биологик ота ёки оналиги қатъий аниқланади. ДНК атамаси ҳақида тўхталадиган бўлсак, бу (ДНК — дезоксирибонуклеиновая кислота) соҳа барча организмлар, жумладан, бактерия ва вирусларнинг ҳар томонлама таҳлили, инсонларнинг ирсий таҳлили ва бошқа генетик тадқиқотларни олиб боради. Бундан ташқари, бугунги кунда ДНКни кўпдан-кўп соҳа ва тармоқлар «ичи»га кирадиган катта институт деса бўлади.
— Экспертизанинг нечта йўналиши бор ва энг кўп қайси йўналишларда иш олиб борилади?
— Бугунги кунда Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида одам ДНКси суд биологик экспертизаси, суд бухгалтерияси экспертизаси, суд қурилиш техникаси экспертизаси, суд автотехника экспертизаси, суд фонографик экспертиза ва бошқа турдаги экспертиза тадқиқотлари мавжуд.
Мисол учун, одам ДНКси суд биологик экспертизасини олиб кўрайлик. Ушбу экспертиза тадқиқоти тақдим этилган таҳлил намуналарини ўрганиш орқали фарзанднинг биологик отаси ёки онаси аниқланади. Бундан ташқари, воқеа жойида топилган қон излари ёки соч толалари ДНК экспертиза тадқиқотларини ўтказиш орқали кимга тегишли экани маълум қилинади. Бу кўрсаткичлар содир этилган жиноят ишларини очишда, айбдор шахсларни аниқлашда далил бўлиб хизмат қилади. Суд қурилиш техника экспертизаси орқали объектлар қурилиш техникаси қоидаларига риоя қилингани, шаҳарсозлик меъёрлари аниқланади. Суд автотехника экспертизаси орқали эса мисол учун автотранспорт ҳодисаси кимнинг айби билан содир этилгани, ҳодиса натижасида етказилган зарар ва шу каби бошқа саволларга жавоб олинади. Марказимизда наркотик воситалар, психотроп моддалар, қимматбаҳо металлар ва тошлар, улардан тайёрланган буюмлар, ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар, пул белгилари ва юқори қимматга ёки аҳамиятга эга бўлган бошқа объектлар бўйича экспертиза тадқиқотлари ҳам ўтказилади.
— Иш тартиби қандай кечади? Экспертиза қайси ускуналарда аниқланади?
—ДНК таҳлиллари бутун дунёнинг энг сўнгги махсус ускуналарида аниқланади. Бошқа ривожланган мамлакатларда ДНК таҳлили учун қандай усул ва йўналишдан фойдаланилса, биз ҳам шу усулдан фойдаланамиз. Бизда ДНК экспертизасини ўтказиш учун реагентлар саноқли миқдорда харид қилинади. Шу боис уларнинг нархи жуда юқори. ДНК экспертизасини ўтказишда юқори ишончли натижалар билан таъминлаш учун халқаро стандартга жавоб берадиган махсус ускуна ва реагентлар қўлланилиши тавсия этилади. Ҳозирги кунда дунёнинг фақатгина учта корпорацияси — АҚШнинг “Termo Fisher” ва “Promega korporation” ҳамда Германиянинг “Quagen” фирмаси маҳсулотигина ушбу талабга жавоб беради. Ўзбекистонда ҳам ДНК экспертизасини ўтказишда АҚШнинг “Termo Fisher” корпорацияси реагент ва сарф материаллари ишлатилади.
— ДНК маълумотлари нотўғри чиқиши мумкинми? Мижозга берилаётган маълумотнинг юз фоиз аниқлигига кафолат борми?
— Бутун дунёда ДНК таҳлили энг ишончли таҳлил ҳисобланади. ДНК экспертизасини ўтказиш учун нодавлат суд экспертиза муассасалари ISО 17025 халқаро стандарти бўйича аккредитациядан ўтган ва махсус лизензияга эга бўлиши шартлиги белгилаб қўйилган. Чет эл судлари ишларни кўриб чиқиш жараёнида ДНК экспертизаси хулосасига баҳо берар экан, биринчи навбатда лаборатория аккредитациядан ўтган ёки ўтмаганлигига аҳамият қаратади.
Биз Ўрта Осиёда (Қозоғистондан ташқари) суд экспертизасига эга бўлган ягона давлатмиз. Айни пайтда ISO 17025 аккредитациясидан ўтиш учун катта тайёргарлик кўряпмиз. Бу имтиҳондан ўтиш учун шу пайтгача йиғилган ва тақдим этилган барча таҳлилларни бир тизимга жойлаштиришимиз зарур. Ҳозир ушбу тизим устида иш олиб боряпмиз. Экспертиза соҳасида билими кучли мутахассис бўлишнинг ўзи камлик қилади. Билим билан биргаликда виждонли, поккўнгил инсон бўлиш лозим. Сабаби, биз тақдим этган таҳлиллар, маълумотлар инсон тақдирини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин. Ҳеч бир эксперт йиллар давомида мисқоллаб топган обрўини нотўғри хулоса тақдим этиб тўкишни истамайди. Яна бир ҳолат борки, суд қайта текширувни талаб қилса, ишни бу гал бошқа экспертга топширади.
ДНК натижалари эълон қилинаётган вақтда 99,99 фоиз тарзида кўрсатилади. Таҳлил ўтказилганда халқаро талабларга кўра, биологик ота-оналикнинг эҳтимоллик даражаси 99,99 фоиздан кам бўлмаса, оталик(оналик)ни тасдиқлашга асос бўлади.
Нима сабабдан 100 фоиз оталик (оналик)ни тасдиқлаш мумкин эмас, деган саволга соҳа мутахассислари томонидан қуйидагича изоҳ берилади. Ҳар бир одамнинг бир тухумдан ривожланган эгизаги бўлиш эҳтимоли мавжудлигини инкор қилиб бўлмайди. Бир тухумдан ривожланган эгизаклар ДНКси айнан бир хил бўлади. Бундай ҳолларда эгизаклардан айнан қайси бири текширилаётган боланинг биологик отаси эканлигини аниқлашнинг иложи бўлмайди. Айнан шу нуқтаи назардан, ДНК таҳлили асосида аниқланган оталик эҳтимоллик даражасини 100 фоиз деб аталмайди. Аммо бу борада хатоликка ўрин қолмайди. 99,99 фоиз асос билан оталик аниқлаштириб берилади.
— Соҳангизда қандай кутилмаган воқеалар бўлиб туради?
— Бизда гоҳида иш юзасидан баъзи бир оилавий сирлар ҳам очилиб кетади. Бундай воқеаларга ўзим ҳам дуч келганман. Масалан, бир оиланинг иккита қиздан кейин туғилган ўн беш ёшли ўғли битирув кечаси куни бедарак йўқолган. Орадан кўп вақт ўтиб, сувдан шахсини аниқлаб бўлмайдиган даражадаги мурда топилган. Йўқолган боланинг ота-онасига хабар берилганида, балки мурда ўғлимиздир деб текширувга рози бўлишди. Мурданинг шахсини аниқлаш учун ДНК текширувини ўтказдик. Таҳлилда оналик тасдиқланди, аммо оталик тасдиқланмади, қариндош деб кўрсатилди. Қўшимча гумондорларнинг ҳам ДНК маълумотларини текширганимизда мурданинг асл отаси амакиси бўлиб чиқди. Минг афсуски, фаолиятимизда шунга ўхшаш ҳолатлар ҳам учраб туради.
— Ушбу соҳа вакиллари ҳам малака ошириб турадими? Қайси давлатлар билан ҳамкорликда ишлайсизлар?
— Фаолиятимизни энди бошлаган кезларимизда Германияда малакамизни ошириб келганмиз. 2017 йилдан буён экспертлар учун махсус имтиҳон ва семинарлар бўлиб ўтмоқда. Чет элдан энг малакали экспертлар келиб, ДНК аниқлашнинг янгича турлари билан таништириб боряпти.
— Юртимизда ўтказиладиган экспертиза хулосалари чет элда ҳам тан олинадими?
— Ҳа. Аммо бутун дунёда тан олиниши учун ISO 17025 аккредитациясидан ўтишимиз лозим. Шу пайтгача Ўрта Осиё давлатларининг экспертизаларини қилишга ҳам тўғри келган.
— Ўтган йили Қозоғистонда рўй берган фалокат туфайли автобусда ёниб кетган ватандошларимизнинг шахсини аниқлаш ишларини сизлар олиб борган экансиз. Агар сир бўлмаса, ўша жараён қандай кечган?
— Қозоғистон Республикаси Актўбе шаҳри яқинида содир бўлган автобус ёнғини натижасида кўплаб Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлганди. Мурдаларнинг ташқи кўринишига қараб шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган. Тергов идоралари топшириғи бўйича тезда ДНК экспертизаларини ўтказишга киришдик. Тун-у кун ишлаб, терговга 51 нафар ватандошимизнинг шахсини маълум қилганмиз. Тергов бизга 52-шахсни ҳам аниқлашни топширган эди. 52-шахс ёнғиннинг энг марказида бўлгани учун деярли бутун жойи қолмаган экан. Шундай бўлса-да, Аллоҳнинг мўъжизаси билан омон қолган тана қисмининг бўлагидан шахсини аниқлашга эришганмиз.
Гоҳида бизга берилган намуналарда ДНК хулосасини аниқ тақдим этиш имконияти кам бўлади. Воқеа жойини синчковлик билан текширишга тўғри келади. Афсуски, бизнинг воқеа жойига чиқишга ваколатимиз йўқ. Биз суд тақдим этган материаллар бўйича фаолият олиб борамиз. Жиноятларни очишда оз бўлсада, ҳиссамизни қўша олсак бундан фақат хурсанд бўламиз. Бир йили Жиззахдаги банкдан катта миқдорда пулларни ўғирлаб кетишганда жиноятчининг бармоқ изларидан қолган тер ёғ ажралмаларига қараб, уни аниқлаганмиз. Яна бир йили эса Чирчиқда ўта оғир жиноят содир этилган. Унда бир оиланинг ҳамма аъзоси ўлдириб кетилган. Уйда қолган қон доғларини ДНК бўйича текширганимизда, оила аъзоларига тегишли бўлмаган бегона қон топилган. Шу қон орқали жиноятчи аниқланган.
— Ҳа, фаолиятларингиз анча масъулият талаб этар экан. Чарчаманг. Суҳбат учун раҳмат.
“Hurriyat” мухбири
Феруза Раҳимова
суҳбатлашди.