Қадрдон иним

“Нега долларда?”, “Номзодингиз соқов эмасми?”, “Қоғозбозлик ҳали ўлмаган”, “Қотил ким?” каби таҳлилий-танқидий мақолалари кенг жамоатчилик эътиборини тортганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Ваҳоланки, Б.Эгамқулов йиллар давомида бундай мақолалардан кўпини ёзган ва ёзиб келмоқда.

Журналистика шундай соҳаки, уни ҳамма ҳам бирдек эгаллай олмайди. Бу касбни танлаган одам фақат қаламни тебрата биладиган эмас, балки самимий, фидойи, дунёқараши кенг, билимдон, ўз позициясига эга, профессионал бўлиши талаб этилади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Бекқул Эгамқулов шундай хислатларга эга инсонлардан бири.

Қирқ йиллик журналистлик фаолияти давомида у “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Халқ сўзи”, “Маҳалла”, “Iste`molchi” каби газеталар, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзАда турли лавозимларда ишлади. Айни пайтда эса “Бизнес-Daily Media” ноширлик уйи бош директори вазифасида фаолият кўрсатиш билан бирга, “Ўзбекис­тон қишлоқ ва сув хўжалиги” журналининг ҳам юқори савияли, ўқишли бўлишлигига ҳисса қўшиб келмоқда.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидаги муҳит Бек­қулни ҳалоллик, касбга садоқат, билимдонлик руҳида ул­ғайтирди. Шу ерда у “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига мушарраф бўлди. Бекқул ўша йилларни фахр билан ёдга олади, зеро, адабиёт газетаси унинг ҳаётида камолот мактаби вазифасини бажарди. Бу мактабда олган амалий билим ва кўникмаларини Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Халқ сўзи” газетасида ишлаган йилларида ёшларга ҳам ўргатишга интилди. Улардан зинҳор маслаҳатларини аямади. Бугунги кунда унинг шо­гир­д­лари турли ташкилотларда масъул лавозимларда, нуфузли нашр­ларда меҳнат қилиб келмоқда. Ижод аҳлининг кўнгли нозик бўлади. Б.Эгам­қулов шогирдларига бағ­рикенг­лик билан, хато-камчиликларини гўё рағбатлантиришдек қилиб, ўқитиб, уқтириб келади. Шогирд­лар ҳам кўнглидарё устозларини эслаб, йўқлаб туриши Б.Эгам­қулов учун катта бир давлат.

Биз Бекқул билан ўттиз йиллик қадрдонмиз. Ундаги самимият, камтарлик, ижодга мойиллик гўё аждодлардан меросдек туюлади менга. Отаси Эгамқул бобо билан суҳбатлашган одам унинг образли, енгил юморга бой қочиримли иборалар билан фикрларини баён этишини кўриб ҳайратланарди. Ваҳоланки, отахон бир умр қишлоқда мироб бўлиб ишлаган. Бундан саккиз йил муқаддам севимли ёзувчимиз Пирим­қул Қодиров Бекқулнинг уйига қўнғироқ қилади. Гўшакни Эгамқул бобо олади ва улар бир соатдан ошиқроқ суҳбатлашадилар. Эртаси куни Пиримқул ака Бек­қулга қўнғироқ қилиб “Отангиз билан мириқиб суҳбатлашдик, гўё қишлоғимга бориб келгандек бўлдим. Отангизнинг гапларидан шундоққина қишлоқнинг ҳиди келиб турибди”, дейди ҳаяжонланиб. Волидаси Бувхол момо ҳам ҳар бир гапини мақол билан ифодалайдиган онахон эди.

Б.Эгамқуловнинг қирқ йиллик мухбирлик йўлига назар ташлаб қаноат ҳосил қиласан, эътиқодга содиқлик, принципиаллик бу касб соҳибларини (бошқа касбларда ҳам) юзини ёруғ, кўнглини хотиржам этажагида муҳим омил эканига амин бўласан киши. Зеро, қайси ижодий даргоҳда ишламасин у эл-юрт манфаати мезонидан чекинган эмас. Ҳозир ҳам шу мезондан келиб чиқиб жамиятимиздаги воқеа-ҳодисаларга ўз нуқтаи назарини билдириб келмоқда. “Нега долларда?”, “Номзодингиз соқов эмасми?”, “Қоғозбозлик ҳали ўлмаган”, “Қотил ким?” каби таҳлилий-тан­қидий мақолалари кенг жамоатчилик эътиборини тортганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Ваҳоланки, Б.Эгамқулов йиллар давомида бундай мақолалардан кўпини ёзган ва ёзиб келмоқда.

Атрофга назар ташласангиз хабарий матбуот таҳлилий матбуотга қараганда тобора ортиб бормоқда. Бу турли воқеа-ҳодисалардан тезкор хабардор бўлиш нуқтаи назаридан яхшидир, лекин бундай ҳолатда саводхонлик иккинчи даражага тушиб қолаётгани ҳам бор гап. Мазкур жараён айниқса, “сариқ матбуот”­да, ижтимоий тармоқлардаги сайт­лар ва қайсидир соҳага ихтисослашган хусусий нашр­ларда кўп кузатилаётир. Шулар ҳақида мулоҳаза қилиб айтиш мумкинки, Б.Эгам­қулов каби таҳлилий мақолалар ёзадиган журналистлар меҳнатининг қадри жуда баланддир.

Бекқул сўнгги йилларда дунё­га маш­ҳур одамлар ҳаёти ҳақида ҳам мақолалар ёзаяпти. Уларда бу инсонларнинг тақдиридаги иродали-иродасиз онлари, қалб кечинмалари, турмушидаги бахт­ли, қайғули кунлари ҳақида ҳикоя қилинади. Унинг ушбу мақолалари яқинда чоп этилган “Бахт ярим, қайғу ярим…” номли китобидан ўрин олган. Китобга киритилган Жек Лондон, Иоганн Моцарт, Адриано Челентано, Алишер Усмонов, Муҳаммад Али каби кўплаб таниқли инсонлар ҳақидаги мақолалар ўқувчини қизиқтиради, шубҳасиз. Зеро, уларни ўқиган киши кўплаб янги маълумотлар олади, мақола қаҳрамонларининг номаълум қирраларини кашф этади.

Мен ушбу китобни ўқиб бўлгач шундай хулосага келдим. Мақсад ўқувчиларни маш­ҳур одамларнинг ҳаёти, босиб ўтган йўли, қувонч ва ташвишлари, фожиалари билан таништиришгина эмас, балки уларнинг ҳаётидан хулоса чиқаришга ундашдир. Эътибор берган бўлсангиз, дунё танийдиган, бойлигининг чеку чегараси йўқ одамлар ҳам тўла бахт­ли эмас, ҳаётининг қайсидир жойида кемтиклик бор, қайғу бор, фожиа бор. Демоқчиманки, машҳурлик, бойлик ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Инсон тўла бахтли бўлиши учун шунинг ўзи етарли эмас.

Китобда қаҳрамонлар қалбига киришга, уларнинг маънавий, руҳий дунё­сини очишга ҳаракат қилинган. Мен мазкур китобни ўқигунимга қадар Мерлин Монро ҳақида мутлақо бошқача тасаввурда эдим. Машҳур актриса ҳақи­даги мақолани мутолаа қилгач, тасаввурларим ўзгарди. “Голливуд бир бўсанг учун минг доллар берадиган, аммо қалбингни сариқ чақага ҳам олмайдиган маскан. Мен у ердагиларнинг кўпига рад жавобини берганман, менинг қалбим сотилмайди… Бу дунёда етишмайдиган нарса инсонларнинг бир-бирига бўлган меҳридир…” дейди актриса. Менимча, бу гаплар машҳурлик ва бойлик туфайли ҳеч нарсага эриша олмаган инсоннинг хулосалари.

Инсон шаъни машҳурликдан ҳам, бойликдан ҳам осмон қадар баланд. Китобда таниқли боксчи Муҳаммад Али ҳақидаги мақолани ўқиганимда айнан шундай хулосага келдим. У Олимпиада чемпиони бўлиб, АҚШга қайтгач, уни қора танли бўлгани учун ресторанга киритишмайди. Бундай хўр­ликка чидай олмаган Муҳаммад Али Олимпиада олтин медалини дарё­га улоқтиради. Менимча, бу ҳам инсонни ўйлашга, хулоса чиқаришга ундайдиган воқеа.

Умуман олганда, муаллиф машҳурлар қалбига назар ташлайди ва улар ҳаётидаги шундай нозик жиҳатларни топади ҳам. Китобнинг тарбиявий аҳамияти ҳам шунда.

Юқорида таъкидлаганимиздек, журналистика фидойилик талаб қиладиган касб. Баъзан кунни тунга улаб газета чиқаришга, баъзан битта мақола ёзиш учун бир неча кунлаб вилоятларда, олис қишлоқларда қолиб кетишга, баъзан одил йўлдан тоймаслик учун кимларгадир ёмон кўринишга тўғри келади. Бекқул дўстимиз шуларнинг ҳаммасини бошидан кечириб, журналис­тиканинг қаттиқ, лекин беминнат нонини еб келаётган фидойи журналистлардан биридир.

Тоҳир Долиев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 15 =