O`zLiDeP бош вазир номзодини кўрсатади

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси тугаши билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига такрорий овоз бериш жараёнига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Унда Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов маълумот берди.

Эътироф этилишича, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 59-моддасига мувофиқ такрорий овоз беришда сайловчиларнинг иштирок этиши фоизи ҳисобга олинмаса-да, бироқ бу жараёнда ҳам 62,8 фоиз сайловчиларнинг иштирок этгани фуқароларимизнинг сиёсий, ҳуқуқий маданияти юксалиб, уларнинг янгиланаётган Ўзбекистонда янгидан шакллантирилаётган парламент сайловларига бефарқ эмаслигини ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли, одилона ва инсонпарвар сиёсатни қўллаб-қувватлашининг яна бир бор исботи бўлди.

Марказий сайлов комиссияси такрорий овоз беришда ғалаба қозонган 25 депутатни рўйхатга олиш ҳақида қарор қабул қилди. Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тўлиқ шакллантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасига сайланган 150 депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар, 39 нафарини ёки 26 фоизини олдин ҳам Қонунчилик палатаси депутати бўлганлар ташкил этади.

Депутатларнинг 9 нафари ёки 6 фоизи 30 ёшгача, 97 нафари ёки 65 фоизи 30 ёшдан 50 ёшгача бўлганлар ҳамда 44 нафари ёки 29 фоизи 50 ёшдан катта ёшдагилар. Энг ёш депутат 26 ёшда. Энг ёши улуғ депутат 71 ёшда.

Ўзбек миллатига мансуб депутатлар 130 нафар ёки 87,0 фоизни, бошқа миллат вакиллари – 20 нафар ёки 13 фоизни ташкил қилади.

Улардан қорақалпоқ ва рус миллатига мансублар 5 нафардан, қозоқ ва тожик миллатига мансублар 3 нафардан, корейс миллатига мансублар 2 нафарни ҳамда 1 нафардан турк­ман ва қирғиз миллатига мансуб депутатлар ташкил қилади.

Мутахассислиги ва ихтисослиги бўйича депутатларнинг 32 нафари фан-таълим, 23 нафари банк, молия ва иқтисод, 21 нафари ҳуқуқшунослар, 21 нафари жамоатчилик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, 12 нафари қишлоқ хўжалиги, 9 нафари тиббиёт, 9 нафари қурилиш, коммуникация, транспорт ва алоқа, 6 нафари ОАВ, 7 нафари тадбиркорлар ҳамда 10 нафари бошқа соҳа вакиллари саналади.

2019 йил 10 декабрь куни янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 6-моддасида Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилиши белгиланган. Ушбу қонунга мувофиқ Бош вазир номзодини кўрсатиш ҳуқуқига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси эга бўлди.

“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар якунига етди.

Кўп миллионли сайловчиларимиз, сайловларга ташриф буюрган халқаро кузатувчилар сайловлар, аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, янги Сайлов кодекси ҳамда халқаро стандартларга тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтганини эътироф этмоқда.

Манба: ЎзА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + 4 =