Маърифатпарвар адибнинг сўнгги кунлари

Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги

— Бизлар Байтуллоҳни зиёрат этмак учун Самарқанддан чиқғон эдик, йўлда амир маъмурлари “сизлар жадид, кофир ва тилчи” деб бизни қўлға олдилар. Тафтиш қилинсун, бизнинг гуноҳсизлигимиз шояд маълум бўлар, — дейди Беҳбудий ҳазратлари.

Нотинч 1919 йилнинг ёзида Бухоро амирлиги ҳудудига кирувчи Қарши шаҳрининг зиндонига туташ кимсасиз майдонда мудҳиш воқеа юз берди — тўрт бегуноҳ инсон қатл этилди. Мақтуллардан бири — машҳур маърифатпарвар адиб, “Ойина” журналининг муҳаррир ва ношири Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг икки шериги – Мардон­қул Шомаҳмуд ўғли ва Маҳмудхўжа Ўринбой ўғли бўлиб, булар қаторида Қарши бегининг маҳрами, зиндонбон Аҳмад деган киши ҳам қатл этилган эди. Айтишларича жаллодлар маҳкумларнинг ўзларига ўз қабрларини қазишни мажбур қилишган, сўнг уларни ўлим олдидан намоз ўқиб олишларига ҳам йўл қўймай олдин Маҳмудхўжа Беҳбудийни, сўнг бошқаларнинг бўйинларига пичоқ тортиб, бошларини танларидан жудо қилишган, тайёр чуқурларга кўмиб, ўрни билинмасин учун ер билан бир қилиб текислаб юборишган.

Хўш, бу бечораларнинг гуноҳлари нима эди, Беҳбудий ҳазратларининг муборак қони нима учун тўкилди? Бу муаммоларни ечиш учун аввало ушбу қатлда бош “гуноҳкор” саналган Маҳмудхўжа Беҳбудий ким эди, деган саволга жавоб берилиши лозим.

Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йилда Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида мулло Беҳбудхўжа оиласида таваллуд топади, унинг отаси ўқимишли киши бўлиб, асли туркистонлик, улуғ авлиё зот бўлмиш Аҳмад Яссавий авлодларидан эди. У кўп ўтмай вафот этади ва ёш Маҳмудхўжа тоғаси қози Муҳаммад Сиддиқнинг тарбиясида вояга етади. Сўнг Самарқанд ва Бухоро мадрасаларида таҳсил олиб, шариатнинг юксак лавозимлари — қози ва муфти даражасига эришади. У бошқа қозилар сингари ўз тинчини кўзлаб, билганича ҳукм чиқариб, оиласи билан тўқ яшаб, етарлидан ортиқроқ бойлик орттириб юриши мумкин эди. Аммо қалби пок, ақли тийран бу зот бу йўлдан бормади, у оламга қалб кўзи билан боқди, ундаги ҳақсизлик, адолатсизликларни кўрди, халқнинг дарду аламини дилгир юраги билан чуқур ҳис этди. Маҳмудхўжа ўз миллатининг тақдири учун қайғурди, ватан равнақи учун йўл излади. У тараққиётни илму маърифатда деб билди, кишиларни илмга, зиёга чорлади, жаҳолату бидъатдан қочишга ундади. “Дунёда яшамоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, бой бўлмоқ у ёқда турсин, рўзғор тебратиш учун ҳам илм керак”, — деди у юрак-юрагидан куйиниб ва ёшларга илм бериш учун мактаблар очди, дарсликлар ёзди, одамларга дунё­вий илм беришнинг энг илғор йўли бўлган янги — жадидчилик ғояларини ёқлаб чиқди. Неча замонлардан бери кишилар онгини қоплаб келаётган жаҳолатни қувиш учун театр томошалари ёзиб, намойиш эттирди, “Самар­қанд” газетаси ва “Ойина” журналини чиқариб, элга илму маърифат ёймоқчи бўлди. Оламни етук зийраклик билан кузата олган бу комил инсон дунёда рўй бераётган ижтимоий ҳодисаларга ҳам ўз муносабатини билдирмасдан тура олмади. Чунончи, у аср бошида Россияда сиёсий ҳаракатлар бошида турган фирқаларга баҳо берар экан, социал-демократларнинг дастури хаёлий эканлигини, шариатга тўғри келмаслигини 1906 йилдаёқ рўй-рост айтган эди.

Истилочи чор Россиясининг истибдоди бироз бўшашгач, Беҳбудий миллий-озодлик курашида фаол иштирок этди, истиқбол учун жон куйдирди, Туркистон мухториятининг асосчиларидан бири бўлди. Мухторият қонга ботирилгач у большевиклар даврида ҳам мактаб-маориф соҳасида бироз ишлади, аммо бу ҳукуматнинг зўравонлик сиёсатига асло қўшила олмади. Шундай бир вазиятда, яъни 1919 йилнинг баҳорида у икки маслакдош дўстлари билан “ҳаж қилиш” учун дея, аммо ўзларига ва Яратганга аён бўлган режалар туфайли чет элга бориш учун йўлга тушадилар ва Шаҳрисабзда Бухоро амирлиги одамлари томонидан ҳибсга олинадилар. Бу ерда икки ой зиндонда ҳибсда сақланганларидан сўнг уларни Қаршига олиб келадилар. Айтишларича Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг қўлга олинган шериклари билан Бухоро амирлиги томонидан қўйилган Қарши беги Тоғайбек ўртасида шундай савол-жавоб бўлиб ўтади:

— Сизлар кимсизлар, нима учун ҳибс қилингансизлар? — деб сўрайди бек.

— Бизлар Байтуллоҳни зиёрат этмак учун Самарқанддан чиқғон эдик, йўлда амир маъмурлари “сизлар жадид, кофир ва тилчи” деб бизни қўлға олдилар. Тафтиш қилинсун, бизнинг гуноҳсизлигимиз шояд маълум бў­лар, — дейди Беҳбудий ҳазратлари.

— Сизлар жадид ва кофирдирсиз. Бухорога жаноб олийга тиғ тортқон сизнинг маслакдошларингиз эмасларми? Сизларни ўлдирмоқ керак. Сизлар қутилмоқ учун Байтуллоҳга бормоқни баҳона этиб кўрсатасиз, — дейди бек.

Беҳбудий ва унинг йўл­дошлари қўлга олинганларида бекнинг биринчи маҳрами ва зиндонбони бўлган Аҳмад исмли киши Беҳбудийни таниб, унга қўлидан келганча мурувват кўрсатишга ҳаракат қилган эди. У бегуноҳ бандиларга ачиниб, уларни озод қилиш умидида бекка:

— Тақсир, буларнинг ишлари ҳақиқатлаб кўрилса, гуноҳлари аниқланиб, кейин жазо берилса бўларди, — деб ўртага тушади. Бунга жавобан бек ғазабланиб:

— Энди билдимки, сен ҳам жадид экансан, чунки жадидларга тарафдорлик қилаяпсан. Ўлдурула­турғон жадидлар учта эди, энди сен билан тўртта бўлди, сени ҳам ўлдурмак керак, — деб уни ҳам зиндонга қамашни ва амирдан фармойиш келиши билан уларнинг қатл этилажакларини айтади. Бунга жавобан Беҳбудий ҳазратлари:

— Бизлар ўлимдан қўрқмаймиз. Мундай йўлда ёлғиз биз ўлмаган, балки кўп кишилар тўғрилик ва инқилоб йўлида шаҳид бўлғонлар, — дейди.

“Дунёда яшамоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, бой бўлмоқ у ёқда турсин, рўзғор тебратиш учун ҳам илм керак”.

Кўп ўтмай улар қатл этиладилар. Амир Бухорога хоинона ҳужум қилган большевикларнинг ўчини уларга мухолиф бўлган маърифатпарвар бегуноҳ Беҳбудийдан олади. Аммо Беҳбудий ҳазратларининг ўлимида большевикларнинг қўли борлиги яққол сезилиб турарди, ўша замонлар Русиянинг Бухородаги элчиси Уткин деган шахснинг бу ишга бош-қош бўлганлиги тўғрисида маълумотлар бор. Олимларнинг фаразларича Беҳбудий ҳазратлари бу сафар ҳажга эмас (адиб олдинроқ ҳаж сафарига бориб келганлиги унинг “Саёҳат хотиралари” йўл лавҳаларидан маълум) балки большевикларнинг зўравонликларини фош этиш учун чет эллардан бирида ўтказилаётган анжуманга кетаётган эди. Турган гапки “қулоғи динг” большевиклар бирор хоин орқали бундан хабардор бўлиб бу ишнинг “чорасини кўрганлар”, яъни қонхўр амир қўли билан миллатнинг фидойи фарзандини ўлдириб, ўзларининг закий, жасур ва обрўли душманларидан қутилганлар. Натижада ёвузлик яна ғалаба қилган, бегуноҳ қонлар тўкилган.

Беҳбудий ҳазратларининг энг яқин шогирдларидан бири бўлган Садриддин Айний бу ёвуз кучларга қарата:

Эй мадфуни инсоният,

                              эй мақтули аҳрор!

Эй маркази ваҳшоният,

                              эй маҳмани ашрор!

Қон тўк, яна қон тўк,

                               яна қон тўк!

Қон тўк-да чўмил қонға!

                              Йиқил қонға!

деб кўзларидан ёш оқизиб фарёд қилса, унинг ёш шогирдларидан бири бўлган Чўлпон:

Билгисиз қабрингни

                           қора тунларда

Амалимнинг шаъмин

                          ёқиб изладим,

деб бўзлаган эди. Ҳа, Беҳбудий ҳазратларининг мозори то ҳануз бу дам топилганича йўқ, аммо унинг муборак қонидан унган чечаклар истиқлолимиз насимида ҳилпираб гуллаб, яшнаб турибди. Ўша пайтдаги маккор давр тизими унинг номини, аъмолларини йўққа чиқариш учун қанчалик уринмасин, бу табаррук ном йўқолмади, дилларда яшади ва яшаб келмоқда. Беҳбудий ҳазратлари ўлими олдидан ёзган ва бизгача узуқ-юлуқ бўлиб етиб келган ўз васиятномаларида: “Бизларни унутмангиз, мактаб-маорифни тараққий эттирингиз”, деган эдилар, ул зот айтганлари тўла амалга ошди ва ошмоқда. Ҳа, шаҳидлар қони беҳудага кетмайди!

Мухтор Худойқулов.

Беҳбудийнинг ҳикматли фикрларидан:

Ҳақиқий матбуот ҳеч кимни хотириға қарамас.

* * *

Одам боласини қанча илми зиёд бўлса, дунё, тарих, жуғрофия илмидан хабари бўлса, шунча яхшидир.

* * *

Инсоннинг нуқсон ва хатодан холи бўлмаслиги ҳар бир одамга маълум.

* * *

Биз туркистонийларға туркий, форсий, арабий ва русий билмоқ лозимдур.

* * *

Хатни камсўз, сермаъно ёзмоқ керак.

* * *

Исломият шундай бир дини матин ва қобили тарақийдурки, на қадар илми замоний кўб ўқиса инсонни яна дини ислом­ға шунча ақидаси мустаҳкам бўлур.

* * *

На усули жадида мактабиға ўқуғон сабабли ва на ўқиғон важҳидан киши кофир бўлмайдур.

* * *

Маданияти ҳозирдан маҳрум қолуб, саноеъ ва маориф салоҳи ила қуролланмаган миллат эса дунёда роҳат ва саодат юзини кўролмас.

* * *

Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур.

* * *

Теётр ибратномадур, теётр ваъзхонадур, теётр таъзир адабидур.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =