Инсон номи мағрур жаранглайди ёхуд ҳақиқий эркак қандай бўлади?

Болалик. Сен тенгилар эртадан кечгача стадионда тўпнинг орқасидан югургани югурган. Дарсдан қайтишингда хоҳлайсанми-йўқми, сўқмоқ йўл уларнинг ёнидан ўтади. “Ошир”, “Ўнгдан ўт”, “Жарима тўпини бер”, “Гол!” каби қийқириқлар ичида паришон хаёлларинг билан андармон бўлиб юрганингда, кўзлари сенга тушади:

—   Кел, қўшил.

— Йўқ, дарсим кўпроқ эди. Эртага имтиҳоним. Она тилидан олимпиадага…

Гапинг бўлинади. Сўзингни тугатмасдан камситувчи овоз янграйди:

—  Э-е-е, эркакмисан ўзи?!

Ўйин давом этади…

Адабиёт дарси. Ижодга бўлган меҳринг туфайлими, асарларни қунт билан ўқиб, шеър-у достонларни соатлаб ёддан айтардинг. Табиатан ўғил болалар эринчоқ бўлади. Синфингдаги 20 нафар йигит қилмаган вазифани бир сенгина бажарсанг, қолганлар ёнида ҳурматинг йўқолади. “Эркакмасакансан!” деган таънани эшитмаслик учун “Кемага тушганнинг жони бир”, муаллимадан дакки эшитасан ва табиийки, эртасига мактабдан чақирув хати келади. Даданг уйнинг эркаги бўлгани учун бундай “майда масалалар”га аралашмайди, мажлис-у йиғилиш­бозликлар доим онангнинг чекига тушган. Бош­­қа ота-оналар сингари волиданг ҳам таъна-ю дашномларга кўмилади, юзинг шувит бўлиб, кўзингда ёш милтиллайди, бўғзингга нимадир тиқилади. Лекин йиғлолмайсан. “Фалончи эркак бўла туриб, йиғлаб юрибди”, деб устингдан кулиш­ларини ўйлайсан-да, ўзингни тиясан…

Қишлоқдаги барча ёшлар сингари болалигинг яйловда ўтган. Доим бир хил хаёт: тонг саҳарлаб уйқунг очилмасдан, сариёғ сурилган нонни “кавшаб”, молларни ҳайдайсан, кечга қараб тоғдан эндирасан. Тушгача уканг боқади, пешиндан кейин сен. Мактабда дарс вақти шундай тақсимланган. Яйловда қишлоқнинг энг олди тўдабошилари қартабозлик қилади. Ажралиб қолмаслик учун ўйинга тушунмасанг-да, томоша қиласан. Гоҳида кимларнингдир қистовида тенгдошларинг билан жанжаллашасан, кураш тушасан. Кунда бир еринг моматалоқ! Бу “машғулот”лар сенга ёқмаса-да, йўқ деёлмайсан: Эркаксан-да! Шом қоронғисида уйга келасан ва овқат еб-емасдан, ухлаб қоласан. Ярим тунда уйқунг қочади. Дарс тайёрлаб, илҳом келса, қоғоз қоралайсан. Ҳаёт шу зайл давом этаверади…

Талабалик — умрнинг “олтин муаммо”ларга бой зангламас даври. Курсдош­ларинг кунда бир машмаша ўйлаб топади: тунги клуб, қаҳвахона, ресторан, боулинг, футбол… Сенга эса тинчлик керак. Улар ҳордиқни турли кўнгил­очар мас­канлардан изласа, сенга “бир бурда осойишталик” кифоя. Ҳеч ким ҳалал бермаса! Буни тушунтиролмайсан-да хоҳлаб-хоҳламай уларга эргашасан. Базм авжида телефонинг она ҳақида куй чалиб, жиринглайди. Экранга “Жаннатим” деган ёзув чиқади. Жавоб бермайсан…

Университет ётоқхонасидан жой тегмади. Пешонада ёзилганига шукр қилиб, ижара­ма-ижара кўп санғидинг. Ҳар ой суви тез оқадиган сойга ўрнатилган чархпалакдай ижара пулини бериш вақти айланиб келаверади: уй эгасининг номини эшитсанг, кўз олдингга қуруқ чўнтакни қўлларинг билан кўрсатганча сўппайиб турган қиёфанг келади… Шундай “олтин кунлар”нинг бирида хусусий нашриётдан ётоқ ва еб-ичиши мавжуд ишнинг дарагини эшитасан. Йўналишингга мос соҳадан иш топилганидан қувонасан ва бошлиқ билан маош, қолаверса, яшаш шароитинг, ейдиган овқатинг ҳақида келишмасдан, ортиқча баҳс-мунозарага бормасдан (“Ахир, эркаксан”) нима де­йишса хўп деб, бошингни хам қилиб тураверасан: еткизганига шукур!

“Биз ҳали оёққа турамиз”, “Елкамиз офтоб кўради”, “Корхонамиз ривожланиб кетади”, “Иш бошқарувчим бўласан”… каби охири йўқ ваъдаларга учиб, зах ва қоғоз, бўёқ ҳиди бурқсиган нашриётда уч ой (қ)ишладинг. Чўнтакларинг раҳматга, университетда журналдаги исминг тўғрисидаги бўш катакчалар эса “НБ”га тўлди. Сен эркак бўлганинг ва бошлиғинг эркаклиги учун чидадинг, тишни тишга қўйиб, сабр қилдинг… Тинмай ишладинг, ҳаққинг — “Биз ривожланиб кетамиз”, “Сени раҳбар қиламан”, “Иш бошқарувчим бўласан”…

Хўш, эркак сўзининг маъноси нима ўзи? Бу жумланинг туб моҳиятида ким мужассам-у, одамлар уни ниқоб қилиб, ортига кимни яширяпти? Бобонг ҳақиқий эркак оиласининг чинакам қалқони, фарзанд­ларининг “қаҳрамон”и бўлади, дерди. Сенга дўстининг ёрдамга муҳтожлигини кўзидан сезадиган, қўлидан келмайдиган ишга ваъда бермасдан, гапининг устидан чиқиб, жамиятда бир қадам олдинда юрадиган мукаммал инсон эркак, деб уқтиришган. Болангнинг эгнида ки­йими йўқ, оиланг қотган нонни сувга ивитиб еяётган бир шароитда қўшнингнинг ўғли велосипедини миниб, чококрем сурилган ширмой нонни кўз-кўз қилганча уйингга келганини кўрганинг — йигитнинг сингани бўлади!

Қишлоғингда “Эркак ёзда ишламаса, сигир қишда ўлади” нақлига амал қилиб, тенгдошларинг каби оғир-у енгил меҳнат билан бирга улғайгансан. Шаҳарга ўқишга келиб, ҳар хил жойда ижара турдинг, турли одамлар билан қўшни бўлиб, суҳбатини олдинг. Уларни кўриб, беихтиёр ўзингга ғулдирайсан: “Чопон кийган ҳар киши эркак бўлавермайди!”

Инсон номи мағрур жаранглайди. Ҳар гапнинг бирида эркак сўзининг сийқасини чиқараётган айрим “эркак”ларга “Эркакмисан?”, дегинг келади. Ҳақиқий эркакка қилич тиғидан сўз тиғи ўткирроқдир.

Абдулазиз Аҳмедов,

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети

талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 5 =