Талаба қачон ўқиш-ўзлаштиришга қизиқмайди?

Коррупция — замонавий жамиятнинг глобал ҳамда кўҳна муаммоси бўлиб, дунёнинг барча давлатларида у ёки бу кўринишда мавжуд. Ушбу салбий иллат фақат юридик аҳамият касб этмасдан, ижтимоий, сиёсий ҳамда маънавий оқибатларни ҳам юзага келтиради. Шунинг учун коррупцияга қарши кураш ҳамда унинг олдини олиш ҳар бир давлатнинг устувор вазифаси эканлиги айни ҳақиқат.

Мазкур иллатнинг олдини олишда таълим — энг кучли қурол эканлиги исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир.

Шу ўринда савол туғилади, таълим соҳасида коррупцияни йўқотиш мумкинми? Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Тошкент давлат юридик университетининг Жиноят ҳуқуқи ва криминология кафедраси профессори, юридик фанлари доктори Гулчеҳра Тўлаганова билан суҳбатлашдик.

Президентимизнинг коррупцияга қаратилган танқидий сўзлари амалда натижа бераётган бўлсада, бу иллат олий таълим тизимида ҳамон сақланиб қолмоқда. Бунга асосий сабаб нима деб ўйлайсиз?

— Тан олиш керакки, бугунги кунда  таълим соҳасини “корруп­циясиз соҳа”га айлантириш юзасидан олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Мамлакатимизда халқаро стандартлар талабларига мос равишда олий таълим даргоҳларига қабул жараёнларининг шаффофлигига эришиш, таълимдаги коррупция ва порахўрликнинг олдини олишга астойдил киришилди. Лекин баъзи талабаларда ҳамон билим олишга интилишнинг йўқлиги, дангасалик ҳамда берилган вазифаларни бажармасдан, уни моддий томондан ҳал қилишга, ўз муаммосини эгри йўллар билан ечишга уриниш коррупцион ҳолатларнинг сақланиб қолишига олиб келмоқда.

Коррупцияга йўл қўймаслик учун қандай амалий ишларга ўтиш керак, деб ўйлайсиз?

— Олий таълим тизимидаги коррупция билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда, аввало, муаммонинг илдизига назар солиш керак, деб ўйлайман. Масалан, иш берувчига билимсиз, лекин дипломли ходим нима учун керак? Аксарият ташкилотларда ҳанузгача ошна-оғайнигарчилик, қариндош-уруғчилик, таниш-билишлик асосида ишга қабул қилиш ҳолатлари сақланиб қолаяпти. Айрим ташкилотларга ишга қабул қилиш жараёнида ходимнинг билими эмас, унинг дипломи, қандай раҳбарга алоқадорлиги  эътиборга олинаяпти. Қачонки, жамиятимиздаги инсонлар онгида, энг муҳими, дипломнинг мавжудлиги эмас, балки билим ва кўникмаларга эга эканлик, яъни “асосийси салоҳиятли кадр” ғоясининг устуворлигини  таъминлашга эришсак, кадр­лар танлашда ходимнинг кимлиги эмас, унинг билим даражаси асосий мезон қилиб олинса, коррупцияга қарши курашда олдинга жиддий қадам ташланган бўлади.

Айнан юқоридаги салбий факторларнинг мавжудлиги таълим тизимидаги корруп­циянинг сақланиб қолишига замин яратади. Қолаверса, ушбу жиноятга йўл қўймаслик учун таълим жараёнида жамоатчилик назорати институтлари фаол ишлаши лозим. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш билан бирга, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш зарур.

— Жанубий Африка Республикасидаги бир университет пештоқига шундай сўзлар ёзиб қўйилган экан: “Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ радиусга таъсир қиладиган ракеталарга ҳожат йўқ. Фақат таълим сифати пасайтирилса ва имтиҳонларда талабаларга алдов учун имконият яратилса, бас!”. Сиз бу фикрга қандай қарайсиз?

— Ҳақиқатан таълим сифатининг паса­йиши, иқтидорли ёшлар ўрнига тасодифий кадрларнинг соҳага кириб келиши, миллат таназзулига олиб келади. Унинг ҳар қандай бомбадан хавфли эканлиги исбот талаб қилмайди. Шу жиҳатдан, таълимда коррупцияга қарши курашишда муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилиши керак. Мазкур соҳада коррупцияга қарши курашда кенг жамоатчиликни жалб этиш ўз самараларини беради, деб ҳи­соблайман.

— Нима деб ўйлайсиз, ўқитувчиларнинг ойлиги сўнгги икки йилда кетма-кет оширилгани таълимдаги коррупцияни камайтиришга хизмат қилмоқдами?

— Албатта, ўқитувчи, шифокор ва бош­­қа бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори рўзғор харажатига муносиб бўлса ҳар қандай ҳолатда ҳам уларни ноқонуний пора олишга мажбур қилмаслиги аниқ. Натижаларга қарайдиган бўлсак, маошлар оширилганлиги натижасида коррупция ҳолатлари олдинги йилларга қараганда сезиларли даражада камайди. Шунингдек, ҳозирда педагог-ходимларга устамалар ва моддий рағбатлантиришлар берилаяпти. Буларнинг бари коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлардир.

Шу йилдан бошлаб олий таълим муассасаларини босқичма-босқич, ўзини-ўзи молиялаштириш тизими жорий қилинмоқда. Олий таълим муассасалари мустақил бўлгач қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади: ходимларга устамалар ва моддий рағбатлантириш ва бошқа турлари миқдорини мус­тақил белгилайди. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан бўлган талабаларни моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш тизими янада адолатли тартибга олинади.

Биламизки, Кэмбридж, Оксфорд каби нуфузли университетлар пойтахтдан бош­­қа округларда жойлашган. Пойтахтда яшаш ва умуман ҳаёт кечириш кўп харажат талаб қилишини инобатга олсак, бизда ҳам айрим олий ўқув юртларини пойтахтдан ташқарига олиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу, биринчидан, пойтахтдан ташқаридаги ҳудудда урбанизация даражасини оширади. Иккинчидан, перифе­риядаги турмуш тарзи яхшиланади. Учинчидан, талабаларнинг сарф-харажатлари минимал даражада бўлади. Масалан, ҳозирги кунда Жисмоний тарбия ва спорт университети Чирчиқ шаҳрига кўчирилди. Бу ҳам талабаларга анча қулайликлар яратди.

— Юқорида, таълим тизимида, албатта, енгил-елпи йўлни танлаган талабалар ҳам коррупцияга йўл очади, дедингиз. Бундай вазиятларда ўқитувчи қандай йўл тутмоғи зарур?

— Таълим соҳасида коррупциянинг борлигини миясига сингдирган  ёшларда билим олишга бўлган қизиқиш пасаяди. Баҳолар сотиб олинади, деган ўйда юрган ёшлар сони кўпайса, бу ачинарли оқибатларга олиб келиши мумкин. Натижада университетни кам етарли ёки мутлақо етилмаган мутахассислар битириб чиқади. Бу, ўтган йилларда, мамлакатимизда иқтидорли кадрлар етишмаслигига сабаб бўлганди. Бундай ҳолатларда ўқитувчи коррупцияга йўл қўймаслиги керак. Йўқса, коррупцияга қарши кураш бўйича қанча чоралар белгиламайлик, агарда таълим муассасасидаги ҳар бир ходим, у оддий педагогми, профессорми ёки ёрдамчи ходимми, виж­донан порахўрликка қарши турмаса, шунингдек, ўзида ҳалоллик иммунитетини ҳосил қилмаса, кутилган натижаларга эришиб бўлмайди.

Феруза Раҳимова суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 16 =