Самимиятга асосланган дўстона муносабат

1991 йил Ўзбекистон истиқлолга эришганда мустақиллигимизни биринчилар қаторида қардош турк халқи тан олган эди. Ўшанда мен ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультети I босқич талабаси эдим. Ўзбекистонга ўша вақтдаги Туркия Президенти, довюрак  сиёсатчи Турғут Ўзал ташриф буюрди. У пайтларда хорижлик деганда нотаниш тиллар соҳиби тушуниларди. Аммо Ўзбекистон телевидениеси намойиш этган суҳбатда туркиялик меҳмонлар турк тилида гапиришарди, у биз учун нотаниш тил эмасди, у бизга қардош тил эди. Биз келган олий даражали меҳмонларни таржимонсиз ҳам тушуна олардик. Бу Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг бошланиши эди.

— Ўзбекис­тонда биринчи элчихонани очган давлат ҳам бу Туркиядир. Мен ўша пайтлари Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида ишлар эдим, — дея хотирлайди Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, тажрибали дипломат Содиқ Сафоев. — Мустақилликнинг биринчи ойларида умуман қандай ишлаш керак, қандай қилиб келажакни қурамиз, четдан маҳсулот сотиб олсак қандай олиб келамиз? — деган саволларга жавоб тополмас эдик. Туркия Ўзбекистонга биринчи бўлиб 600 миллион долларлик кредит линиясини очди ва энг керак бўлган дори-дармонлар, озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келишга шароит яратиб берганди… Лекин орадан йиллар ўтиб, айрим сабаб­ларга кўра икки давлат сиёсатида бироз узилиш, узоқлашиш юз берди. Бу сир эмас. Аммо муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлганларидан кейин Туркия билан муносабатларимиз қайтадан йўлга қў­йилди, ривожланди.

Мамлакатимиз раҳбарининг шу йил 19-20 февраль кунлари Туркияга амалий ташрифини сарҳисоб қиладиган бўлсак, икки давлат ўртасида стратегик ҳамкорлик кенгаши барпо этилди. Яъни, икки давлатни узоқ муддатли ҳамкорликни қамраб олувчи нафақат иқтисодий, балки хавфсизлик, ташқи сиёсат, маънавий масалаларда парламентлараро масалаларни кўриб чиқадиган бир тузилма пайдо бўлди. Бу жуда катта ютуқ. Албатта, Туркияни жаҳонда тутган ўрни ниҳоятда баланд. Ўзи умуман, Туркия кўп юз йил­ликлар мобайнида мавқеи баланд бўлиб келган. Унинг протоколи ҳам жуда чархланган ва туркия­ликлар бунга бекаму кўст риоя қилишади.

Бугунги кунда яқин Шарқда ниҳоятда мураккаб вазият шакл­ланган. Туркия жалб қилинган мамлакатлар сирасига киради. Мамлакатнинг ичида миллионлаб қочоқлар бор. Бу давлат бевосита ҳарбий можароларда иштирок этяпти. Шунга қарамасдан, Туркия давлат раҳбари Ўзбекистон Президентига алоҳида эътибор бериб, ниҳоятда мушкул масалаларни ҳам четга қўйиб, Ўзбекистон Президенти билан музокаралар, учрашувлар ўтказди, ташриф давомида доим бирга бўлди. Ўзбекистон делегациясига юксак эҳтиром кўрсатди. Протоколга риоя қилмасдан, ҳаттоки, ўзи кузатишга чиқди. Бу Ўзбекистон лидерига бўлган муносабатни яққол кўрсатувчи бир ҳақиқатдир”.

Мен давлат раҳбарининг Туркияга ташрифидаги бир жиҳатга эътиборингизни қаратишни хоҳлардим. Биламизки, дипломатик протоколнинг белгиланган меъёрларига мувофиқ, давлат раҳбарининг меҳмонни аэропортда кутиб олиши ва кузатиб қўйиши одатда амалга оширилмайди. Лекин, Эрдоған ва унинг рафиқаси Ўзбекистон Республикаси раҳбари ва биринчи хонимни кузатиб қўйиш учун Aнқара аэропортига келди ва бу ҳаракат бизга кўп нарсани англатди.

Тўғрисини айтганда, шу вақтгача Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған рафиқаси билан Анқаранинг «Эсенбоға» аэропортида бошқа бирон-бир  давлат раҳбарини кузатиб қўйганлигини бирор жойда ўқимаганман…

Айтмоқчиманки, биринчи нав­батда гап фалон миллиард долларлик шартномалар, муҳим бизнес лойиҳалари ҳақида кетмаяпти, чин самимиятга асос­ланган дўстона муносабатлар ҳақида гапирилмоқда. Яъни, бу мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар мутлақо янги босқичга кўтарилганлигининг кучли ва аниқ белгисидир.

Бу ҳар икки давлат раҳбарининг дипломатик протокол ва нормалардан ҳам юқори бўлган жуда яқин, биродарона ва ишончли муносабатлар муҳити энг юқори чўққига чиққанидан далолат беради.

Шерзодхон Қудратхўжаев,

сиёсий фанлар номзоди,

Халқаро пресс-клуб раиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − 4 =