Ўзбек ҳамширалари Японияга боради

Ёдингизда бўлса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2019 йил 17-20 декабрь кунлари расмий ташриф билан Японияда бўлган эди. Ташриф давомида икки давлат раҳбарлари ўзаро музокараларда Ўзбекистон-Япония муносабатларини, шу жумладан, соғлиқни сақлаш тизимини узоқ муддатли устувор йўналишлари юзасидан ҳамкорликни янада ривожлантиришни ҳам муҳокама қилган эдилар.

Музокараларда ўзаро фойдали бўлган шартномалар имзоланди. Шартномаларнинг амалий натижаси сифатида юртимизга ташриф буюрган Япониядаги қарияларни парвариш қилиш клиникалари Президенти Ҳироказу Кимура ҳамда Марказий Осиё Инсон ресурслари ассоциацияси раҳбари Казуми Маеда билан суҳбатлашдик.

Ҳироказу Кимура:

— Ўзбекистон Япониянинг азалий дўсти бўлиб келган. Халқларимиз ўртасида ўхшашликни кузатганман. Ўзбек халқи ҳам японлар каби меҳмондўст, самимий. Давлатингиз раҳбари Японияга қилган расмий ташрифи чоғида икки давлат ўртасида кўпгина келишувларга эришилди. Шу жумладан, соғлиқни сақлаш  тизимида ҳам. Эндиликда ана шу келишувларга мувофиқ Ўзбекис­тонда таҳсил олган ёки олаётган ҳамшираларни махсус синовлар асосида Япо­нияда ишлашга тавсия этамиз.

Тошкент шаҳридаги иккита тиббиёт коллежида бўлажак ҳамширалар билан суҳбатлашдик. Японияда иш фаолиятини бошлашга тайёр бўлган талабалар учун махсус гуруҳлар очилади ва эндиликда талабалар ушбу гуруҳларда япон тилини ўрганишади.

— Келишувга биноан фақат ҳамширалар малака оширадими? Уларга қўйиладиган энг асосий талаблар нималардан иборат?

— Энг аввало, ҳамшира мутахассислигига эга  бўлиши ва албатта япон тилини билиши шарт. Сабаби, бизнинг клиникаларда даволанаётган фуқароларнинг барчаси маҳаллий халқ вакиллари. Японияга ишга келадиган мутахассислар учун белгиланган тартибга кўра, япон тили билим даражасини аниқловчи JLPТ ёки NAT-TEST дастурига мувофиқ, камида N4 сертификатига эга бўлиши керак.

Шунингдек, бизда ишлашга борганларга тил курси ўқитилмайди. Ўрганмоқчи бўлганлар меҳнат шартномасида кўрсатилган 8 соатлик иш соатидан ташқари,  мустақил тарзда ўрганиши мумкин.

— Нима учун айнан ўзбекис­тонлик ҳамшираларга эътибор қаратилди?

— Биз 2017 йилда ҳам Ўзбекистонда бўлиб, ҳамшираларнинг иш жараёнини кузатганмиз. Юртингиздаги ҳамшираларнинг билим даражаси бизга маъқул тушган. Ўрта махсус диплом учун уч йил ўқитилиши соҳа учун катта ютуқ деб ўйлайман.  Ўзбек ҳамширалари бемалол мураккаб операция жараёнларига ҳам кириши бизни лол қолдирди.

Очиғини айтсам, япон ҳамшираларининг билим ва амалиёт малакасидан ўзбек ҳамшираларининг  билими бир поғона юқори, деб биламан. Ўзбекис­тондан борган ҳамширалар фақат тил бўйича нутқини ривож­лантирса, Японияда ҳеч қийинчиликсиз ишлаб кета олади.

Албатта, ўзбек ҳамшира-қизлари учун бу яна бир имконият. Эндиликда ундан унумли фойдаланиш ўрта махсус таълим тизимида олган назарий ва амалий билимини етарлича ўзлаштиргани ҳамда тегишли сиҳатгоҳларда ўтаган амалиётлари сифати ва самарасига боғлиқ бўлади.

— Юртингизда шифокорларга бўлган муносабат қай даражада?

Казуми Маеда:

— Олий даражада, десам тўғри бўлади. Япония аҳолиси бугунги кунда энг узоқ умр кўрувчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. Японияда тиббиётга муносабатни аҳолининг ёшидан ҳам билса бўлади.

— Японлар узоқ умр кўри­шининг сири нимада?

— Қадим замонлардан буён одамлар мустаҳкам соғлиқ ва узоқ умр кўришга алоҳида эътибор қаратишган. Япония аҳолисининг ўртача умр кўриши 84 ёшни ташкил этади. Узоқ умр кўриш бўйича илдамлигининг сабаби, улар кундалик овқатланишга алоҳида эътибор қаратади. Кўпроқ табиий  маҳсулотларни истеъмол қилади. Организмга зарарли егулик ейилса ички аъзоларга таъсир қилади ва соғлиққа зарар етказади. Сабзавот, гўшт ва соядан иборат енгил ҳазм бўлувчи ва тўйимли овқат ейиш керак.

Тўғри овқатланиб, сиз нафақат организмга фойдали моддаларни ўзлаштиришда ёрдам берасиз, балки соғлигингизни мустаҳкамлайсиз. Статистикага кўра, кекса ёшлиларнинг 80 фоиздан кўпроғи яхши кайфиятда бўлса, ҳаётдан баҳра олади ва кўп дўстларга эга бўлади. Агар доим ташвишланиб юрилса, бу эндокрин дискразиясига ва инсулин ишлаб чиқарилишининг камайишига олиб келади. Бу ички аъзолар учун ўта зиёндир. Доимий стресслар соғлиқни барбод қилади, ижобий ҳис-туйғулар эса, аксинча, уни мустаҳкамлайди.

— Ўзбекистоннинг қайси таомлари сизларга маъқул келди ва овқатланиш тарзимиздаги қайси жиҳатларни хато деб ҳисоблайсиз?

Ҳироказу Кимура:

— Ўзбеклар ҳам овқатланишда бизга ўхшаб дастурхонга аввало нон ва салат тортар экан. Сабзавотлардан кўп фойдаланади. Бу жуда яхши. Таомланишингиздаги энг асосий хато деб кечқурунги овқатга ҳаддан зиёд калорияси баланд маҳсулотларни истеъмол қилишингизни айтиш мумкин. Сизларда асосий урғу кечки овқатга қаратиларкан. Ётиш олдидан калорияси юқори таом­дан тўйиб овқатланиш организмда ортиқча ёғлар йиғилишини келтириб чиқаради. Турли касалликларга сабаб бўлади.

 Феруза Раҳимова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + 14 =