Ҳақиқат девор ортида эмас ёки матбуот котиблари қачонгача ўз раҳбарини танқиддан ҳимоя қилади?

Бошқаларга кафил эмасман, лекин кўпдан бери ўйлаб юрган шахсий мулоҳазаларим шундай хулоса қилишга изн беряпти: вазирлардан тортиб, то катта-кичик ҳокимлар (бошқа тизим раҳбарларини санаб ўтириш ортиқча)гача ОАВни ўзларининг матбуот котиблари орқали кузатяпти.

Шу ўринда очиқ айтиш керак, матбуот котиби… бу мақом ўзини қай даражада уддалаётгани ҳақида жўялироқ хулоса қилмоққа ҳозирча шошилмайлик. Яхшиси, уларни ахборот котиблари дейилса, янада тўғрироқ бўлади. Сабаби, бу вазифага тайинланаётган (балки тавсия қилинаётгандир)ларнинг кўпчилиги матбуот соҳасидан — асосан, босма нашрларни назарда тутяпман, анча йироқ кадрлар.

Аксинча, уларнинг 99 фоизи ҳар доим “бошоғриқ” мавзуларни кўтариб юрадиган баъзи хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда мамлакатимиздаги нари борса, уч-тўртта оммалашган сайтлар ва бир қатор телеграм каналларни киприк қоқмай, қулоғи динг бўлиб кузатиб ўтиришларини айт­маганда, бошқа ишлари, кўпинча ахборот йиғиш, ҳисобот тайёрлаш, келган хат, мурожаатларга жавоб ёзишдан иборат.

Нари борса, раҳбариятга тегишли бирор ҳудуддан шикоят чиқса, ўша заҳоти, раҳбари топшириғи билан албатта, у ўша жойга ўқдай учиб боради ва масалага ўзича “холисона” ечим топиб қайтади…

Хўш, аввалбошда роса мақталган, креатив, замонавий, хуллас, турлича янги та­лаблар юкланган бу услуб, таомил ўзини қай даражада оқлаяпти?

Йўқ, қайси бир матбуот котиби ё ахборот хизмати мутасаддисини олмайлик, аксар қисми муроса-ю мадора йўлини танлаб ишлаяпти, десам, эртагаёқ юзтаси ёппасига ёқамга ёпишади. Нималар деб оммани чалғитяпсиз, дейди. Ахир, биз ҳар қандай вазиятда, айниқса, ҳозирги пандемия шароитида онлайн, видеоконференцалоқа, хулласки, турли-туман масофавий усулларда ўтказаётган тадбирларимизни кўрмаяпсизми, ҳали телевизорда, ҳали ижтимоий тармоқлардаги сайту каналларимизда неча минг-минглаб материалларимиз потирлаб чиқиб ётибди, биз туну кун ишлаяпмиз, де­йишлари аниқ.

Рақамлар керакми, марҳамат, шунча марта… ўқий десанг кўзлар тиниб кетади бу ҳисобот-рақамлардан, ишонсангиз. Лекин қани, сизнинг номигагина тасдиқланган, қанча нуфузли идораларга жўнатилган қуп-қуруқ режангиз халқимиз ҳаётида қандай акс этаяпти, деб сўраб кўрайлик-чи, нима деб жавоб қайтарар экан ана шу муҳтарам матбуот котиблари!

Зўр ишлаяпсизлар, одамлар сизлардан мингдан-минг рози, сиз мансуб бўлмиш маҳкамангизга келаётган ҳамма мурожаат, шикоятлар ўз вақтида ечимини топаяпти, сиз халқ ва раҳбарият ўртасида кўприк бўлиб, ўз вазифангизни муносиб уддалаяпсиз, яшанг, дейдиган бўлсам-чи? Унда мен ёлғон гапирган бўламан. Негаки, бугунги матбуот котиблари (асосан давлат бюджети ҳисобидан харажатлари қопланадиган идора ва ташкилотлар назарда тутиляпти, негаки, нодавлатларнинг йўриғи бош­­қа албатта)дан кўпчилиги ўзи фаолият юритаётган тизим билан ОАВ ўртасида яширинча “Хитой девори” қуриб олганига анча бўлди. Шунинг учун ҳам бугун айрим (афсуски, ҳаммаси эмас) босма нашрлар, телеканаллар, сайт­ларда берилаётган танқидий чиқиш­лар қумга сингган сувдек изсиз йўқолиб кетяпти. Нари борса, икки энликкина (шундай эгизак жавобларни ҳатто, қоп­лаб йиғиб юрган инсонлар орамизда кам эмаслиги ҳақиқат) расмий хатни жўнатиб қутилишади, холос. Юртдошларимизга ўз мурожаатлари юзасидан халқ қабулхоналари, ҳукумат миқёсидаги маҳкамаларга йўлланган жавоблар, ҳамма-ҳаммасининг мазмуни деярли фарқланмайди, бир хил, нима бўлсаям, масъулиятдан қутилса бўлди. Вақт ўтиши ҳисоб.

Кейинги пайтларда яна бир қизиқ манзарага гувоҳ бўляпмиз: ўша матбуот котиби ОАВда чиққан танқидий материални имкони топди дегунча хўжайинига кўрсатиб, у кишининг нозиккина асабларини бузишни ўзига эп кўрмайди? Тўғри-да, қайси темир танли раҳбар эрталаб ишга келибоқ, ўз тумани, вилояти ёки вазирлиги, борингки, бирор қўмитаси танқид қилинган мақола-чиқишини хуш кўради? “Юқори”дан эшитиб қолмаса, аксар ҳолларда бундай кутилмаган чиқишларга шошилинч равишда, хаспўшланган ёлғон (шаблон десам, балки тўғрироқ бўлар) жавоблар тайёрланади. Шу билан тамом, ўрага сичқон тушди, гулдур гуп.

Бундай мисоллар тиқилиб ётибди. Афсусланарли жиҳати, танқидга муросасиз раҳбарлар ҳозир пандемияга ич-ичидан раҳмат айтаётган бўлса не ажаб! Сабабки, ҳаммаёқда карантин, шикоятга ўрин йўқ, яхшиси, уйингизда қолинг! Худди шундай ҳолат бизнинг таҳририят мисолида кўп марта рўй бергани учун айтаяпман.

Яна бир оғриқли масалага ечим топиш фурсати етди деб ўйлайман. У ҳам бўлса кейинги пайтда маҳаллий ҳокимликлар (туман, шаҳар, вилоят миқёсида) ҳукумат қарори ижросини расмиятчилик учунгина бажариш учун тажрибасиз, журналистикадан бутунлай бехабар, компьютер ё интернетни чала-чулпа биладиган думбул ёш-ёш йигит-қизларни матбуот хизматларига ёппасига ишга олиб ётибди. На малака бор, на хат-савод бундайларда. Оқибатда тўрт қатор сўзни эплаб ёзолмайдиганлар ҳар қадамда “қовун тушириб” қўйишяпти.

Таклифим, ҳозир мўмайгина ойлик маош олиб, расман фаолият юритаётган матбуот котибларининг профессионал журналистика, ижодий салоҳиятга алоқадорлик масаласи атрофлича кўриб чиқилиши зарур. Улар орасида шу соҳанинг қаттиқ нонини татиганлари, эл орасида обрў-эътибор қозонганлари бармоқ билан санарли. Аммо шу баҳонада ўз вазифасини сидқидилдан, ҳалол ёндашган ҳолда уддалаётган ҳамкасбларимиз меҳнатини ҳам эътироф этмоқ жоиз деб ҳисоблайман. Масалан, Ҳаётхон Шамсутдинов (Бош прокуратура), Севара Ўринбоева (Адлия вазирлиги), Фозил Фарҳод (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси), Муҳаммаджон Обидов (Фарғона вилоят ҳокимлиги), Беҳзод Қобулов (Тошкент вилоят ҳокимлиги), Лола Раҳмонбоева (Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси), Беҳзод Бозоров (Ўзсаноатқурилишбанк), Юнус Бўронов (АТБ “Халқ банки”), Сарвар Очилов (АТБ “Микрокредит банк”) сингари матбуот хизмати раҳбарлари ва яна бошқа бир қатор идоралар матбуот котиблари ёритилаётган ҳар бир мавзуга холисона муносабат билдиришга уринаётганини қутлаш керак.

Яна бир унчалик мураккаб бўлмаган, деярли катта куч ёки маблағ талаб қилмайдиган беминнат   тажрибани оммалаштириш вақти соати   етиб келди шекилли. Бу бевосита жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар қошидаги ахборот хизматлари фаолияти билан боғлиқ. Шу ўринда ибратли бир мисолни келтирмоқ жоиз: Китоб тумани ҳокимлиги шафелигида очилган телеграм гуруҳининг ижтимоий тармоқларда, айниқса, “facebook”даги мулоқотлари аҳоли ўртасида катта қизиқиш уйғотаётганига кўп бора гувоҳ бўлдик.

— Табиийки, мурожаатларнинг мазмуни турлича, очиғи, аксарият қисми танқидий руҳда. Ҳоким қаерда бўлишидан қатъи назар, ўзи ижтимоий тармоқда ва аҳоли билан кечадиган учрашувларда ҳам ошкора эълон қилган телефонидаги телеграм рақами, ишонасизми, 24 соат очиқ туради. Савол-жавоблар ҳам анчайин эркин. Албатта баъзан ўринли, ўринсиз, маза-бемаза аччиққина танқидий фикрлар ҳам чиқиб қолади. Имкони борича ҳар бир мурожаатнинг мазмун-моҳиятига қараб, тегишли тартибда назоратга олиниб, кечиктирмасдан чора кўришга ҳаракат қилинаётгани одамларга маъқул бўляпти, — дейди Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва давлат тили қонун ҳужжатларига риоя этилиши бўйича Китоб тумани ҳокими маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Лола Ўроқова.

Афсуски, Оддий ҳақиқат шуки, давлат раҳбари истаётган ва кутаётган холислик ва ҳаққонийлик бизнинг ҳақиқий ҳаёт мезонимизга айлансагина, одамларнинг ишончини қозона оламиз. Акси бўлса, яна ўша эски тос ва эски ҳаммомлигича қолаверади. Ўзгаришни ўзимиздан бош­ламасак, маломат тошлари отилаверади: журналистлар ундоқ, блогерлар бундоқ, матбуот котиблари қотиб қолган, тўғри танқидни кўтаролмайди, раҳбарининг қош-қовоғига қарайди, байрамлар баҳонасида сийланган бўлса, урди Худо, қабилидаги нордон гапларни эшитиб, теримиз қалинлашиб, қулоғимиз қотиб қолмаслиги керак. Аксинча, ҳушёр бўлмасак, кечирилмаймиз. Шундоғам мақтангулик ҳолимиз қолмаяпти. Ҳали униси, ҳали буниси жамият оғриқларига даво-малҳам топилмаётган нуқталарда, гарчи норасман бўлса-да, “тўртинчи ҳокимият” вакиллари саналган журналистларни ҳам жамиятда кечаётган эврилишлар силсиласида томошабинлик, муросасозлик қилаётгани боис айрим узоқни кўролмаётган, худбин, такаббур корчалон, амалдорларга қўшиб айблашаётгани ҳам ростлигини инкор қилолмаймиз.

Энди катта тошойнада бизнинг аксимиз ҳам кўриниб қоляпти. Ана шу соялар ортида Ҳақиқат отлиғ ҳакам бўйлаб турибди. Девор ортида эса…

Норқобил Жалилов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − ten =