“Менсиз яшолмайди бу оппоқ дафтар”

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Аламли дунёда аламли гулим» китобини ўқиб…

Болалигимдан оппоқ рангларни яхши кўраман. Нега дейсизми? Ростини айтсам, бу саволингизга аниқ жавоб бера олмайман. Фақат тусмолларим бор. Мен туғилган қишлоқ – Хўжаилмкони ён-атрофи тоғлару қирларга туташиб кетган сўлим, жаннатмонанд гўша. Ўша тоғларнинг бошидаги қорлар қишин-­ёзин оппоқ бўлиб туради. Оппоқ булутларга елка тутиб турган тоғларга ҳамиша ҳавасим келган. Осмонни тўлдириб турган булутлар оққушларга ўхшайди. Азим оппоқ сочли мўйсафид тоғлар билан оққушлар – булутлар сассиз суҳбатлар қураётгандек туюлаверади. Оппоқ суҳбатлар… Қайдам, оқ рангни яхши кўришимга шу манзаралар сабабдир.

Бобом раҳматлининг эгнида ҳамиша оппоқ желак, бошида оппоқ салла бўларди. Тегирмончилик қилар эди. Ун тортган пайтларида қоши, киприги, соқоли оппоқ бўлиб кетар эди. Ўша иш жойида оқ муқовали китоби бор эди. Озгина бўш қолди дегунча қўлига китобини олиб ўқирди. Албатта, олти-етти яшар болакай бобосининг нима ўқиётганини қайдан билсин. Аммо у китоб ўқиётган пайтда шундай бир нуроний зотга айланиб кетар эдики, биз набиралар ҳеч нарса тушунмасак ҳам олдидан бир қадам нари кетолмай қолар эдик. Худди эр­такларда таърифланадиган сеҳргар бобо келгану гўёки бизни сеҳрлаб қўйган. Эҳтимол, қалбимда оқ рангга бўлган муҳаббат ана ўша пайтларда пайдо бўлгандир.

Дадам раҳматли бутун умрини хаста жонларга шифо бағишлашга сарф айлади. Барча шифокорлар каби оппоқ халат кийиб олар эди. Олдига нажот излаб келган бирор бемор ноумид бўлиб чиқиб кетмаган. Кўнгли ҳам, мақсаду муд­даоси ҳам, сўзлари ҳам оқ эди у кишининг. Дарддан қора тортган дардманд кўнгиллар унинг муолажаси билан кундай нурафшон бўлиб кетарди.

Нафақат дадам, Ибн Сино издош­ларининг барчаси либослари каби оқ ниятли бўлишади. Уларда ягона истак бор — ҳеч ким касал бўлмасин. Хуллас, умри эзгуликлардан иборат инсон — дадамнинг ҳаёти мен учун доимо ибрат тимсоли бўлган. Эҳтимол, шунинг учунда оқ рангни яхши кўрарман.

Бу ўйлар шу тобда нега хаёлимда чарх урганини энди айтсам, яқинда устоз шоиримиз Сирожиддин Саййид менга “Аламли дунёда аламли гулим” деган китобини ҳадя қилди. Ундан сал аввалроқ тўртта китобдан иборат шеърий асарларини берган эдилар. Дарвоқе, устоз шоиримизни илк марта “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририятида учратганман. “Куйдим”ларни куйиб-куйиб ўқиб юрган чоғларим эди ўша паллалар. Сирожиддин ака шоир Рус­там Мусурмон билан битта хонада ўтирар экан. Устоз­нинг уст-бошидаги кийимлар мен севган рангда — оқ. Рустам аканинг яхши тимсолли гапи бор, Сирожиддин ака газетага оқ турнадек келиб кетарди. Мазкур танишув менинг ҳаётимда янги саҳифа очган. Мен шу устоз сабаб элнинг дарғалари — Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Анвар Обиджон, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф каби атоқли шоир, ёзувчилар билан танишдим, яқин бўлдим. Улардан ҳам ҳаётий, ҳам ижодий сабоқлар олдим. Ўзимнинг китобларим чиқишида ҳам устоз Сирожиддин аканинг йўл-йўриғи, кўмаклари кўп бўлган. Бу одам ана шундай бағри кенг, оқ ниятли одам. Назаримда, менга ўхшаб бошқа ижодкор дўстларим ҳам устоздан кўп яхшиликлар кўрган.

Чалғимаймиз, хуллас, қўлимда “Аламли дунё­­да аламли гулим” деган китоб. Оппоқ китоб. Оқ рангни ошиғи бўлганим учун китобни олган замоним ойдин оқшомда мутолаага киришиб, оқ тонг отганини сезмай ҳам қолибман. Китоб дегани мана шундай бўлади-да. У сени буткул сеҳрлаб олади. Ҳамма нарсани унутиб, китобдан ўрин олган шеърлар оламига мафтун бўласан. Шу фурсатларда сен яшаётган манзил фасохат сайёраси бўлади. Муҳаббат, севги мамлакати бўлади. Садоқат ўлкаси бўлади. Ҳайрату ҳаяжон диёри бўлади. Изтиробу дард гўшаси бўлади. Негаки, шоир ҳам бу шеърларни ана ўша оламларда туриб ижод қилган.

Китобдаги шеърларнинг деярли барчаси менга таниш. Мен уларни матбуот саҳифаларида эълон қилинган чоғларда ўқиганман. Аммо яхлит бир тўплам ҳолида ўқиган чоғда ўзгача кайфият бағишлар экан. Шоирнинг бутун бўйи бастини кўрмоқчи бўлсанг китобини ўқи экан. Мана китоб­лар нимага керак. Ишонинг, мен шеър­дан шеърга ўтар эканман, ижодкорнинг юрак уришини ҳис эта бошладим. Унинг қандай ёруғ орзу-мақсадли қалб соҳиби эканлигини янада теранроқ ҳис этдим. Чўлпон бобомиз ибораси билан айтадиган бўлсам, “бошини зўр ишга бериб қўйганини” юрагимдан ўтказдим. Ўзи ёзганидек, сўзлар қидираман — энг порлоқ сўзлар. У энг порлоқ сўз айтишни аввал-бошдан ният қилган. Парвардигор эса унинг ниятига яраша неъмат — сўзларни берган ва бераётир.

Мен дунёга номимни

Бунёд этгали келдим.

Аввал ўзни йўқотиб,

Сўнг ёд этгали келдим…

Ушмундоқ ният билан келган одам кишиларга фақат эзгулик улашади, шундай эмасми.

Китоб кино тасмаси сингари болалик-ўсмирлик чоғларимдан шу кунга қадар ўтган умрим йўлларини бир-бир кўз олдимда намоён қилди. Шеър — тақдир. Уни ўқиган одам ижодкорнинг ҳаёт йўлларини кўради. Ҳар кимнинг ўз ҳаёт йўли, албатта, бўлак. Бироқ туйғулар бир-бирига ўхшайди-да. Ҳайрату ҳаяжонлар бир-бирига ўхшайди-да. Синф­дош ёки курсдош қизларга меҳри тушмаган одам борми ўзи. Сатрлар эса сизга ўзингиз билан боғлиқ оқ дамларни хотирингизга солади. Шу нарсанинг ўзи шеърнинг тўқилмаганлигига ишора. Мана шунинг ўзи шеър­нинг туғилганлигига далилдир. Демак, у асрлар оша яшайверади. Ўлмас мисраларни ошиқ бўлмай ёзиб бўлмайди. Ошиқ ўз дилдорини туманзорларгаю туманзорлар ичра суманзорларга олиб кетиш истагида ёнмоқда. У ерларда садоқат борлигига ишонган қалбнинг ноласи бу. Юракнинг қонатиб қоғозга тушган изтироб сурати бу.

Сени олиб кетсам туманзорларга,

Туманзорлар ичра суманзорларга.

Энди юракнинг ҳақиқий умидлари тасвирлана бошлайди. Ёр йўлларига юлдузларни сочиш, бағрикенглик, олийжаноблик, поклик белгисидир. Уни туну кун суйиш эса мислсиз меҳрибонликдир. Мана шу ўринда ҳам шоирнинг қанчалар ёруғ орзули дилга соҳиблигини англаш қийин эмас.

Юрар сўқмоғингга юлдузлар қўйсам,

Тунлар суйсам сени,

Кундузлар суйсам.

Бир ҳаёт яратсам туну тумандан,

Овқатимиз бўлсин ишқу сумандан…

Элнинг машҳур хонандаларидан бири раҳматли Муҳриддин Холиқов “Аламли дунё” шеърини жуда чиройли куйлаган. Шеър дастлабки сатр­ларданоқ ўқувчининг диққатини тортади.

Қўлларим шохлардай зор қолган кунлар,

Дил кетиб, ва лекин ор қолган кунлар,

Узун мижгонларда қор қолган кунлар

Сен кетдинг, музлади ўнг ила сўлим,

Аламли дунёда аламли гулим.

Дарахтларни кўргансиз. Шохлари осмонга талпинади. Худдики ўз арзини Худога айтаётгандек. Шоирнинг бу қиёси нақадар руҳга яқин. Шунга ўхшаш ҳолат ҳар кимнинг кўнглидан кечган бўлиши аниқ. Гарчи шоир бундай демаган бўлса ҳам дилни баргга қиёслайлик. Барглар кетади. Аммо дарахт қолади. Унинг шохлари қолади. Ана шу — ор. Киприкларда қор инган ҳолатни ҳам ҳамма кўрган. Шу ҳолатни ёрнинг кетишига муқояса қилиши нақадар жонли чиққан. Ёрнинг кетиши ошиқ қалбнинг жону жаҳони музлаши, яхлаши эмасми. Шу эмасми аламли дунё дегани. Табиат ва сўзлар, тасвирлар ва ҳолатлар шу қадар уйғун келганки, ҳаммаси табиий ҳолда кўнгилга сингиб кетади. Шоирнинг изтироби, ғами ўқувчига ҳам юқади. Бу ғам, бу изтироб энди ўқувчиникига айланади.

“Оқ бино оқшомлари” деган фильм бўларди. Ростини айтсам, фильм қаҳрамонлари-ю сюжетини ҳозир унча эслай олмайман. Аммо шу фильм­даги саунтрек — қўшиқни ёдлаб олганман. Қўшиқ элнинг ардоқли ҳофизи Шерали Жўраев томонидан маромига етказиб куйланган. Сиз ҳам унинг қандай қўшиқ эканлигини эсладингиз чамамда. Ушбу қўшиқ қилинган шеър муаллифи ҳам устоз Сирожиддин Саййиддир.

Мен ишқ элининг нолаю афғонида куйдим.

Кўнгил уйининг оташи армонида куйдим.

Меҳрин тилабон ўтса агар ошиқи зорлар,

Меҳримни бериб мен эса товонида куйдим.

Ёнмоқ фақат бир марта бўлади. Такрор ёниш йўқ. Кейингиси чаман. Бугун ўртанган жонлар эртага гулу гиёҳларнинг атридан сармаст яшайди. Унга куйганлиги учун, куйиб-куйиб севгани учун, бу ҳаёти дунёда куюнчаклик билан яшагани учун шу неъмат берилади. Ишқ элининг нолаю афғони, кўнгил уйининг оташи армони унинг борар манзилларини оқ айлайди.

Шоирнинг “Гунглар тўйида” сарлавҳали шеъри бор. Уни қачон ўқисам йиғлагим келаверади. Ёшларимни ҳеч кимга кўрсатмай ўқийман бу шеърни. Уни ёзган ижодкорнинг ҳоли не кечган деган ўй кўнглимга ғалаён солади.

Ҳеч ким чақирмади мени.

Мен ўзим келдим,

Гувоҳ бўлмоқ учун тилсиз тақдирга.

Ўша тўйда, “менинг оқ атиргулим, чиқиб келгил уйингдан”, дея қўшиқлар янграйди. Тилак­лар айтилади. Аммо келин-куёв улардан баҳра ололмайди. Ҳамма хурсанд. Бироқ келинчагу куёв йигитнинг шу тобда кўнглидан нималар кечаётган экан. Кўнглимга бостириб кираётган тумонат ўй-ю кечинмалардан дод деб юборгинг келади. Ахир, бу тўй одатдаги тўйларга ўхшамайди. Эй, дунё, қани сени адолатинг? Ҳаммани бир кўзда кўришни қачон ўрганасан, дунё? Эй ёлғончи дунё, қачон рост бўласан?

Сен бу оқ хаёлнинг тилсиз дардини

Англаб етармидинг, сўзфуруш дунё!

Бу шеър чин маънода сабоқ. Шукрона билан яшашимиз учун ҳам бу шеърни ўқишимиз керак. Аллоҳнинг бу тилсиз тақдирларига қараб, тафаккур қилишимиз, Яратганнинг мислсиз неъматларига шукр қилиб яшамоғимиз даркор. Кибр­лардан кечиб, тупроқ сингари хокисор бўлиб яшамоқ лозим. Шоир айтганидек, ҳаётнинг энг тоза шиори мана:

Ҳаволанмоқ нечун, ахир

Инсонмиз-ку ҳаммамиз,

Ҳар кимга ҳам инсоф бергил,

Ўзингдан қўрқмоқлик бер.

Яссавий бобо айтган, “Тупроқ бўлгин олам сени босиб ўтсин”. Шайтон манманликка берилгани учун, туғёнга кетгани сабаб, кибрга берилгани боис Ҳақнинг муборак ва муқаддас даргоҳидан қувилган. Шу боис кўнглини қора қилгувчи кибру ҳаво кимга керак, нимага керак. Ундан кўра бир-биримизга меҳр улашайлик, муҳаббат улашайлик. Садоқат қилайлик. Мурувват кўрсатайлик. Ғийбату бўҳтон қилишдан йироқ бўлайлик. Йўлларини тўсмайлик, йўл кўрсатайлик. Оёғидан тортмайлик, қўлимизни тутайлик. Ўткинчи дунёда меҳрни қизғаниб яшашлик одамгарчиликдан эмас.

Бугун сизга оқ дастурхон тўшар ҳаёт,

Таронани тоғорага қўшар ҳаёт.

Ҳам сингил, ҳам ёрингизга ўхшар ҳаёт,

Меҳрингизни қизғанманг

бир-бирингиздан.

Бизга оқ дастурхон тўшаган ҳаёт, куй-қўшиқлар билан кўнглимизни, ҳаётимизни ҳам тўлдиришга ҳам қодир. Ахир, бу ҳаёт сингилларимизга, ёримизга ўхшайди. Модомики, шундай экан, меҳр қизғонманг. Огаҳий бобо ибораси билан айтадиган бўлсак, меҳр — қуёш нури оламга тенг тушади. Сиз ҳам қуёш янглиғ яшанг. Нурингиз ҳам бўлсин, тафтингиз ҳам бўлсин.

Шавкат Раҳмон: “Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим, бахт сўзин айтаман элдан ке­йинроқ”, деб ёзган. Олам шоирларининг танлаган қисматлари шу. Улар аввал бош­қаларни бахтиёр кўриш­лари керак. Йўқ-са, уларга оламнинг шодликлари татимайди. Устоз Сирожиддин Саййид ҳам худди шундай оқ ниятли шоир. Ахир, бу сўзларни ҳамма ҳам айта олмайди.

Бу ҳаётнинг ғала-ғовур дўконида

Бахтга навбат турганларнинг охириман.

Шоир қалбининг мусаффо осмонидан тушган бу сатрлар булутлардан ҳам ҳарир. Оппоқ булутлардан-да оппоқ. Юрак сиёҳдонига муҳаб­бат қаламини ботириб оппоқ орзу, оппоқ изтироб, оппоқ қайғу, оппоқ қувончни оппоқ дафтарга тўкиб солади.

Менсиз яшолмайди мана бу қалам,

Менсиз яшолмайди бу оппоқ дафтар…

Устоз Абдулла Орифнинг Аллоҳ берган тақдир хусусидаги орифона ҳикмати бу: “Мен шоир­ман, истасангиз шу, ўзимники эрур шу созим”. Дафтар — бу қисмат. Худо берган қисмат. Бу тақдирот Ватан билан, миллат билан, халқ билан пировардида Инсон билан, Дунё билан боғлиқ. Мен эса буларнинг барчасини оқ рангда кўраман. Қайдам, оқ ранг нега бунча менга ёқади? Булар менинг тусмолларим. Сизга ҳам оқ ранг ёқадими? Ёқса нега ёқади? Шу ҳақда ўйладингизми? Ана ўйларингиз ҳам аниқ биламан оқ рангда. Умрингиз, йўлингиз, қалбингиз оқ бўлсин.

Оппоқ умидлар билан устоз С.Саййидга ушбу шеърни бағишлаган эдим:

Кимнингдир орзуси юракда армон,

Ким эса муроду мақсадга етган.

Кўп шукр, нолисам бўлмас, Художон,

Кўнглимга шоирлик онамдан ўтган.

 

Меҳри ҳам, қаҳри ҳам қаттиқ боламан,

У интиқ дил билан соғинган, кутган.

Сочларига тушган оппоқ толаман,

Кўнглимга шоирлик онамдан ўтган.

 

Неки топган бўлсам мисқоллаб топдим,

Умрим пушаймонлик шаҳрида йитган.

Жаннат хабари деб пойини ўпдим,

Кўнглимга шоирлик онамдан ўтган.

 

Гоҳи зулмат ичра қолсам адашиб,

Йўлинг оқ бўлсин, деб чироқлар тутган.

Қалбидан қалбимга таманно ташиб,

Кўнглимга шоирлик онамдан ўтган.

 

Доим тоқат билан бир қумлоқ каби,

Дунё ғамларини ичига ютган.

Сўнмаган ҳаётдан асло матлаби,

Кўнглимга шоирлик онамдан ўтган.

Деган, булбул бўлгин, булбулдай яша,

Қарғалар ҳолини кўргин, гўнг титган.

Юксак бўл,

Юксак бўл, юксалиб яша,

Кўнглимга шоирлик онамдан ўтган.

Яшамоқ керакдир талпиниб нурга,

Кўрдим, ғўралардан ҳалволар битган.

Шукрона, Ҳақ берган ҳаёт, тақдирга,

Кўнглимга шоирлик онамдан ўтган.

Ғайрат Мажид.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + two =