Қўлимга ёпишиб қолади гуллар

Муаллиф ҳақида: Муҳиддин Абдусамад — 1982 йилда туғилган. 2005 йили бўлиб ўтган IX анъа­на­вий Зомин анжумани ғолиби. “Онажон”, “У” деб номланган шеърий тўп­ламлари нашр этилган. “Ёшлар китоби 2008” ҳамда Озарбайжонда нашр этилган “Севги фасли” тўп­ламларига шеърлари киритилган.

Санингсиз

Санингсиз ман, билмам, кимман —

юрагимда турди оғриқ.

Кафтларимда тўлиб уммон —

тилагимда турди оғриқ.

 

Тўрт тарафим кенг нимарса,

саробларга тенг нимарса.

Қўлим чўзиб енг шимарсам —

билагимда турди оғриқ.

 

Юрак тепар қобирғамни,

ўпар… ўпар… ўпар ғамни…

Жон дегани соб бўлганми —

суягимда турди оғриқ.

 

Бир йўлингни дайр билсам,

шул йўлингда сайр қилсам.

Адашсам-у, сал қайрилсам —

курагимда турди оғриқ.

 

Санингсиз ман, билмам, кимман —

юрагимда турди оғриқ.

Кафтларимдан тошиб уммон —

тилагимда турди оғриқ.

* * *

Маним кўзим ёмон. Ичим фош этар,

Сани кўп соғиниб жисмим ёш этар.

Ўзинг бир таълим бер жисму жонима,

Висолинг руҳимни хўп ювош этар.

* * *

ва яна тиллосин йўқотиб осмон,

ва яна шаррослаб йиғласа ёмғир

ва яна муҳаббат бўлиб саргардон

ва яна жизиллаб тинмаса бағир

 

ва яна намиққан жиққа тушларим

ва яна ивиган кўзнинг сурати

ва яна илкингни илкис ушладим

ва яна ўпмоққа етмас журъатим

ва яна…

* * *

Тошлар ёғаяпти,

ёшлар оқаяпти…

…юрагимга ғилоф тикиб бер…

 

Кипригимга қўниб турган қор —

қайиради дилимни,

айиради дилимни…

…юрагимга ғилоф тикиб бер…

 

Чўнтагим йиртиғидай

сўкилади умр,

тўкилади умр

чўнтагим йиртиғидан….

…юрагимга ғилоф тикиб бер…

 

Кўзимда ўт олар ўтинчим —

сен ҳам,

мен ҳам ўткинчи…

…юрагимга ғилоф тикиб бер…

 

Ҳаяжон

Сенга атаб олган гулларни

Учрашганда бермайман сенга —

Қўлимга ёпишиб қолади гуллар…

Қўлимга ёпишиб қолади…

Қўлимга ёпишиб…

Қўлимга…

 

Сенга атай тузган сўзларни

Учрашганда айтмайман сенга —

Тилимга ёпишиб қолади сўзлар…

Тилимга ёпишиб қолади…

Тилимга ёпишиб…

Тилимга…

 

Хаёл билан қайтаман ортга,

Хаёл билан қайтаман аста —

Дилимга ёпишиб қолади исминг…

Дилимга ёпишиб қолади…

Дилимга ёпишиб…

Дилимга…

* * *

Йўлларимиз ҳижрон рангида,

тоғлар пайдо бўла бошлайди.

Кўзим юмсам, кўзим ўнгида

боғлар пайдо бўла бошлайди.

 

Фақат сену мен биладиган,

фақат мену сен биладиган,

иккаламиз тенг биладиган

чоғлар пайдо бўла бошлайди.

 

Нозик жойим билар кипригинг —

юрагимни тилар кипригинг.

О, нималар қилар кипригинг —

доғлар пайдо бўла бошлайди.

 

Десам бунча гулгун лоласан,

ҳеч не демай жим уёласан.

Бир жилмайиб жоним оласан —

чоҳлар пайдо бўла бошлайди.

 

Кўз олдимда кўзинг доимо,

тушимда ҳам ўзинг доимо.

Қошинг қоқиб бир қилсанг имо

моҳлар пайдо бўла бошлайди.

 

Сен гўзал гул, фақат мен узсам,

лабларимда гулгун май сузсам…

Хаёлимда суратинг чизсам,

“воҳ”лар пайдо бўла бошлайди.

 

Яна не дей, гулюз дилдорим,

тўлиб турган бу қалб — анорим

ёрмоқ учун чоғлансам борми

оҳлар пайдо бўла бошлайди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − one =