Шуълангизда рақс этдим

Муаллиф ҳақида: Тилланисо Эшбоева —  Қоракўл туманида туғилган. 2016 йилда ЎзМУнинг журналис­тика факультетини тугатган. ЎзРФA Ўзбек тили адабиёти ва фольклори илмий институти таянч докторанти. «Дилхат», «Оловранг туғён» номли китоблари нашрдан чиққан.

* * *

Ҳамма нарса аниғу,

Мен мавҳумликни яхши кўраман.

Севгилим, висол онида ўлгим келади

Севгилим,  вақтимни сотгим келар 4-5 жазманга.

Барибир кўнглимни тўлдиролмайди

Узун ҳалқа каби чўзилган

Ҳеч бўлмаса тўлсин вақт пуфаклари

Севгилим

Яшаш

Вақтни ҳар лаҳза сезиш бўлса

Мен ҳис этдим ҳар лаҳса вақтга тўлган Зерикишни.

Севги

Лим эмас

Севги

Дунёнинг устунларини

Қулатмоқчи бўлган нафрат

Севгилим, нафратимдан бола кўрдим

Севгилим, ёнғинда қолган Вақт эрур Нафрат

Севгилим, дунё устунлари Қуласин.

 

Ёввойи тановор

Расмингизга термилиб чиқдим тун бўйи.

Кўзёшларни бир-бир тердим нигоҳингиздан.

Шуълангизда рақс этдим.

Кафтимдан сирғалиб тушди синиқ ва тирик ҳақлар.

Мен рақс этдим.

Кулгингиздан синиб тушди борлиғим.

Рақс этдим.

 

Дунё бизни олиб боролмаган ҳеч

Ҳаёт йўлларида сира кўрмаган

Манзилларга етди оёғим.

Мен рақс этдим.

 

Қиёфангиздан бир-бир тердим лаҳза борлиғин —

Ўткинчилик кетди сидрилиб.

Қалбимга қоришди лаҳза борлиғи

Ёғду ва оҳ каби қоришдингиз сиз

Ой ёғдусин ўраб оҳ каби чекдим.

 

Мен рақс этдим манзилларнинг устида ёлғиз

Мен ёд этдим гулни, бахтни, фасли хазонни

Йўлларнинг тошига шунчаки тикдим — жонни арзонни

Сомон йўлларига сочдим сабрни — синди борлиғим.

Мен рақс этдим.

 

Мен оҳ чекдим

Ёдингизда кулгийингизда.

Мен рақс этдим.

Кулгингиздан синди борлиғим.

Мен оҳ чекдим.

Оҳким,

Оҳким

Шуълангиздан бедор йиқилдим.

 

* * *

Ичимда  балиқ ўйнар

Ликиллатар думини

У ташна

ташна.

Бир кун

Уч кун

Ўн кун

Қирқ кун.

Ташналикдан ўлмас балиқлар.

 

Ичимда балиқ ўйнар

Ликиллатар думини

Нозик ҳарир суяги билан

Парчалаб ташлайди

Ҳақиқатни у.

 

Ичимда балиқ ўйнар.

Кўзлари қорайган туннинг тусидир.

Ёлғон экан.

Ўз жазавасидан ўлар балиқлар.

Барбод қилар, урар ўзини

Ўз хаёлидан ўлар балиқлар.

 

Ёлғон экан.

Бир,

Уч,

Ўн ,

Қирқ кун.

Ташналикдан ўлмас балиқлар.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − five =