“Телевизор овозини баландлатинг: Фахриддин Умаров куйлаяпти!”

Санъат, хусусан, мусиқа санъати халқнинг ўзлигини яратишга, шу билан бир қаторда, унинг номини бутун дунёга тараннум этишга ёрдам бера оладиган беқиёс кучдир.

Мусиқа санъати ҳақида гап кетганда, бастакорлар, ижрочилар, хонандалар, умуман, ушбу соҳа усталари фаолияти, истеъдоди ҳақида сўз юритилади. Шу нуқтаи назардан, ўзбек қўшиқчилик санъатида юксак мавқега эга бўлган устоз санъаткор Фахриддин Умаров ижоди аҳамиятлидир.

 

“О, муҳаббат!

Боғингдан гул термаган ким бор!

Дастлаб ҳар ким қалам олган он,

Ёниб сени куйлар бегумон…”

“18 га кирмаган ким бор”…

Қанча замон авлодлари қўлларида магнитофонини кўтариб, бу қўшиққа жўр бўлишгани, севган одамига уни армуғон қилиб куйлаб берганининг шоҳиди бўлганмиз…

Ҳаёти давомида ўз истеъдоди, санъати, хайрли ишлари билан тириклигидаёк ўзига ҳайкал қўйиб кетган одамлар бор. Уларнинг меҳнати одамлар қалбидан жой олади. Шундай инсонлар қаторида соҳир овоз ҳофиз Фахриддин Умаровни ҳам тилга олишга ҳақлимиз. Улар билан замондош бўлганимиз билан фахрланамиз, номини ҳурмат билан тилга оламиз.

“Онам дерман” қўшиғини мен кўп йиллар олдин эшитгандим. Ўша пайтларда дадамнинг онаси — бувим вафот этган пайтлар эди. Дадам 56 ёшлар атрофида, 18 нафар   неваранинг бобоси эди. Дадамнинг хонасига кирганимда, қўшиқни тинглаб ўтирар экан, онасидан етим қолган ёш боладай юрак-юрагидан сел бўлиб йиғларди. Дадамнинг бу қадар мунғайиб қолганини ҳеч қачон кўрмагандим. Онадан айрилмоқ нақадар оғир эканлигини онамнинг вафотидан кейин ўз бошимиздан ўтказдик. Ҳар замонда ўша қўшиқни эслаганимда, кўзимга ёш келади.

Аслида, жозибадор, сеҳрли овоз соҳиби Фахриддин Умаровнинг барча қўшиқлари халқимиз томонидан интиқлик билан кутилган, мароқ билан тингланган, бошқа хонандалар томонидан ҳам севиб куйланган.

Дунёга келарканмиз, умр карвони йўлида неча хил одамлар билан йўлдош бўламиз. Энг яқин, азиз инсонларингиз: ота-она, жигаргўшалар… Ким қайси манзилда йўли охирлашини, қайси бекатда тушиб қолишини билмаймиз. Қадрдон инсонларимизни умримиз сўнггигача йўқотгимиз келмайди..

Онам раҳматлик ҳам Фахриддин Умаровнинг мухлиси эди. Унинг: “Маҳалламиз учун бир донагина телевизор бор эди. Фахриддин Умаровнинг концерти бўларкан, дейилса, маҳалланинг ҳаммаси ёпирилиб киришарди. Телевизорнинг овозини баланд қилиб қўйиларди”, деган гапларини эслайман. Бизнинг уйда ҳам каттагина пластинка қўйиладиган магнитофонимиз бўларди. Кўпинча Фахриддин Умаровнинг қўшиқларини мароқ билан эшитардик.

“Умр ўтмоқдадир” қўшиғини тинглаган одам, албатта, ўзининг   беғубор болалигини, ота-онасининг қайноқ бағрида ўтказган энг гўзал, энг ширин дамларини қалбидаги мурғаклик, соғинч ва алланечук ҳиссиётлар билан бирма-бир эслайди, сарҳисоб қилади.

Фахриддин Умаровнинг “Ишқинда зор бўлдим”, “Сочининг савдоси тушди”, “Қайдасан”, “Ўзбегим”, “Биринчи муҳаббатим”, “Табассуминг” ва бошқа юзлаб қўшиқлари халқимиз кўнглидан чуқур жой олган.

Ихлосмандлари орасида кўпчилик ўз фарзандларига Фахриддин исмини қўйишган. Шулардан бири Қозоғистон Респуб­ликаси Парламент Мажлиси депутати Фахриддин Қоратоевдир. Фахриддин ака Қоратоев ўзи ҳам санъатнинг том маънода ихлосманди, ошиғи. Фахриддин Умаровга бўлган меҳр-муҳаббати баланд эди. Фахриддин Қоратоевнинг 2020 йил 27-29 октябрь кунлари Қозоғистон Респуб­ликасининг нуфузли газеталаридан бири — “Жанубий Қозоғистон”да чоп этилган “Ҳофиз Фахриддин Умаровнинг фахрли йўли” номли мақоласини ўқиб, бунинг гувоҳи бўласиз.

Бир пайтлар ҳофизнинг ҳаёт йўли билан қизиққандим. Унинг болалик даврларида отасини “қулоқ” қилиб, бутун оиласи билан Украинага сургун   қилингани, онасидан эрта етим қолгани, уруш йилларида кўрган қийинчиликлари, кейинчалик мустабид тузум даврида учраган тазйиқлари ҳақида ўқиб, унинг сабр-матонатига қойил қолгандим.

Шукурлар бўлсинким, мустақиллик йилларида Фахриддин Умаровга ўзининг меҳнати ва истеъдоди ила топган шон-шуҳрати қайтариб берилди. Халқнинг   меҳр-муҳаббатини қозонган   Фахриддин Умаровга “Халқ ҳофизи” унвони берилди. Бир мухлис сифатида халқ ҳофизи Фахриддин Умаровнинг номини абадийлаштириш мақсадида бирон-бир кўчага ёки санъат мактабига унинг номи берилса, деган орзуимиз бор…

Нодирбек ЮСУПОВ,

Муяссар ОСМОНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − eleven =