Нажот қушлари (Ўзбек ҳарбий учувчилари ҳузурида)

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига   қарашли Чирчиқ шаҳридаги ҳарбий аэродромнинг   кузатув нуқтасида ҳарбий самолётларимиз ва ҳарбий вертолётларимизнинг самога кўтарилиши, айниқса, уларнинг аэродромга қайтишлари, қўнишларини кузатиб завқларга тўлиб турибмиз.  

 

Бу шунчаки томоша эмас. Кўриб турганимиз эртак, афсона эмас. Бу ҳақиқат. Бу мўъжиза. Юрагинг шундай ёруғ ҳисларга тўладики, таърифлашга сўз ожиз. Мана, Ўзбекистон осмонининг   лочинлари, пўлат қалқонларимиз, кумуш қанотларимиз.

Бизнинг ғурурларимиз, бизнинг ифтихорларимиз.

Бизнинг ишончларимиз.

Ҳарбий аэродром — қўнимгоҳ.

Бу ерда юрагинг мана шу майдон қадар кенгаяди, гўё ҳарбий учувчиларимизга қўшилиб самога кўтариласан. Юрагингга осмон жойлашади. Бошинг булутларга тегади.

Бу ҳолатни кузатиш,   ғурурланиш, ифтихорга тўлиш керак. Ҳа, мен ана шундай — ҳаяжон кишисиман.

Ҳа, мен шоираман. Юртимни нақадар қудратли кучлар қўриқлаб турганини ҳис этар эканман кўзимдан севинч ёшлари қуйилиб келаверади.

Ана осмонни ларзага солиб ҳарбий самолётлар учиб келаяпти, улар қўниш майдончасида махсус ҳарбий қонун-қои­далар билан кутиб олинади. Уларнинг ҳарбийча рапорт беришлари, ҳисобот топширишлари, дадилликлари кишига айрича завқ бағишлайди.

Мен оламдаги энг тинч, энг бахтиёр юртнинг фароғатини кимлар қўриқлаётганини кўриб турибман. Улардан ватанга муҳаббат, жасорат, ҳарорат уфуриб турибди.

Бирдан таскин топасан. Ишонч ва хотиржамлик вужудингни қамраб олади.

Фавқулодда рўй берадиган ҳар қандай мураккаб об- ҳаво шароитларида ҳам   ҳарбий самолёт ва ҳарбий вертолётларни моҳирона бошқараётган Ўзбекис­тон фарзандлари: учувчилар, борт механиклари билан суҳбатлашиш учун келган ёзувчи эканимни ҳисобга олиб, мени Испания давлатидан келтирилган, қора марвариддек ялтираб турган ҳарбий транспорт самолёти бортига таклиф этишди. Биринчи суҳбатдошим ҳарбий учувчи, самолёт командири, майор Жавлон Муҳиддинов бўлди. Жиззах Олий ҳарбий авиация билим юрти ҳамда Россия Ҳарбий ҳаво кучлари Краснодар филиалини тугатган, она тилимиздан ташқари рус ва инглиз тилларида бемалол сўзлаша оладиган бу йигитнинг   сиймосида мен миллий армиямиз сафларида пўлат қалқондек турган минг-минглаб ҳарбий қасамёдига, Президентига, халқига содиқ, мард ўғлонларимизнинг қиёфасини кўрдим. Ниҳоятда оғир-босиқ бу йигит болалигидан учувчи бўлишни орзу қилганлиги, ҳатто тушларига самолётлар кирганини гапириб берди. Вояга етиб, “Темур тузуклари” асарини ўқигач, ҳарбий   бўлишни, ҳарбий бўлганда ҳам ҳарбий учувчи бўлишни аҳд қилиб қўйган экан. Фарзандининг орзу-ниятларидан хабар топган отаси Валишер ака, онаси Лола опалар унга оқ йўл тилашди. Ота ва онанинг   розилиги Жавлонга қанот бағишлади.   У танлаган йўл масъулиятли ва шарафли йўл бўлди. “Мен омадли ҳарбий учувчиман. Муҳтарам Президентимиз, Қуролли кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлигида армиямиз модернизация ва диверсификация қилинди, биз бошқараётган самолётлар каби замонавий техника ва техноло­гиялар билан таъминланмоқда. Ҳарбий ҳаво кучлари ва қуриқликдаги қўшинлар техникасининг доимий жанговар шайлигини сақлаш мақсадида ёнилғи мойлаш маҳсулотлари билан таъминлаш учун ўзимизнинг Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари билан шартномалар орқали ТС – 1 ҳамда Jet-1 русумли авиакеросин ва бош­­қа бир қанча турдаги мойлаш маҳсулотлари сотиб олинмоқда. Бизнинг либосларимизга ҳам барча ҳавас билан қарамоқда. Оилаларимизни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг   эътибор марказида турибди”, деди у.

Яна бир суҳбатдошим учувчи, катта лейтенант Аброржон Хусинов. Жиззах Олий авиация билим юртини тугатган бу ўктам йигит, 2016 йилдан буён самолётни мустақил бошқариб келади. Аброржон болалигидан енгилмас лашкарбошилар, учувчиларга бағишланган фильмларни кўришга, шу мавзудаги китобларни ўқишга қизиққанлигини эслади. Отаси Музаффар ака, онаси Муҳаббат опалар унинг авиа­цияга бўлган меҳри ва интилишини қўллаб-қувватладилар.   Кучли жисмоний тайёргарлик, илмга чанқоқлик, бардошлилик, ҳарбий учувчилик касбига иштиёқ уни камолот сари етаклади. “Болалигимда отам менга “Касб танласанг шундай касбни танлагинки, у одамларга ҳар лаҳза керак бўлсин”, деган эдилар. Менинг ҳарбий учувчилик касбим худди шундай зарур касб. Бу касбни танлаганимдан бахтиёрман”.

Замонавий ҳарбий учувчи учун зарур билим ва кўникмаларга эга   Аброржондек ўғлонлар Ҳарбий ҳаво кучларимизнинг порлоқ келажаги.

Учувчи, командир ёрдамчиси, лейтенант Альберт Турдиев ва борт механиги, катта сержант Баҳромжон Бозоровлар билан ҳам дилдан суҳбатлашдик.

Альберт отаси полковник Алишер Турдиев ва онаси Ирина опалар бошдан унинг тарбиясида қаттиққўл бўлганини эслайди. Айниқса, ўсмир ёшида уни бир соат ҳам бекорчи бўлишга, кўчада болалар билан копток тепишга, ҳар хил кўнгилочар давраларга боришга рухсат бермас эканлар.

Илм олишга қизиқиш бора-бора Альбертнинг ўзида ҳам бесамар вақт ўтказишга имкон қолдирмади. У эрталаб ўқишга, сўнгра спорт залига ва кутубхонага чопар эди. У Жиззах Олий ҳарбий авиация билим юртига ўқишга кирганида ўртоқлари ўзидан ҳам кучли тайёргарлик билан келганини кўрди. Ҳарбий учувчиликнинг ҳамма талабларига жавоб берадиган бу шунқор йигитнинг фикр доираси кенглиги, сиёсий етуклиги кўзларидан кўриниб турибди. Мен унинг парвозларига омадлар тиладим.

Борт механиги Баҳромжон Бозоров ниҳоятда очиқ кўнгил экан. Унинг экипажда обрўси баландлиги кўзга ташланиб турарди. Тартиб-интизомли, одобли, ўз касбининг устаси. Тинмай изланадиган Баҳромжон ҳам ҳарбий хизмат учун туғилган лочинлардан. Ҳаво совуқ, ёғаётган ёмғир аста-секин қорга айлана бошлади. Ҳарбий аэродромда эса ҳаёт жўш уради. Учувчиларнинг мардонавор қиёфаларини кўриб, қиш эканлиги, совуқ эканлиги хаёлингдан чиқади.   Уларнинг ҳар бири бир олам.   Суҳбатлари ҳам бир-бирига ўхшамайди. Аммо уларнинг ҳаммаси мендан бир нарсани илтимос қилишди. У ҳам бўлса, албатта, устозларининг исм-фамилияларини қайд этиб, уларга шогирдлари эҳтиромини матбуот орқали изҳор этиш. Шундай йигитларнинг илтимосини ерда қолдириб бўлармиди?!

Мана уларнинг устозлари: Рустам Насриддинов, Бахтиёр Аҳмедов, Арслонбек Султонов, Азиз Ҳамроев, Азиз Шожалилов, Фазлиддин Аҳмадиллаев, Марлен Абибуллаевлар.

Раҳмат сизларга азиз устозлар! Ёвқур, ўткир фаросатли, бир сўзли мардлар учун раҳмат! Ватан осмонининг пўлат қалқонларининг қалбидаги ватанпарварлик деб аталган муқаддас туйғу учун раҳмат!

* * *

Ҳа, ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли Чирчиқ аэродромидаман. Ёмғир ёғиб турибди. Мураккаб об-ҳаво шароити. Аммо бу аэродромда учиш бир лаҳза тинган эмас.   Қўниш йўлкалари бўйлаб оҳиста тўхтаган вертолётдан тушиб келаётган йигитларни кўриб дилинг яйрайди. Гарчи атрофда қишнинг совуқ ёмғири тинмайди. Ҳарбий либослари ўзларига ярашган, чаққон, хатти-ҳаракатларидан ўт чақнаб турган ҳарбий вертолётчиларимиз қиёфасидан атрофга, нафақат атрофга бутун оламга иссиқ ҳарорат тарқалиб тургандек гўё. Экипаж аъзолари ва   вертолётга қараб маҳлиё бўлиб турганимда ёнимга ҳозиргина тўхтаган вертолёт командири Фарҳод Шариповни бошлаб келишди. Фарҳод ҳеч шошилмасдан гап бошлади. “Биз энг замонавий ҳарбий вертолётларда учамиз. Мен бошқараётган вертолёт Фран­циядан келтирилган. “АIRBUS   HEUTCOPTERS” компа­нияси техник мутахассиси, инструктор Солиньяк Терри бизни бу мўъжизавий “қуш”нинг сир-асрорлари   билан таништирди. Синовлар, сабоқлар инглиз тилида олиб борилади. Солиньяк Терри француз, мен ўзбек дарслар инглиз тилида қизиқ бўлар экан. Экипажимиз аъзолари икки ой мобайнида вертолётнинг ҳар бир деталини, нимага хизмат қилишини ўрганиб олдик”.

Энг замонавий бу ҳарбий вертолёт бизнинг иқлим шароитимизга мос. Ёзнинг жазирамасию қишнинг аёзлари бунга писанд эмас.

“Ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам учаверасизларми?” — сўрайман хавотир билан. Албатта мураккаб об-ҳавода вертолётларга учишга рухсат берилмайди. Шундай бўлсада, биз доимо шай ҳолатда турамиз”, дейди у.

Фарҳод Шарипов ҳам Жиззах Олий ҳарбий авиация билим юртини тугатган. У   устозлари: подполковник Михаил Сон   ва подполковник Абдусаттор Мавлонбековларнинг шогирди эканидан ғурурланади. Унинг учун устоз — енгилмас қоя.

“Устозим подполковник Михаил Соннинг ҳар қандай мураккаб ҳолатларда тўғри хулоса чиқара олиши, бизга ҳам аниқ кўрсатмалар беришини ҳурмат қиламан. Ҳа, ердаги гап осмонга тўғри келмайди. Шундай кунлар, шундай учишлар бўладики, бир-бирига ҳеч ҳам ўхшамайди. Гоҳо мураккаб шароитлардан билим, маҳорат, фаросат, тажриба ва Аллоҳнинг карами билан чиқиб кетилади. Бизда ҳар бир лаҳза ғанимат. Вертолётларимиз давлатимизни, авиациямизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади. Бундай замонавий транспортга эга бўлиш фақат қудратли давлатларга насиб этади”, дея таъкидлайди Фарҳод Шарипов.

* * *

Ҳарбий аэродромдан қайтишим олдидан ҳавога кўтарилаётган ҳарбий самолёт ва вертолётларимиз — нажот қушларимизнинг ортидан мамнун кузатиб қолдим ва ўғлонлари ҳарбий учувчи бўлган оналар каби дуолар қилдим: Ўғлим! Сен самодасан аммо оёғинг ерда, мен эса ердаман юрагим эса доимо сен билан бирга. Ер билан осмонни оналарнинг илтижолари, дуолари боғлаб туради.

Ўғлим! Менинг ёшим ўтиб қолган, аммо билгинки мен доимо сен билан фахрланаман! Сен ҳарбий учувчи бўлиб “нажот қуши” ни бошқараётган кунингдан менинг кўксимда тоғ ўсиб чиқди.

Сен Ватан посбонисан. Менинг кексалик фароғатим, оиланг, фарзандларингнинг тинч ва фаровон ҳаётда яшаши учун сув ва ҳаводек зарурсан. Ҳаё­тинг миллионлар ҳаёти учун масъулдир. Доимо ҳуш­ёр бўл! Аллоҳнинг паноҳида бўл!

Зулфия МЎМИНОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + eleven =