Навоийнинг набиралари

Тирикликнинг бол, ширалари,

Бири улуғ, кичик бирлари,

Фахр этиб юргайдир бари,

Навоийнинг набиралари.

 

Ярқирайди тилло узукдек,

Шу узукка қўйилган кўздек.

Бири Бобур, бири Улуғбек –

Навоийнинг набиралари.

 

Кўркам бўю қадду қоматлар,

Кулса шундай кулар омадлар.

Чиқмасин ҳеч сиздан номардлар,

Навоийнинг набиралари.

 

Ўз кўнглида кўзлар Марсларни,

Гижинглатиб юрар “Мерс”ларни.

Қолдирмасин экан дарсларни,

Навоийнинг набиралари.

 

Чиннидай оқ дорилфунунлар,

Сизга – йиллар, сизга бу кунлар.

Илм ишқида бўлинг Мажнунлар,

Навоийнинг набиралари.

 

Қадим замон, Ҳақ замонидан,

Олтин чиққан олтин ёнидан,

Сиз ҳам ўшал олтин конидан,

Навоийнинг набиралари.

 

Интилсангиз – бир кун етгайсиз,

Манзилларга зиё элтгайсиз.

Фарҳод-Ширин бўлиб кетгайсиз,

Навоийнинг набиралари.

 

Куртак ёзар пайвандларингиз,

Унутманг ҳеч: дилбандларингиз,

Туғилажак фарзандларингиз –

Навоийнинг набиралари.

 

Ҳазрат бобо Сўзни ўйлаган,

Қанча қошу кўзни ўйлаган.

Асли ул зот Сизни ўйлаган,

Навоийнинг набиралари.

 

Эл-юрт омон, даврон саломат,

Яратгандан Сизга каромат.

Ҳаёт ўзи айлар хушомад,

Навоийнинг набиралари.

 

Умр асли – насиб ё насиб,

Ҳар дилга бир гул мутаносиб.

Навоийга бўлсин муносиб,

Навоийнинг набиралари.

Сирожиддин САЙЙИД,

                                  Ўзбекистон халқ шоири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − seventeen =