Бедор қалб

Сурхондарё вилояти ҳокимининг Оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг 1-ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Мавлуда Қобулова фао­лиятига бир назар

 

                 Кимгаки иш бўлди қаноат фани,

                 Билгилки, ани қилди қаноат ғани.

                                                       Алишер Навоий

 

У она юрти Сурхондарёни жони-дили билан севади. Бу юрт тупроғи кўзларига тўтиё. Сурхондарёликлардек жўмард, ҳалол, меҳнаткаш, очиқкўнгил одамлар яна қаерда бор? Юрагида бодомлари мангу гуллаган, асрларга салом йўллаган воҳа бу. Уни оқ ювиб,оқ тараган муборак эл бу.

Опа. Она. Устоз. Сурхондарёликлар уни шундай деб атайдилар.

Мавлуда Умаржоновна иш кунларининг барчаси — қабул кунлари. Сабаби, у оилалар ва хотин-қизлар билан ишлайди. Унинг ҳар бир кунида бир-бирига ўхшамайдиган инсонлар, муаммолар, тақдирлар ўз муҳрини қолдиради.

Иш кабинетининг эшиги ҳамиша очиқ. Унинг телефонлари кечаю кундуз ўчирилмайди.

Иш кунларнинг бирида соат 2230 ларда бир қизча йиғлаб телефон қилиб қолди.

— Опа, менга ёрдам беринг, кўчада қолдим. Борадиган жойим йўқ. Исм ва фамилиям Зарина Ибрагимова. “Меҳрибонлик уйи”­да катта бўлганман. Сиз бизга тез-тез борар эдингиз. Бирор муаммо бўлса, телефон қилинглар деб рақамингизни қолдирган эдингиз. Опа, вояга етгач, “Меҳрибонлик уйи”дан кетгач, ишга жойлашдим. Ижарада тураман. Ижарачи аёл билан уришиб қолдим. Ҳозир ҳайдаб чиқарди.

— Таксига ўтириб ҳокимиятга кел, қизим. Келиб, телефон қилсанг, такси пулини чиқариб бераман.

Бу орада Мавлуда Умаржоновна “Меҳрибонлик уйи”­га борганида барча битирувчилар тайинланган пулларни олгач, ижарага ва ишга жойлаштирилганини эслади. Бир қатор ҳужжатлар жавонидан “Меҳрибонлик уйи”­ битирувчилари ҳақидаги ҳужжатни ҳам қараб чиқди. Зарина Ибрагимовани мустақил ҳаётга кузатиш қонун доирасида бўлган. “Қани, келсин-чи, нима гаплигини биламиз”­, — деди ўзига ўзи.

Орадан бирор соат ўтиб ўн етти ёшлардаги қиз кириб келди. Қўлида ранги ўчиб кетган кичкина сумка. Сумкасида ҳужжатлари ва бир сидра кийими.

— Қизим, кун кеч бўлиб қолди, ҳозир қаерга ҳам борардинг? Сени ўз уйимга олиб кетаман. Қорнинг ҳам очдир. Бир пиёла чой устида гаплашиб оламиз. Сен кўчада қолмайсан. Ҳавотир олма, — деди Мавлуда Умаржоновна.

— Сизнинг уйингизда ноқулай бўлмасмикин? — деди қизгина опанинг хизмат машинасига тортинибгина ўтирар экан.

— Ҳеч ноқулай бўлмайди, — деди опа.

Уйга боргач, қиз вояга етиб, “Меҳрибонлик уйи”­дан чиқиб, ишга жойлашгандан кейин ижарада яшай бошлаганини, ижарачи аёл дастлабки ойларда бинойи юрганию, аммо вақт ўтиб, тез-тез жанжал чиқариб, гоҳо Заринага қўл ҳам кўтарар экан. Мана, алалоқибат қизни қоронғи кечада уйидан ҳайдаб юборибди.

Шундай қилиб, Зарина “Меҳрибонлик уйи”­да олган тўғри тарбияси билан мустақил яшай бошлабди. Отасига ҳам, онасига ҳам кераги йўқлигини тушуниб етибди.

Заринанинг бошидан кечирганларини эшитган Мавлуда Умаржоновна:

— Майли, қайғурма, қизим, энди то оёққа туриб, бахтингни топиб кетгунингча бизникида турасан, етмишдан ошган аяжоним сенга ҳам эна бўлади. Биз нима есак, шуни ейсан, нима кийсак, шуни киясан, — деди.

Зарина учун Мавлуда Умаржоновнанинг уйида бахтли ҳаёт бошланди.

Зарина Ибрагимова:

Мени, бир етим қизни, Мавлуда опамга учратган ўша кундан миннатдорман. Бу оила мени ўз фарзандидек қабул қилди. Мавлуда опамнинг онаси Мукаррам энам мени болам деб бағрига олди, пешонамни силади. Бу оилада одам боласидек меҳр кўрдим. Улар менга етти йил нон-туз бердилар. Тенгим чиққач, ҳурматимни жойига қўйиб, ўз қизларидек турмушга узатдилар. Ўғлим туғилганида онам каби ортимдан бешик ясатиб бордилар. Ҳозир Муҳаммадризо ўғилчам уларни ҳақиқий бувим деб ўйлайди. Мен ҳам бу кичкина ҳаётимни икки қисмга бўлсам, бир томони то Мавлуда опамгача бўлган кўнг­ли яримлик даври, иккинчиси эса Мавлуда опа учраган бахтли даврим.

2018 йили муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари, беқиёс ғам­хўрликлари туфайли ҳамма қулайлик­ларга эга уйлардан 3 хонали уйга эга бўлдим. Ҳозир оилам билан шу ерда яшаяпмиз. Термиз тумани марказий шифохонасида ишлаяпман. Менга Мавлуда опам уй-рўзғорни қандай тутишни, тикиш-бичишни, озодаликни, бола парваришини ўргатганлар.

Вилоят ҳокимлиги тикув машинаси совға қилди. Энди менинг камчилигим бор дейишим уят бўлади. Ота-онаси бор қизлар ҳам шунчалик таъминланар. Ширин, эркатой ўғлимга қараб кўнглим кўтарилади. Қачонлардир мени ота-онам ташлаб кетгандир, аммо мен Ўзбекистон деб аталган ватанда қадр топдим, меҳр кўрдим. Ҳа, мени отам ташлаб кетган. Аммо ватаним ташлаб қўймади. Президентимиз бошимни силади, уй-жойли қилди.

Энди менинг ўғлим, ўғлимнинг болалари шу ватанга садоқатли инсонлар бўлади. Бунинг учун бор куч-ғайратимни аямайман.

Ҳа, онам мендан воз кечган, аммо ватаним воз кечмади. Энди мен ҳам она бўлдим. Оналик — қанчалар улкан шараф!

Ҳозирда мен билан суҳбатлашган одамлар ота-она меҳрига зор бўлиб ўсган деб ўйламайдилар. Чунки мен меҳрдан тўйинган инсонман. Мен меҳр кўрдим. Меҳр кўрган одам албатта, меҳр беради.

Куни кеча ахлат қутиси ёнига ташлаб кетилган мурғак болани телевизордан кўрсатишди. Гўдак сал бўлмаса совуқдан ўлиб қолар экан. Уни яхши одамлар топиб олибдилар. Мен ўша гўдакни ташлаб кетган онадан нафратландим.

Қачонлардир мени ҳам онам шундай тошбағирлик билан ташлаб кетган бўлса-да, катта бўлганимдан кейин ҳам мени ўзидан итарган бўлса-да, бундай жоҳилликни мен такрорламайман. Бундай омонатга хиёнат менинг қўлимдан келмайди. Мавлуда опанинг айтиш­ларича, ҳар бир одам боласи Аллоҳнинг омонати экан. Мен яхши тарбия кўрдим. Бугун ҳалолни ҳаромдан фарқ қила оламан. Аёл зоти ибо-ҳаёси билан ҳурматга лойиқлигини биламан.

Президентимизни дуо қиламан. Яхши она, яхши инсон бўлишга ҳаракат қиламан.

* * *

Сурхондарё вилояти бўйича оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бор хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилган. Вилоятда хизмат қилаётган ватанпарвар, юрт тараққиёти ва эл манфаатлари йўлида фидокорлик кўрсатаётган жамият ҳаётида фаол инсонлардан ташкил топган ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Улар ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам уйма-уй юриб, оилаларга кириб, элдошлар билан дилдан гаплашмоқдалар. Уларнинг ҳолидан хабар олиниб, муаммоларини ҳал қилишда яқиндан ёрдам бермоқдалар. Бу Сурхон аҳли учун янгича ёндашув бўлди.

Термиз шаҳар “Гулистон”­ маҳалласи “Фидокор”­ кўчасида ногиронлар, боқувчисини йўқотганлар, якка-ёлғизлар учун уй-жой қуриб битказилди. Уй эгаларига калитлар топширилаётган кун. Бино ҳовлиси тўйхонадек безатилган, карнай-сурнай, доираю ноғоралар садоси эрталабдан осмону фалакка ўрлади. Ҳамма хурсанд. Уй ёнидан ишга, ўқишга, бирор юмушга ўтиб кетаётганлардан бири: “Ниҳоят, шугиналарнинг ҳам елкасига офтоб тегди. Президентимизга минг раҳмат”­, — деса, бошқаси: “Ҳа, шундай давлатда яшаётганимизга шукр. Бизда ҳеч ким беэътибор қолаётгани йўқ”­, — дейди. Кўрган кўзки қувонади.

Калитларни топшириш маросимида ҳар ким ўз миннатдорчилигини изҳор этади. Уларнинг уйларини кўргани келган маҳалладошлар, қариндош-уруғларнинг оғзи ланг очилиб қолди. Ҳашаматли қилиб безатилган хоналарнинг ёруғлигидан, шинамлигидан дил яйрайди. Тантаналар ўтгандан кейин ҳам ҳукумат вакили сифатида одамларнинг энг яқин сирдоши, кўмакчисига айланган Мавлуда Умаржоновнанинг бир оёғи шу ерда.

Бу сафар мени бошлаб келдилар-да: “Сизларга меҳмон қилиб Тошкентдан шоирани олиб келдим. Бир мушоира қиламиз”­, — дедилар. “Биз уларни таниймиз, телевизордан кўрганмиз”­, — дея қувонади хонадон эгалари.

Янги уйларга бирин-кетин кириб суҳбатлашамиз. “Фидокор”­ кўчасида­ги 12-уй, 14-хонадондаги уч хонали уйда 1-гуруҳ ногирони Каромат Раҳимова, синглиси Гавҳар Раҳимова ва 84 ёшли онаси Мар­ям Муаззамова. Каромат туғма икки оёғи йўқ туғилган экан. Опаси ҳам ногирон. 84 ёшли она ҳам ногиронлик аравачасида, мустақил юра олмайди. Хуллас, учта ногирон бир уйда. Каромат эсли-ҳушлигина. Марям онанинг ҳам фикрлари тиниқ. Гавҳарнинг ҳам ақли жойида. Бу ерда ўзи мустақил ҳаракатланадиган биргина шу Гавҳар. 84 ёшли Марям момо гапларини тинглаймиз:

— Бир умр қайнотамдан қолган кичкина уйда яшадик. Турмуш ўртоғим Абдивосихон билан ўн қиз, ўн ўғилнинг ота-онаси бўлдик. Шулардан биттаси оламдан ўтган. Тўққизтаси ҳаёт. Ўғилларимни уйлантирдик. Кетма-кет набиралар туғила бошлади. Биздан ташқари у ҳовлида қайин укам ва қайин акам ҳам оиласи билан, жами 20 дан ошиқ одам истиқомат қилар эдик. Ногиронларнинг оҳ-воҳи, етишмовчилик­лар, муаммолар гирдобида ўлиб кетсам керак, деб ўйловдим. Бахтимизга, Президентимиз биз бечораларга ғам­хўрлик кўрсатиб уйли-жойли қилдилар. Аввалги ҳовлимизда тўловларни амалга оширолмаганимиз учун гоҳ чироқ, гоҳ сув, гоҳ газ ўчар эди. Мен ва Каромат қизим ҳожатхонага бора олмаймиз. Бизни кимдир кўтариб юриши керак. Ҳаммом эса отлиққа ҳам йўқ. Уйнинг бир бурчида сув иситиб ювинишга тўғри келар эди. Кўпчилик бўлгандан кейин ҳузур-ҳаловат йўқ. На еганимиз татийди, на ичганимиз. Қишда уйимиз томидан чакки ўтади. Ёзда Термизнинг иссиғидан юрак тўхтаб қолай дейди. Кечалари қон босимидан ухлай олмай чиқар эдик. Ҳар бир маҳаллада уйма-уй кириб чиқаётган ҳукумат вакиллари билан Мавлуда қизим келиб, аҳволимизни кўргач: “Биринчилардан бўлиб сизларга уч хонали уй ажратамиз”­, — дедилар. Ўша кундан оиламизни босиб турган катта тоғ елкамиздан нари сурилди. Мана, ҳозир ҳаётдан шикоятим йўқ. Ўз вақтида овқатланамиз. Ўз вақтида ётиб ухлаймиз, дориларимизни ичамиз, телевизорда юртимизда бўлаётган янгиликларни кўрамиз, сизни ҳам телевизорда кўрганмиз. Раҳмат келганингиз учун, дуолар қиламиз.

Каромат Раҳимова, 1-гуруҳ ногирони:

— Ота-онам, бечора опам менга бир умр парвона бўлди. Отам 1995 йилда вафот этдилар. Бу пайтда онамнинг ҳам оёқлари яхши юрмас эди. Ҳозирда мутлақо юра олмайди. Бизга уй берилгандан кейин чиннидан ясалган ваннада чўмилтиришди. Ҳаётимизда биринчи марта онам 84 ёшида, мен 42 ёшимда, опам 48 ёшида ҳақиқий ҳаммом нималигини кўрдик. Биз ювиниб чиқиб, севинчимиздан роса йиғладик. Жўмракни чапга бурасанг иссиқ сув, ўнг­га бурасанг совуқ сув келади. Биз учун энг катта муаммо (уят бўлса ҳам айтаман) ҳожатхона муаммоси эди. Ҳовлининг бир бурчагидаги ҳожатхонага бориш биз – ногиронлар учун оғир машаққат эди. У ерга бораётиб ёмғир, қорда соппа-соғ одам йиқилиб тушар эди. Қиш­ли-қировли кунда бизни ким кўтариб боради? Хуллас, одам эканимиз ёддан чиққан эди. Атрофдаги соғлом одамларнинг, ҳатто жигарларингнинг сендан жирканаётганини сезиш нақадар оғир. Айниқса, ақлинг жойи­да бўлса, қаттиқ ўксинар экансан. Гоҳо онамга: “Она, нега бизни туғдингиз? Ахир сиз ҳам, биз ҳам қийналиб кетдик-ку”­, — десак, онам: “Шошма, ношукр бўлма, Яратган Эгамнинг бир ёруғ куни бўлади”­, — дердилар. Мана, келди шундай ёруғ кун. Энди ҳар икки кунда опам бизни чўмилтиради. Ҳар сафар тоза бўлиб дуолар қиламиз.

— Камчиликлар йўқми? — сўрайди Мавлуда Умаржоновна.

— Кийимларимиз тугунда турибди, битта кийим шкаф олиб беринг, — деди Каромат.

— Шу ҳафта кийим шкафни етказамиз, — деди опа.

Биз улар билан хайрлашамиз. Уларнинг тўғрисидаги хонадонга кирамиз. Хонадон чинни-чироқдек тоза, озода.

Хонадон соҳибаси Ойсара Абдуллаева икки боласи билан бизни кутиб олди. Ҳол-аҳвол сўрашгандан кейин Ойсара бошидан кечирганларини сўзлайди:

— Турмуш ўртоғим Ўроқ Хўжамбердиев 1-гуруҳ ногирони эди. Яқинда оламдан ўтди. Бизга мана шу уйнинг берилганини кўриб, хотиржам бўлиб чин дунёга кетди. Қизим Шарифа 9-синф ўқувчиси, ўғлим Саид 8-синф ўқувчиси. Фарзандларим мактабда аъло баҳоларга ўқийди. Ўғлим Саид спортнинг қўл жанги тури бўйича Ўзбекис­тон чемпиони. Мавлуда Умаржоновнанинг таклифи билан “Пахтасаноат”­ АЖ энг сўнгги моделдаги тикув машинкаси совға қилди. Ҳозирда “Сурхондон”­ АЖда касаначи, яъни уйимда ўтириб тикувчилик қиламан. Ўзлари матоларни олиб келиб бериб, тайёр маҳсулотни ўзлари қайтариб олиб кетишади. Энг муҳими, болаларимнинг бошпанаси бор. Маҳалламиз аҳил-иноқ. Минг шукр, камчилигимиз йўқ. Бу ерда ҳамма бир-бирини танийди, авайлайди. Келганларингиз учун раҳмат.

Кейинги манзилимиз шу 12-уйдаги 1-гуруҳ ногирони Қосимов Муроджоннинг хонадони бўлди. Уч хонали уй билан таъминланган Муроджон бизни кулиб кутиб олди. Агарда аравачасида ўтирмаса, уни ҳеч ким ногирон деб ўйламайди. Биздан олдин унинг хонадонига патронаж ҳамшираси Мақсуда Алламуродова келиб, қон босимини ўлчаётган экан. Ҳамшира Муроджон билан савол-жавоб қилиб бўлган экан, биз билан саломлашгач, чиқиб кетди. Муроджоннинг эгизак болалари бизнинг ташрифимиздан хурсанд бўлиб ёнимизга келиб ўтиришди. Аёли Самияой бир юмуш билан қариндошиникига кетган экан.

Муроджон ўз аҳволини қуйидагича баён этди:

— Президентимиз бизга тушимизга кирмаган яхшиликни қилдилар. Биз аёлим билан турмуш қурганимиздан кейин шароитимиз янада оғирлашди. Тўғри, аёлим мени оқ ювиб, оқ тарайди, ўз вақтида дориларимни ичиради. Аммо уй-жой муаммоси бизни эзиб турар эди. Орадан икки йил ўтиб Фотима-Ҳусан эгизакларимиз туғилди. Аёлим касал бўлиб, на менга, на чақалоқларга қарай олмай қолди. Унинг ўзи ёрдамга муҳтож эди. Биз адолатли мамлакатда яшаётганимизни ўша оғир кунларда ҳис этдим. Врачларнинг кўрсатмаси билан чақалоқларни “Гўдак­лар уйи”­га вақтинчалик топширдик. Аёлим икки йиллар қаттиқ даволанди. Энди у менга қарай бошлади. Биз чақалоқларга қарай олмаслигимизни ҳисобга олиб, уларни “Гўдаклар уйи”­дан кейин “Меҳрибонлик уйи”­га 7 ёшгача қолдирдик. Улар болаларимизга ўзимиздан ҳам аъло қилиб қараб, тарбиялаб беришди. Қани, қайси юртда шунчалик мукаммал тизим ишлайди? Қайси юртда ногиронларнинг гўдак­ларига шунча меҳр кўрсатилади? Биз дастлаб ишонмадик “Гўдаклар уйи”­да шундай етук мутахассислар борлигига. Ногиронлик туфайли бизни ўзимиз бунчалик яхши қарай олмас эдик.

Шундай ватанга болаларимизни муносиб қилиб тарбиялаш энди ўзимизга боғлиқ. Бирорта муаммо бўлса, ўша куни мурожаат қиламиз, масала жойи­да ҳал бўлади. Илтимосимиз ерда қолмайди. Биз ҳамма қатори бахт­ли оиламиз. Минг раҳмат!

* * *

Соғлом авлодни дунёга келтириш ва уни улуғ аждодларга муносиб қилиб тарбиялашдек шарафли вазифа елкамизда тургани олий масъулиятдир.

Иқтисодиётни инновацион ривож­лантириш, халқ фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини ошириш борасидаги муҳим ҳужжатлар биз сурхондарёлик хотин-қизлар учун ҳам улкан рағбат бўлди.

Юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган маърузасида таъкидлаганидек: “Халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш Конституциямизнинг бош мақсадидир”­.

Кейинги йилларда Сурхондарёда амалга оширилган эзгу ишлар: халқнинг фаровон яшаши учун яратилаётган шароитлар; ногирон ва кам таъминланган оилаларнинг уй-жой билан таъминланиши; “Обод қишлоқ”­ дастури бўйича қисқа вақт ичида эртаклардагидек сирли ва мўъжизавий қиёфа касб этаётган қишлоқларимизда яшаётган юртдошларимизнинг бошига бахт қуши қўнганини кўрсатиб турибди.

“Ҳар бир оила — тадбиркор”­ дас­тури бўйича амалга оширилаётган ишларни кўриб шахсан ўзим ҳам халқимиз қўллаб-қувватланса, нақадар қуд­ратли кучга айланишига ҳар кун гувоҳ бўлмоқдаман.

Сурхондарёликлар бугунги кунда том­орқа хўжалигининг ҳадисини олдилар. Аҳолининг 70 фоизи томорқадан юқори ҳосил олмоқда. Бу оила бекалари бўлган хотин-қизларимизга янги руҳ бағишламоқда. Яратилаётган янги иш ўринлари оилаларимиз мустаҳкамлигига пойдевор бўлмоқда.

Ҳамиша илм ва маърифат саодат калити бўлган.

2018 йилда вилоятимизда респуб­ликамиздаги нуфузли университет ва институтларнинг филиаллари очи­лиши тарихий воқеа бўлди. Бу илм даргоҳлари Сурхондарё хотин-қизлари, айниқса, олий маълумот олиш орзусида юрган қизларимизга қанот бўлди.

Бу йил олий ўқув юртига кирган қизларимиз сони илгариги йилларга қараганда икки баробар ошди. Шеробод, Термиз, Жарқўрғон, Денов, Қизириқда янги қурилган корхоналарда ишлаётган ёшларнинг ҳам 50 фоизи хотин-қизлардир.

Мавлуда Умаржоновна вилоят ҳокимининг Оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят Маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари сифатида аҳолининг ичига кириб, вилоятнинг нафақат марказий ҳудудларида, балки энг чекка қишлоқларида ҳам хонадонларга вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи билан кириб борди.

Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, ҳозирги кунда кабинет ичида ўтириб ишлайман деган раҳбар қаттиқ адашади. Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналар фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг ўзига хос демократик институти сифатида ўзини оқламоқда.

Опа бедор тунларидан бирини қуйидагича эслайди:

“Кеч ишдан қайтдим. Яна бир бор виртуал қабулхонамизни текшириб кўрай дедим. Ярим соатлар олдин чекка туманларимиздан бирида яшайдиган ногирон аёллардан бири хат жўнатган экан. “Тўрт йилдан бери 2 та болам билан ижарама-ижара юраман. Ижара пули кечиккани учун кўчада қолдик. Ҳозир маҳалладаги қоровулхонада яшаяпмиз”­. Бу электрон мактубни ўқиганимдан сўнг уйда ўтира олмадим. Эрта тонгдан йўлга тушдим. Ўша аёлни топиб, муаммоларини ҳал қилгач, ишга келдим…

Фаолиятим давомида ўз ҳуқуқларини билмагани учун ўзини ва болаларини мушкул вазиятга солиб қўйган хотин-қизларни кўп учратаман, — дей­ди Мавлуда Қобулова. Ўз ҳуқуқини билмаслик ва бахтли келажак учун кураша олмасликни оқлай олмайман. Жойларда низоли вазиятлар, шу жумладан, оилавий зўрлик ишлатиш сабабларини ҳамда уни келтириб чиқарувчи омилларни ўрганиш мақсадида “Ижтимоий мослашув”­ марказлари ташкил этилаётгани қувонарлидир. Бир оиланинг руҳий ҳолатини мувозанатга солиш — жуда қийин кечадиган жараён. Олий маълумотли бўла туриб ҳам фарзандлари ҳаётини изга сола билмаган қайноналарни кўрганимда ҳайф дегим келади. Вилоятимизда “Қайноналар кенгаши”­ фаолият олиб боради. Кенгашга раҳбар қилиб улуғ ёшли, маҳаллаларда обрўга эга бўлган, аллақачон маҳалланинг виж­донига айланган онахонларни тайинлаганмиз.

* * *

Лекин минг афсуски, бу дунёда яхшиликни, самимийликни кўролмайдиган, паст, ҳасадгўй, ичи қора кимсалар ҳам йўқ эмас. Баъзида Мавлуда Умаржоновнага ҳам улар тош отадилар, турли бўҳтону фисқу фасод уюштирадилар. Бу опага таъсир қилмайди, бу қалби бедор аёлни хафа қилмайди, десак ёлғон бўлади. Дили оғрийди, жуда қаттиқ хафа бўлади, юраги ҳар хил туҳматлардан зада бўлади, шубҳасиз. Лекин опа барибир бундай каслар билан тенг бўлишни ўзига эп кўрмайди. Уларни Яратганнинг ҳукмига ташлайди ва масъулиятли вазифасини бажаришда давом этаверади.

* * *

Шерободлик Роҳатой исмли қиз: — Мавлуда Умаржоновна менинг онам, мен у кишига муносиб бўлишим керак, — дейди.

Термиз давлат университетининг “Жисмоний тарбия ва маданият”­ факультетига контракт асосида ўқишга қабул қилинган етим қизнинг боши қотиб қолди. Чунки унга пул масаласида ёрдам берадиган инсоннинг ўзи йўқ. Шундай пайт унга одамлар: “Вилоят ҳокими ўринбосари Мавлуда Умаржоновнага учрашиб, ёрдам сўра, фақат шу инсон сенга ёрдам бериши мумкин”­, — деб маслаҳат беришди.

Қиз вилоят ҳокимлигига келди. У Мавлуда Умаржоновнага муаммосини сўзлаб берди. Шунда Мавлуда Умаржоновна қизнинг кўзларидан ёшини артиб, бағрига босди. Қизнинг ғамгин кўзларига боқиб: “Бугундан бош­лаб сен менинг қизимсан, то ўқишингни битиргунингча тўловларини тўлашни мен вилоят ҳокимининг ёрдами билан ҳал қилиб бераман. Фақат менинг ҳам шартларим бор: энг аввало, покиза ахлоқли бўлишинг керак. Аъло баҳоларга ўқишинг, ўзинг севган спорт туринг — кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони шарафини қўлга киритишинг шарт. Мусобақаларга бориш-келишинг, кийим-кечагинг, спорт либосларинг, озиқ-овқатларинг тўловларини вилоят ҳокимлиги ҳал қилиб беради”­, — деди. Бу меҳрдан Роҳатойнинг боши гангиб қолди. Туш кўрмаяпманми деб ўз қўлларини қаттиқ тишлаб кўрди. Йўқ, туш эмас экан. Ҳақиқат бор экан. Роҳатой ўқишга ва машғулотларга қаттиқ киришди. У келажагидан хотиржам, бахт­ли талабага айланди.

“Тўғри, талаба учун пул зарур. Шундай пайтлар бўлардики, онажонимдан устма-уст пул сўрар эдим. Аммо уларнинг бирор марта оғринганини сезмадим. Гоҳида айрим дугоналаримнинг ота-онаси: “Пул сўрашни қачон йиғиштирасан?”­ — деганларини эшитдим. Онажоним сабр ва чидам билан мени тўрт йил ўқитди. Ўзимнинг туққан онамдан зиёда меҳр кўрсатди менга”­, — дейди у.

Роҳатой ҳам Мавлуда онасига берган ваъдасининг устида турди. Университетнинг намунали қизларидан бўлиб, учинчи курслигида кураш бўйича Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. “Мавлуда онажоним бўлмаганида, тақдир мендек кўнгли яримни унга рўбарў қилмаганида, ҳаётим қандай кечар эди, билмайман. Ўқишни тугатиб, Миллий гвардия сафига ишга кирдим. Маошим ҳозир 7 миллион сўмдан зиёд. Ҳукумат уй берди. Бугунги кунда мен худди Мавлуда онамдек одамларга яхшилик қилишга бел боғлаганман”­.

* * *

Термиз давлат университетининг яна бир талабаси Расулжон болалигидан ота-онадан етим қолган. У ҳозирда тўртинчи курс талабаси. Расулжон ҳарбий хизматга боришни орзу қилар эди. Аммо тўлов шартномасига пули йўқ. Шундай муаммо билан турганида Мавлуда Умаржоновна университетга келиб, ёшлар билан учрашув ўтказди. Учрашув тугагач, Расулжон минг бир истиҳола билан ўз муаммосини айт­­ди. Мавлуда Умаржоновна Расулжоннинг мушкулини уч кун ичида ҳал қилди. Расулжон ҳарбий хизматга бориб келди. Расулжон хизмат қилаётган ҳарбий қисмга Мавлуда Умаржоновна борганида ҳамма Расулжонга ҳаваси келиб: “Бир-бирларингга ўхшар экансизлар”­, — деган эди. Ҳаёт мана шундай сабаблар билан инсонларнинг кўнглини кўтарар экан. Ҳарбий хизматни тугатиб, ўқишига қайтди. Энг муҳими, энди у университетда қайси талабанинг оғирини енгил қилиш керак бўлса, Мавлуда онажонисига мурожаат қиладиган бўлди.

Мавлуда Умаржоновнанинг меҳридан баҳраманд бўлган Расулжон: “Она, бу яхшиликларингизни қандай қайтараман?”­ — деб сўрайди. “Ҳадемай ўқишни битириб, яхши ишларда ишлайсан, унда мен кексариб, уйда ўтираман, шунда: “Ўғлим, олма егим келди”­, — дейман, сен эса дарҳол болангдан менга олма бериб юборасан”­. “Оҳ, онажоним-а, она егиси келган олмани ҳам боладан бериб юборадими? Сиз учун олмаларни ўзим олиб келаман, меҳримни қўшиб олиб келаман”, — дейди Расулжон. “Тўйларинг­­га бош бўлайин, сенга иболи-ҳаё­ли, инсоф­ли, имонли келин сўрайман Яратган Эгамдан”­, — дейди Мавлуда онаси.

Орзиқул Соатов,

Сурхондарё вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб- қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари,

Сенатор:

— Гўзал, дилбар, мафтункор, ўта кам­тар, ўз ишининг фидойиси Мавлуда Умаржоновнанинг асли касби шифокорлик. У киши бугун вилоятимиз аёлларининг қалб шифокори бўлиб, улар муаммоларининг ечимида асосий ҳакам бўлиб қолган.

У жуда кўп ўқийди. Қачон қабулига борсам столи устида Юртбошимизнинг асарлари, жаҳон адабиёти намояндаларининг, мутафаккир шоир ва ёзувчиларнинг китоблари, ҳозирги кунда чоп этилаётган газета ва журналлар тахланиб туради.

Абдуқодир Тошқулов,

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазири:

— Мавлуда Умаржоновна менинг устозим бўлади.

2006 йилдан бошқарув соҳасига ишга келган бўлсам, раҳбарликнинг паст-баландини, ҳаттоки Низом-ул-мулкнинг “Сиёсатнома”­си, Самандар Термизийнинг “Дастур-ул-мулук” асарларини ўқишни тавсия қил­ганлар. Мана қарийб 15 йил бўлдики жуда масъул вазифада у киши бизга ойна вазифасини ўтади. Қайси соҳада ишласак ҳам биз ишдан қайта туриб қарасак у кишининг иш кабинетларининг чироғи ёниқ туради. Энг муҳими фидойилик.

Мавлуда Умаржоновна ҳар қандай топшириқни охиригача қонун доирасида мукаммал бажарадиган, масъулиятни ҳис этадиган инсон. Мана ҳозир давлат органлари билан халқ ўртасида қандай яқин муносабат ўрнатилди. Мавлуда Умаржоновна азалдан халқ билан шундай яқин ва фидойи. Эркакларнинг раҳбар лавозимларида ишлаши бироз осондек. Уйга борса аёли кутиб олади, ҳаммаёқ саранжом-саришта, хизматини қилади. Аёл учун ундай эмас. Мавлуда Умаржоновнанинг ҳам боласи, набиралари, жуда нуроний онаси бор. Уларнинг ўқишига, кийим-кечагига, юриш-туриши ва маънавий тарбиясига қарайдилар ва улгурадилар. У киши бизга оилапарварликда ҳам устоз деса бўлади. Шунинг учун ҳам устоз, ҳам она. Олимларни жуда ҳурмат қиладилар. Ўзлари ҳам олима. Бошқа вилоятларда шу лавозимда ишлайдиган опалардан олимлиги билан ажралиб туришидан биз фахрланамиз. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан муносиб тақдирланди. Биз бундан қанчалик хурсанд бўлдик. Мавлуда Умаржоновнанинг тажрибасидан фойдаланишимиз керак. Улар ҳаётнинг кўп пасту баланд­ликларини бошдан кечирган. Бу тажриба фақатгина хотин-қизлар учун эмас. Жамоатчилик майдонида, сиёсат май­донида бирозгина ҳиссамиз бўлган бўлса унда у кишининг маслаҳатлари, ўгитлари натижасида эришганмиз. Қачон қараманг Мавлуда Умаржоновнани она сифатида, раҳбар сифатида эл муаммоларини ҳал қилаётган, халқ ташвишлари билан елиб-югураётган, жуда-жуда банд ҳолатда кўраман. Шунинг учун ҳурматим баланд.

* * *

Кўзлари кўнглидек чиройли дўстим,

Кўнгли кўзларидек чиройли дўстим.

Олдинда ҳали кўп яхши кунлар бор,

У кунларга бирга борайлик дўстим.

                   Зулфия Мўминова,

шоира,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − 12 =