МИРАН

ёки фидойилик, матонат ва жасорат ҳақида

 

1991 йил февралнинг саккизинчи куни. Изғирин худди бутун оламга ҳукмрондек оппоқ қорга бурканган қишлоқ уйлари мўриларидан чиқаётган қоп-қора тутунни ўзи истаган томонга олиб кетар, кўча–кўй жим-жит, аҳён-аҳёнда сигирларнинг “мў-ў-ў”лагани-ю, қўйларнинг маърагани, қайси бир ҳовлидан эркак ёки аёл кишининг овози эшитилиб қоларди. Ҳалигина хотинини туғуруқхонага олиб келган Мирюнус ташқарида у ёқдан-бу ёққа бетоқат юриб турар, ҳамшира кўринадиган эшикдан нигоҳини узмай, нималарнидир шивирлаб-шивирлаб қўяр, Яратгандан жуфти-ҳалолининг омон-эсон енгил бўлишини тилаётганга ўхшарди. Унинг юзи ва бурун учи қизарган, этик ичида бўлган оёқлари ҳам совуқ заҳридан азият чекаётганини сездира бош­лаган эди…

Ниҳоят, ғийқиллаб очилган эшикда ҳамшира кўриниб, “Сахатов, ўғил муборак бўлсин!”, — деди чиройли табассум билан. Мирюнус чопқиллаб келиб, суюнчи узатар экан, “Раҳмат, опажон, раҳмат! Ўзи қандай, ўзи?”, дея сўради шошиб.

— Ўзлари отдай, бемалол уйга қайтаверишингиз мумкин, — жавоб қилди ҳамшира орқасига қайта туриб.

Орадан бироз вақт ўтиб, эр-хотин чақалоққа исм қўйиш ҳақида маслаҳатлашдилар.

— Ўғлимизнинг отини Миран қўйсак нима дейсан? — сўради Мирюнус.

— Менга қолса, Азиз бўлгани маъқул, — деди Комилахон.

— Азиз ҳам яхши исм, — деди Мирюнус хотинининг кўзларига мамнун боқиб. — Лекин биз “мир”лар   авлодиданмиз-да.

— Майли, Мирон бўлса, Мирон-да, — деди Комилахон кулиб. — Аммо ҳужжатда Мироншоҳ деб ёздирсангиз, яхши бўлар эди.

Мирюнус хотинининг кўнг­лини оғритиб қўйишни истамай, эътироз билдирмади. Ўғлига гувоҳнома олаётганда эса билганидан қолмади. Миран деб ёздирди. Комилахон бўлса, ўғлини Азизим, Азизжоним деб эркалар, бола нафақат онасидан, бошқалардан ҳам шу исмни эшитиб улғая бошлади. Ана шундай бир пайтда эру хотин “Азиз”нинг кўзларида нуқсон борлигини сезиб, югур-югурга тушиб қолдилар. Тумандан вилоятга, ундан пойтахтга чопдилар. Кимга кўрсатиш керак бўлса, кўрсатдилар. Қилинган муолажалар кор қилмади. Узоқ текшир-текширдан сўнг шифокорлар опера­циясиз ўзгариш бўлмаслигини маълум қилдилар. Буни эшитган   ота-она эс-ҳушини йўқотди. Энди нафақат уларнинг, балки бутун оила аъзоларининг ўй-хаёли “Азиз”да бўлди. Кўзлари кўзларига тушганда юраклари эзилди. “Тузалади. Худо хоҳласа, албатта, тузалади!” Она туну кун Парвардигори Оламга илтижо қилиб, ўғлига шифо тилади. Ялиниб-ёлворди. Афсуски, югур-югурдан натижа чиқмади. Шифокорлар эса ўзга чора топмадилар, тополмадилар…

Тоғнинг мусаффо ҳавосидан баҳри дили яйраган болакай унинг гўзал манзараларини ҳайратлана-ҳайратлана, завқлана-завқлана томоша қилолмади. Табиатнинг бетакрор чиройидан митти қалбини яйратолмади. Саволларининг ипидан игнасигача катталардан жавоб олди. Эшитганларини қалбан ҳис ва идрок этишга астойдил ҳаракат қилди. Бу туйғу унга қувонч бахш этди. Кўнглини кўтарди. Орзу-умидларига қанот бўлди. Бу орада Миран мактабга борадиган бўлиб қолди. Маслаҳат билан уни пойтахтдаги кўзи ожизлар мактаб-интернатига олиб боришди. Аммо кўп ўтмай ота-онаси “Бу ерда ўғлимизни қийнаб қўядиганга ўхшаймиз” деган ўй билан Миранни ўқишдан чиқариб олдилар. Яна дўхтирдан дўхтирга, касалхонадан касалхонага югуриш бошланди. Тиббиётчиларнинг қарори қатъий бўлди: “Операция!” Қарор амалга оширилди. Афсуски… Минг афсуски, ғира-шира кўриб турган кўзлар бор имкониятдан ҳам айрилди… Тамом! Ҳаммаси тамом! Боланинг ҳам, ота-онанинг ҳам орзу-умидлари чил-парчин бўлди. “Энди нима қилиш керак?”, “Нима қилса бўлади?”, “Бирон-бир йўли бормикан?”. Тинчлик бермаган қатор-қатор бундай оғир саволлар ота-онани чўктириб қўйди. Шундай бўлса-да, улар тақдирга тан беришни хаёлларига ҳам келтирмадилар. Мирюнус қўли калталигидан эзилди, қаттиқ эзилди. Буни хотини сезиб турди. Аммо чурқ этмади. Эрининг ярасига туз сепгиси келмади. Аммо унга ўзининг изтиробларини ҳам сездирмасликка ҳаракат қилди. Ёлғиз қолганда Худога илтижо қилиб йиғлади. Жигарбандининг кўзларига нур сўраб, ич-ичидан ўксиб-ўксиб йиғлади… Вақт эса шафқат қилмади. Худди, тегирмон тошидек айланди, айланаверди… Боланинг умрига кунлар, ойлар қўшилаверди.

У кунлардан бир кун деди: “Ўқишга бораман! Ўқигим келаяпти!” Борди. Бир йил йўқотган бўлса-да, тез орада дарсларга киришиб кетди. Астойдил ўқий бош­лади. Ўқитувчиларни диққат билан эшитди. Эшитиш қобилиятини кун сайин   чиниқтириб, ривожлантириб борди. Билмаганларини сўрашдан уялмади. Ўқиш ва ўрганишдан эринмади. Ҳа, демай, бошқалардан кам эмаслигини кўрсатди. Аъло баҳоларда ўқий бошлади. Буни кўриб-билиб турган отаси билан онасининг боши кўкларга етди. Оилада қувонч ва умид ёруғлиги кўриниб, қоронғулик чекина бошлади…

Бир куни янги келган ўқитувчи йўқлама қилди. Аллақачон, ҳамма ўрганиб қолган “Азиз”ни Миран Сахатов деб ўқиди. У эса ўрнидан туриб, “мен” демади. Синфга киргунга қадар барча ўқувчиларнинг ҳужжатлари билан танишган ўқитувчи “Азиз”га юзланди: “Адашмасам, Миран Сахатов сен бўлсанг керак?!” Менинг исмим “Азиз” — деди ўқувчи. Шунда ўқитувчи унинг гувоҳномасида исми-шарифи Миран Сахатов деб ёзилганлигини, бундан буён шу исмга кўникишини тайинлади. Буни унинг синфдошларидан ҳам илтимос қилди. Шу-шу уни ҳамма Миран деб атайдиган бўлди. “Азиз” эса кези келганда эсланадиган ширин бир хотира бўлиб қолди. Исминг Миран бўлганлигидан хафа эмасмисан?”, деб сўрашарди ундан баъзан. “Йўқ, асло хафа эмасман!”, — дея   жавоб берарди у.

* * *

Ҳаёт бу йигитчани аллақачон ўз дунёсига олиб кирган, ўзгаларга юк бўлмай, ўз ўрнини топиб олиши учун мустаҳкам иродали бўлиши, ақл билан иш тутиши, ўқиб-ўрганишда тиниб-тинчимаслиги, энг муҳими, ўзига ишониши ва мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиши лозимлигига ўргатиб бўлган, у буларнинг ҳаммасини бўй-басти ила теран англаб етгани учун ҳам чидам билан меҳнат қилишга, изланишга, мақсад сари дадил интилишга бел боғлаган эди.

Афсуски, бу ёруғ дунёдаги имконияти чекланган одамларнинг бари ҳам ўзининг бугуни, эртаси ва келажаги, умуман, тақдири ҳақида худди ана шу   ўсмир каби фикрлайди, ўз тақдири ҳақида ўйлайди, қайғуради деб бўлмайди. Уларнинг атрофидагилар эса ногиронни ранжитиб қўймаслик учун тилларини тийиб юрадилар. Ўзларининг ногирон фарзандлари қалбига қулоқ солиб, ёрдам беришдан, уларнинг қобилиятларини ривожлантиришдан, ўз йўлини топиб олишида кўмаклашишдан ё эринадилар ёки буни истамайдилар. Айрим ота-оналар эса тақдирга тан бериб, Худонинг буюргани экан-да, дейишдан нарига ўтмайдилар. Ваҳоланки, имконияти чекланган болалар ичидан турли соҳаларнинг билимдонлари, машҳур олимлар, санъаткорлар етишиб чиққанлигини ҳар доим ҳам хаёлларига келтиравермайдилар. Аслида у ҳам инсон эканлигини, инсондек яшашга ҳақли эканлигини чуқурроқ ўйласак, қанчадан-қанча имконияти чекланган йигит-қизларни жўшқин ҳаётга олиб кирган, бахтли яшашларига муносиб ҳисса қўшган бўлар эдик. Ана шунда “унинг кўзида ёки оёғида нуқсони бор, бирон-бир ишни уддалаёлмайди” деган мутлақо нотўғри қарашлардан халос ҳам бўлардик. Ахир, бу дунёда ногирон йигит-қизларнинг ажойиб касбларни эгаллаб, имконияти чекланмаганлар билан турмуш қуриб, бахтли ҳаёт нашидасини сураётганлари озми?!

Хуллас, қаҳрамонимиз мактаб-интернатни аъло баҳоларда битиргач, тўғри Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Саъди Сирожиддинов номли академик лицейга йўл олди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, ўзи хоҳлаган гуманитар фанлар йўналишига ўқишга қабул қилинди. Билим олиш билан бирга ўзини спортда ҳам синай бошлади. Аввалига дзюдо, кейин эса енгил атлетика билан шуғулланди. Бора-бора иккинчисини танлади. Бу уни чиниқтирди, кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди. Ўзини енгил ҳис этадиган, толиқиш нималигини билмайдиган бўлди. Шу тариқа югуриш ва узунликка сакраш машқлари унинг кундалик эҳтиёжига айланди, ҳаётга бўлган қизиқишини, ўзига ва ўз келажагига ишончи қатъий эканлигини амалда кўрсата бошлади. Машқлар осон кечмади. Ўзига яраша талаблари, қоидалари бўлди. Улар тинимсиз ишлашга, машаққатларни сабр-тоқат билан енгишга ўргатди. Ҳаммасини мураббийлари айтганидек, балки ундан ҳам яхшироқ бажаришга ҳаракат қилди. Ҳаракат ва интилишлар зое кетмади.

Орадан бир йил ўтиб, яъни 2010 йилда лицей ўқувчиси Миран Сахатов Республика енгил атлетика мусобақасига қатнашди. Юз ва икки юз метрга югуриш ҳамда узунликка сакраш бўйича рақибларини ортда қолдириб, ғолиблик шоҳсупасининг биринчи поғонасига кўтарилди.

Миран илк ғалабадан ғурурланиб кетмади, ўқувчилар ичида кеккайиб юрмади. Аксинча, ўқиш ва спорт бир-бирига ёрдам беришини, бир-бирини тўлдириши ва мустаҳкамлашини, бир-бирининг янги уфқларини очиши мумкинлигини   янада кенгроқ тушуниб, уларга аввалгидан-да, кўпроқ меҳр қўйди. Машқлар эса изчил ва узлуксиз давом этди. Бу пайтда Ўзбекистон Миллий паролимпиада ассоциациаси тузилган, унга энг истеъдодли спортчилар танлаб олинаётган, Миран Сахатов ҳам терма жамоага қабул қилинган, аммо бундан ҳали ўзи бехабар эди. Ниҳоят, уни ассоциацияга таклиф этишди. Келди. Хитойда ўтказиладиган халқаро мусобақага боришини эшитиб, ҳам хурсанд бўлди, ҳам ўйланиб қолди. Республика миқёсида ўтказилган мусобақада бор-йўғи бир марта қатнашган ёш йигит хорижий мамлакатдаги халқаро ўйинда кучли ва тажрибали спортчилар билан беллаша олармикан? Шунчаки, бориб-келиш унга ярашмайди. Ишонч билдирилдими, уни оқлаш керак! Ҳа, оиласи, қишлоқдошлари, дўсту биродарлари, лицейдошлари-ю ўқитувчилари олдида бошини баланд кўтариб юриши учун жамоани, унинг раҳбарларини уялтириб қўймаслиги шарт! Вақт эса қисқа. Туну кун машқ қилишни талаб этади. Бир ёқда ўқиш. Дарс қолдиришнинг иложи йўқ. Бирдан-бир йўл — машқларни тўғри ва самарали ўтказиш. Мураббийлар этагидан маҳкам тутиш.

У ана шундай мақсад билан ишга киришди. Мураб­бий Анна Валерьевна Казакова дилкаш, меҳрибон, самимий бўлгани билан қаттиққўл ва талабчан эди.

…Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларидан келган минглаб спортчилару ишқибозлар билан лиқ тўлган стадионлардаги шиддатли беллашувлар бошқалар қатори Миранни ҳам ҳаяжонга солмай қолмади. У ҳар бир мусобақани, ҳар бир спортчи ҳаракатини яққол кўриб тургандек ҳис этди. Ўзини уларнинг ўрнига қўйиб кўрди. Ўйлади. Мураббий билан фикр алмашди, маслаҳатлашди. Қатъий қарор қабул қилди. Халқаро мусобақадаги биринчи иштироки кўп нарсани ҳал этишини ҳам ёддан чиқармади.

Мана, навбат Миран Сахатовга келди. Югуриш йўлагида кузатувчининг нафас олишигача сезиб турибди. Ҳозир… ҳозир югуришга рухсат берилади. Бир, икки, уч! У бутун вужуди билан олдинга талпинди. Ёнидаги кузатувчидан ортда қолмасликка, керак бўлса уни ўзига эргаштиришга интилди. Кўрсаткич ёмон бўлмади. Бронза медали насиб этди. Бироқ у бундан қувонмади. Ўзини ғолиб деб билмади. Чунки, ундан пишиқ, кучли ва чаққонлар кўп экан. Тан берди… Бошқа мамлакатлардан бронза медалига сазовор бўлганлар хурсанд бўлганча қўшиқ куйлашар, бахтли ва бахтиёр эканликларини аҳли оламга кўз-кўз қилишдан   мамнун эдилар. Миран ҳам шундай қилишга   муносиб эди. Ахир биринчи халқаро мусобақа. Биринчи медаль. У бундай қилмади, қилолмади. Ўзига эп кўрмади. Балки шундай бўлгани ҳам маъқулдир. Чунки бу бошланиши. Ҳали ҳаммаси олдинда. Ғалаба ҳам, қувонч ҳам, олқишлар ҳам…

Навбатдаги халқаро мусобақалар ўзбекистонлик паролимпиадачиларни Туркияга чорлади. Терма жамоага Миран Сахатов ҳам қўшилди. Беллашув олдингидан кучли бўлди. Қаҳрамонимиз бу гал жаҳон миқёсида тўртинчи ўринни эгаллаб, ўзининг янги имкониятларини намоён этди. Аммо ўзи эришган натижасидан яна қониқмади. Буни мураббий Анна Валерьевна ҳам пайқади. Ўйлай-ўйлай шогирди ўз қобилиятини тўла намоён этиши учун асосий эътиборни нимага қаратиш кераклигини топгандек бўлди. Машқлар ўша-ўша. Лекин усул ва услуб ўзгара бош­лади. Машқлар ичида қандайдир сир борга ўхшар, илҳомлантирувчи куч яширингандек кўринарди. Мураббий бутун диққатини ана шунга қаратди. Ўша кучни ҳаракатга келтиришга, уни юзага чиқаришга интилди. Миран машқларда ёмон натижа кўрсатмади. Аммо машқ жараёнидаги кайфият, руҳий ҳолат бош­қа-ю, жаҳон мусобақасидагиси бошқача. Спортчи ҳар икковида ҳам ўзини йўқотмаслиги, ҳаяжонланмаслиги, бутун эътибори юксак маррани эгаллашда бўлиши керак. Бу Анна Валерьевна учун ҳам, Миран учун ҳам янгилик эмас эди…

* * *

Кейин эса улар ўтирган ҳаво кемаси Париж шаҳрига қўнди. Шундан сўнг меҳмонхона, стадион ва яна машқлар… Миран уч ҳатлаб сакраш бўйича тайёргарлик кўрар, спортнинг бу тури техник жиҳатдан анча мураккаб бўлиб, ҳаракатларда заррача янглишиш мағлубиятнинг гарови ҳисобланар эди.

Мана, у сакраш учун бериладиган буйруқни диққат билан кутаяпти. Нафақат ўзининг, ёнидаги кузатувчининг ҳам юрак уришини эшитиб турибди. Ҳакам сакрашга рухсат бериши билан улар олдинга ташландилар. Ҳамманинг нигоҳи уларда. Мураббий ҳам киприк қоқмай қараб турибди. Бир, икки, уч! Парвоз! Қўнди! Урра-а! Ғалаба! Ҳақиқий ғалаба. Офарин! Миран буни уддалади. Олқишлардан ҳам маълум бўлдики, у юксак натижани қўлга киритган. Ҳа, чиндан ҳам шундай бўлди. Ўзбек паролимпиадачиси ҳаммани лол қолдириб, мусобақанинг олтин медалига муносиб кўрилди. У шоҳсупанинг энг юқорисида мағрур туриб, Ўзбекистон мадҳияси садолари остида минг-минглаб томошабинларнинг олқишларини эшитди. Боши узра ҳилпираган байроғимиз Ўзбекистон номини миллионлар қалбига олиб кирди. Стадионда, меҳмонхонада, кўча-кўйда, ҳар қадамда Ўзбекистон шаънига самимий олқиш­лар айтилди…

2012 йил Англия ва Францияда ўтказилган жаҳон паролимпиада ўйинлари ҳам Миран учун жуда катта синов бўлди. Маҳорат сирларини қунт билан эгаллаган паролимпиадачимиз бу пайтга келиб, ўз йўналиши бўйича жаҳоннинг энг кучли спортчилари билан беллашишга ҳар томонлама тайёр эди. Буни у 2014 йил Бирлашган Араб Амирлигида ўтказилган Осиё ўйинларида ҳам исботлаб, яна бир олтин медални қўлга киритди. Ўша йили Кореяда ўтказилган халқаро беллашувда 200 ва 400 метрга эстафетали югуришдан ҳам олтин медаль билан қайтди. Респуб­ликамизда ҳар йили ўтказиладиган анъанавий ­“Эътироф-14” танловида эса “Энг матонатли спортчи” мукофотига сазовор бўлди. 2016 йилнинг март ойида Бирлашган Араб Амирлигида ўтказилган навбатдаги халқаро мусобақада   200 метрга югуриш бўйича энг юқори кўрсаткичга эришиб, олтин медаллари сонини яна биттага кўпайтирди.

2016 йил Миран Сахатов учун унутилмас таассуротлару ғалабаларга бой бўлди. У Жанубий Африканинг энг чиройли шаҳарларидан бири Рио-де-Жанейродаги паролимпиада ўйинларида қучган ғалабаси учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ “Жасорат” медали билан тақдирланиб, “Малибу” автомашинаси ҳамда 75 минг АҚШ доллари билан мукофотланди. Бу юксак мукофот уни янги-янги зафарларга илҳомлантирди.

Миран худди шу йили Низомий номидаги Тошкент давлат университетининг тарих факультетини муваффақиятли тамомлаб, аввал магистратурада, кейин докторантурада таҳсил олди. Спортдан айрилмаган ҳолда тарих йўналиши бўйича илмий-тадқиқот билан ҳам изчил шуғулланди. Шу орада Мафтунахон исмли қиз билан оила қурди. Хонанда дўсти Анвар Санаев дилбар қўшиқлари билан меҳмонлару мезбонларни беҳад шод этди. Ҳатто, Мираннинг ўзи ҳам рубоб чалиб, хонанда билан бирга куйлаб, ҳаммани лол қолдирди. Қаҳрамонимиз шунақа: серқирра истеъдод эгаси. Эҳ-ҳа, ҳали унинг нотиқлигини эшитмабсиз, бу дунёга келмабсиз. Адабий тилда тиниқ ва равон гапиришни телесухандонлару тележурналистлар Мирандан ўргансинлар, ҳа, Мирандан!

* * *

Шода-шода бронза, кумуш ва олтин медалларнинг соҳиби, Ўзбекистон енгил атлетика терма жамоаси аъзоси, тарихшунос Миран Мирюнусович Сахатов мустақиллик тенгдоши. Қалби Бўстонлиқнинг ҳавосидек тоза ва беғубор. Камтар, камгап, самимий, мулоҳазали инсон. Ота-онаси, ука ва сингиллари, рафиқаси, қизи Мунисахон, ўғиллари Мирхон ва Миршоджонларни ўзининг энг катта бойлиги деб билади. Улар билан фахрланишини тўлқинланиб-тўлқинланиб сўзлайди. Устози Анна Валерьевна Казаковага ҳурмати баландлигини, уни юксак қадрлашини ҳам қайта-қайта такрорлашдан эринмайди.

— Бўстонлиқдан пойтахтга келиб-кетиш чарчатиб қўймаяптими? – дея суҳбатга чорлаймиз уни.

— Бўстонлиқ менинг туғилган жойим – Ватаним. Ватаннинг бағрида нафас олиш, яшаш, унинг ташвиш ва қувончларини ҳис этиб туриш ҳар бир инсон учун олий неъмат, деб биламан. Энди буёғига қулоқ тутинг. Сиз газетага ёзсангиз, мен тумандошларимнинг бир дардини айтай. Бу жойни минглаб одамлар орзу қилади. Ахир, гўзал манзара-ю мусаффо ҳаво кимга ёқмайди?! Аммо мана шу масканда бунёд этилган кир ювиш кукуни ишлаб чиқарадиган корхона табиатимизнинг кушандасига айланяпти.

Мен шу табиатнинг ошуфтаси, Бўстонлиқнинг бир фарзанди сифатида бормаган жойим, тақиллатмаган эшигим қолмади. Афсуски, қулоқ соладиган мард топилмади. Бу кетишда Бўстонлиқда эртага яна битта эмас, бир нечта шундай корхона қурилмаслигига ким кафолат беради? Ахир, завод қуриш учун хушманазара жой танлаш шарт эмас-ку!

Шаҳарга келиб-кетиш эса мен учун қийин эмас. Электр поезди қатнаб турибди. Нари-бериси билан бир соат вақтим кетади. Аммо шу вақт ичида поездда эшитганларимнинг ўзи бир китобга тенг келади. Уларнинг керагини қабул қилсам, кераксизини ўша заҳот унутиб юбораман, дейди куюнчак қаҳрамонимиз.

— Инсон борки орзу, яхши ният, эзгу ўй билан яшайди. Режаларингиз ҳам кўп бўлса керак?, – дея сўраймиз яна.

— Албатта, режасиз яшаб бўлмайди. Режа – бу тартиб-интизом, маданият, ютуқ. Менинг режамнинг бир томони спорт, бир томони илм билан боғлиқ. “Таълим-тарбия назарияси ва методикаси”га бағиш­ланган докторлик ишим тайёр. Айни пайтда Хитойда ўтадиган Осиё мусобақаларига тайёргарлик кўраяпман. Ҳа айтганча, диссертациям ҳимоясига келасиз, деган умиддаман.

Миран Сахатов докторлик диссертациясини ҳимоя қилади-ю, мен қараб тураманми? Бораман, албатта бораман!

Бу сўзлар қалбимдан отилиб чиқди гўё. Сўнг беихтиёр ўйлай бошладим. Демак… инсонга берилган иқтидорни тарбиялашда гап кўп экан-да. Ҳамма гап интилиш, меҳнатдан кўрқмасликда экан! Бунга Мираннинг ҳаёт йўли ҳам бир мисол.

Нуриддин ОЧИЛОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 2 =