Дунёда яхшилар кўп
Хаёлимда йиғилган фикрларни, ўйларни бир ўтиришда ёзиб ташлашимга ишончим комил эди. Аммо қўлимга қалам олиб-олмасимдан сўзларим, хаёлларим чулғаниб, қаламнинг учи қоғозга тиралди. Сабаби, мен сўз юритмоқчи бўлган инсон нафақат Денов тумани-ю Сурхондарё вилоятида таниқли шахс бўлмай, балки бутун мамлакатимизда ҳам машҳур киши бўлиб, бемалол, кўнгил истагандай ёзиш душвор эканлигини англаб қолдим. Бундай одамлар шахсиятида ортиқча сўз қўшиб бўлмаганидек, сўзларни «тежаш» ҳам гўё камситилгандек туюларди… Хаёлларим қотиб, ўйга чўмдим. Алал-оқибат унинг ҳаётидан билган, гувоҳи бўлган айрим ибратли лаҳзаларни кўз ўнгимга келтира бошладим.
* * *
Тоштемир Турдиев. Бу инсоннинг таърифини мактабда ўқиб юрган кезларимданоқ эшитганман. Аввалига шоир ва журналист, кейинчалик халқ ижодиётининг яна бир фидойи олими сифатида. Унинг узлуксиз изланишлари натижасида қўлга киритган Сурхондарё ва Қашқадарё халқларининг бебаҳо ижод дурдоналари туман ҳамда вилоят газеталарида босилгани сайин муштарийларнинг ўтмишга бўлган меҳрини янада орттирарди. Афсуски, Тоштемир ака билан мен кечроқ танишдим. Унда ҳам бир машқим туфайли. Уни таниқли шоир Низомжон Парда ўқиб:
— Ҳикоянгиз ёмон эмас, — деди, негадир менга шубҳали боқиб. — Шу вақтгача сизнинг ёзганларингизга кўзим тушмаган экан…
— Мен ўқишда эдим. Кейин, икки тилда ёзаман.
— Зуллисонайн ижодкорман денг, — Низомжон аканинг шубҳалари тарқалиб, юзлари ёришди, — Рости гап, ҳикояларингизга эътирозим йўқ, қўлингиз келишиб қолибди. Шунга қарамай, Тоштемиржонга бир ўқитинг. Бир ижодкорни кашф этса, у киши тилла тўла кўза топгандай қувонади.
Низомжон Парданинг қуйидаги сўзлари эса ҳайратимни янада оширган эди.
— У киши Деновнинг Мир Алишери. Ҳам адабиёт соҳасида, ҳам сиёсатда. Балки муболаға қилгандирман, аммо иккисининг юкини тенг кўтаришда бу орада у кишига тенг келадигани йўқ. Ҳали бу гапларимга ўзингиз амин бўласиз. Қаламкашларни кўрса қувонади, бошларини бириктириб устозлик қилади.
Шундай бўлса-да, Тоштемир аканинг салобати янада ошиб, ҳали етилмаган машқларим билан у кишининг вақтини бекор кеткизгим келмади.
* * *
1974 йилнинг ноябрь ойи. Мактабдан эндигина уйга қайтиб, ҳали кийимларимни алмаштиришга улгурмаган эдим, кўчада машина сигнали эшитилди. Чиқдим. Ҳайдовчи машинадан тушмай:
— Сизни катта чақиряпти, — деди.
— Каттангиз ким? — ҳеч нарсага тушунмадим.
— Район халқ назорати бўлими бошлиғи.
— Демак, Тоштемир ака йўқламоқда. Қизиқ, нима гап экан?
Йўл-йўлакай сабаб излардим. Бир гумоним яқинда қишлоқ шўросининг раиси билан тортишганим бўлди. Бир куни ҳўжалик дафтарини олиб келди, ўқитувчиларга тарқатди. Қишлоқ аҳолисининг томорқасини, мол-ҳолини қайта рўйхатга олиш учун. Қайсарлигим тутган эди, раис катта кетди. Мен ҳам паст кетмадим. Рост-да, нима иш бўлса — мактаб кўндаланг, кам-кетик топишса, ҳамиша таёқ ўқитувчининг бошида синади. Раиснинг жазаваси тутиб, менинг кўзимни мошдек очишга «ваъда» берганча мактабдан чиқиб кетган эди. Бари тушунарли. Демак, чиғириқдан ўтказишади. Хаёлимни йиғиб, бўлажак савол-жавобларни тартибга сола бошладим:
— «Маълумотингиз?»
— «Олий»
— «Касбингиз»
— «Ўқитувчи»
— «Ўқитувчи бўлатуриб сиёсатга қарши чиқишингизни қандай тушуниш мумкин?!»
— «Сиёсатга қарши чиқиб не қилибман?»
— «Қишлоқ шўроси раисининг сўзини нега ортиқча дахмазага чиқардингиз?»
— «Ўқитувчининг вазифаси ўқитишдир. Ўз вазифасини ўйлаб, ёш авлоднинг келажаги билан қизиқмайдиган қоринбойларнинг дастёри эмас!»
— «Эгилган бошни қилич кесмайди!»
— «Бошни қилич эмас, қилич кимнинг қўлида бўлса ўша кесади!»
— «Тушунмадим. Менга сиз фалсафа сўқмоқчимисиз?»
— «Йўқ, узр, асло…»
Бундан баттароқ хаёллар билан бошлиқнинг эшигини очдим. Хона узун эди. Ўртада хона бўйи стол қўйилган. Икки тарафида орқа суянчида оқ сурпдан жилд қопланган стуллар терилган. Тўрда кўндаланг қўйилган стол ортида узун бўйли, барваста одам ўтирарди. У ёзишдан бош кўтариб: «Келинг», — деди ва ёзувдан тўхтаб, оқ оралаган ўсиқроқ сочини бармоқ панжалари билан орқага тараганча менга юзланди.
— Хизмат?
Мен ўзимни таништирдим. У кишининг юзлари беихтиёр ёришиб ўрнидан турди.
— Сиз Бойбўсиновмисиз? — сўради ва жавобимни кутмай қўшди. — Кеча очеркингизни ўқидим. Ўзимизнинг газетада. Офарин!
Кутилмаган мақтовдан кайфиятим ўзгарди чоғи, буни илғаган бошлиқ ўша оҳангда сўзини давом эттирди.
— Жуда зўр, аммо кам-кўсти йўқ демоқчи эмасман. Асарнинг барчага баравар ёқишиям шартмас. Энг муҳими, очеркингизда мавзу яхши очилган, қаҳрамонингиз дарди шундоқ кўриниб турибди. Муҳими, табиий ёзилган. Асарнинг нафосати ҳам шунда…
Сўзимиз қовушиб, суҳбатимиз илиган сайин шоир Низомжон Парданинг айтганлари қулоғимга баландроқ чалинарди: «Бир ижодкорни кашф этса, тилла тўла кўза топгандай қувонади».
Ўша учрашувни эсласам, хаёлимда бир фикр кечади: ижоднинг поғоналари бўлади, яъни ҳаваскорлик ва ижоднинг ҳаёт мазмунига айланиши, касб даражасига етиш даврлари. Йўқса, ёшликда ким қўлига қалам олмаган? Муҳаббат бўстонидан ким ўз гулини изламаган, ҳаёт гирдобига кимлар шўнғиб, оҳ-фиғони фалакка чиқмаган. Бироқ буларнинг аксарияти кўпга чўзилмайди. Адабиёт даргоҳига баҳор селидай тошиб кирганларнинг шовқини кўпга таралмай, манзилга саноқлиларгина етишининг ҳам боиси шу эмасми? Афтидан, Тоштемир акани ана шундай муаммолар қийнайди, шогирдлари манзилга етиб, адабиётимизнинг равнақига ўз овозлари билан ўз улушларини қўшишини истайди, шогирдларининг аксарияти маҳаллий йигит-қизлар. Тағин кўплигини айтмайсизми?! Бири шуҳрат остонасига етган бўлса, бошқаси пойгакда. Уларнинг бари билан суҳбатлашиш, адабиёт оламида ғолиб келиш — ўта изланиш ва фидойиликни талаб этишини уқтириш, орзу ва мақсадларидан огоҳ бўлиш, ютуқларидан фахрланиш, камчиликларини кўрсата билиш, ҳамдард, ҳамнафас бўлиш ҳазилакам вақт ва меҳнат талаб этмайдими? Унинг эса вақти чекланган. Масъул вазифада ишлайди. Ўзининг таъбири билан айтганда, иши бошидан ошган. Кунда ўнлаб, юзлаб одамлар қабулига киришади. Уларни сабот билан тинглайди, муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилади. Иложсиз қолганда узр сўраган пайтлари ҳам бўлган. Рост-да, эҳтиёж туғилмаса, иши бўлмаса, бирор муаммоси бўлмаса, шунча одам унинг эшигини қоқадими? Афсуски, барча муаммолар осонгина ҳал бўлмайди. Бўладиганини «бўлади», бўлмайдиганини «бўлмайди» дейишга ботинмайди. Назарида улар ранжишади, маъмурлардан умидлари сўнади, раҳбарларни нўноққа чиқариб, жамиятдан, ҳукуматдан эътиқодлари қайтади. Бу эса фожиа, давр, замон фожиаси. Тоштемир ака буни истамайди. Ечимсиз муаммонинг йўқлигини уқтириб, мушкулининг албатта ҳал бўлишига ишонтириб кузатади. Қўлдан келганча ана шу одамлар дарди билан яшаб, уларга енгил бўлишини истайди. Масаласи ҳал қилинишига бор имкониятини ишга солади.
* * *
Бекорчиларга вақт азалдан энг кўп нарса. Фақат Тоштемир Турдиевга ана шу вақт деганлари етишмасди. Баъзан меҳнат интизомини «бузиш» ҳисобидан вақт тежарди. Эвазига роса танбеҳлар эшитарди. Айниқса, Раъно Узоқова қўлёзмаларини излаб юрган кезларида… Унда собиқ райкомда умумий бўлимни бошқарарди. Ажойиб истеъдод соҳибаси шоира Раъно Узоқованинг ижоди унга тинчлик бермасди. Охир-оқибат изланишга киришди. Раъно Узоқовага бағишланган китобда муаллифнинг машаққатли изланишлари нафақат батафсил ёритилган, шунингдек, ҳар қандай хайрли ишнинг акс-садосиз қолиб кетмаслиги тўғрисида қайғуради. Бундай исбот тақозо этмайдиган ҳидоят туфайли эса адабиётимиз сафида яна бир зукко, оташнафас шоира сони ортди.
Бу осон бўлмади, албатта. Тоштемир ака масъул вазифада меҳнат қилса-да, ҳамиша иши бошидан ошиб ётган, ташвишлари етарли бўлса-да, вақт топиб Раъно Узоқова ижоди билан жиддий машғул бўлди. Бир ижодки, унгача биров эътибор қаратмаган, бировнинг эсига ҳам келмаган мўътабар ижод!
Раъно Узоқова 1940 йилларда Сурхондарёга келиб, вилоят газетасида меҳнат қилган, қатор шеър ва ҳикоялар ёзган эди. Умуман, шоира қисқа умр кечирган бўлиб, ёзган нарсалари Самарқанд ва Сурхондарё вилоят нашрларида ҳамда республиканинг турли газета-журналларида сочилиб кетганди.
Фидойи инсон уларни излади, тўплади. Катта бир китоб тузди. Сўнг бу юмушлар билан иш битмади. Шоирнинг ижодий фолиятини муносиб ўринга қўйиш учун Тоштемир ака ҳатто ўша вақтда республикамизнинг биринчи раҳбари бўлиб турган Шароф Рашидов қабулига киришига ҳам тўғри келди.
Раъно Узоқова номини эшитган давлат арбоби ва атоқли адиб Шароф Рашидовнинг нигоҳлари ялт этди. Узоқ ўйга толди.
— Ҳа, истеъдодли қиз эди. Бир пайтлар Самарқанд вилоят газетасида бирга ишлаганмиз. Раҳмат сизга, Тоштемиржон, қандай кўмак бўлса, тайёрмиз, — деди Шароф Рашидов.
Ўзбекистон раҳбаридан бундай илиқ сўзлар эшитиш Тоштемир акани янада тўлқинлантириб юборди. Вилоят маркази Термиз шаҳрида шоира таваллудининг 60 йиллиги кенг нишонланишига эришилди. Раъно Узоқованинг «Субҳидам қалдирғочи», «Сайланма» деб номланган китобларини чоп эттирди. Бир сўз билан айтганда Сурхон элига Раъно Узоқова деган адибаси қайтганидан, қайта яшаётганидан унинг қувончи чексиз, бир хум тилло топган одамдан ҳам бахтиёрроқ эди.
* * *
Эзгу ва холисона амалларга нима етсин.
Ҳаётнинг эса қирралари кўп. Бир гал хазарбоғлик кекса ўқитувчи Акрам Неъматов Тоштемир Турдиевнинг қабулига кириб, ҳол-аҳвол сўради. Унинг сўрашларидан қандайдир тортинчоқлик сезган устоз домланинг дилидагини тилига чиқармоқчи бўлиб:
— Келин туширмоқчи экансиз, хизмат бўлса ўйланиб турманг, бажарамиз, — деди.
— Хизмат шуки, тўйга хабар келса, албатта, боринг… Қайси куни бекорчиликдан эски суратларни ковлаштириб туриб, кўзим манави суратга тушди, — дея домла ён чўнтагидан қоғозга ўралган бир суратни чиқариб берди. Сурат вақт ўтгани сайин сарғайган бўлса-да, яхши сақланган эди. Тоштемир ака суратга боқди, унда тоғликларга хос бўлган олд айвони очиқ уйнинг ўртанчи устунига елкама-елка тушган ўн икки, ўн уч ёшли боланинг ғамгин қиёфаси акс эттирилган. Бош яланг, сочлари ўсган, кўйлак-иштонлари калта, дароз, ғамгин кўзларини яланг оёқларига тикканча, гўё ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилишарди. Тоштемир ака расмга узоқ тикилди. Тикилган сайин кўзлари қисилиб, нафас олиши қийинлашарди, сўнг бурун тортди, сўнг кўзлари «терлади», Сўнг… сўнг…
— Шу уйда туғилганман, — энтикиб сўз юритди Тоштемир ака, — шу ҳовлидан отам урушга кетган, онам шу ҳовлида жон берган. Аҳмад акам билан ёлғизлик азоб-изтиробларини бошдан кечирганмиз. Айниқса, тунлари қўрқувдан юрак ҳовучлаб чиқардик. Бу сурат… сизга қандай тушунтирсам экан… Бу сурат — сурат эмас, аянчли ёшлигимиз, кулиш, қувонишни унутган дамларимиз, орзу-умидлар ўрнида қорин ташвишида ўтган онларимизнинг тимсоли. Аниқроғи, ҳайкали!
Ушбу сурат ҳали ҳам альбомининг қатида. Ҳар кўрганда қадимий бир ривоятни эслайди. Эмишки, бир подшоҳ эшиги тоқида эски чориғини илиб қўйганмиш. Катта ҳикматли ривоят-да бу. Аммо у шоҳ эмас, ҳашамати ҳам йўқ, бор бисоти, суянчиғи эди халқи. Бир етимчага оталик қилган, тарбия берган, ўқитган, мансаб ва мартабага етиштирган шулар. Гоҳида ўйлаб қолади: уларнинг хизматини қила олдими? Яхшилигини қайтара олдими? Муаммо дегани зарпечакдай бир гап, бугунгисини ўтасанг, эртаси куни бошқаси чирмашиб чиқади, айримлари ўта жиддий. Уни ҳал қилиш учун тумандагилар тугул вилоятдагилар ожиз. Осон бўлганда қўшни Тожикистон Республикасидаги Турсунзода шаҳрида жойлашган алюминий заводининг бутун Сурхондарё вилоятини заҳарлаётганини, нафақат одамзодни, ҳатто ҳайвоноту набототни яроқсиз ҳолга келтираётганининг ечими топиларди. Одамларнинг турли касалликларга чалинаётганига, норасида гўдакларнинг чалажон, ногирон туғилишига, ҳайвонларнинг тишлари тўкилиб, зотдор молларнинг насли бузилаётганига, шифобахш ўт-ўланларнинг қуриб, дориворлик хусусияти йўқолиб бораётганлигига чидаб бўладими? Бироқ бу тақдир эмаски тан берса. Тоштемир ака ўша, айниқса, 1985-1990 йилларда авж олган табиат ҳодисасига бефарқ қарай олмади. У зарар кўрган ҳудудлар аҳолисига кўзгу тутишга, элу халқни кўринмас фожиадан қутқаришга уринган эди. Ўтли мақолалар ёзди, ана шу чиқишлар асосида 1987 йили тасвирга олинган ҳужжатли фильм марказий телеканалларда, ҳатто собиқ шўролар телеканалларида қайта-қайта намойиш этилди. Вазият қандай якун топишидан қатъи назар, у ўз бурчини бажарди. Қалбида шоир, олим, халқпарвар раҳбар, уйғоқ ёзувчи сифатидаги туйғулар бирикиб, самовий эмас, замонавий фожиага қарши исён кўтарди… Қолганига атоқли ёзувчи Чингиз Айтматовнинг бу фильмни кўриб, марказий газеталарга билдирган фикрлари, айниқса, Айтматовнинг Дашнобод анорларининг шуҳратини хориж мамлакатларидан эшитганларини эслаш кифоядир.
* * *
Ҳа, Тоштемир Турдиевнинг фаолияти, яшаш тарзи, эзгуликни пеша қилишлари, рамзий маънода бўлса-да, беихтиёр Мир Алишер ҳазратларининг элпарастлигини эслатади, ёнимизда шундай одам борлиги барчамизнинг фахримиздир. Шундай эмасми? Аслида ҳам шундай. Унинг ижодкорлар билан қиладиган ҳар бир суҳбати адабий мажлисга айланиб кетарди. Қаерда ва қандай вазифада ишламасин, хонасининг бир томонида китоб жавони мавжуд. Ундаги китобларнинг аксариятида самимий дастхатлар битилган. Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Мирмуҳсин, Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Эшқобил Шукур, Ҳожиакбар Шайхов, Нодир Норматовларнинг шукроналарида ижодининг янги қирралари кашф этилган бўлса, шогирдларининг илк китобларида ўз устозидан нақадар миннатдорликлари ўта самимият билан битилган. Дарҳақиқат, ижод узлуксиз қўллаб-қувватланишни, ўсиши учун одилона ва оқилона руҳлантириб туришни тақозо этади. Тоштемир Турдиев буни яхши билади. Маҳаллий ижодкорларнинг қалами ўткирлашиб, матбуот юзини кўраётганидан нафақат қувонади, шунинг баробарида уларнинг ижодини тарғиб этишда ҳам изланишлар олиб боради. Бошларини бириктириб, мактабларда, академик лицейлар-у коллежларда учрашувлар ташкил этиб, ўқувчилар қалбига олам-олам завқ бахш этади. Натижада ўқувчилар воҳа ижодкорларига ихлос қўйиб, адабиётга бўлган муҳаббатлари ошарди.
Мустақилликка эришишимиздан сал олдинроқ Узун туман партия комитетининг котиби М. Баҳриддинова билан бўлган бир суҳбатда райком опа Денов адабий муҳитининг тобора шаклланиб, ҳатто Республика ижодий уюшмаларининг эътирофига муяссар бўлишида Тоштемир Турдиевнинг хизмати улкан эканини эҳтиром билан таъкидлаб, қўшни туманларда маҳаллий ижодкорларга бўлган эътибор бу даражада эмаслигидан афсусланиб гапирганларини ҳамон эслайман. Чунки бу гапда зарра қадар муболаға йўқ эди. Айниқса, Сариосиё, Узун туманларида Сулаймон Хўжаназар, Холбой Нотиқ, Абдулла Раҳмон, Абдуқаҳҳор Маҳмадали, Фозил Шукурзод, Хусрав Саъдулло, Солиҳ Муҳаммадзод каби талайгина иқтидорли адиблар самарали ижод қилмоқдалар. Айримларининг 2-3 тадан тўпламлари чиқиб, ўз ўқувчи ва мухлисларига эгалар. Адабий муҳитнинг устувор бўлмаганлиги туфайли ҳар ким ўзича устоз, ўзича шогирд қабилида қалам тебратяпти. Абулқосим Фирдавсийнинг таъбири билан айтганда:
Пароканда лашкар наояд ба кор,
Дусад марди жанги беҳ зи сад ҳазор.
Таржимага ҳожат йўқ. Юз минг калтак кўтарган кишидан кўра икки юз жангчи афзал бўлгани каби пароканда лашкардан ҳам кутилган натижа чиқиши қийин…
Устоз ҳақида аслида бундай эътирофлар, сўзлар жуда кўп гапирилган: катта-катта минбарларда, қаҳрамонимизнинг 50, 60, 70, 80 йилликлари нишонланган кезларда, китобларининг тақдимотларида.
Устоз томонидан ўзбекнинг буюк халқ мероси — «Алпомиш» достонини қайта ёзиб олиб, унинг кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани-ю, нафақат мутахассис олимлар, минглаб ўқувчилар олқишлаганча қабул қилган тантаналарда…
Айниқса, «Денов тафаккур чароғлари», «Денов қасидаси», «Денов, бу — Денов-да» тазкираларининг қадрланиб, тарихий аҳамият касб этгани эътироф этилганида…
Арзийди! Бундай фахрли лаҳзалар рўйхатини кўплаб келтириш мумкин. Аммо қалбимизда фахр туйғуси кўпирганда яна бир нарсани эслаймиз. Бундай фараҳбахш натижалар замиридаги ва бизга кўринмайдиган эгилмас ирода, мустаҳкам жасорат, муаллиф танасини ноаён тарк этган куч-қувват сочларни оқартириб, ёшлигини қаритган ва шулар ташвишида сездирмай ўтган вақт ҳақида ўйлаймиз. Бу ҳақиқий фидойилик. Фидойилик ва қаҳрамонлик! Чиндан ҳам Тоштемир Турдиев миллатимиз маънавияти, маърифати, адабиётимиз, бой миллий меросимиз қайғусида умр кечирди. Бугун ҳам қутлуғ ёшда ана шу улуғ тамойил асосида яшаб, ижод қилмоқда. Зеро, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам бир қанча давлат тадбирларида, катта анжуманларда Тоштемир Турдиев номини чуқур ҳурмат ва эхтиром билан тилга олгани бежиз эмас.
Биласизми, нега Денов ҳокимияти биносига Ўзбекистоннинг қайси нуқтасидан, айниқса, Тошкенти азим — пойтахтдан қайсики меҳмон қадам ранжида қилмасин, аввало, Тоштемир аканинг хонасига кириб ўтади. Устознинг дуосини олай дейди. Негаки, у киши Маданият ва маърифат кенгашининг Денов туман бўлими раҳбари сифатида ҳамон ҳар бир катта-кичик ишларга, юмушларга бош-қош, камарбаста.
Қолаверса, устознинг хоналари ижодкорларнинг учрашув маскани. У ерда устоз адиблар, ёш ижодкорларнинг портретлари илинган. Худдики мактаблардаги адабиёт хонаси дейсиз!
Республикада чоп қилинадиган барча газета-журналларнинг тахламлари мужассам бу хонада. Худдики катта бир таҳририят бош муҳаррирининг хонаси каби!
Ва яна китоблар. Энг сара, энг янгилари. Худдики муҳташам кутубхона дейсиз!
… Тоштемир ака ана шундай хонада ишлаб, ижод қилади. Ўзига яқин билган дўстлари, укаларига бир гапни баъзан айтиб қолади: хона деразаси равоқига қўйилган рўмолчани олиб, ундаги бир ҳовуч қотган нонни ўртага қўяди. «Мана, — дейди у бир бўлак қотган нон бўлагини олиб, — шу етади. Бир пиёла сув ё чой билан тановул қилинг. Қаноат қилинса, шу ҳам кифоя. Қорин тўяди. Ҳаволаниб кетиш керак эмас. Нафсни енгиш — саодатга етаклайди…»
Устознинг бундай ўгитларини олиш, қулоққа илиш, қалбга жойлаш нақадар улуғ эканлигини билсангиз эди!
Устоз билан гурунглашиб фақат олам-олам қувонч, куч ва ижодий иштиёқ олиш мумкин. Чунки Тоштемир Турдиев бугун улуғ термизийлар, Сўфи Оллоёр, Алловуддин Аттор, Фаррухий каби зотларга макон бўлган, Шукур Холмирзаев, Менгзиё Сафаров, Тоғай Мурод, Нодир Норматов, Рўзи Чориев, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Мирзо Кенжабек, Сирожиддин Саййид, Эшқобил Шукур ва бошқа кўплаб истеъдодларни етиштирган Сурхон заминининг маънавий ҳаётини элдошларимизга тарғибот қилаётган, нафақат ўз асарлари, балки бутун фаолияти билан янада юксалтиришга ҳисса қўшаётган улуғ устоз.
Айтинг, айтинг, устоздек Деновни, Сурхондарёни, бутун Ўзбекистонни севиб ардоқлайдиган, ҳар бир куни юрт фахри-ифтихори билан яшайдиган зиёли одам билан замондош бўлишдан фахрланмасдан бўладими?
Дунёда яхшилар кўп, улар дунёни безатади, деган ҳақиқат ҳақиқатларнинг энг зўри бўлса керак. Бунга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Турон фанлар академиясининг академиги Тоштемир Турдиевнинг умр йўли ҳам намуна ва ибратномадир.
Чоршанби ДЕҲНАВИЙ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси