“Уллубоғ”даги улуғ ишлар
Тўрткўл туманидаги “Уллубоғ” овул фуқаролар йиғини, туманда аҳоли сони жиҳатдан энг кўп ҳудуд саналади. Жумладан, битта ёрдамчи логопед мактаб ва тўртта умумий ўрта таълим мактаби, бозор, темир йўл ва бир қатор объектлар ҳам айнан шу маскандан ўрин олган. Йигирма икки мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган овул фуқаролар йиғинида ёш тадбиркорлар анчагина. Ҳунармандлар, ижодкорлар, санъаткорлар, соҳибкору боғбонларни ўз бағрига олган маконда турли миллат вакиллари баҳамжиҳат умргузаронлик қилишмоқда.
Азалдан бободеҳқонлар, миришкорлар юрти саналган Тўрткўлда кўркам бинолар, замонавий типда қурилган маиший объектлардан тортиб, чекка овул аҳолисигача меҳнатда тобланиб, юрт корига яраш иштиёқида ёнаётир. Оилалар, хонадонларнинг ободлигида маҳалла, овул оқсоқолларининг ўрни беқиёс. 2013 йилдан буён овул аҳолиси, у ерда яшаётган оилалар тақдири, келажаги, орзу интилишларига камарбаста бўлиб келаётган “Уллубоғ” овул фуқаролар йиғини раиси Ўринбой Юлдашев таъкидлаганидек:
– Барчамизга маълум, Ўзбекистонда учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш учун ҳаракат қилинмоқда. Президентимиз Ренессанснинг асосий пойдевори сифатида таълим тизимини янги поғонага олиб чиқиш лозимлигини таъкидладилар. Бу ҳақиқат, албатта. Бундан ташқари, камбағалликни қисқартириш режаси, дастури ва “йўл харитаси” тузилди. Шунингдек, ишсиз фуқароларни муайян касб-ҳунарларни пухта ўзлаштиришни ташкил қилиш ва бу билан дунёда талаб кучли бўлган мутахассисларни етиштириш асосий вазифа қилиб белгиланганини алоҳида таъкидлашни истардим. Бугунги кун талаби муаммо ва қийинчиликлардан қочиш эмас, балки уларни бартараф қилишни тақозо қилади. Шу боис, ходимларимиз билан биргаликда кам таъминланган ёки меҳнатга лаёқатсиз фуқароларимизнинг оилавий шароитини ўрганиб, муаммоларни жойида ҳал қилиб келмоқдамиз, — дея сўзини давом эттирди, пандемия даврида аҳолини қўллаб-қувватлагани учун “Меҳр – саховат” кўкрак нишони билан тақдирланган Ўринбой Юлдашев. – Боғдорчиликда ҳам биздан ўрганишга арзийдиган ишлар талайгина. Пандемия шароитида кам таъминланган оилаларга маҳалла ва саховатпеша тадбиркорлардан Алишер Отажонов икки юзта хонадонга уч юз минг сўмдан, Эркин Раҳимов 4 та хонадонга биттадан қўй, Бекжонбой Бобожонов сигир эҳсон қилишди. Бундан ташқари, 30 та эҳтиёжманд оила кўмир билан таъминланди, 6 та хонадонга иссиқхона қуриб берилди. Ўз-ўзини банд қилиш бўйича ҳам ишлар йўлга қўйилганлиги боис ҳудудимизда ишсизлар сони кам.
Тадбиркорлик билан шуғулланиб ҳам оиласини, ҳамда овулда яшовчи ишсиз ёшларни иш билан таъминлаб келаётган Рустамбек Раззоқов томонидан ташкил қилинган шланга цехида 6 нафар ёш, Давронбек Мавлоновнинг пакет цехида 6 нафар ишчи мунтазам иш билан таъминланган. Шунингдек, тўқувчилик билан шуғулланаётган Бекпошша Абдуллаева ўз шогирдлари билан қизларга тўқувчиликдан ташқари тикувчилик ва бошқа ҳунарларни ўргатиб келмоқда. “Ҳунарли киши хор бўлмас” деганларидек, ҳунармандларимиздан, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган темирчилардан Илҳом Машарипов, теричилик бўйича Эркин Раҳимовлар овулдошларига ўз ҳунарларини ўргатиб, шогирдлар орттирмоқда, — дея сўзига якун ясади Ўринбой ака.
Аллақачон маданий зонага айланиб улгурган овулда, яқинда томорқадан унумли фойдаланиш ва иссиқхоналарда мева-сабзавотлар, лимон, гуллар етиштиришда тажриба тўплаган тадбиркор Норгул Содиқованинг хонадонида ўтказилган кўргазмали семинарда, иштирокчилар бу ердаги иш жараёни ва тадбиркорлик сирларидан баҳраманд бўлишди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев видеоселекторда куюнчаклик билан сўз юритган бир қатор масалалар, жумладан, ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, китобга ошно қилиш, интернет тармоғидан оқилона фойдаланиш, ёш авлодни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, касб-ҳунарга ўргатиш сингари қатор масалаларга тўхталаркан, маънан комилликка эришишда маҳалланинг ўрни ғоят муҳимлигини гапириб ўтдилар. Шундай экан маҳалла фаоллари билан тарғибот ва ташвиқот ишларини янада кучайтиришимиз лозим. Фуқаролар йиғинимизда малакали мутахассислардан, Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутахассис Роҳат Матниёзова, ҳуқуқ- тартибот масалалари бўйича раис ўринбосари Мардон Рейимов, шунингдек, Санжар Бердимуродов, ободонлаштириш ва тадбиркорлик бўйича раис ўринбосари Мурод Дусеновлар ўз ишларини сидқидилдан бажариб келишмоқда. Ўрнак олса арзийдиган оилаларимизнинг борлиги бизни қувонтиради. “Отанг маҳалла, онанг маҳалла” деб бекорга айтишмаган, оилалар тинчлиги, хонадонлар осойишталиги, жамиятнинг равнақ топишида муҳим роль ўйнайди, албатта. Камбағалликни қисқартириш бўйича ҳам кўпгина чора-тадбирлар ишлаб чиққанмиз.
— Намунали томорқа эгаларидан лимончилик билан шуғулланувчи Азамат Собуров, шунингдек, Собирбой Ваисов, Зевар Ўринбоева, Олтин Каримова сингари ишнинг кўзини биладиган тадбиркорларимиз, оиласидан ортиб, ўзлари етиштирган маҳсулотлар билан бозорларимизни таъминлаб, ҳам давлатга, ҳам оиласига, қолаверса, маҳалладошларига наф келтирмоқда. Маданий ва маърифий тадбирларда ҳам овул фуқаролари фаол қатнашишади. Жумладан, “Нурли наволар” фольклор фестивалида уллубоғликлар фахрли 1-ўринни эгаллаб, республика босқичига йўлланма олган бўлса, ёш иқтидор эгаси Шерзод Эшчонов, Отажон Худойшукуров номидаги кўрик-танловда туманда 1-ўрин, республикада 2-ўринни қўлга киритди. Ютуқларимиз ҳам камчиликларимиз ҳам ўзимизники, бирор камчилик ёки муаммоли масала юзага келса, дарҳол ҳал қилишга уринамиз. “Ватан остонадан бошланади” деганларидек, ватан, маҳалла, овул ҳам остонадан бошланса ажабмас, — дейди Оила ва хотин-қизларнинг ижтимоий ва маънавий масалалар бўйича туман ҳокими ўринбосари Адолат Ортиқова, овул турмушига тўхталаркан.
“Уллубоғ” овул фуқаролар йиғинида овул ва оилаларнинг ширингина ташвиши билан яшаётган фуқаролар, юртимизда юз бераётган янгиланиш ва ижобий ўзгаришларда ўзларининг миттигина ҳиссалари борлигини ҳис қилиб яшашмоқда. Зотан, ҳаётга, жамиятга дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳам бир бахт.
Фотима Абдураимова.
Қорақалпоғистон Республикаси