Ўзлари хон, кўланкаси майдонми?
Андижон вилоят маъмурий судининг маълум қилишича, 2017 йилдан 2021 йилгача ҳокимликларнинг 256 та қарори ҳақиқий эмас, деб топилган. Хусусан, 2017 йилда 13 та, 2018 йилда 57 та, 2019 йилда 87 та, 2020 йилда 99 та қарор ҳақиқий эмас экан, вилоят суди томонидан барчасига нисбатан хусусий ажримлар чиқарилган.
Юқоридаги маълумотларга эътибор қаратилса, вилоятдаги мавжуд ҳокимликларнинг чиқарган ноқонуний қарорлари кейинги йилларда камаймаган, балки йил сайин ўсиб боргани кўринади. Бу нима дегани? Бу оддий бир туман ҳокими ўзини хондек тута бошлади, дегани эмасми. Ақли етса, етмаса қарор чиқараверади. Амалдаги қонун билан иши йўқ. Бугун иши битса бўлди, эртани ўйлашмайди. Аммо унутмайлик, ҳар бир қарорнинг ортида инсонлар тақдири бор. Оиласининг тинчлиги, саломатлигининг мустаҳкамлиги бор. Андижондаги ҳокимлар буни нега тушунишмаяпти?..
Андижон туман прокуратураси маълумотига кўра, ўтган йилнинг ўзида туман ҳокимининг 85та қарори қонун талабларига зид равишда қабул қилинганлиги аниқланган, протестлар келтирилган. Энг ёмони, ноқонуний қарор қабул қилиб давлатни, халқни алдаётган ҳокимларга ҳеч қандай чора кўрилмаётгани бўлаяпти. Шунинг учун ҳам улар кўнгли нимани хоҳласа шуни қилишаяптими?!
Жумладан, Андижон туман ҳокимининг қарори билан “Куйганёр деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамиятига тегишли 0,56 гектар ер участкаси Ер кодекси талабларига ноқонуний тарзда берилганлиги аниқланган. Ўз навбатида туман прокуратураси томонидан мазкур қарор бекор қилинди. Яна бир қарор билан туман ҳокими фуқаро М.Атахоновга сабзавот ва боғдорчилик учун тупроқ унумдорлиги 68 балл бонитетли 6,7 гектар ер майдони ажратиб берган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги қарори 7-бандида янги ташкил этиладиган боғлар ва иссиқхона хўжаликлари учун 50 ва ундан юқори балл бонитетига эга бўлган суғориладиган ер майдонларини ажратиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Қишлоқ хўжалик вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилган.
Наҳот, бу туман ҳокими Президент қарорларидан мутлақо бехабар бўлса? Табиий савол туғилади, 4 йил ичида ҳокимлар томонидан қабул қилинган ноқонуний қарорлар сонининг ошиб боришининг сабаби нимада? Қолаверса, бир йилнинг ўзида қонунни менсимасдан туман ҳокимининг 85 та ноқонуний қарор қабул қилганини қандай тушунса бўлади? Бунда танганинг иккинчи томонига қарайдиган бўлсак, баъзи ҳокимлар чиндан ҳам “ўзлари хон, кўланкалари майдон” бўлиб қолаётгани яққол кўринади.
Шундай экан, ҳокимликлар ноқонуний қарор чиқариб, аҳолини алдаяпман, деб ўйласа жуда хато фикр юритган бўлади. Аслида улар, аввало, ўзларини, қолаверса, ҳукуматни алдашаётганини англашлари керак.
Дарвоқе, бундай ҳолатларнинг олдини олишда амалдаги қонунчиликда белгиланган жазо чораларини ҳокимларга ҳам қўллаш лозим эмасмикан? Эҳтимол ана шунда бундай кўзбўямачиликларнинг олди олинармиди?
Эъзоз ДАВРОНОВ.
Андижон вилояти