Меҳнату заҳмат йўли

Таниқли олим, филология фанлари доктори,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ислом Ёқубов ҳақида мухтасар сўз

 

Одамзоднинг табиати қизиқ. Баъзи одамлар билан деярли ҳар куни кўришишинг мумкин, лекин ўзаро муносабатларда улар билан оралиқда каттагина “масофа” сақланиб қолаверади. Айрим инсонлар билан эса илк танишувданоқ гўё минг йиллик қадрдондай бўлиб кетасан. Янглишмасам, ўтган асрнинг 90-йиллари эди, дастлабки учрашувданоқ Ислом Ёқубов кўнглимга яқин одамлардан бирига айланган. Ўша кезлари иккаламиз ҳам аспирант эдик. Фалсафа фанидан бирга дарсларга қатнаганмиз. Бир пайтда номзодлик минимумларини топширганмиз. Номзодлик минимуми нима эканини ҳозирги ёшларнинг аксари билмаса ҳам керак, ўша вақтлари ҳозирги малакавий имтиҳонлар шундай номланар эди. Бугунги кунда Ислом ака адабий жараёнда энг фаол адабиётшуносларимиздан. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети профессори, филология фанлари доктори, Ўзбекис­тон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

“Ўзбек романи тадрижи”, “Миллий уйғониш даври ўзбек насри”, “Бадиий матн ва эстетик талқин”, “Бадиий-эстетик сўз сеҳри”, “Муҳаммад Али ижодида тарихий жараён концепцияси ва лиро-романтик талқин”, “Мустақиллик даври ўзбек романлари поэтикаси” сингари монографиялари, “Маънавият ва қадрият зарварақлари”, “Адабий мерос ва миллий тафаккур”, “Истеъдод ва маҳорат” каби рисолалари, 200 дан ортиқ илмий-таҳлилий мақолалари Ислом Ёқубов кўтарган илм хирмонининг кўлами каттагина экани исботидир. Табиийки, бундай салмоқли илмий ютуқларга ўз-ўзидан эришилмайди. Бунинг учун, халқимиз таъбири билан айтганда, игна билан қудуқ қазиш – тунни тонгга улаб мутолаа қилиш, тафаккур юритиш, юзлаб китоблардан йиғилган материалларни саралаш, уларни тасниф ва таҳлил этиш, тадқиқот натижаларидан назарий умумлашмалар чиқариш талаб этилади. Ана шу мураккаб, “нўши бир бўлса ниши минг, роҳати бир бўлса, ташвиши минг” (Огаҳий таъбири – Н.Ж.) йўлни сабот билан босиб ўта олган одамгина илмда бирор натижага эришади. Ислом Ёқубов буни уддалай олган илм кишисидир.

У адабиётшуносликка жадид адабиёти тадқиқотчиси сифатида кириб келди. Номзодлик диссертациясини Отажон Ҳошимнинг адабиётшунослик ва танқидчилик фаолияти бўйича ҳимоя қилди. Таҳлилий мақолалари билан илм аҳлининг эътиборига тушди, эътирофини қозонди. Бу борадаги илмий изланиш­лари натижаси “Отажон Ҳошимовнинг адабий-танқидий фаолияти” рисоласида акс этди.

Ислом Ёқубовнинг илмий тадқиқотлари қамрови кенг. У Абу Райҳон Беруний ва Маҳмуд Замахшарий адабий-илмий меросидан Жалолиддин Румий асарларигача, Муҳаммад Ризо Огаҳий лирик шеърлари ва таржималаридан жадид адиблари ижодигача, Ҳамза ва Абдулла Қодирий насридан замондош адибларимиз ҳикоя ва романларигача, ундан бугунги ўзбек шеърияти муаммоларигача бўлган мавзуларда мақолалар ёзди. “Беруний асарларининг услуби ҳақида мулоҳазалар”, “Аз-Замахшарийнинг олам ва одам ҳақидаги қарашлари”, “Модерн ўзбек романчилигига Жалолиддин Румий меросининг таъсири тўғрисида айрим мулоҳазалар”, “Огаҳий ижодида халқчиллик негизлари”, “Огаҳий ва Кайковус”, “Абдулла Қодирий ва ҳозирги ўзбек романи поэтикаси”, “Сўнгги йиллар ҳикоячилигининг ўзига хос тамойиллари”, “Ўзбек романининг илк сарчашмалари”, “Ҳозирги ўзбек поэзиясида шаклий-услубий изланишлар” сингари мақолалари илмий муаммонинг қўйилиши ва ўзига хос ечими жиҳатидан алоҳида аҳамиятга эга.

Адабиётнинг назарий масалалари билан шуғулланмай туриб, нафақат етук мутахассис, ҳатто савияли адабиёт мухлиси бўлишнинг ҳам имкони йўқ. Шунинг учун бу соҳа вакили, албатта, назарий масалалар устида ҳам жиддий изланишлар олиб бориши шарт ва зарур. Адабиёт назариясининг муҳим масалаларига доир эътиборга молик мақолалар ёзгани Ислом Ёқубовнинг мутахассис сифатидаги салоҳиятига далил бўла олади. Олимнинг “Тарихий роман ва эстетик идеал”, “Ҳозирги ўзбек романларида синкретизм”, “Роман стилистикасида сажъ усули”, “Романий тафаккур ва услуб жилоси”, “Композицион параллелизм усули”, “Структурал поэтика имкониятлари”, “Бадиий ижод психологияси: кечинмадошлик” сингари мақолалари адабиётнинг назарий муаммоларига бағишлангани, таҳлилий қуввати билан алоҳида ажралиб туради.

Ислом Ёқубов адабий алоқалар йўналишида ҳам бир қанча тадқиқотлар эълон қилди. Бокудаги “Филология масалалари” журналида чоп этилган ўзбек-озарбайжон адабий алоқаларига доир, Эрон элчихонаси муассислигидаги “Сино” журналида эълон қилинган “Рудакий меросининг умуминсоний моҳияти”, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти илмий тўпламидаги “Чингиз Айтматов – ўзбек халқи учун азиз ва қадрли сиймо” сингари мақолалари ўзбек-озарбайжон, ўзбек-тожик, ўзбек-қирғиз адабиётларининг ўзаро алоқалари мавзусига бағишлангани билан қимматлидир.

Илм йўли меҳнату заҳмат йўли экани аён. Илмий фаолият кўламини бу тарзда кенг олмоқ учун муттасил изланиш, мунтазам фикрлаш, аниқланган факт ва маълумотларни тизимга солиш, илмий услубда ифодалай билиш, мақола, рисола ёки монографияга айлантириш талаб этилади. Ана шундай машаққатни зиммасига олган, илмий изланиш заҳматидан ҳаловат топган одамгина бу соҳада муайян натижага эришмоғи мумкин бўлади. Ислом Ёқубов ушбу катта масъулият талаб этадиган йўлнинг собитқадам йўлчиларидандир.

У кўп йиллар давомида “Мустақиллик даври ўзбек романлари поэтикаси” мавзуидаги докторлик диссертацияси устида илмий изланиш олиб борди. Роман жанрининг генетик илдизлари, тараққиёт тамойиллари, поэтикаси муаммоларига доир жиддий мақолалари унинг адабиётшунос сифатида юқори малакага эга эканини намоён этди. Натижада атоқли адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошев илмий маслаҳатчилигида 2018 йилда докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Фан доктори илмий даражасини берувчи Илмий кенгаш аъзоси сифатида ушбу диссертация ҳимоясида иштирок этганман. Бу диссертация адабиётшуносликка қандай янгиликларни олиб кирди, қайси жиҳатлари билан аҳамиятли, деган саволлар туғилиши табиий. Биринчидан, Эркин Самандар, Наим Каримов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Ҳожиакбар Шайхов, Нодир Норматов, Алишер Мирзо, Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам ва Исажон Султон сингари замондош адиблар романлари назарий поэтика талаблари асосида тадқиқ қилинди. Иккинчидан, тадқиқотнинг бадиий синкретизм, семантик қатлам эсселашуви, жанр модификацияси, бадиийлик модуслари, эпик баён йўсинлари, образ янгиланиши тамойиллари каби назарий муаммолар аспектида олиб борилгани миллий анъаналар ва жаҳон романчилиги тажрибаларининг синтези юзасидан янгича илмий хулосаларга келиш имконини берди. Учинчидан, истиқлол даври ўзбек романларида реализмнинг янги имкониятлари бўй кўрсатаётгани, жанрлар мутацияси ва гибридлашув жараёни кечаётгани, метафорик тафаккур кенгайгани, поэтик метафорфозага эътибор кучаяётгани, гуманистик пафос теранлашаётгани сингари белгилар намоён бўлаётгани аниқлангани, ҳар бир поэтик ҳодисага асосли илмий баҳо берилгани адабиётшунослигимиз ютуғидир.

Эътиборли жиҳати шундаки, диссертацияни ёзиш жараёнида Ислом Ёқубов аксар илм одамларида бўлгани каби тадқиқот объектига маҳлиё бўлиб қолмаган. Балки ўзбек романларини поэтика талаблари асосида текширар экан, улардаги бир қатор камчиликларни ҳам аниқлаган. Жумладан, олим Тўхтамурод Рустам ва Қамчибек Кенжа романларида баёнчилик ва фикр такрорлари, натуралистик лавҳалар ҳамда китобхонни зериктирувчи мавҳумлик, Омон Мухтор ва Нурали Қобул асарларида образ нутқини индивидуаллаштиришда макон-замон аниқлигига етарли эътибор бермаслик, Абдуқаҳҳор Иброҳимов ва Улуғбек Ҳамдам романларида сюжет ва конфликт ривожида публицистик баёнга берилиш, Саломат Вафо ва Зулфия Қуролбой қизи романларида эҳтиросли, пардасиз саҳналарнинг очиқ тасвирланиши, Луқмон Бўрихон асарларида ижтимоий муаммолар талқинида кес­кин конфликт етишмаслиги, Асад Дилмурод романларида тафсилотларга ортиқча берилиш, Илҳом Зойир ва Назар Эшонқул асарларида А.Камю ва Ф.Кафкага таассуб қилиш сингари камчиликлар кузатилишини ҳақли равишда кўрсатиб беради ва уларга холис илмий баҳо беради.

Дарҳақиқат, катта кўламдаги адабий материаллар чуқур илмий ўрганилгани, назарий муаммолар кесимида таҳлил этилиб, эътиборга молик умумлашмалар чиқарилгани Ислом Ёқубов докторлик диссертациясининг адабиётшунос­лик илми ривожига қўшилган муносиб ҳисса бўлгани исботидир.

Ислом Ёқубов нафақат олим, ҳурматга сазовор муаллим ҳамдир. У кўп йиллардан бери Урганч давлат университетида, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида талаба ёшларга адабиёт ва адабиётшунослик сирларидан сабоқ бериб келади. Бугунги кунда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети профессори сифатида адабиётшуносларнинг янги авлодини тарбия­лаш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётир. Олий таълим тизимида дарс бериш жараёнида у илмдаги энг сўнгги ютуқларни ўқув жараёнига олиб кириш, талабаларда илмга рағбат уйғотиш борасида ҳам тинимсиз меҳнат қиляпти. Университетлар ва педагогика институтлари талабалари учун “Ҳозирги адабий жараён” фанидан ўқув-қўлланма, “Илмий тадқиқот асос­лари” фанидан ҳамда умумтаълим мактабларининг ижтимоий-гуманитар ва табиий-математик йўналишлари 10-синф ўқитувчилари учун “Ўзбек адабиёти” фанидан услубий қўлланмалар муаллифи экани унинг ўқув жараёни сифатини ошириш, адабиёт таълимининг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлаш борасида ҳам самарали хизмат қилаётганини кўрсатади.

Ислом Ёқубов таниқли олим ва катта тажрибали педагог бўлиш билан бирга оилабоши ва ота сифатида ҳам ҳурматга лойиқ­дир. Турмуш ўртоғи Тозагул Матёқубова – филология фанлари номзоди, доцент. “Огаҳий шеъриятида анъанавий образлар талқини” мавзуида номзодлик диссертация­сини ҳимоя қилган. Айни кезда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети Ўзбек адабиёти тарихи ва фольк­лор кафедрасида ишлаб, илмий-педагогик фаолият билан шуғулланиб келаётир. Қизи – Севинчой Ёқубова таянч докторант. Талабаликда Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси совриндори бўлган Севинчой ҳозирда “Жадид шеъриятида поэтик рамз ва тимсоллар талқини” мавзуида илмий тадқиқот олиб боряпти. Бир сўз билан айтганда, ушбу филологлар оиласи адабиётшунослик соҳасининг турли йўналишларида илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Қарийб уч йилдан буён Ислом ака билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиётшунослик ва адабий танқид кенгашида ҳам бирга фаолият юритиб келяпмиз. Шу жараёнда унинг зиммасига юклатилган ҳар қандай вазифага катта масъулият билан қараши ва аъло даражада уддалашига бевосита гувоҳ бўлдим. Улуғ шоиру адибларимиз, адабиётшуносларимиз юбилей саналари билан боғлиқ учрашувлар-у адабий тадбирлар бўладими, адабий ҳаётимизда катта аҳамиятга эга бўлган китоблар тақдимотида нутқ сўзлашга тўғри келадими, янги асарлар қўлёзмаларига тақриз ёзиш топшириладими – барча-барчасида зукко олимга бемалол ишониш мумкин.

Ислом ака – самимий, хайрихоҳ, ўзгаларнинг ютуғидан қувона биладиган олижаноб инсон. Шу пайтгача бирорта ҳам касбдошимизнинг у киши ҳақида ёмон гап айтганини ёки ундан хафа бўлганини эслай олмайман.

Устоз Абдулла Ориповнинг ҳаёт фалсафаси теран ифодаланган мана бу машҳур сатрларини билмаганлар кам бўлса керак:

Бахтиёр ҳар дилга

ошно топилгай,

Ғуссали дилга-чи,

лекин йўқ ҳамдам.

Дўстлар эшиги ҳам

тақ-тақ ёпилгай

Ғуссали дил у ён

гар қўйса қадам.

Кўп йиллардан буён яхши билганим учун ишонч билан айта оламанки, Ислом Ёқубов устозларию дўстларига оқибатни вақтинчалик кўрсатадиганлар тоифасидан эмас. Унинг устозларига, дўсту биродарларига садоқати кўпчиликка ўрнак бўларлидир. Садоқат ва оқибатни ҳаётий аъмол даражасига кўтарган ана шундай инсонларнинг борлиги, бунинг устига, у сенинг қадрдонларингдан экани нақадар қувонарли ҳол! Бундай таҳсинга лойиқ фазилатларни мужассам этган одамлар сафи тобора камайиб бораётгани уларнинг қадри нечоғли баланд эканидан дарак беради.

Айни ёшлик кезларимизда танишганимиз, илмдаги ҳар бир ютуғига бевосита гувоҳ бўлганим учунми, Ислом ака кўзимга анчайин ёш кўринар экан. Шу кунларда 60 ёшга тўлишини эшитиб, рости ишонгим келмади. Аслида, олтмиш ёш олим учун умрнинг айни навқирон палласи ҳисоб­ланади. Энг муҳими, у олтмиш ёшга кўпчилик ҳавас қиладиган даражадаги катта илмий натижалар билан пешвоз келди.

Нурбой Жабборов,

филология фанлари доктори,

профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 4 =