Аёл — меҳр-муҳаббат, бахт-иқбол тимсоли

Аёлмунаввар осмоннинг ёруғ юлдузи. Самода ойни қўлидан тутиб оламни чароғон қиладиган, қуёшни уйғотиб борлиққа ҳаёт бағишлайдиган фалак Зуҳроси. Яратмишдан аёл бир гулшанаро яратилганки, шу боисдан барча аёлни гулга қиёс қилади. Шу сабаб, баҳор фаслининг илк кунларида бодом ғунча тугмасдан нозик вужуд гулгун ғунчаю барқ уриб очилган лолалар мисол атрофга ифор таратади.

Аввало, шуни айтиш жоизки, динимизда ҳам аёл мўътабар зот, оила қўрғони, оила эса — муқаддас эканлиги айтилади. Аслида ҳам аёл — меҳр-муҳаббат булоғи, бахт-саодат қасри, вафо-садоқат тимсолидир. Чунки оилада фарзанд вояга етар экан, инсоният тириклиги, ҳаёт шукуҳи ва давомчиси, борлиқ неъмати, оила мус­таҳкамлигини асровчи илоҳий риштаси она тарбиясида вояга етади. Инсоннинг жамиятдаги қадр-қимматини ҳам қобил фарзанд белгилайди. Шундай экан, аёлни асрамак — миллатни асрамакдир.

8 март — Халқаро хотин-қизлар кунининг шукуҳи, албатта, йилларга татийди. Энг муҳими, байрам баҳона оналаримизни, опа-сингилларимизни яна бир бор қутлаш, оналаримиз оқ сути билан қалбимизга сингган меҳримизни изҳор қилиш, табриклаш имконига эга бўламиз, кўнглимиз суйган, дидимизга ёққан совғани тортиқ қиламиз. Фарзандларимизни жам қилиб байрам дастурхонида табаррук онажонларимизни, азиз опа-сингилларимизни, жуфти ҳалолимизни, мунис ва мўътабар қизларимизни табриклаймиз. Бу қувончли онлар оила жамлиги, мустаҳкамлигини ҳам асрашга хизмат қилади.

6 март куни Tashkent cityда барпо этилган “Конгресс” маркази мажмуасида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанада давлатимиз раҳбари: “Бугун мана шундай дилбар, қутлуғ баҳор айёмида сиз, мунис оналаримиз, ҳурматли опа-сингилларимиз, сулув қизларимизни ўзларингиз каби гўзал байрамингиз – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман”, деди табрик нутқида.

Табаррук айём арафасида байрам тантаналари нишонланадиган муҳташам кошонага ташриф буюрган Қорақалпоғистон Рес­публикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, қолаверса, жамият ҳаётининг барча жабҳасида меҳнат қилаётган ташаббускор аёлларни, Зулфияхоним қизлари ҳамда меҳмонларни шижоатли, кўзларида олов порлаб турган йигитлар гуллар билан залга таклиф этди. Байрам иштирокчилари орасида мамлакатимизда фаолият юритаётган чет эллик дипломат аёллар, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари ҳам бор эди. Айнан шу куни маж­муада ташкил этилган матбуот маркази орқали шодлик шукуҳи кўплаб хорижий давлатларга ҳам намойиш этилди.

Аёл, аввало, оила таянчи, жамиятнинг икки забардаст устунининг бири, келажак авлоднинг баркамол руҳда вояга етишида салоҳиятли мураббий, юртимиздан аждодларимиз сингари буюк шахс­лар етишиб чиқишида одоб-ахлоқ, тарбия қалъаси, Янги Ўзбекистоннинг янги ислоҳотлари деворини тўғри, бақувват тиклашда елкадош инсонлар.

Президентимизнинг оналаримиз, опа-сингилларимизга қаратилган табриги эса юртимиз аёлларига, барча хотин-қизларга олам-олам қувонч бағишлади. Айниқса, аёл нафақат оила бекаси, балки бугунги кунда жамиятимизнинг барча соҳаларида ўзининг меҳнати, шижоати, зийраклиги билан тараққиёт занжирининг узилмас ҳалқасига айлангани, алоҳида қайд этилди.

Албатта, дунё ҳамжамиятида муносиб ўрнимиз бўлишида мамлакатимизда аёллар мавқеига бўлган эътибор ҳам алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда аёллар сони халқаро андазалар даражасига етказилди. Эндиликда ташаб­бускор ва ташкилотчи аёллар қатор туман ва шаҳар ҳокимликларини бошқараяпти. Албатта, аёлларнинг жамиятимиз ҳаётидан муносиб ўрин эгаллаётгани бугунги давр талаби. Улар наинки сиёсий доирада, балки илмий-амалий таълим муассасаларида ҳам муносиб фаолият юритаяпти. Шу билан бирга, етакчи хорижий олий таълим муассасаларида илм йўлида юқори чўққиларга эришаётганлар орасида юртимиз вакилалари борлиги эъзозга лойиқ.

Байрам арафасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва Президент администрацияси ҳамкорлигида ўзбеклар орасида биринчи бор Колумбия университетининг “tenure track” тизимида умрбод профессорликка етак­ловчи лавозимга қабул қилинган Азиза Шаназарова ҳам пойтахтимизга етиб келди. Тантанали маросимда Президентимиз томонидан “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Ҳа, юрт равнақи йўлида қилинаётган ҳар қандай меҳнат беиз кетмайди.

Ўзбек хотин-қизларининг фан чўққиларини забт эта бошлагани бежиз эмас, албатта. Кейинги йилларда давлатимиз томонидан ўқиб-ўзлаштириш, таълим олиб илмий изланиш қилиш учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар Учинчи Ренессанс даври пойдеворини мустаҳкам қўйишда аёлларнинг ҳам ролини ошираяпти.

Президентимиз ўз табригида: “Агар сиз фарзандингизга данғиллама уй қуриб берсангиз – вақти-соати келиб, у эскириши мумкин. Агар энг зўр машина олиб берсангиз – уям тез орада эскириши мумкин. Агар унга моддий бойлик, пул қолдирсангиз – уям бир кун сарф бўлиб тугаши мумкин. Аммо дунёда ҳеч қачон эскирмайдиган, йўқолмайдиган бебаҳо бир бойлик борки, у ҳам бўлса, фарзандингизга берган билим ва ҳунардир. Лекин билим ва маърифатни қаердан, нимадан олиш мумкин? Аввало, китоб деган хазинадан”, дея таъкидлади.

Ана шундай китобга ошно тутинган қалблар бугунги кунда юртимиздаги олий-илмий таълим йўналишларида меҳнат қилаётибди. Улар орасида 660 нафар фан доктори, 8 нафар академик унвонига эга бўлган аёллар бор. Бундан ташқари, илмий-тадқиқот институтларида 3000 нафарга яқин хотин-қизлар илмий иш билан машғул. Улар кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда аслият тадқиқотлари, инновацион ишланмалари билан юртимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшаяпти.

Шунингдек, юксак эътирофга лойиқ аёллар издошлари – иқтидори баланд, истеъдоди юқори бўлган қизлар ҳам вояга етмоқдаки, Президентимиз таб­рик нутқида турли соҳаларда юксак ютуқларга эришаётган ўзбек қизларига қарата шундай деди: “Чиндан ҳам, қизларимиз — бизнинг келажагимиз, миллатимиз генофондини асрайдиган, муносиб давом эттирадиган инсонлардир”.

Tashkent city мажмуасида барпо этилган “Конгресс маркази”да ўтказилган тантаналарда юртимиз хотин-қизларига юксак даражада эҳтиром кўрсатилди. Байрам шодиёнасида Сенат, Олий Мажлис, ҳокимликлар, илм, ишлаб-чиқариш соҳаларида эришган ютуқлари билан халқ назарига тушган аёллар давлатимизнинг нуфузли унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди. Айниқса, Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмасининг собиқ раиси марҳум Саъдулла Ҳаким жуфти ҳалоли — Ҳакимова Санталат аяга кўрсатилган эҳтиром барчада илиқ таассурот қолдирди. Санталат ая Президентимиз қўлларидан “Дўстлик” орденини қабул қилар экан, олқишлар янгради.

Тантанада илм-фанда, саноатда, маданият ва спортда алоҳида ютуқларга эришган қизларимизга Зулфия номидаги давлат мукофоти топширилиши ҳая­жонли кечди. Улар орасида мўъжаз ҳикоялари, илк илмий-тадқиқот бадиалари “Hurriyat” газетасида чоп этилган, ҳозирги кунда Жиззах педагогика университетининг иккинчи босқичида таълим олаётган Муқаддас Мамарасулованинг борлиги таҳририятимиз жамоасини ҳам мамнун этди.

“Аёл борки, олам мунаввар”, бу жумлани оддийгина айтиб бўлмайди, балки унинг таг маъносини англаган, синоатини еча олган ҳолда айтмоқ жоиз. Инсон яралибдики, аёлга алоҳида эҳтиром кўрсатилади. Аёл ҳар бир касб вакили томонидан бетакрор жумлаларда мадҳ этилади. Энг муҳими, қайси соҳа вакили бўлмасин, аёл эркакнинг ажралмас қаноти, бутлиги, дунёнинг тугаллиги, ҳаётнинг давомийлиги, борлиқнинг нафосати эканлигини, албатта, тилга олади. Шу сабаб, санъат асарларига қарасангиз ҳам, аёл ўзгача дид, ўзгача ҳиссиёт, ўзгача қувваи ҳофиза билан тараннум этилганига гувоҳ бўласиз.

Шу куни аёлларни эъзозлаб, уларнинг изланиш ва ютуқларига имкон яратаётган, рўзғор юкини елкасида тутаётган, фарзандининг жамиятнинг муносиб вакили бўлишида меҳнатини аямаётган биз — эркаклар ҳақида ҳам сўз юритар экан, Президентимиз: “Биз — Ўзбекис­тоннинг мард ўғлонлари, эр йигитлари сиз, азизларга бўлган ҳурматимиз, меҳр ва муҳаббатимизни оилаларимиз, эл-­юртимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилишга қаратилган амалий ишларимиз билан изҳор этишга интилмоқдамиз”, дея эътироф этди.

Юсуф ЖЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 3 =