Классик кўринишдаги бизнес ёхуд Кремний водийси ер шарини битта тугма атрофида жамлади

Бугун дунёни бир кунгина интернетсиз тасаввур қила оласизми? Атиги бир кун “Facebook” ёки “Google” ишламаса, ҳамма ишимиз ўлда-жўлда қолиши, шубҳасиз. Ана унда гўё чўлда қолган йўловчидай ҳис қиламиз ўзимизни. Бугун “Google”нинг қидирув тугмаси орқали бирор нимани ахтарар эканмиз, у бир пасда истагимизни бажо келтиради. Баъзида ёнимиздаги энг яқин ҳамроҳимиздан ҳам кўра, “Google” бизнинг хоҳишларимизни тўғри англаб муҳайё қилаётгандек. Чунки унинг хотираси бизникидан анча мустаҳкамдир. Дарвоқе, бизнинг миямиздан ҳам ақллироқ бу каби ихтирони дунё­га келтирган жой қаер эканлиги ҳаммамиз учун қизиқ, шундай эмасми?

Голливудни кўпчилик яхши билади. Бутун дунё киночиларининг, кино санъати ва саноатининг пойтахтига айланган гўзал бир шаҳар. Худди ана шундай бутун дунё илм-фан аҳлининг, техникасининг, ихтироларнинг марказига айланган битта маскан бор бу — АҚШдаги Кремний водийсидир. Уни баъзан Силикон водийси деб ҳам аташади. Журналист Дон Хефлер бу атамани илк бор 1971 йилда истеъмолга киритган. Унинг мақолаларида Калифорния этак­ларидаги масканнинг Кремний водийси, деб тилга олиниши бу атама тарихини ва оммалашувини кенгайтирди.

Силикон водийси — Сан-Франциско кўрфазининг қирғоғи бўйлаб, Менло Парк ва Сан-Хосе шаҳарлари ўртасида бир миля (тахминан 1,6 км) кичик масофа. Ахборот технологиялари саноатининг муваффақия­ти Силикон водийсидан ташқарида, айниқса Сан-Франциско кўрфазининг шарқий ва шимолий қисмларида иқтисодий ривожланишига туртки берган.

Силикон водийсида атиги 2 миллион аҳоли истиқомат қилади. Aҳоли сонига кўра бу ҳудуд Швейцария билан таққосланади, аммо Париж ва унинг атрофидан кичикроқ жойдир. Водийда битта муҳим хусусият мавжуд (бошқалар қаторида!) — саноат ва таълим ўртасида энг яқин муносабат ўрнатилган. Шунинг учун бу ерга нафақат ихтиро қилишни хоҳловчилар ўқишга келади, балки келажакдаги ишбилармонлар — пул ишлашни хоҳловчилар ҳам ташриф буюради! Икки йиллик бошланғич касб-ҳунар таълими берадиган муносиб жамоат коллежида бир йил ўқиш 6-7,5 минг долларни ташкил этади! Бундай икки йиллик таълимдан сўнг чет эллик талабалар AҚШда иш бошлаш имкониятига эга бўладилар!

“Google”, “Amazon”, “Twitter”, “Facebook”, “Apple”, “NASA”га асос солинган шаҳарда туриш ҳаммани ҳаяжонлантириши аниқ. Ахир шундоқ ёнгинангизда бутун дунё аҳолисини битта тугмача атрофида жамулжам этадиган буюк ихтиролар яратилган бўлса…

Бу ерда кўпчилик эрталабки соат 7.30да автомашинада ишга отланади. Шаҳарда чекувчилар жуда камчиликни – 1,5 фоизни ташкил этади. Ахборот технологияси бўйича фаолият олиб борадиган мутахассисларнинг ойлик маошлари бошланғич кўриниши йилига 100 минг АҚШ долларини ташкил этади. Врач ва адвокатлар эса йилига 200 минг АҚШ доллари ойлик олишади. Албатта, бу бизнинг Ўзбекистон шароитидаги ойлик маошлар билан таққосланганда “Ў-ў-ў” деган таажжубни пайдо қилади. Бироқ харажатлар ҳам киримга яраша-да! Ижара уйлари ойига 3000 доллардан бошланади. Икки қаватли уйларни 1 млн. доллардан 5 млн. долларгача бўлган нархда сотиб олиш мумкин. 300-400 долларга бир ҳафталик озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилса бўлади. Автобус чиптаси эса 2,25 ва бир бак бензин 60 доллар туради. Стэнфорд галереясини томоша қилиш эса текин.

Сан-Франциско жануби-шарқидаги ушбу ҳудуд қандай қилиб ва нима учун янги ном, янги ҳаётга эга бўлди? Бундан 250 йил олдин, ҳозирги Калифорния Янги Испания деб номланган ва на Мексикага ва на AҚШга тегишли бўлган.

Ҳа, дарвоқе, Кремний водийсининг тамал тоши Стэнфорд университетида қўйилган. Дунё­даги энг нуфузли таълим муассасаларидан бири Стэнфорд университети, сенатор ва Калифорния штатининг собиқ губернатори Леланд Стенфорд оиласидаги фожиа туфайли пайдо бўлган. Унинг ягона ўғли, Леланд 15 ёшида ичтерламадан вафот этади ва ота-онаси университет очиш орқали унинг хотирасини абадийлаштиришга қарор қилишади.

1885 йилда улар Пало Aлто яқинидаги ўзларининг 8000 гектарлик хўжалигида талабалар шаҳарчасини (3300 гектар) қуришни бошладилар ва 1891 йилда Леланд Стенфорд кичик университети расман очилди. Университет шиори — “Эркинлик шамоли эсмоқда” бўлиб, диний бўлмаган, эркаклар ва аёллар учун қулай, нафақат гуманитар, балки аниқ фанларни ҳам ўргатадиган Стенфорд ўзида динамик тарзда ривожланаётган мамлакатнинг барча замонавий тенденцияларини бирлаштирди. Бу ерда улар гуманитар фанлар, биология ва психология билан ҳам шуғулланадилар.

Водийни ривожлантиришнинг муҳим қадамларидан бири Стенфорд саноат паркини яратиш эди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Стенфорд университетида талабалар сони кес­кин ошди ва қўшимча маблағга эҳтиёж пайдо бўлди. Университет катта майдонга эга эди (тахминан 32 км²), уни сотиш ҳуқуқи йўқ эди (Университет асосчиси Леланд Стенфорд уни сотиш ҳуқуқини бермаган). Бундай вазиятда муҳандислик факультети декани, профессор Фредерик Терман ерни офис парки сифатида фойдаланиш учун узоқ муддатли ижарага беришни таклиф қилди. Шундай қилиб, таълим муассасаси ерни ижарага беришдан даромад олишни бошлади ва компаниялар лизинг воситаларидан фойдаланишлари мумкин эди. Юқори технологияли компаниялар учун бундай ижарага чекловларнинг киритилиши университетнинг иккинчи асосий муаммосини ҳал қилишга имкон берди.

Профессорнинг лойиҳаси асосида 1951 йилда Стенфорд технопарки очилди. Бу ерда талабчан олимлар ва муҳандислар ўзларининг ғояларини ҳаётга татбиқ этадиган офис, лаборатория ва ишлаб чиқариш биноларини имтиёзли шартларда ижарага олишади. Бугунги кунда 162 та бино 140 та компаниянинг 23 минг ходими ишлайдиган технопарк ушбу ҳудудда жойлашган. Шундай қилиб, ушбу парк ер шарини лол қолдирадиган ихтироларни яратаётган энг буюк олимлар масканига айланди.

Кўпгина компанияларнинг ташкил этилиши ва ривожланиши ҳақидаги ҳикоялар шу қадар драматикки, улар аллақачон суратга олинмоқда. Масалан, бош қаҳрамонлар Билл Гейтс ва Стив Джобс иштирокидаги “Силикон водийсининг қароқчилари” фильмида шахсий компьютер ихтироси ҳақида ҳикоя қилинади. Иккинчи жаҳон урушининг тугаши водийда илм-фаннинг ривожланишига янги туртки берди. Уруш тугамасдан ҳам, AҚШ ҳукумати фахрийларни таълимни қўллаб-қувватлаш дас­турини яратганди. Бу кўплаб таълим муассасаларини, шу жумладан Стенфордни “янги қон” билан таъминлади ва университетнинг ўзига ҳукумат томонидан киритилган сармоялар унинг техник имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирди.

Водий тарихида ва унинг давлат билан ўзаро алоқаларида алоҳида эътиборга лойиқ бўлган яна бир объект — бу Стенфорд тадқиқот институти — бу ўтган асрнинг тўлақонли инновациялар марказидир. Aйнан шу ерда дунёдаги биринчи компьютер ЕNIAС ишлаб чиқилган ва қурилган. Биринчи робот ҳам шу ерда яратилган эди. Бугунги кунда кўп­лаб аэрокосмик компаниялар Силикон водийсида жойлашган бўлиб, уларга давлат томонидан ёрдам кўрсатилади. Бу, ўз навбатида, нафақат ҳарбий технологияларни кучайтиришга, балки ўзларининг тижорат лойи­ҳаларини фаол равишда ривожлантиришга ҳам имкон берди. Бу классик кўринишдаги бизнес эди.

Белл Лабораториес тадқиқотчилари Уилям Шокли ва Уолтер Браттейн қаттиқ жисмларнинг яримўтказгич қурилмаси — транзистор назария­сини ишлаб чиқдилар ва 1956 йилда физика бўйи­­ча Нобель мукофотига сазовор бўлишди. Калифорния қонунчилигига кўра, қонуний ишларга халақит берадиган ҳар қандай шартнома ҳақиқий эмас. Aйнан шу ҳақиқат Кремний Водийси фаолиятининг ҳуқуқий пойдеворидир, бу ерда юзлаб ва эҳтимол минглаб компаниялар ўз соҳаларида эркин рақобатлашадилар.

1959 йил бошида Фейрчилднинг асосчиларидан бири бўлган Роберт Нойс кремнийга асос­ланган биринчи микросхемани яратди. Интел асосий кучларини яримўтказгичли хотирани ривожлантиришга қаратди. Ва у муваффақиятга эришди, 1970 йилда магнит ядроларини алмаштириш учун биринчи бир килобайтли чипни ишга туширди. Бир йил ўтгач, компания электрон калькулятор учун бир қатор микрочип­ларга буюртма олди.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг AҚШ Мудофаа вазирлиги ўз телеграф ва телефон тармоғининг заифлигидан хавотирга тушди. Битта муваффақиятли бомбардимон бутун алоқа тизимини бутунлай йўқ қилди. Бу ерда Интернет протоколи ишлаб чиқилган бўлиб, у ҳар қандай ахборот тармоқларини бир жойга тўплаш имконини берди. Янги лойиҳа Интернет, деб номланди. Узоқ вақт давомида фақат матнли белгилар узатилган, фақат мутахассислар ва компьютер мухлислари уни қандай бошқаришни билишган холос.

Бироқ Интернетда маълумот топиш осон бўлмаган. Иккала аспирантлар Сергей Брин ва Ларри Пейж Стенфорд университети кутубхонаси учун қидирув тизимини ишлаб чиқдилар. Бу жуда муваффақиятли бўлиб, у тезда веб-сайтга тарқалди ва 1996 йилда муаллифлар “google”ни рўйхатдан ўтказдилар. Бу эса бутун дунёни интернет тармоғида бирлаштирди.

“Apple” шахсий компьютерининг тарихи Силикон водийси механизми қандай ишлашининг аниқ намунасидир. 1971 йилда Купертинодаги ўрта мактаб ўқувчиси Стив Жобс биринчи бор ўспиринлар клубига келди. Бу ерда Жобс Стив Возняк билан танишди, у аллақачон компьютер уясини йиғиб қўйган эди. Улар дўстлашдилар ва биргаликда дунёни ўзгартиришга мўлжалланган “Apple” — Олмани ихтиро қилдилар.

Шубҳасиз, Стив Жобс ўзининг барча ўзига хос хусусиятларини “Apple”да кўрди. Aммо унинг муваффақияти бугунги кунгача Силикон водийсини ўраб турган, Тесла ёки Фаcебоок сингари дунёни ўзгартирувчи стартапларда ҳам ўз муҳрини қолдирди.

Силикон водийсининг асл инглизча номи яримўтказгичли қурилмалар (диодлар, транзисторлар, микросхемалар) ишлаб чиқаришда силиконни яримўтказгич сифатида ишлатишдан келиб чиқади. Буни биз кимё фани орқали яхши биламиз. Водийнинг технологик марказ сифатидаги тарихи айнан шу соҳадан бош­ланди.

2006 йил маълумотларига кўра, Силикон водийси Қўшма Штатлардаги Нью-Йорк ва Вашингтондан кейин учинчи ўринда туради (юқори технологиялар бўйича 225,300 иш жойи). Бошқа манбаларга кўра, Сан-Франциско кўрфазида 386 мингдан зиёд ахборот технологиялари мутахассиси ишлайди, бу эса Силикон водийсига Қўшма Штатлардаги энг йирик технологик марказ сифатида қараш ҳуқуқини беради. Иш билан банд бўлган ҳар 1000 кишига 286 ахборот технологияси ходими тўғри келади.

Рус блогери Юрий Дуднинг маълумотларига кўра, жуда кўплаб руслар Кремний водийсида таниқли дастурчи сифатида фаолият олиб боришмоқда. Кремний водийсида бу соҳани тўлақонли ўрганишга бел боғлаган ўзбекни учратиш мумкинми? Ёки муҳожиротдаги ўзбеклар фақат бола ва қарияларни парваришлаш, тозалик ишлари билан шуғулланадими? Ихтиролар пойтахтининг шамоллари юртимизга ҳам етиб келса эди, деб умид қиламиз. Зотан, бутун дунё­­да малакали дас­турчиларга, маҳоратли техник мутахассисларга эҳтиёж катта бўлган бир пайтда бу соҳа бизнинг юртда ҳам тараққий этишини истаймиз. Қўлбола дастурчилар эмас, асл дас­турчиларга муҳтожроқмиз.

Гўзал БЕГИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =