Боғлар шарбатга тўлаверсин

Ёшлигимда (1960–1970 йиллар) Марғилон шаҳри истироҳат боғи ёнбошидан бошланиб Эшонгузар қишлоғига олиб борадиган уч чақиримча йўлни босиб дўппифуруш аёлникига боришни яхши кўрардим. Сабаби – ўша кўчадаги бир ҳовлида баланд, қари нок дарахти бор эди. Айниқса, унинг шохларида меваси пишиб турганини кўриш… Тўғриси, ўшанда бир дона бутун нок мевасини тиш­лаб-тишлаб ейишни… фақат мен эмас, кўпчилик тенгдошларим орзу қилардик. Чунки ақлимни таниганимдан уйимизга фақат нозик меҳмонлар келганда дастурхонга қўйиш учун ёки кимдир касал бўлиб қолганда унга тансиқ таом сифатида саноқлигина нок олиб келинарди. Айни нок пишиғида унинг бир донасини бир неча киши бўлишиб ердик.

Пахта яккаҳокимлиги илдиз ота бошлаган ўша йилларда, гарчи биз шаҳарда яшасак ҳам, ҳовлимизда узум токларидан бошқа мева дарахти йўқ ҳисобида эди. Сал бўйи чўзилиб шохлаган олма, ўрик дарахтларини катталар кесиб ташлашарди, айтишларича, агар улар кўзга кўриниб қолса, солиқ идораси ходимлари келиб, бу дарахтларгаям солиқ солишаркан. Бизнинг оилада олтита фарзанд, девор-дармиён бўлган амакимнинг еттита ўғил-қизлари бор эди. Ҳаммамиз бобомиздан қолган томорқанинг ичкариси – кўчадан четроқда бўлган бир туп қандак ўрик довуччалаганидан бошлаб тагидан кетмасдик, меваси пишар-пишмас деярли еб тугатардик. Яна бир марварид тутимиз бор эди, унинг мевасидан ўзимиз, қўни-қўшни бир-икки марта баҳраманд бўлиб, энди шиғил пиша бошлаганда қандайдир бошлиқ етагида келган уч-тўрт киши унинг шохларини кесиб-каллак­лаб машинага ортиб кетишарди. Бу ҳол ҳеч кимга ёқмаётгани кўриниб турар, қанча одамнинг ризқи шу шохлар билан кесилиб кетаётганини шивирлаб гапиришар, лекин давлатга пилла етказиб берилиши сиёсий масала деб изоҳланар, шунинг учун пилла қуртига озуқа бўлган тут шохларининг мевалари айни оқара бошлаган палласида кесиб кетишларига ҳеч ким қарши сўз айтолмасди ҳам.

Болалик, ёшликда инсон танаси ҳўл мевага бош­қача ўч, талабгор бўлади. Кўп йиллар давомида китоблардаги суратлар орқалигина кўриш мумкин бўлган мевазор боғлар, шохлардаги ларзон ёз неъматлари хаёлимда эртакка ўхшарди. 1983 йилнинг айни баҳорида ёзилган   қуйидаги сатрлар ўша йиллар манзараларидан хотира:

 

Янги кун – янги бахт, янги орзулар,

Бошингиз бут бўлсин, қавмингиз унсин

Бобомдан қолган, эй марварид тутлар.

Дорилар мавсумий куч берган ерим,

Доридан ҳосилин пуч берган ерим –

Қоп-қора, қуп-қуруқ этакка ўхшар.

Бу йилги баҳорда эртакка ўхшар

Олмаю анжирли, токли ҳовлилар,

Қайдадир бор бўлса, нокли ҳовлилар…

Бундан ўттиз беш йил аввалги бир воқеа ҳам сира ёдимдан чиқмайди: қўшни келин апрель ойи охирларида нок мевасига бошқоронғи бўлиб қолди. Келин-куёвнинг ота-онаси вилоятда яшашарди. Келин юрагини менга очарди: “Хўжайинимга айтдим, бугун бозорни яхшилаб айланиб, нок топиб олиб келадилар…” Кўп қаватли уйнинг битта йўлагида яшаймиз, ҳар куни кўз-кўзга тушади. Аёл эртасига яна дил ёради: “Кеча катта бозорда ҳам нок учратмаптилар. Эрим, яқинда нок пишади-ку, ўтган йилгиси қолдими, деяптилар…” — бу гапни айтаётган бўлажак онагинанинг кўзларидаги мислсиз ташналикни кўрсангиз. Бунақа пайтда аёл аҳволини аёлдан ортиқ ҳеч ким англамайди, ҳис этмайди. Келин саҳрода сув излаган йўловчи каби энтикиб, соғиниб сўзларди: “Тушларимда ҳам нок кўраман. Сувларда чиройли меваси оқиб келади, олмоқчи бўламан, аммо қўлим етмай ёнгинамдан ўтиб кетади. Уйғониб кетаман, кўксимнинг мана бу ери жизиллаб куяётгандек, нок есам, ўша жой таскин топадигандек…” Шу гапнинг эртасига эрталаб мен бир яшар қизимни аравачага солиб Эски шаҳар бозорига бордим. Расталарни шошилмай айландим, ҳақиқатан ҳам нок деган мева кўринмайди. Бир пайт… бозорнинг чеккасидаги пештахтага кекса одам кичкина тоғорачада қоғозларга ўралган нок қўйиб ўтирганига кўзим тушиб қолди. Чўнтагимдаги ҳамма пулни чиқариб, шунга яраша нок беришини сўрадим ва икки дона мева билан уйга чопдим. Бу ажойиб неъматни кўрган келин кўзларига ишонмасди, назаримда, бутун вужуди миннатдорликка айланганди. Ёмби, йўқ ундан ҳам қиммату ноёб нарса топиб олган каби мевани бағрига босиб уйига учиб кириб кетди ва… ҳеч қанча вақт ўтмай эшигимиз тақиллади. Очсам, қўшни келин: “Опа, биттаси етарли экан, едим, ҳамма чанқоғим, мана бу еримнинг жизиллаши босилди. Бунисини ўзингиз…” Кулиб қўлини қайтардим.

Неча йилдирки, юртимиз бозорларига йўлим тушса, айниқса, йилдан-йилга қишдаям худди ёз палласидагидек тар меваларга тўлиб тошган пештахталар, улардаги хилма-хил нав мевалар, айнан нокларга кўзим тушганда, беихтиёр, юқорида айтилган гаплар, хотиралар дилимдан ўтади. Йиллар ўтгани сайин менга пишиқчилик пайтида мевали дарахтларни кўрмоқ, улардан ўз қўлинг билан узиб емоқ ҳам бошқача бир бахтдек туюлади. Бирор жойда пишиб турган мевадан териб кимдир бермоқчи бўлса, “Тўхтанг, мен ўзим дарахтдан узиб олай Аллоҳнинг мўъжиза неъматини, бунинг завқи бошқача”, дейман. Балки, бу болалик, ёшлик йилларимда қалбимга ўрнашиб қолган орзули ҳаваснинг ижобатидан шукронадир.

Ўтган йили, мана, бу йил баҳорда ҳам муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббус, ғамхўрликлари билан вилоятлардаги юзлаб ёшларга, оилаларга имконият ва эҳтиёжларга қараб ерлар ажратиб берилаётгани, ҳеч қанча вақт ўтмай бу жойлар экинзору мевазорлар, чорва майдонларига айланаётгани; муҳими, ўз ерига эга бўлганидан кўкси тоғдек юксалиб, ғайратга тўлиб-тошиб юртни обод, бой, дастурхонларни тўкин этиш толеидан қувониб, фахрланиб меҳнат қилаётганларни кўрганда, дилга дуолар тўлади: “Халқимизнинг озод, обод юртда бағрибутун кунлари барқарор бўлсин! Фарзандларимиз жисмонан, маънан камолатли, орзуларининг йўллари ойдин, яқин, хайру барокатли бўлсин. Ватан мевазору боғлар қўйнида яшнаб, боғлар шарбатга, қалблар шукронага тўлаверсин”.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 2 =