“Нима бизга Африка!” ёки туяқушчилик бизнинг иқлим шароитимизда сердаромад соҳага айланадими?

Ота-боболаримиз: “Қаловини топсанг қор ҳам ёнади”, деб бежиз айтишмаган. Бугун мамлакатимизнинг тармоқ ва тизимларида энг замонавий инновацион технологиялар жорий этилмоқда. Натижада тадбиркорларимиз, фермерларимиз мутлақо нотаниш бўлган соҳаларда ҳам ўз омадларини синаб кўришмоқда.

Тажриба сифатида аввал қўл урилмаган ишларни синаб кўришдан чўчимайдиган тадбиркорлар Сурхон воҳасида ҳам топилади. Ангор тумани “Карвон” маҳалласидаги “Азизбек Шеробод экспорт” кўп тармоқли фермер хўжалиги жамоаси паррандачиликда янги йўналишга қўл урди. Банк кредити асосида Африка қитъасидан туяқушлар олиб келиб, парваришлашга қарор қилишди. “Бу таваккалчиликдан бошқа нарса эмас. Айримлар товуқ боқишни эплай олмаётган бир пайтда, туяқушга бало борми”, деганлар ҳам бўлди.

— Биз туяқуш боқиш ва парвариш­лаш технологиясини соҳа мутахассисларидан сўраб-суриштириб, келадиган даромадни обдон ҳисоблаб чиқдик. Ўттиз бош туяқуш жўжалари олиб келинганда каттароқ товуқдай келарди. Орадан икки йил ўтиб паррандалар кўпая бошлади. Бу орада ишчиларимиз туяқушларни боқиш, парваришлаш сир-асрорларини яхши ўзлаштириб олди. Энг муҳим жиҳати, ўтган вақт мобайнида туяқушлар Ангорнинг иқлим шароитига тўлиқ мослашди, — дейди “Азизбек Шеробод экспорт” кўп тармоқли фермер хўжалиги иш юритувчиси Сирожиддин Муродов.

Соҳа мутахассисларининг айтишига қараганда, ем ва озуқа рационига тўлиқ амал қилинса, туяқушлар, чорвачиликдан кўра, сердаромад экан. Африка нар туяқушининг бўйи 2,7 метр, оғирлиги 150 килогача юк босади. Туя­қушнинг   жўжаси 2 йилда вояга етади ва модаси ёз ҳамда қиш ойларида ўнтадан ўттизтагача тухум қўяркан.

Ангорда ҳам туяқуш тухумига талаб­горлар кўпайди. Айниқса, тухумдан жўжа очириб, туяқуш боқиш паррандачиликнинг яна бир соҳасига айланиб бораяпти. Туяққуш жўжалари икки йилда вояга етади. Битта туяқушнинг модаси қирқтагача тухум босиб, жўжа очади. Жўжалар эса яхши парвариш қилинса ўн ойда юз килограмм тош босади. Мутахассисларнинг айтишларича, ёввойи туяқушлар 4 ёшда, қўлда боқилганда эса икки ёшда тухум қўя бошлар экан.

Бундан ташқари, йилига бир жуфт   туяқушдан 180 килограмм парҳез гўшт, 50 метр квадрат тери, 36 килограммгача харидоргир пат олиш мумкин экан. Айтишларича, туяқушнинг тирноқлари, киприклари ҳам қимматбаҳо ҳисобланади. Бунинг устига, туя­қушлар ҳар қандай оғир шароитга ҳам мослашиб кетавераркан. Бу жониворларнинг 22 даража совуқ, 36 даража иссиққа бардош беришини айтсак, янада кўп нарса ойдинлашади.

Лекин Сурхон воҳасининг жанубий туманларида ёз ойларида   жазирама 45-50 даражага етади. Қумга тухумни кўмсангиз бемалол пишиши мумкин. Сурхоннинг ўтли шоири Теша Сайдалиев бир пайтлар “Тухум пишар эмиш ёз иссиғида”, деб бежиз ёзмаган эди. Бундай об-ҳавога эса туяқуш тугул, четдан келтирилган зотдор қорамоллар ҳам чидай олмайди. Шу туфайли фермерлар, ортиқча харажатга қарамасдан, ҳаво дим ва ҳарорат юқори бўлган кезларда замонавий совутгич ҳамда шамол ҳайдагич мосламалардан фойдаланишга мажбур бўлишади…

— Қулай томони шундаки, туяқушлар емиш танламайди, — дейди фермер хўжалиги ишчиси Бобомурод Жўраев. — Беда, шўра, карам, сабзи пояси, ошқовоқ, буғдой, маккажўхори, кунгабоқар, сули, арпа, оҳактош истеъмол қилаверади. Дони, еми, сувини берсангиз бўлгани. Бу ерда 14 киши ишлаймиз. Уларга ўзимиз ҳам ўрганиб қолдик.

— Биз чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигимизни янада кенгайтиришни ният қилганмиз. Эллик бош қорамолимиз бор. Яна 20 бош хориждан зотли қорамол олиш учун шартнома қилганмиз, — дейди Сирожиддин Муродов. — Ем-хашак қимматлиги сабабли жайдари молларни боқиб, даромад олиш қийин бўлмоқда. Ўтган йили 350 миллион сўм банкдан кредит олиб, четдан 200 бош зотдор қуён харид қилган эдик. Қуёнчилик хўжалигимиз ҳам ривожланиб бораяпти. Эндиликда уларни кўпайтириб, ички бозорни қуён гўшти билан таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз. Туман ҳокимининг қорори билан 16 гектар ер ажратиб беришди. Бу эса туяқушлар, қуёнчилик ва чорвачилик хўжалигимизнинг озуқа манбаи ҳисобланади.

Мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлашда тадбиркор фермер хўжаликлари муҳим ўрин тутади. Туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурига кўра, Ангор туманида ўтган йили 60,6 миллиард сўмлик 43 та лойиҳа амалга оширилди. 224 нафар аҳоли ишли бўлиб, рўзғорининг каму кўстини бутлашмоқда.

АЛҚИССА: Ангор зўрми, Африка… Ангор тумани аҳолиси шу масалада баҳсга киришишган. Улар бизнинг туяқушлар Африка туяқушларидан кўра, яхшироқ, самаралироқ, фойдалироқ ва сердаромад тармоққа айланади, дейиш­моқда. Нима ҳам дердик, туяқуш етиштириш каби янги соҳада қандай натижаларга эришиш мумкинлигини вақт кўрсатади. Омон бўлсак, кўрамиз!..

Сафар ОМОН,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + sixteen =