Мактабдадир миллий хаёл

Мактаб ва маориф масаласи ҳар қандай асрда долзарблигини йўқотмаган. Чунки ҳар қандай мамлакат мактаб ва маориф соҳасидаги ислоҳотлари билангина янги пиллапояга кўтарилади. Аслида ҳар бир ўқитувчининг, ҳар бир миллат вакилининг тафаккур ва хаёллари миллий бўлсагина эртани севиниб кутишимиз учун мазмун пайдо бўлади.

2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонига биноан жорий йилнинг 1 апрель санасидан мактабларда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилди. Унга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари бўлган таниқли шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорлар, олий таълим муассасаларининг ижтимоий гуманитар фанлар кафедралари профессор ва ўқитувчилари жалб этилди. Мактаблардаги ушбу лавозим учун 0,50 ставка иш ҳақи ажратилиши белгиланган.

Президент Фармонига асосан, 2020 йил 28 декабрда халқ таълими вазирлиги, олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг қўшма қарори тасдиқланди.

Масаланинг биз учун муҳим бўлган бир томони бор, бугун мактабларга тавсия этилаётган шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорлар ўқувчилар билан қай даражада шуғуллана олади? Улар ижодга, мутолаага ажратилган вақтидан ортиб мактаб болалари учун ўқитувчичалик ўзини бахш эта оладими? Ижодкорнинг ишдан ортган вақтини мактабга сарфлар эканмиз, бу адабиётдаги йўқотишларни, бўшлиқларни юзага келтирмайдими, деган савол ўтади.

Бироқ бугун миллат болаларини китобга, китобхонликка йўналтириш сиёсат даражасига кўтарилган экан, биз юқоридаги каби хавотирланишга асос йўқ.

Аксинча, биз боладаги тафаккур, тасаввур ва идрок муд­роқлигини туртиб уйғотишимиз шарт. Бу учун эса бизга мамлакатимизнинг маънавият дарғалари бўлган, шоир, ёзувчи, журналист ва олимларнинг кўмаги жуда зарур бўлади.

Шу билан бирга Президентимизнинг оқилона сиёсати туфайли ижодкор халқи мактабларга сафарбар қилинди.

Ўтган асрда яшаб ижод этган жадид боболаримизни бир эсланг, улар ўзлари янги мактаблар очиб, унда болаларга таълим беришган. Ўзлари дарсликлар ва бадиий асарлар ёзишган. Зотан, бугунги кун мактабларига жалб қилинган шоиру ёзувчилар қадамларида биз жадид боболаримиз – Абдулла Авлоний, Мунавварқори, Беҳбудий, Фит­рат ва Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийларнинг шижоатини кўрмоқ истаймиз. Аслида айни пайтда ижодкор ва халқ орасидаги узуқларни улаш учун ҳам бу муҳим қадамдир. Эҳтимол, ёзувчиларимизнинг шоҳ асарлари мактаб­ларда ёзилиб бошланар.

Масаланинг   иккинчи томони эса ҳар қандай даврда ҳам баъзи шоир – ёзувчиларнинг машҳур Адабиёт тўгараклари иш юритган. Ва бу тўгарак­лар ҳар доим ўз самарасини бериб келган. Шу маънода ижодкор ва ўқувчи ўртасидаги янги кўприкнинг қурилиши   Учинчи Ренессанснинг мазмун-мо­ҳиятига айланади.

Бизнинг Шайхонтоҳур туманидаги мактабларимизда апрель ойидан шоир ва ёзувчилар иш бошлади. Бунда ижодкорларимизнинг асосий вазифаси ижодий қобилиятга эга бўлган ўқувчиларни аниқлаш ва саралаш, ижодий ишлари билан танишиб бориш, истеъдодли ўқувчи ёшларни Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган турли ижодий танловларга жалб қилиш, уларни   атоқли адиблар номидаги ижод мактаблари фаолияти билан яқиндан таништириш, ўқувчилар ўртасида турли адабий, ижодий танловлар, фестиваль ва бошқа тадбирлар ташкил этиш, китобхонликни ривожлантириш ва китоб муто­лаасини тарғиб қилишдан иборат бўлади.

Шу асосда бизнинг 41-сонли умумтаълим мактабда аллақачон иш бош­ланди. Мактабимизда 1847 нафар ўқувчи таҳсил олади. Ўқитувчиларимизнинг сони эса 100 та. Бир юзу биринчи бўлиб келган ижодкорнинг ўрни алоҳида бўлиши шубҳасиз. Мана оз фурсатлар ичида мактабимиз ўқувчилари учун “Адабиёт бурчаги” ташкил қилинди, кейинчалик, бу мактабимиз ҳаётини ўзида акс эттирувчи мактаб газетасига айланса, ажаб эмас. Шунингдек, ҳавас­кор болажонларимиз ўз шоир устози билан доимий мулоқотда бўлиши учун онлайн мулоқотлар, телеграм канал орқали савол-жавоблар йўлга қўйилди. Бу ўзининг асосий иш жойидан узилиб, доимо мактабда бўла олмаган ижодкорни ўқувчилар билан доимий иш олиб боришини таъминлайди. Қолаверса, мактабимиз тарихида илм масканимиздан жуда кўп машҳур кишилар етишиб чиққан. Ушбу янги қадам эса миллат ва жамият равнақига астойдил ҳисса қўшадиган етук шахсларнинг камолга етиши учун яна янги бир пойдевор бўлди.

Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ўзининг “Мактаб” номли шеърида шундай ёзади:

Мактабдадур илму камол,

Мактабдадур ҳусну жамол,

Мактабдадур миллий хаёл,

Ғайрат қилиб ўқинг, ўғлон!

Демак, навбат болаларнинг ғайрат қилиб ўқишида қолди. Ана шунда биз якдил ва якқадам бўлиб мамлакат тараққийси учун қилган меҳнатларимизнинг натижаси кўзга кўринади.

Гулноза Музафарова,

Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманидаги

41-мактаб директори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × one =