Миллатнинг олтин калити ёки Президент мактабларида оддий деҳқоннинг боласи ҳам ўқийдими?

Дунёда мактаблар кўп. Турли хил йўналишларга, фанларга йўналтирилган мактаблар бор. Улар орасида Буюк Брита­ниянинг “Great Nine Schools”, “Bishop Montgomery High School”, Канаданинг “Trinity College School”, Швейцариянинг қироллик мактаблари мавжуд. Эҳтимол, бу билим ўчоқлари таълим тарзининг ўзига хослиги, чуқурлиги ва ўқувчи ўзини фақат илм олишга хос ҳис қилиши учун ҳамма шарт-шароитлар яратилган бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам ҳар бир миллатнинг олтин калити мактаб парталарига ўрнатилган.

 

Шу ўринда айтиш жоизки, жадид боболаримиз “Усули жадид” мактабларини шунчаки урф учун таъсис этишмаган. Ёки Абдулла Авлоний ва Мунавварқорилар асос солган мактабларда бепул таълим берилган, миллат эртаси учун қайғуриш ғояси асос масалани ҳал қилган.

Наманган вилоятидаги Президент мактабига кириб борар эканмиз, ана ўша жадид мактабларини қайта бир бор эсга олдик. Томларидан чакка ўтган, ўзимиз ўқиган чекка қишлоқ мактаблари ҳам хаёлдан ўтди.

Президент мактаби эса бугуннинг ҳақиқати, миллатнинг олтин пойдевори ўлароқ, кўз олдимда муҳташам қўр тўкиб турибди.

Кўпчилик ота-оналар фарзандларини Президент мактабида ўқитгиси келади. Бироқ бу ерда “казо-казо”ларнинг боласи ўқиса керак, деган илдизсиз гумонлар ҳам йўқ эмас. Аслида эса ҳаммаси бошқача. Ишонаверинг. Британиянинг Кембриж таълим дастурига қиёсан Наманганда ташкил этилган Президент мактабида Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институтини битириб, докторлик диссертациясини Швецияда ҳимоя қилган Абдурасул Пирназаров директор вазифасида ишлайди. Улар мактаб бўйлаб мини-саёҳат ташкил қилдилар. Шу ўринда А.Пирназаровдан Президент мактабларига қабул ва ўқитиш тартиблари ҳақида сўрадик.

 

Ҳаммаси фақат   инглиз тилида

 

— Барча Президент мактабларига имтиҳонлар Кембриж билан ҳамкорликда икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда битта ўрин учун 20 нафардан бола саралаб олинади. Биринчи босқичда 24 та ўрин учун 480 нафар бола қолади. Кейин яна улар 2 босқичда саралаб олинади. Имтиҳонлар математика ва инг­лиз тили фанлари бўйича бўлиб ўтади. Бу ерда математика, кимё, физика, информатика фанлари Кембриж дастури бўйича ўқитилади. Хориждан келган ва маҳаллий домлалар биргаликда синфларда дарс олиб боришади. Айни пайтда бизнинг Наманган Президент мактабида 7 нафар хориждан келган ўқитувчилар ва 20 нафар маҳаллий ўқитувчиларимиз дарс беришади.   Муҳтарам Президентимиз бу ерда мактаб очилганидаёқ ўқувчилар учун ҳам, ўқитувчилар учун ҳам мутлақо эркин таълим бўлишини айтиб ўтган эдилар. Мана синфларга кирсангиз болалар ўқитувчи синфда бўлмаса ҳам ўз устида ишлаётганининг гувоҳи бўласиз. Ҳар бир синфда 12 нафар ўқувчи таълим олади. 12 нафар ўқувчига битта хориждан, битта маҳаллий ўқитувчи бириктирилган. Наманган ҳудудидаги мактабларга фақат Намангандаги ўқувчилар имтиҳон топшириб бу мактабга кира олади.

Ҳа, бу каби мактабларда ўқитувчининг иш тартиби ва иш унуми бошқача. Чунки улар хорижлик ўқитувчилар билан ҳамкорликда кўп нарсаларни ўрганишяпти. Бўш вақти бўлдими, эртанги дарс учун тайёргарлик кўради. Қоғозбозлик учун конспект ёзилмайди ёки мажлисбозликлар улар учун бегона. Ўқувчиларнинг эса ҳар бири давлат томонидан ноутбук компьютерлари билан таъминланган. Синфхоналарида девор вазифасини ойналар бажармоқда. У ерда кечаётган жараёнларни бемалол томоша қилиш мумкин. Бунга ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам кўникади, яъни ҳаммаси шаффоф.

Директорнинг хорижлик ўқитувчилар ҳақида тўлқинланиб гапириши бизда ҳам уларни яқиндан билишга, суҳбатини тинглашга қизиқиш уйғотди.

 

“Ўзимни Филиппинда юргандай ҳис қиламан”

 

— Ўзим 1993 йилда туғилган бўлсам ҳам дунё бўйлаб таълим ривожига ўз ҳиссамни қўшаяпман. Мен Ўзбекистонга келишдан олдин Қозоғистонда Турон таълим, анимация ва инновацион технологиялар марказида ишладим. Ўрта Осиё халқларининг турмуш тарзи, маданияти мени ўзига жалб этади. Улар бизнинг халқникига жуда яқин.

Бу ердаги болаларнинг ўзлаштириш даражаси жуда тез. Уларнинг ўзини тутиши, муомала маданияти мени ҳайратлантиради. Улар билан ишлаш мен учун жуда завқли. Чунки менинг ўқувчиларим зукко, интилувчан ва ниҳоятда қобилиятли болалардир. Мен Ўзбекис­тонни ва ўзбек ўқувчиларини жуда ҳам яхши кўраман, — дейди асли филиппинлик, айни пайтда Наманган Президент мактаби физика фани ўқитувчиси Росетум Галос.— Ўзбеклар орасида ўзимни Филиппинда юргандек ҳис қиламан. Атрофимда яхши одамлар шу қадар кўпки, Ватанимни соғинсам, соғинч изтироблари бирпасда ўтиб кетади. Тўғри, мен ҳозир сиз билан инглизча гаплашяпман, бироқ   аллақачон ўзбекча мулозаматни ўрганиб олдим.

 

Бир синфда беш нафар ўқувчи

 

Мишел Гаддий дарс ўтаётган синф хонасига кирдик. Болалар 9-синфни тамомлаб 10-синфга ўтаётганида ўзлари танлаган касбга қараб ўқув йўналишини танлашар экан. Айни пайтда бу синфдаги 5 нафар ўқувчи химия ва биология йўналишини танлагани учун Мишел Гаддий билан химия фанидан шуғулланишмоқда. Булар ҳаммаси ҳақиқий фидокор ўқитувчилар эканлиги, ўқувчиларни жуда яхши кўриши, ўзини шу касбга бағишлагани унинг ҳар бир қарашидан сезилади. Биз ўқитувчини суҳбатга тортдик:

— Мен Американинг Пенсильвания штатида туғилганман. Миссури университетида бакалаврлик, 2018 йилда Нью-Йорк университетида магистратурани тамомлаганман.

Шунингдек,   Либертей университетида ҳам таҳсил олганман. Мен ўтган йиллар мобайнида Қатарда ишладим. Ўзбекистондаги   болаларнинг тиришқоқлиги, илмга қизиқишлари мени ҳайратга солади. Биз ўқувчилар билан дарс пайтида ҳам, дарсдан ташқари пайтда ҳам биргамиз. Уларнинг сўрайдиган нарсалари, ўрганиш хоҳишлари шу қадар кўпки, бунга қойил қолиш керак. Яна бир нарса, агар ўқувчи ўрганишни хоҳласа, давлатингиз ҳамма ша­роитни муҳайё этмоқда. Бу ахир афсона-ку. Ҳозир дунё­нинг кўпгина мамлакатларида бу каби ўқув даргоҳларида бир йиллик ўқиш ўртача (тахминан) 50-70 минг АҚШ долларини ташкил этади.   Ана энди хулосани чиқариб олаверинг. Мен ўз ишимдан жуда мамнунман, – дейди америкалик Мишел Гаддий.

 

Китобни энди ётиб ўқисангиз ҳам бўлади

 

Лекин бу ерга келган баъзи ўқитувчиларимизга иқлим тўғри келмай қийналишибди. Шу боис, Янги зеландиялик ўқитувчи билан шартномани тўхтатганини айтишди. Айни пайтда мактабда Америкадан икки нафар, Филиппиндан, Янги Зеландиядан, Жанубий Африкадан иккита ўқитувчи фаолият олиб боради. Бу ердаги ўқувчилар Президентимиз — мазкур мактабларни ташкил қилган Йўлбошчимиз таъбири билан айтганда мамлакатнинг олтин захираларидир.

Кутубхона ҳам, ўқув заллари ҳам ноанъанавий услубда жиҳозланган. 8000 дан ортиқ китоб жой олган кутубхонада ўзбек, рус ва инглиз тилидаги китоблар бор.   Кутубхона дунё стандартлари даражасида жиҳозланган. Ўқув залларида ётиб, ёнбошлаб ўқиш учун ҳам шарт-шароитлар муҳайё.

А.Пирназаров бу ерда ота-оналарни изга тушириш бироз мушкул кечганини айтди. “Президент мактаби қандай имтиёз беради?” деб кўп сўрашар экан. — Президент мактаби имтиёз бермайди, билим беради, меҳнат қилишга ўргатади. Бу борада ҳар биримиз тўғри тушунчага эга бўлишимиз керак, — дейди у.

Раҳматуллоҳ Абубоев: Оловуддиннинг эмас… Мишел Гаддийнинг сеҳрли шамчироғи.

— Мен Наманган Президент мактабининг 11-синф ўқувчисиман. Инглиз тили бўйича билимларимни ривожлантириб, вилоятда биринчи ўринни олдим. Ўзим оддий оилада дунёга келганман. Отам хусусий тадбиркор, онам чет тили фани ўқитувчиси. Президент мактаби учун ҳужжатлар топширилаётган пайтда онам: “Сен ҳам Президент мактабига ҳужжат топшир” деб маслаҳат бердилар. Бу мен учун кутилмаган таклиф бўлди. Инг­лиз тили ва математикадан имтиҳонлар топширдим ва шу мактаб ўқувчиси бўлдим.

— Бу ердаги дарслар сизни қаноатлантирадими?

— Ҳамма Президент мактабларига 40 нафар хорижлик ўқитувчилар олиб келинган. Шулардан етти нафари бизнинг мактабимизда. Мени бу ўқитувчиларнинг дарс ўтиш услуби жуда ҳам қаноатлантиради. Мен уларнинг дарсларида шунчаки сеҳрланиб қоламан.

— Хорижлик ва ўзбекистонлик ўқитувчилар орасида қандай фарқини кўрасиз?

—Хорижлик ва ўзбекистонлик ўқитувчиларим ўртасида битта фарқни кўраман. Хорижликлар болани ўз эркига қўйишади, ортиқча босимсиз, босиқлик билан   ўқитишади. Мен шуни тушуниб етдимки, агар босим бўлмаса, ўқувчи бўш вақтларида ҳам ўзини шу фанга бағишлар экан. Яъни, ўқитувчи бунга болани зўрлаш орқали эмас, уни қизиқтириш орқали эришиш лозим экан. Менинг севимли ўқитувчиларим ўзимиздан Нозим Неъматуллаев, хориждан эса Мишел Гаддийнинг дарсларини жуда яхши кўриб ўқийман. Мишел Гаддий ўз устида ҳам, ўқувчилар устида ҳам қаттиқ ишлайди. Биз қайси пайтда савол беришимизга қарамай, бизга шу нарсани чуқур ўргатади. Мишел Гаддийнинг дарслари мен учун Оловуддиннинг сеҳрли шамчироғидир, гўё ичимни, келажагимни ёритиб тургандек ҳис қиламан.

Мен бу йил Британия институтларининг бештасига топширдим. Шулардан иккитасига кирдим. Айни пайтда у ерда кимёвий ва аэрокосмик муҳандислик соҳасига ўқишга кирдим.

— Орзуларингиз қандай?

— Келажакда орзуим муҳандис бўлиб юртимиздаги шу йўналишдаги муаммоларни ечишни истайман. Худо хоҳласа, Президент мактабини битириб, она Ватанимиз ривожига ҳисса қўшсам, дейман. Келажакда мен нефть-газ, энергетика соҳасида ишламоқчиман.

 

Бу ёзганларимиз Президент мактабидан бир кўриниш, холос. Айтганча, ҳаммани қизиқтириши мумкин бўлган бир масала бор. Бу ерда ўқитувчилар беш миллион сўмдан 4 минг АҚШ долларигача миқдорда ойлик маоши олиб ишлашар экан. Зеро, миллат боласининг қалб кўзини очишга чоғланаётган бу муаллимларнинг хизмат ҳақларини ҳеч нима билан адо этиб бўлмайди. Муҳими, Президент мактабларида Умид, Ишонч, Заковат уруғлари қадалмоқда. Эртага насиб этса, уларнинг ҳосилидан бошимиз кўкка, қўлимиз осмонга етажак.

Ҳа, айтганча ушбу мактабда ўқиётган болаларнинг кўпчилиги оддий одамларнинг фарзандлари. Демак, бу масканда асосий мезон — билим.

Гўзал БЕГИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 1 =