“Адашиб” талаба бўлганлар

Сўнгги йилларда юртимизда ёшларнинг таълим олишларига катта эътибор қаратилди. Ошкоралик тамо­йилига кўра, эндиликда 1,0 балл олган абитуриент ҳам, албатта, “Супер контракт” асосида, талаба бўлиши мумкин. Шу йўл билан олий ўқув юртларига кириш ҳамда таълим самарадорлигини ошириш мақсадида минглаб ўғил-қизларнинг билим олишга бўлган қизи­қишлари инобатга олинмоқда.

Ўтган йили талаба бўлиш истагида ҳужжат топширган абитуриентларнинг сони кескин ошиб, 1 миллион 484 минг 85 нафарни ташкил этди. Албатта, мамлакатимизда билим олиб, етук мутахассис бўлишни орзу қилган ёшлар талайгина. Қувонарлиси, “Супер контракт” туфайли талаба бўлганлар сони ҳам кескин ошди. Бундан ташқари, абитуриентларнинг олий ўқув юртларига киришлари учун беш йўналишни танлаш имконияти берилгани ўсмир-ёшларга катта имконият яратди.

Аммо қўшимча йўналишда ўқий туриб: “мен бу йўналишга адашиб кириб қолдим. Бу ерда ўқишни ўзим истамаганман. Ёқтирмаган жойимда ўқиш жонимга тегди”, деб ношукурлик қилаётган талабаларга нима дейишни ҳам билмайсан… Албатта, бундай дейишларига сабаб бор, уларнинг айримлари ўзлари асосий йўналиш деб танлагани эмас, балки ўзлари рўйхатга қўшган иккинчи, учинчи йўналишлар талабаси бўлишди. Мисол учун, Мактабгача таълим йўналишида ўқиш учун тайёрланган абитуриент психология йўналишига ёки тиббиётнинг педиатрия, даволаш иши йўналишига тайёрланганлар кам балл тўплаганликлари эвазига тупроқшунослик йўналишига талабаликка қабул қилинган.

Хўш, энди уларнинг “олтин даври” қай йўсинда ўтади?

 

Ўқиётган йўналишига меҳр қўйиб, қунт билан ўрганиб, малакали мутахассисга айланадими ёки ўқишдан кўнгли буткул совиб, дип­ломли ишчигами, муҳожиргами айланадими? Энг қизиғи, “адашиб ўқиётган талабалар”нинг ўзлаштириши қандай? Соҳани қунт билан ўрганаяптими?

Биз ушбу масалалар юзасидан турли йўналишларда талабаларга таълим бераётган устозлар фикри билан қизиқдик.

Лайло Турсунова, Фарғона давлат университети санъатшунослик факультети мусиқий таълим кафедраси ўқитувчиси:

— Орзуларнинг қаноти бор, деса ишонаверинг. Шу пайтгача олий ўқув юртига кириб ўқиш кўпчилик абитуриентлар учун ушалмаётган орзу бўлиб келаётган эди. Яратилган янги имкониятлардан фойдаланаётган абитуриентлар талабалар сафига қабул қилинмоқда. Аммо уларнинг орасида болалигидан ўзи севган йўналиш қолиб, бошқа йўналишда ўқиётган талабалар ҳам бор.

Тўғри, аксарияти янги йўналишни сидқидилдан ўрганиб, етук касб эгаси бўлиб кетади. Аксариятининг эса ўзи истамаган ҳолда, иккинчи йўналишга кириб қолганидан ўқишга умуман қизиқиши йўқ. Онлайн ёки анъанавий дарс­ларга келишмайди. Платформада вазифаларни ҳам бажаришмайди.

Бундан на давлатга, на ўша талабага манфаат бор. Менимча, уларни иккинчи босқичдан ўзлари танлаган йўналишга ўтказиб юбориш керак. Ана шунда ҳар томонлама фойдали бўлади.

Албатта, мулоҳазалар оғриқли, кишини ўйлантирадиган, бироқ баъзи ёшларда қизиққонлик, узоқни кўра олмаслик, кўнгли торлик бор. Улар бир сафар омади юришмаса, гўё бор имкониятидан айрилиб қолгандек, тушкунликка тушиб қолишади. Аслида, ёшлар учун эришиладиган барча имкониятлар доим олдинда бўлади. Энг асосийси, абитуриент ўспирин талаба бўлибдими, демак у ўқишга кира олмаган бошқа ёшларга нисбатан қобилиятлироқ ҳисоб­ланади. Барчага аён, олийгоҳга кириш учун тайёргарлик кўриш машаққатли давр, билим олишга қунт қилишни, ўқиётганига эътиборли бўлишни, бир сўз билан айтганда, фидойиликни талаб этади. Кечани кеча, кундузни кундуз демай ўқиб-ўрганиб, ихлос билан ҳаракат қилганларгагина талабалик насиб этади.

Аммо энди хоҳишсиз ўқиётганлар курсдош­ларини ҳам ўзлаштиришда ортга тортишлари турган гап. Аслида, уларнинг адашиб ўқиётганликлари қанчалик тўғри?

Феруза Раҳмонова, Андижон давлат тиббиёт институти стоматология факультети катта ўқитувчиси:

— Бу яратилган имконият кўпчилик ёшларнинг дилидаги орзуларини ушалтирди. Маълумки, айрим абитуриентларнинг талаба бўлишига озгина балл етмай қолиши тўсиқ бўларди. Энди хоҳиш бўлса бас, талаба бўлишига имкон бор.

Лекин шунга қарамай, бир ноқулайлик томони ҳам бор-да. Ўзи танлаганидан бошқа йўналишга кирган талабанинг ўқиш манзили ҳам ўзгариб қолиши мумкин. Бу ерда талабанинг ижтимоий аҳволи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Барибир талабаларнинг: “мен бу ўқув юртига адашиб тушганман”, деб иддао қилиши мутлақо ўринсиз. Чунки уларга қўшимча йўналишларнинг қайсидир жиҳати маъқул келганки, бу йўналишни ҳам ўзлари танлашган. Шундай экан, бундай гап-сўзлар ўрнига, ўқиётган йўналишига қунт билан ёндашиб, тинимсиз изланиб, интилиб ўз устида ишлаб, юксак марраларга эришиши, албатта, уларнинг давлатимиз томонидан яратилган имконият ва кўмакка муносиб жавоблари бўлади.

Жамшид Баширов, Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани 25-умумий ўрта таълим мактаби 11-синф ўқувчиси, Қақнус номидаги журналистика нотиқлик ва режиссёрлик тўгараги аъзоси:

— Менинг кўп танишларим ҳам учинчи, тўртинчи йўналишларда ўқишаяпти. Агар ўзи танлаган йўналишга ҳужжат топширишганда талаба бўла олишмасди. Буни ўзлари ҳам биларди. Мен ҳам бу йил насиб бўлса, мактабни битираман. Биз ҳужжат топширадиган 2021-2022 талабаликка қабул қилиш йилида ҳам бирваракай бешта йўналишни танлаш имконияти берилса яхши бўларди. Юқоридагидек ҳолатга тушмаслик учун эса тенгдошларимдан танлаётган олий таълим муассасаси ҳамда йўналишларга диққат билан эътибор қаратиб, ҳар томонлама ўйлаб кўргачгина қарор қабул қилишларини сўраган бўлардим.

Билдирилган фикр-мулоҳазалардан кўриниб турибдики, соҳанинг яхши-ёмони бўлмайди. Чунки, бугун юртимизда барча соҳа вакилларига талаб ва эҳтиёж мавжуд. Қайси соҳани эгаллашимиздан қатъи назар бор салоҳиятимизни ишга солиб, етук кадрга айлана олсак бас. Бунда халқимиз ҳамда давлатимиз учун хизмат қилиш олий бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз даркор. Бир ўринга даъвогарлик қилган ўнта тенгдошимиз ичидан билимимиз етиб, талабалик бахтига эришган эканмиз, бу катта ютуқ. Негаки бугун ўрнимизда бошқа абитуриент талаба бўлиши ҳам мумкинлигини унутмаслигимиз керак. Ундан кўра, эртанги кун учун бизга катта умид боғлаганларнинг ишончини оқлаш йўлида тўхтовсиз билим олишга ҳаракат қилмоғимиз керак.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ,

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети

ҳарбий журналистика йўналиши талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 − two =