Отасиз синф

  • Алиментсиз ўсаётган болалар
  • Айсбергга урилган юрак
  • “Яраланган ер шари”…
  • Фарзанд уни боқмаган, тарбияламаган отаси қаршисида бурчдорми?

 

Маълумотларга қараганда, дунёда 2,7 миллион нафар бола Меҳрибонлик уйларида яшар экан. Бу етим болаларнинг умумий сони дегани эмас. Чунки уларнинг маълум қисми оилаларда ўзгалар қарамоғида ҳам яшайди. Ўзбекистонда болалар уйларининг сони 13 та, уларда 4000га яқин ота-онасиз болалар тарбияланиши  айтилади.

Бундан ўн йиллар муқаддам   бир танишим фарзанди “Отасиз синф” деган ҳикоя ёзганлиги ҳақида гапирганди. Ҳикояга кўра мактабнинг битта синфида 32 нафар бола ўқир ва уларнинг ҳаммаси отасиз экан. Даҳшатли ҳикоя, норасида боланинг юрагидан униб чиққан аччиқ изтироб бу! Отасиз синфда ўсаётган болаларнинг ўйлари, қарашлари, дарду ғамлари деярли бир хил бўлади. Улар битта қанот билан катта бўладилар.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 10 миллионга яқинини 14 ёшгача бўлган болалар ташкил қилар экан.   Ўғил-қизларнинг 4 миллион 559 минг 212 нафари шаҳарда, 5 миллион 311 минг 64 нафари эса қишлоқ жойларда истиқомат қилишади. Бироқ 10 миллион боланинг орасида ё ота, ё она меҳридан айри ўсаётганлар талайгина. Бугун дунёни отасининг елкасида ўтириб томоша қилганча катта бўлган болалар ҳақида эмас, минг афсуски пешонасига қоп-қора ҳарфларда отасизлик битилган болалар қисмати ҳақида фикр юритмоқчимиз.

Психологлар фикрига кўра бола рисоладаги инсон бўлиб вояга етиши учун тўлақонли оилада, яъни ота ва она қуршовида тарбия топган бўлмоғи керак. Бунга-ку эътироз йўқ. Бироқ буни ҳаёт деб қўйибдилар, унда ҳамма нарса рўй бериши мумкин. Ота ва онанинг келишмаслиги, ажримлар ёки бошқа бахтсиз ҳодисалар туфайли ер шарида ҳар куни қанчалаб гўдаклар етим қолишмоқда.

Маълумотларга кўра ўтган йили мамлакатимизда 28 минг 233 та ажрим қайд этилган. Ажрим-ку юз берган, ажримдан кейинги ҳаёт-чи? Ажримнинг орқасидаги манзарага хотиржам қарай оласизми? Боланинг тўкис ва етарли шароитда ўсиши, атрофдагилардан, яъни ота ва она бағрида ўсаётган болалардан кам бўлмай тўгарак ва репититорларга қатнаши, кийиниши ва ҳоказо масалалар бор олдинда. Агар ота-она ажрашса, белгиланган қонунга кўра фарзанднинг еб-ичиши, кийиниши ва бош­­қа харажатлар учун ота томонидан алимент тўланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-, 100-моддаларида эса ота-онанинг вояга етмаган болаларига, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартлиги белгиланган. Алимент миқдори эса суд томонидан белгиланганда ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми, икки бола учун — учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун — ярми миқдорида ундирилади. Хўш, айтинг-чи, бугунги ота-оналар Конституцияда ва Оила кодексида белгиланган мажбуриятларни қай даражада бажариш(ма)япти?

Танишларимдан бирининг айтишича, иккита фарзанди учун 280 минг сўм алимент олар экан. Ҳа эмиш, ота ишламасмиш(Эҳ-ҳе, фарзандига алимент кам тўлаш учун махсус давлат ишидан бўшаганлар, кам ойлик маошли ишни расмийлаштириб қўйганлар қанча). Ўйлаб кўринг, 280 минг сўм алимент икки фарзанднинг қайси бир эҳтиёжини қоплаб беради? Ахир бу пулнинг 100 мингга яқинроқ қисми(агар фақат буханка истеъмол қилинса) икки нафар бола ейдиган   ноннинг ўзига сарфланади! Қолган 180 минг сўмни икки ўғил боланинг қайси эҳтиёжига етказиш мумкин? Ойига 90 минг сўмлик харажат билан катта бўлган боладан полвон чиқадими, ё биз ҳалиям   қорни тўйиб овқат емаган боладан даҳолар чиқади деган чўпчакларга берилишдан чарчамадикми?   Тўғриси, бу пулни нимага сарфлашни ўйлар экансан, фариштадек бегуноҳ полапонларга раҳминг келиши баробарида, фарзандларимни алимент тўлаб боқяпман деган писанда билан ўтирган ожиз отага раҳминг келади, юрагингнинг ҳамма ёғида сассиз оғриқ туясан, одам.

Баъзан ижтимоий тармоқларда, баъзан оғзаки гурунгларда “фалончи”нинг ўз болаларига алимент тўламай қочиб юрганлиги ҳақидаги хабар қулоққа чалиниб қолади.

Ўзининг фарзандига аталган пулни сарфламаган, сарфлай олмаган отани нима деб аташ мумкин? Kun.uzнинг 2021 йил 27 февралдаги хабарига кўра “Мажбурий ижро бюросида ҳозирда иш юритувидаги 1 миллион 90 мингга яқин ижро ҳужжатларининг 268 мингдан ортиғини (24,6 фоизи) алимент тўловларига оид ижро ишлари ташкил қилади”. Бу дегани 268 минг нафар она ва бир неча минглаб фарзандлар ўзининг ҳам Аллоҳ, ҳам қонун томонидан белгилаб қўйилган ҳалол ҳақларини ололмай сарсону саргардондирлар.

Масаланинг иккинчи томони эса орамизда ғурури тоғларни титратадиган, ботинига йўлбарс терисини ёпинган оналар бор. Уларни кўриб-кўрмаганга, билиб-билмаганга олсак-да, бир эркак эплолмаган ишни қилиб боласини ёлғиз қўл билан катта қилишяпти. Улар орамизда жуда ҳам кўп. Эҳтимол, алиментдан ҳазар қиладиган оналар сони алимент оладиганлардан кўп бўлса бордир. Улар алимент талаб қилиб маҳкамаларга бормайди, ҳаётини келган жойидан давом эттиради, бироқ изтиробни, машаққатни келган жойидан давом эттирмайди. Изтиробини ҳар куни қайта бошдан яшайди. Унинг отини она деб қўйишган ахир,   дилбандининг бағрида эканлигидан суюнади. Боласининг ҳақли ҳаққидан айри ўсаётганлиги она учун ҳеч қандай қийматга эга эмас. Чунки у “Банданинг бандада қилча ҳаққи бор бўлса, тортиб олиб бериладиган улуғ кун”га қаттиқ инонади.

Аслида ҳар бир тақдир тарих таҳрир қилолмайдиган алоҳида бир тилсим. Бир эркакки суяй олмаган қаддини бошқа ҳеч нима ва ҳеч ким суяшига инонмас у. “Яраланган ер шари” орзуларининг кўринишига айлангандир балки.   Ёлғиз оналар дардига қулоқ тутаман.

Биринчи она:

Ўғлимни ёлғиз ўзим тарбия қилдим. Ўқитдим, уй олдим, ҳатто атрофдагилардан кам бўлмасин деб машина олиб бердим. Бироқ ҳеч нима боламнинг юрагидаги ота деган бўшлиқни тўлдира олмади.

Иккинчи она:

Фарзандим болалигида жуда кўп касал бўлди, бир неча марта операция қилинди. Бегоналар ҳолимга йиғлаганида, ўғлининг ҳаёти қил устида турганида фарзандининг ҳолидан хабар олмаган, эшикма-эшик пул сўраб ўғлининг омон қолиши учун курашган онанинг елкасига ҳамма юкни ташлаб қочган отанинг номи нима, нега шу пайтгача бундайларга мос ном топилмаган? Ўғлим, Аллоҳга шукур тузалди. Ўғлини ташлаб қўйиб дунё лаззатларидан баҳраманд бўлаётганлар эса ён-атрофимизда юришибди.

Учинчи она:

Ўғлим ўтиш ёшида, қиз синфдоши ҳақида кўп гапиради. Бир куни унга Руҳшонага отанг йўқлигини айтдингми, десам, “Ҳа, мен отам йўқлигини ҳар доим фахр билан гапираман. Чунки менинг сиздай онам бор” деб жавоб берди. Фарзандимнинг бу сўзларини эшитиб, беихтиёр йиғлаб юбордим…

Тўртинчи она:

Болам икки ёшлар атрофида, эндигина тили чиққанди. Бир куни тўққизинчи қаватдаги уйимиз деразасидан қараб турганча “Ойи Лайло(Лайлони демоқчи) дада бор, Акбар (Акбарни демоқчи) дада(си) бор, ман(менинг) дада(м) қани?” деб савол берди. Ўзининг отасизлигини илк бор англаб қолган болага нима деб жавоб бериш мумкин, бундай кезда, айтинг?

Бешинчи она:

Болам ҳали ўқувчи. Телевизорни қўйсак, диний уламолардан бири ота-онанинг фарзанд ва фарзанднинг ота-она олдидаги бурч ва вазифалари ҳақида гапираётган экан. Ўғлим, “Ойи, отам мени катта қилмаган, бошимни силамаган, ҳатто кўрмаганман. Мен катта бўлсам, мени дунёга келтирган ота қаршисида бурчдор бўламанми?” деб сўради.

Биз айнан ана шу каби саволлар юзасидан Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Тошкент шаҳар вакиллиги ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи Саҳобиддин Сатимовга мурожаат қилдик:

— Фарзандни ташлаб кетиши мумкин эмас, чунки бу Аллоҳ берган омонатни ташлаш бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳар бир киши ўзининг раъияти (қўл остидаги унга Аллоҳ инъом этганлари)дан масъул (сўралади) ва киши ўз аҳли оиласидан (Қиёмат куни) сўралади”. Шунга кўра ота фарзандларини бефарқ ташлаб қўйса катта гуноҳ қилган бўлади. Гарчи у онасидан ажралган тақдирда ҳам фарзандларнинг тарбияси ва таъминоти отанинг зиммасидадир. Демак, бундай ҳолда ота масъулликдан қочиши, иккинчидан Аллоҳ буюрган кариндошлик ота-бола риштасини узиши, учинчидан “Бақара” сураси 233-оятида айтилган Аллоҳнинг амрини бажармаган бўлади.

Саволнинг иккинчи қисмига келсак, фарзандларнинг таъминоти у вояга етганга қадар отанинг зиммасида бўлади. Агар ота фарзандини ташлаб кетган бўлса ҳам фарзанд отасига яхшилик килишни давом эттириши шарт. Чунки фарзанд “Отам мени боқмаган” дея   ота-болалик риштасини узса,   “эҳтимол (иймондан) юз ўгирсангиз, ер юзида фасод қилиб, қардошлик ришталарини узарсиз” (Муҳаммад сураси 22-23-оятларига қаралсин) ана ўшаларни Аллоҳ лаънатлади, уларни (маънавий) кар қилди ва кўзларини кўр қилди” оятидаги иймондан юз ўгирган, ер юзида фасод қилган ва Аллоҳнинг лаънатига учраганлардан бўлиб қолмаслиги учун ҳам фарзанд отасига яхшилик қилиши лозим. Зеро пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “қариндошлик (ота-бола риштаси ҳам) риштасини узган одам жаннатга кирмайди” деганлар.

Ҳа, дунё саволларга тўла, жавобсизлиги тайин саволларга. Баъзан кўзёшларингиз кўзларингизга оғирлик қилади. Алиментсиз фарзанд ўстираётган оналарнинг юрагига яқин йўласанг, жизғанак бўласан. Уларнинг дарди, изтироби, қўрқуви, умидсизлиги, орзуларининг қайрилган қанотлари… ҳамма-ҳаммаси юракни зирқиратади. Ахир биз мурғак деб атаётган бутун бошли-кўзли одамнинг тақдири, келажаги ортилган юкни елкага олган онанинг юраги ҳар куни   мисоли айсберг билан тўқнашади.

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама ота-онаси ажрашганида икки ёшда экан. У болалик чоғларида синфдошларига, бобоси ҳиндулар қабиласининг етакчиси, отаси эса шаҳзода эканлиги ҳақидаги ҳикояларини мароқ билан гапирар экан. Саккиз йил ўтгач, ота ўғлини кўриш учун бошқа қитъадан учиб келади. Қисқа муддатли учрашувда бола отасининг умуман бошқача, онасининг ҳикояларидан тасаввур қилган одамга сира ҳам ўхшамаслигини билади. Отасиз болаликка қарамай, у Гарварднинг ажойиб битирувчиси, таниқли сиёсатчи бўлиб етишди. Тасаввуридаги отанинг улуғвор қиёфасини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Ва, эҳтимол, тутқич бермас тасаввурлари сабаб Барак Обама ҳам “ўз қабиласининг етакчиси” — AҚШ президентига айлангандир.

Ўтган йили дунёда Фаровон болалик индекси бўйича энг бахтли болалар келажаги кафолатланган мамлакатлар рўйхати эълон қилинди. Унда Норвегия биринчи, Жанубий Корея иккинчи ва Нидерландия учинчи ўринга муносиб кўрилган. Норвегиялик болакайларга ҳавасингиз келяпти, тўғрими? Менинг ҳам, ҳатто ўнинчи ўриндаги Буюк Британия болаларига ҳам ҳавас қилдим. Биз ҳар биримиз ота-она сифатида фарзандимизнинг ташқи ахборот хуружларидан, электрон тамакилардан, интернет жангларидан, энг муҳими, оилавий ҳужумлардан олисда бўлишини хоҳлаймиз. Қаноти жуфт бўлишидан, жони ва қалби озор тортмаслигидан умидланаверамиз. Чунки биз оналармиз. Жоан Роулинг “Гарри Поттер”идаги Ломоснинг вазифаси “2050 йилга келиб барча болаларни меҳрибон, ғамхўр ва ҳимоячи оилаларда ўсишини таъминлашдир”, — дейди.

Бунинг учун эса Ота ва Она ўртасидаги муносабатлар бола ривожланишига катта таъсир кўрсатиши илмий жиҳатдан исботланганлигини тан олиш керак бўлади. Зеро, бола ортида ота ва она деган меҳрибонлари турганини кўз очган даъфадаёқ ҳис қилсин. У ёлғиз онанинг рўзғор тебратиш ҳақидаги ташвишларини эмас, дунёни ўзгартиргувчи орзуларни кўтариб катта бўлсин. Болалигидан тили қисилмасин, боши эгилмасин, нафратни кўтариб улғаймасин! Ижтимоий тармоқларда “Қаердасиз, эркаклар?” деган ёзувга кўзим тушганди. Зотан бу отасиз болалар қалбидаги “Қаердасиз, Отажон?” деган хитобига уйқашдир.   “Ҳозир отасизлик олдинги даврлардагидек жуда қайғули, фожиали ҳодиса эмас. Чунки бугунги кунда ҳар икки боланинг бириси отасиз ўсмоқда” деган гаплар бот-бот қулоққа чалинади. Демак, отасизлик урфга айландими, кўча тилида айтсак отасизлик модами? Демак, мақоламиз бошида келтирганимиз болаларимизнинг, отасиз синфда ўқиб, улғаяётгани реал воқелик экан-да. Эртага Худо сақласинки, аммо отасиз маҳалла, отасиз шаҳар, отасиз мамлакатга айлансак ҳолимиз не кечади?

Дунёда қанча одамлар тирноққа зор. Баъзилар битта фарзанд учун ҳар нарсага тайёр. Кимлардир бола савдоси орқали, ноқонуний йўл билан бўлса-да фарзандли бўлиш истагида. Яна тамоман бошқа тоифа одамлар эса қоракўзларидан воз кечган, ўз пуштикамаридан бўлган норасидага меҳрсиз бир парча болаликни “ҳадя” этган. У қоракўзларнинг айби нимада? Генетик отанинг фарзанддан воз кечиш учун кўрсатган важ-карсонлари бир инсон тақдирини абадий таҳқирлашга сабаб бўла оладими? Ўз боласининг илк сўзини эшитишдан, кулишларини туйишдан, илк отган қадамини кўришдан маҳрум отага – шу жазонинг ўзи етарлидай аслида. Бироқ, “Нега” деган савол қийнайверади… Чунки отасиз ўсаётган болалар кўзида ҳар куни қайта тирилади бу савол: НЕГА?

Гўзал БЕГИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + 17 =