Орзулар йўлидаги шамчироқ

Китоб мутолааси руҳни, тафаккурни озиқлантиради. Шу боис, уни нонга менгзашади. Зотан фарзандларимизнинг бир қўлига нон, бир қўлига китоб бериб тарбия қилиш шарқликларга хосдир.

Мутахассисларнинг фикрича, болани 3-4 ёшиданоқ китоб ўқишга ўргатиш керак экан. Айтишларича, дунёда 95 фоиз одамлар дақиқасига 210 сўз ёки 2 дақиқада бир ярим саҳифа китоб ўқишади. Лекин машҳур француз ёзувчиси Оноре де Бальзак ярим соатда 200 бет, император Наполеон эса дақиқасига 2000 та сўзни ўқиган.

Булар мутолаанинг зоҳирий белгилари албатта. Унинг ботинимизга сингийдиган фазилатлари эса беҳисобдир. Бугунги кунда мамлакатимизда анъанага айланган китобхонлик танловлари келажакка узатилган ақлий эстафета таёқчасидир. Зеро, бугун китобхонлиги боис, “Spark” минган ва бошқа моддий-маънавий рағбат олаётган, китобга меҳрини бераётган минг-минглаб ёшлар эртага юртимиз, халқимиз учун маънавият маёғини баланд тутиб, Ватанимиз орзу қилаётган етук инсонлар бўлиб етишадилар. Бу ёруғ мужда, эзгу умидлар шубҳасиз бесамар кетмас.

Президентимизнинг 2018 йил   12 майдаги   “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий   меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш   мақсадида ёшлар ўртасида   китобхонлик танловларини ташкил   этиш тўғрисида”ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дас­турини   тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 26 декабрдаги “Ёшларнинг китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган “Ёш китобхон” танловини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги мажлис баёни ижросини таъминлаш юзасидан ўтказилган “Ёш китобхон” танловининг   республика босқичи ҳақиқий маърифат байрамига айланиб кетди.

2020 йилда 300 мингдан ортиқ ёшларимиз биринчи марта онлайн тарзда ариза топширганлари, танлов шартлари фақат бадиий асарлар билан чекланиб қолмай, илмий-оммабоп китоблардан олинган саволлар киритилгани, шунингдек,   “Тезкор савол-жавоб”, “Эркин мавзу” шартлари   қўшилгани, ушбу нуфузли танловнинг финал босқичи биринчи марта   “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида “Ёшлар ижод саройи”да ўтказилгани барчамиз учун кутилмаган воқеа бўлди.

Донишмандлар бу дунёда инсон   учун икки нарсани   мукаррам ва   азиз тутишган, уларнинг бири нон бўлса,   иккинчиси китобдир. Нон   инсон танасига куч-қувват   берса,   китоб маънавий   қудрат тимсоли. Айниқса, “Ёш китобхон” кўрик-танловида иштирок этган ўқувчи-ёшларнинг самимий ва беғубор ташбеҳларнинг дилидан тилига оқиб келаётганига ҳавасингиз келади.

“Ёш китобхон” танловида ўтган тўрт йил мобайнида 2 миллион   470 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди. Тўғри, эҳтимол бу ҳозирча катта кўрсаткич эмасдир. Лекин энг чекка ҳудудларда ҳам минглаб мутолаа ихлосмандларининг китобга, адабиётга бўлган муҳаббати келажакда ёшларимизнинг китобхонликка қизиқишлари бундан ҳам баланд бўлишини кўрсатади. Мутафаккирларимиз китобнинг бизга   ўргатадиган энг эзгу   ва улкан сабоғи   тўғрисўзлик, яхши   китобларни ўқиш эса дунё­нинг энг доно кишилари   суҳбатида бўлишдир, деганлар.

Энг муҳим хушхабар эса ҳаммани тўлқинлантирди. Яъни, бу йилги танловнинг биринчи ўрин соҳиблари ва бундан кейинги ғолиблари Президент совғаси “Spark” автомашинаси эгаси бўлса, иккинчи ўрин эгалари 30 миллиондан (аввалги йилларда 2-ўринга компьютер жамланмаси берилган), 3- ўрин эгалари 15 миллион (ўтган йилларда 3-ўрин эгаларига 200 дона китоб жамланмаси берилган)дан пул мукофотлари, ҳар бир иштирокчига “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида чоп этилган китоблар жамланмаси ва қатор ҳомий ташкилотларнинг махсус мукофотлари билан тақдирланади ва бундай эътибор зукко китобхонларга берилган муносиб баҳо бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, шу пайтгача азиз Ўзбекистонимизнинг энг чекка ҳудудларидан ғолибликни қўлга киритган Қорақалпоғистон Рес­публикасининг Тўрткўл туманидан Шаҳзода Каримбоева ва Самарқанд вилоятининг Нарпай туманидан Моҳинисо Шомуродованинг янада нуфузли мукофот — Зулфия   номидаги давлат мукофоти билан   тақдирлангани китоб ўқиган билимли ёшларимизнинг янги зафарларининг амалдаги исботи бўлди.

Қизғин беллашувлар мамлакатимизнинг ҳар бир вилояти, туманининг шарафини ҳимоя қилаётган 10-14 ёш тоифасидаги 14 нафар қоракўзни бир-бири билан дўстлаштирди, яқинлаштирди.

Яна бир хушхабар.Сирдарёда   “Энг яхши китобхон оила” танловида ғолиб чиққан оилага Президент совғаси “Spark” автомашинаси топширилгани адабиётга, шеъриятга ошно бўлган китобсевар оилалар учун янада руҳий кўтаринкилик бахш этади.

Ибройим Юсупов номидаги   қорақалпоқ тили ва адабиёти фанини чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиси 14 ёшли Айнуранинг қорақалпоқ адабиёти ҳақидаги ўзига хос беғубор мушоҳадаси, бадиий гимнастикага оид теран мулоҳазалари, қорақалпоқ халқининг қадимги қадриятларидан жўшиб ҳикоя қилишини, Огаҳий номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Жавоҳир Каримовнинг     даниялик ёзувчи Ханс Христиан Андерсен ҳаёти ва ижодий фаолиятини   худди ёзувчининг ёнида юриб, барча тафсилотни кўриб тургандек   ўзгача мароқ билан таърифлашини тингласангиз, Бухоро шаҳар 30-ўрта мактаб ўқувчиси Мухлиса Насимованинг қизларининг китоб мутолаа қилишлари учун барча имкониятларни яратиб бераётган оталарга аталган “Отага таъриф”ини, шахсий муносабатини эшитсангиз, беихтиёр китоб инсонни улғайтириб қўйишига, доно ва мулоҳазали қилиб қўйишига яна бир бор амин бўласиз.

Ғалвир сувдан кўтариладиган кун 10-14 ёш тоифасидаги ёш китобхонлар беллашувининг   тақдирлаш маросимида 1-ўринни эгаллаган Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги 50-умумтаълим мактабнинг   8-синф ўқувчиси Муҳаммадфозил Исмоиловнинг ҳаяжонли сўзлари   бутун зални қалқитиб юборди:

— Азиз устозларим, китобхон дўстларим, — деди Муҳаммадфозил, — мен буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг “Курашиб эришилмаган ғалаба —ғалаба эмас”, деган ҳикматли сўзларига амал қилганим, мени ва акам Комронбекни ўзбек, хориж адабиётига муҳаббат руҳида тарбиялаган, отам вафотларидан кейин бизга ҳам оталик, ҳам оналик қилиб вояга етказган, керак бўлса ҳамма ўқиган ки­тобларимизни биз билан бирма-бир ўқиб чиққан онамга бўлган ҳурмату эҳтиромим менга куч бағишлади ва онамнинг менга билдирган ишончи мени маррага етаклади. Мендан бугун Ватан ҳақида сўрашди, менимча Ватан бу менинг отамаконим — Ўзбекистоним, менга ишонч билдирган онажоним, мен унга лойиқ фарзанд бўлишга ҳаракат қиламан.

* * *

Бизга яхши оналарни беринг, шундагина биз ҳам яхши оналар бўлиб етишамиз, дейилган пурҳикмат сўзлар бекорга айтилмаган экан-да, деб ўйлай бошлайсиз. Она қўрғон деймиз. Она оилага фақат яхши ниятни олиб кира олгани учун, отанинг бор диққату эътиборини боланинг билимига қаратгани учун ҳали вояга етмаган 15 ёшга ҳам тўлмаган болалар катта-катта заковат, тафаккур майдонларида куч синашишга жасорат топаяптилар.

“Ёш китобхон” кўрик-танловининг 15-19 ёш тоифасидаги беллашувлари яна ҳам қизғин, яна ҳам муросасиз   ўтгани Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги 48-умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулсанам Абдулҳакимованинг мутолаа борасидаги ўзига хос қарашлари, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарига берилган шоирона таърифлари, ижодий ёндашувлари, руҳий кечинмаларининг ёруғ таърифларида, Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги 2-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси Шоҳсанам Ҳазратқулованинг онага, Ватанга, элу юртга эҳтиром туйғулари йўғрилган   шеърий сатрларида, Хива шаҳридаги 121-сон кўзи ожизлар мактаб-интернати ўқувчиси Умиджон Қутлимуродовнинг бениҳоя кучли хотира ва зеҳн билан адабиётга ва ки­тобга берган таърифларида акс этди.

Ҳазрат Жалолиддин Румийнинг

“Ҳотами мулки Сулаймондир   илм,

Жумла олам жонига   жондир илм”

деган   ҳикматларини, илмли кишиларнинг биринчи дўстлари китоб экани, танловнинг ҳар бир босқичида яна бир карра ўз тасдиғини топди.

Албатта, 15-19 ёш тоифасидаги иштирокчилар учун кўрик-танловнинг   финал қисми ҳаяжонлар ва кўз ёшларсиз ўтмади ва адолат қарор топди. Алишер Навоий номидаги   Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси Мафтуна Умаровага Президент совғаси “Spark” автомобилининг калити топширилди, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги 38-ўрта мактаб ўқувчиси Муниса Норқобилова эса фахрли 2-ўринни (30 миллион пул мукофоти), Андижон вилояти, Қўрғонтепа тумани   11-умумтаълим мактаби ўқувчиси   Дилнавоз Ҳа­йитаҳматова 3-ўринни (15 миллион пул мукофоти)ни қўлга киритишди. Тинимсиз меҳнат, уйқусиз тунлар, билимга ташналик мана шу китобсевар ёшларни   халқнинг эътирофига, дўстларнинг олқишига, ота-оналарнинг шук­рона дуоларига ошно қилди.

Ватан равнақи илмдадур. Илм юксалган юртда фан ютуқлари барча соҳаларга кириб боради. Илмий изла­нишлар, кашфиётлар, тадқиқотлар мамлакатни, миллатни дунёга танитади. Илм мўъжизаси халқни буюк мақсадлар сари бошлайди. Халқимиз барча китобхон ёшларнинг келгусида Ўзбекис­тон илму маърифатини юксалтириш учун зукко олим, таниқли ёзувчи, хассос шоир бўлишни ният қилган орзулари руёбида кўрса не бахт!

“Ёш китобхон” танловининг   20-30 ёшлилар ўртасидаги қизғин мусобақалари Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий   сингари улуғ мутафаккирлар, Жек Лондон, Александр Пушкин, Лев Толстой, Чингиз Айтматов сингари хориж ва қардош адабиёт вакиллари, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Эшқобил Шукур, Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдошев каби адабиёт дарғалари асарларининг моҳирона таҳлили ва китобга бўлган дўстона муносабатнинг сурурли кўринишлари билан давом этди.

Иштирокчиларнинг “Учинчи Ренессанс мактаб остонасидан бошланади”, “Беш ташаббусда менинг ҳиссам” — шу каби мулоҳазалар танлов шартлари орасида ғурур билан айтилди ва шартнинг мазмун-моҳияти мана шу ҳикматли ғояларга боғланиб таърифланди.   300 минг нафар китобхон ёшлар ортидан миллионлаб ёшлар эргашаётгани адабиётга, китобга меҳр буюк Чўлпоннинг   “Адабиёт яшаса миллат яшайди”, деган   пурҳикмат сўзларининг амалдаги исботини кўрсатиб берди.

Танлов шартларига жавоб бераётган Фарғона давлат университети талабаси Нодирахон Тошалиеванинг инглиз ёзувчиси Жек Лондоннинг “Аёл кишининг мардлиги” ҳикояси   мазмун-моҳиятида инсон ҳурмати, ғурури тилга олингани, Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги 6-умумтаълим мактаб ўқитувчиси Нафиса Назарованинг буюк мутафаккир Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарини ўқувчиларининг фикрлари орқали баён этишида, Самарқанд вилоятининг Нарпай туманидаги 52-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Гулҳаё Эшманованинг ташаб­бускорлиги, билими ва ташаббускор ёшлар мамлакатида фахрга айланиши ҳақидаги   фикрлари барча қатнашчиларда илиқ таассурот қолдирди.

20-30 ёш тоифасидаги   Андижон вилоятининг Олтинкўл   туманидаги 35-умумтаълим мактаби   ўқитувчиси Фотима Маматалиева 1-ўринни эгаллаб, Президент совғаси “Spark” автомашинасини қўлга киритди. Бухоро давлат университетининг 2-курс магистри Шамшода Ҳамдамова   фахрли 2-ўринни (30 миллион пул мукофоти), Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиали талабаси Санжар Шотемиров фахрли 3- ўрин (15 миллион пул мукофоти)ни эгаллади.

Бир сўз билан айтганда, юртимиздаги бу қайноқ жараён, беназир апрелнинг дастлабки кунлари бутун мамлакатга, элга янги Ўзбекистоннинг янги қаҳрамонларини танитди. Ўз меҳнатининг самарасидан, вақтларини фойлали ишга сарфлашга ҳаракат қилган 42 нафар ёшлар ҳомийларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Сайёра  ТЎЙЧИЕВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 − five =