Билимлар хазинаси, орзулар қаноти

Дарҳақиқат, инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти — китоб барча илмлар манбаи, ҳар биримиз учун энг яқин дўст ва доно маслаҳатчи. Шу боис замонавий гаджетлар, электрон алоқа воситалари ҳаётимизга чуқур кириб бораётганига қарамасдан, улардан ҳеч бири китобнинг ўрнини боса олмайди.

Мамлакатимизда китобхонлик давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз томонидан 2019 йилда маънавий-маърифий соҳаларда илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус замирида эзгу мақсадлар мужассамлигини тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилгани ҳам яққол намоён этади.

Янги Ўзбекистоннинг дастуриламал ҳужжати — Тараққиёт страте­гияси бешинчи йўналишининг 72-мақсадида аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш белгилангани юртимизда китобхонликни умумхалқ ҳаракатига айлантиришга хизмат қилади.

Жорий йилнинг 18-23 апрель кунлари мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган II Республика “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида 100 дан ортиқ нашриётда сўнгги йилларда чоп этилган янги китоблар тақдимоти, таниқли ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, ношир ҳамда матбаачилар билан мулоқотлар бўлиб ўтиши, Меҳрибонлик ҳамда Мурувват уйларининг кутубхоналарига китоблар туҳфа қилиниши, китоб кўргазма-ярмаркалари, интеллектуал совринли викториналар ташкил этилиши барча китобсеварларга кўтаринки руҳ бағиш­лайди.

“Китобхонлик ҳафталиги”нинг тантанали очилиш маросимида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондидаги китоблардан ҳар куни интернет орқали электрон шаклда ва шахсан келиб фойдаланувчилар сони 1,5 минг атрофида экани, бу кўрсаткич бир ойда 27 мингта, бир йилда 300 мингтадан ошиши таъкидлаб ўтилди. Хўш, 36 миллионлик аҳолига нисбатан олганда бу озми-кўпми? Албатта, кам. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси муҳташам қилиб қурилган, китобхонлар учун ҳамма шароит яратилган. Биз нега шундай қулай имкониятдан унумли фойдалана олмаяпмиз?

Чет элларда кутубхоналар қадр­ланади, табаррук маскан саналади, ҳатто оила қураётган ёшлар ана шундай маърифат мас­канларига бориб никоҳдан ўтишади. Кутубхоналар шунчалик муқаддас жой саналади. Айрим давлатларда марказий кутубхоналарда махсус Президент хонаси бор. Давлат раҳбари вақти-вақти билан, яъни ўзининг бўш пайтларида ўша хонага бориб мутолаа қилади. Биринчидан, бу фуқароларга ибрат намунаси бўлади.

Иккинчидан, китобхонлик тарғиботида қўл келади. Учинчидан, кутубхоналар фаолиятини назорат қилиш вазифасини ҳам ўтайди. Дунёнинг кўплаб демократик давлатларида шундай тизим мавжуд.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг китобхонлик масаласига жиддий эътибор қаратаётгани ҳам бежиз эмас.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида милодий III асрлардаёқ кутубхоналар бўлган. Ўлкамиз географик жаҳатдан стратегик чорраҳада жойлашгани учун ғарбдан келган босқинчи ҳам, шарқдан келган босқинчи ҳам заминимизни топтаб ўтган. Босқинчилар биринчи навбатда кутубхоналаримизни, китобларимизни ёққан. Шундай вазиятда ҳам халқ закоси китобларни сақлаб қолишнинг янги усулларни яратган. Бу — достончилик, бахшичилик санъати. Қанчадан-қанча нодир асарлар шу йўл билан авлоддан-авлодга етказиб берилган. Масалан, “Гўрўғли” достони ислом дини кириб келгунга қадар бўлгани, кейин унга қўшимчалар қўшилгани, ўзгартиришлар киритилганига ҳечам шубҳа қилмаймиз. Агар “Алпомиш” достонига эътибор қаратсак, Алпомиш, Барчин, Қоражон туркий исмлар, араб тилидан олинмаган, демак, бу достон шак-шубҳасиз қадим аждодларимизга тегишли бўлиб, бизга асрлар оша етиб келган. Аслида достончилик, бахшичилик санъати замирида ҳам китоблар ётади.

Бугунги кунда дунёдаги энг китобхон давлат деганда, биз кўз олдимизга ривожланган мамлакатларни келтирамиз. Аслида эса бирон-бир мамлакат аҳолисининг китобхонлик даражаси унинг нафақат иқтисодий, балки маънавий жиҳатларига ҳам бориб тақалади. Масалан, Ҳиндис­тон Ер юзидаги аҳолиси энг кўп ва камбағаллар энг кўп истиқомат қиладиган мамлакатлардан бири бўлишига қарамасдан, фуқаролари китоб ўқиш бўйича етакчи ўринда туради. Қашшоқ деган аҳоли ҳам Ҳиндистонда китоб ўқийди.

Исбот талаб қилмас ҳақиқат шундаки, дунёни фақат илм билан забт этиш мумкин. Барча соҳаларда илмни чуқур эгаллашнинг йўли эса битта – китоб ўқиш.

Ёшлар онгида китобхонлик маданиятини шакллантиришнинг ҳар хил усуллари борлигини ҳеч ким инъкор этмайди. Биринчи навбатда,   ота-оналар иш, рўзғор ташвишларидан ортиб фарзандлари кўз ўнгида китоб мутолаа қилса, болалар ҳам китобга меҳр қўяди.

Шу боис болаларга қимматбаҳо кийим-кечак, телефон эмас, биринчи навбатда китоб совға қилиш керак. Ота-оналарнинг фарзандига олиб берган ширинлиги ёки музқаймоғи эмас, айнан туҳфа этган китоби бир умр хотирасида сақланиб қолади. Егуликдан ҳис қилган таъмини унутиб юборади, лекин ота-онаси туғилган кунида ёки бирон байрамда совға қилган китобнинг номини ҳеч қачон ёдидан чиқармайди.

Китоб — билимлар хазинаси, орзулар қаноти. Гарчи илдизи миллий заминдан озиқланса-да, шохларида умумбашарий мева унади. Китоб ҳар бир миллатга ўз маданиятини намоён этиш, айни чоғда, бошқа халқларнинг урф-одатлари ва анъаналари билан танишиш имконини беради. У тараққиёт ва маданий ранг-баранглик кўзгуси, ўтмиш билан бугунни, бугун билан келажакни боғловчи кўприк вазифасини ўтайди. Шу сабаб китоб ўқиган, айниқса, бадиий адабиётга меҳр қўйган одам эзгуликка ошно тутинади. Ўз билими, дунёқараши, руҳияти ва маънавиятини бойитиб, оламни теран англай бошлайди.

Биз ёшларни китобхонликка ўргатамиз деб махсус танловлар ўтказяпмиз. Ғолибларга “Spark” автомобили бериляпти. Бу яхши, албатта, ёшлар ўртасида китоб ўқишга иштиёқ кучаймоқда. Лекин китобхонлик жамоавий кўринишда бўлса, масалан, китобхон мактаб, китобхон ташкилот… Шунда эффект-натижа янада яхшироқ бўларди. Битта шахс ўнта, юзта китобни ўзи учун ўқийди. Биз буни жамоавий характерга эга қилсак, бора-бора умумхалқ ҳаракатига айланиб кетади.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Китоб ўқиганга машина бору китоб ёзганга-чи, деган савол туғилади. Келинг, ҳар йили, ҳеч бўлмаганда, битта энг бестселлер бўлган китоб муаллифига автомобиль берилса. Ўн йилда ўнта адиб машинали бўлади. Бу адибнинг истеъдоди ва меҳнатига берилган унчалик юксак баҳо бўлмаса-да, ҳарқалай муносиб рағбат-да!

Бизда бутун умрини китобга, матбаачилик соҳасига бағишлаган инсонлар бор. Улар четда қолиб кетмаслиги, рағбатлантириш чоралари қўлланиши керак.

Китобни, китобхонликни тарғиб қилувчилар кутубхоначилар ҳисобланади. Ахборот ресурс марказига кирсангиз, бир зумда сизга керакли китобни топиб беришади. Лекин биринчи навбатда, уларнинг ойлик маошларини ошириш зарур.

Ёдингиздами, бир пайтлар ҳар бир хўжалик идораси ёнида кутубхона бўларди. Болалар, ўсмирлар, катта ёшли кишилар ҳам бориб китоб ўқирди. Бундан ташқари, мактабларда ўқувчилар билан энг гавжум жой — кутубхоналар эди. Эҳтимол, ҳозир ҳам айрим жойларда кутубхоналар бордир. Лекин уларнинг китоб фонди қанча? Ёки бир йилда қанча бола кириб китоб ўқийди? Бу кўпчиликка қоронғу, аниқ маълумотлар йўқ. “Болалар қандай китобларни ўқияпти?” деган саволни таълим муассасаларига берсангиз, мутасаддилардан: “Қўлларида мобил телефонлари бор, электрон китобларни юклаб олишган, интернет орқали ҳам ўқишади” деган жавобни эшитасиз. Бунга ишониш қийин. Негаки, республикамиз бўйича юзлаб қишлоқларга интернет ҳозирча умуман кириб бормаган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон бўйича қанча аҳолининг интернет тўловларини амалга ошириш ва электрон китобларни ўқиш имконини берадиган русумли телефонларни сотиб олишга қурби етади? Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилиб, мамлакатимиз аҳолисининг 12-15 фоизи ёки 4-5 миллиони камбағалликда экани таъкидланди. Нима уларнинг болалари китоб ўқимаслиги керакми? Эҳтиёжманд оилалар хонадонига моддий ёрдам, озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга “Маърифат саватчаси” сифатида китоблар, газета-журналлар ҳам олиб кирилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Одатда, бизда бирон ташаббус бошланса, бирдан кампаниябозлик авж олади. Орадан маълум вақт ўтгач эса тамоман унутилиб юборилади. Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаб­бус доирасида вазирлар, раҳбарлар ўзлари ўқиган мактабларга 5-10 дона китоб совға қилишди. Кейин шу билан бўлди, тугади. Нега бу доимий, анъанавий кўриниш касб этмайди? Ёки ҳар йили Давлатимиз раҳбари уларга яна эслатиб, топшириқ бериб туриши керакми?

Бугун дунё жуда катта хавфнинг остида турибди. Интернетнинг қулайликлари жуда кўп, лекин унинг ортида биз кўрмайдиган қанақа хатарлар кириб келаётганини ҳамма-ҳам ҳали англагани йўқ. Ана шу жиҳатдан ҳам китоб ҳар бало-қазони даф қила олади. Ишончли манба, содиқ дўст сифатида ёнимизда туради.

Умримиз давомида мутолаа қилишимиз зарур бўлган асарлар жаҳон адабиётида ҳам, ўзбек адабиётида ҳам жуда кўп. Биз уларни ўқишга қачон вақт ажратамиз? “Китоб замонлар денгизида саёҳат қилаётган ва инсониятнинг қимматбаҳо хазинасини аждодлардан-авлодларга етказиш ҳикмат кемаси” ёхуд “Ҳар бир инсоннинг қиймати ўқиган китоблари билан ўлчанади” каби сўзларнинг маъно-мазмунини қачон англаб етамиз?

Аслида инсон вужуди моддий ноз-неъматларга нақадар эҳтиёж сезса, унинг маънавий-руҳий юксалиши учун китоблар шу даражада зарур. Агар китобхон кутубхонага келмаса, кутубхона китобхонлар ёнига, ишхонасига, ҳатто хонадонига кириб бориши керак. Китобхонликни рағбатлантиришнинг самарали усулларини амалиётга татбиқ этиш зарур. Шундагина энг китобхон миллатга айланамиз.

Зеро, шу кунларда ушбу муҳим маънавий ҳафталик яъни мамлакатимиз бўйича II Республика “Китобхонлик ҳафталиги”нинг ўтказилишидан асосий мақсад ҳам юртимизда китоб мутолаасини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг китобга меҳр-муҳаббатини янада оширишга қаратилган эзгу амалдир.

Олимжон ЎСАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси раиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + 20 =