Маънавий гўзаллик маскани

Инсонларнинг маънавий олами қанчалик кенг ва бой бўлса, қалб гўзаллиги, тафаккур олами, атроф-муҳит, ташқи олам билан боғлиқ барча ҳаракатлари ҳам гўзал бўлади. Муомала қилиш маданияти, сўзлашиш одоби, юриш-туриши, кийиниш одоби ҳам унинг бир бўлаги сифатида тўлдириб туради.

“Бола азиз — одоби ундан азиз”, деган иборани бекор айтишмаган. Ёки: “Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлмоғи керак”, деган сўзни ҳам кўп бора эшитганмиз. Инсоннинг юзи ҳам, ўзи ҳам гўзал бўлиши билан бирга, унинг қалби, фикри, онги, маънавияти ҳам гўзал бўлиши лозимлигини китобларда кўп бор ўқиганмиз, катталардан эшитганмиз, маънавий гўзаллик барчамизнинг етуклик борасидаги ички туйғуларимиз ҳосиласи деб билсак, оилада фарзандларимиз тарбиясини, одобини гўдакликдан тарбиялаш ўз самарасини беради. Бунинг учун эса фарзанд тарбиясининг биринчи кунлариданоқ она алласи билан биргаликда ўсиб улғаяётган миллат эгаларини қўшиқ хиргойи қилиш, алла айтиш орқали тинглаш қобилиятини ўстирамиз. Мактаб ёшидан бошлаб эса китоб ўқишга меҳрини такомиллаштириб борамиз. “Ёшликда олган билим тошга ўйилган нақш кабидир” дейдилар.

Китоб ўқишга бўлган меҳр оиладан шаклланар экан, бу фарзанд катта бўлиб, баркамол шахс сифатида шаклланиб бораверади. Шу орқали бу шахснинг маънавий олами ўсиб, тафаккури бойиб, китобхонлик маданияти аста-секин ўсиб, ривожланиб боради. Кўп мутолаа қилган ҳар қандай қалб авваламбор ўз фикрида қатъий турадиган, тенгдошлари орасида бемалол фикрини бошқаларга етказиб бера оладиган, сўз бойлиги юқори, маънавияти бой, маънавий олами гўзал инсон бўлиб етишади.

Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, китобсевар миллатни шакллантиришга қаратилган кўплаб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ҳар ойнинг 17-санаси “Китобхон оналар куни” деб эълон қилиниши ҳам бугунги кунда миллат тарбиячиси — оналаримизнинг китобхонлик даражасини оширишга, уларнинг фарзанд тарбиясидаги ролини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Шу ўринда “Китобхон оила”, “Ёш китобхон оила”, “Зукко китобхон оила” каби танловларнинг юртимиз бўйлаб ўтказилиши ҳам китобхонлик маданиятини оиладан шакллантириб боришга қаратилган, десак, хато бўлмайди. Оналаримиз қанчалик китобхон бўлса, фарзандларимиз ҳам, келажак эгалари бўлган ёш авлод ҳам шу қадар билимдон, салоҳиятли бўлиб улғаядилар.

Юртбошимиз ўтган йили 22 декабрь куни Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида: “Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши керак, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши шарт!

Шу мақсадда халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтаришимиз лозим”, деб алоҳида таъкидлаган эди.

Бугун китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш ва ёш авлодда китобга меҳр уйғотиш каби масалалар юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Бу борада, Тошкент вилояти Ангрен шаҳар ахборот-кутубхона марказида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Кутубхонамизда юз мингдан ортиқ бадиий, сиёсий ва оммабоп адабиётлар мавжуд. Болажонлар учун алоҳида ўқув зали бўлиб, унда эртаклар, топишмоқлар, болалар энциклопедиялари, тез айтиш, мақол ва маталлар, ҳар хил луғатлардан иборат 10 минг нусхадан ортиқ бир-биридан қизиқарли китоблар ёшлар томонидан севиб мутолаа қилиняпти. Кутубхонамиз ҳар доим ўқишни, билим олишни ва мутолаани севувчи китобсеварлар билан гавжум бўлиши билан бир қаторда, шаҳримизда, вилоятимизда ўтказиладиган ҳар қандай маънавий-маърифий тадбирда фаол иштирок этиб келмоқда. Ахборот-кутубхона марказидан узоқда жойлашган маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда ҳам кўчма кутубхоналар ташкил этилаётгани таҳсинга лойиқ. Шу билан бирга ахборот-кутубхона марказимизнинг фаолиятида “Меҳр кутубхонаси” ва “Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди” шиори остида имконияти чекланган, кекса ёшдаги китобхонлар, ёши улуғлар ва уй бекалари учун “Уйга элтиб бериш хизмати” ҳам йўлга қўйилган. Биз ўз хизматимиздан, албатта, ғурур ва ифтихор туйғусини туямиз. Бу хизматдан фойдаланган ҳар бир кекса авлод жуда ҳам мамнун. Ахборот-кутубхона маркази шаҳримизда 2024 йил июль ойида ташкил этилган “Маънавият хиёбони”да ҳам ҳар ойда икки-уч марта янги адабиётлардан иборат китоб кўргазмалари ташкил этиб, турли мавзудаги тадбирларни ўтказиб боради. Бу эса ўз ўрнида ахборот-кутубхона марказига олинган янги адабиётлар билан таништирибгина қолмасдан, балки мутолаани севувчи қалблар учун ҳам янгилик бўлмоқда. Китоб — фикрлаш қаноти, хазиналар калити, тафаккур манбаи эканлигини билган ҳар битта китобхон ўзи истаган китобларни шу маскандан бемалол олиб мутолаа қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. 2023 йилда ахборот-кутубхона марказимиз “Очиқ бюджет” лойиҳасида овоз тўплаш йўли билан 600 млн сўм маблағни қўлга киритди. Бу маблағ ёрдамида кутубхонанинг иссиқлик тизими тўлиқ таъмирдан чиқарилди ҳамда жиҳозлари янгиланиб, ўқув заллари кўркам ва шинам ҳамда юмшоқ мебеллар билан жиҳозланди. Бунинг учун бизни қўллаб-қувватлаган, ўз овозларини берган Ангрен шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларига, аҳолига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бу юртимизда фарзандларимиз келажаги бўлган китоб мутолааси ва кутубхоналарга катта эътибордан далолат.

Гулбаҳор САФАРОВА,

Тошкент вилояти Ангрен шаҳар

ахборот-кутубхона маркази директори,

“Ахборот-кутубхона аълочиси” ва

“Маънавият фидойиси” кўкрак

нишонлари соҳибаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − 3 =