«JURNALIST»да журналист йўқ-ку!

Афсуски, “Журналист” телесе­риалида ҳақиқий журналистни кўрмадик. Умуман, бу сериалда журналист йўқ! Буни қарангки, шу ҳақда ўйлаб: хўп шундай экан, темирчи устани ҳам вазир қилиб кўрсатса бўлар экан-да, деган фикрга бориб қолдим.

Ростдан ҳам бу сериалнинг аксарият лавҳалари ҳақиқатдан йироқ. Номи умуман воқеликка мос эмас. Режиссёрларимиз журналистлар ҳаё­тига оид сериал олишга қизиққан бўлсалар фидойи, шижоатли, довюрак, тўғри сўзни айтиб халқнинг муаммоларини ҳал қилишга ёрдам бераётган, жамиятимиздаги камчиликларни рўй-рост ёзаётганларнинг фао­лиятини мезон қилиб олиб сериал ишлашса мақсадга мувофиқ бўларди.

Ёки сериал ёзишга ишқивозчилик қилаётган одамлар ҳеч бўлмаса ёзувчи Абдусаид Кўчимовнинг 2019 йил “Чўлпон” нашриётида чоп этилган “Буни ҳаёт дейдилар” китобидаги бадиаларга бир назар ташлашса ёмон бўлмасди. Китобда муаллифнинг забардаст ёзувчиларимиз Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Шук­рулло, Ўткир Ҳошимов, Барот Бойқобилов, Маъруф Жалил, Пирмат Шермуҳамедов, Маҳмуд Саъдий, Азим Суюн, Қозоқбой Йўлдош каби устоз­лар билан кечган кунлари, ажойиб ва қизиқарли саё­ҳатлари, уларнинг қисқача таржимаи ҳоллари баён этилган.

Дейлик, китобда Одил Ёқубовнинг ростгўй, ҳақиқатпарастлиги, ҳаттоки 1980 йилда Москвадаги Кремлнинг съездлар саройида халқ депутатларининг мажлисида сўз ололмагани, ўша пайтдаги республика раҳбари бу муаммони ҳал қилиб бергани тасвирланган боблар ҳар қандай томошабинни ҳам ўзига жалб эта олади.

Ўшанда Одил Ёқубов халқ чекаётган аламлар, азоб-уқубатлар, оғир меҳнат туфайли 16-17 ёшида 50-60 дан ошган аёллар сингари тарашадай қотиб, қизлик жозибасидан айрилаётган ўзбек қизларининг аянч­­ли қисмати ҳақида, Америкадаги қора танли қуллардан ҳам хор-абгор деҳқонларнинг ғариб ҳаёти тўғрисида, қарамлик, мутелик фожиалари, зўравонлик кулфатлари тўғрисида сўзлаган.

Аслида ҳам “Буни ҳаёт дейдилар” севимли ёзувчимиз Одил Ёқубовнинг машҳур ибораси бўлган. Китобни ўқиб, О.Ёқубовнинг жасоратига, қатағон йилларининг қурбони бўлиб, пешонасига “Миллатчилиги учун қамалган Усмон Носир ва Чўлпоннинг шеърларини ўқиган”, “Пессимистик шеърлар ёзган”, “Халқ душмани” деган тамға босилган, 25 йилга қамалган адиб Шукрулло домланинг иродасига қойил қолмасликнинг иложи йўқ.

Ургутлик шоир, ўткир публицист, адабиётшунос олим Барот Бойқобилов ўша пайтдаги туман ҳокими Холмуҳаммад Нуриллаевга: “Васиятим, Кенагас қишлоғи бўсағасидаги “Боғи Хамса”га мени дафн этинглар”, деган экан, орадан бир ой ўтиб вафот этган. Ҳоким унинг васиятини адо этибди. Фикримизча, сериал учун ҳақиқий сюжет бўлишга арзийдиган лавҳалар ана шундай бўлади.

Китобни ўқиб Маъруф Жалилнинг камтарлиги, Маҳмуд Саъдийнинг одамгарчилиги, Шамси Одилнинг самимийлиги, Азим Суюннинг шижоаткорлиги, Пирмат Шермуҳамедовнинг одамшаванда, ўта киришимлилиги ҳақида билиб оласиз.

Хуллас, деярли ҳар ойда телевидениенинг турли каналлари орқали навбати билан қайта-қайта намойиш этилаётган “Журналист” сериалида умуман матбуот, журналистнинг ҳаё­тидан асар ҳам йўқлигига сира ақлим етмади. Ҳаммаси майда-чуйда, ғийбатнамо гаплар. Шуми журналистнинг ҳаёти? Ўзи сериалдан мақсад нима эди? Ахир, сценарий ёзаман деса, тарихда ҳам, яқин ўтмишимизда ҳам, бугунимизда ҳам журналистлик қилганлар эл-юрт ташвиши, дарди билан яшаб, бу касби орқали қанча обрў-­эътибор орттирган бўлса, ҳақ сўзи учун шунча душман орттирган, бошидан не-не оғир савдоларни кечирган фидойи инсонлар ҳаёти нисбат қилинса, бўлмасмиди?

Энг қизиғи, бу сериалга қандай қилиб шундай ном беришган экан? У “мутахассис” ким бўлди эканки, асардаги мантиқни қўйиб, ўзича тилига келганини айлантириб номлайверса?.. Ва бу матоҳни телеканалларимизнинг тез-тез такрор намойиш этаётгани яна ҳам ғалати. Гўё у ерда журналистлар ишламайдигандек…

Режиссёрларимиз ҳақиқий журналистнинг ҳаёти ва босиб ўтган йўли баён этилган китобларни сериал қилсагина ҳаётни реал тасвирлаган бўларди. Афсус…

Хонбиби ҲИММАТ қизи

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 5 =