Янги Ўзбекистонсан – мангу Ўзбекистонсан!

Халқим, Худойим берган бахтингга кўз тегмасин,

Шаъну шавкат, шиддату шаҳдингга кўз тегмасин.

 

Ҳозирги замон гувоҳ, даврон осон келганмас,

Бундайин омон-омон замон осон келганмас.

         

Олам яратилмишки, ҳураверади итлар –

Юраги қурум босган, ўйи бузуқ, иркитлар.

         

Ярим йўлда қолсин деб чалмоқ бўлар нокаслар,

Ризқу насибангга чанг солмоқ бўлар нокаслар.

         

Ватан озод қалбларда яшнагай, мангу сўлмас,

Жондан кечмоқ мумкиндир, Ватандан кечиб бўлмас.

         

Мижжа қоқмай кўзларни асрагандек мужгонлар,

Ватанни асраш керак – бўлмоқ керак посбонлар.

         

Ҳар бир ўғлон, ҳар бир қиз аскар бўлмоғи шартдир,

Бирлашган, минг-минг туман лашкар бўлмоғи шартдир.

         

Хасдек беқадр бўлар юртидан айрилганлар,

Хор бўлади оқибат ҳақ йўлдан тойрилганлар.

         

Хатардан қўрққан ночор қуёнларга ўхшама,

Ҳийлакор газандага, чаёнларга ўхшама.

         

Дунё – ўрмон, тузоқ кўп, сен қадим кўкбўри бўл,

Лайчаларнинг ҳоли вой, сен ҳушёр бўл, зўри бўл!

         

Дунёга учган қулнинг шўри қисади бир кун,

Лахта-лахта қон ютар, қонлар қусади бир кун.

         

Ҳақиқат қуёшига тортиб бўлмайди парда,

Худо деган кишига ҳақиқатдир саркарда.

                       

Халқим, кўксимни ўяр минг бир хаёл, минг бир ўй,

Қозон-товоқ, тўй-ҳашам, ошни мақташингни қўй.

         

Берунийлардан илму ирфонни ўрган аввал,

Имом Бухорийлардан иймонни ўрган аввал.

         

Хоразмийни ўқигил, ҳисобингни йўқотма,

Термизий дарсини топ. Китобингни йўқотма.

         

Насафий боболарга умри жонинг бахш айла,

Нақшбандий пиримнинг тариқини нақш айла.

                       

Ватанда озод, эркин бўлиб яшамоқ керак,

Зафарли ютуқларга тўлиб яшамоқ керак.

         

Мақсад муштарак бўлса – бирдамлик, бирлик бўлгай,

Озодлик боқий бўлгай, абадий ҳурлик бўлгай.

         

Шукур, илмга чанқоқ толиб фарзандларинг бор,

Ҳар соҳада пешқадам, ғолиб фарзандларинг бор.

         

Бўйларига тумор бўл, жаҳонга бўйлар улар,

Миллатни ўйлар улар, Ватанни ўйлар улар.

         

Олам минбарларида хитоби бор ўзбекнинг,

Ғиротларга муносиб шитоби бор ўзбекнинг.

         

Кўнглида асрорини ғанимларга айтмагай,

Танлаган ўз йўли бор, йўлидан ҳеч қайтмагай.

         

Онажон, юрак сўзим, буғдой сўзимни айтай,

Тиғдай сўзимни айтай, туғдай сўзимни айтай.

         

Ҳазрат боболаримдан мерос тоза иймонсан –

Янги Ўзбекистонсан – мангу Ўзбекистонсан!

Ғайрат МАЖИД

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + ten =