Матбуот дўконлари керак эмасми?

Европани маънавиятсизликда айб­лаймиз гоҳида. Аммо ривожланган мамлакатларнинг аксариятида тонг — аччиқ қаҳва ҳамда газета мутолааси билан бошланади. Ҳатто пандемия шароитига қарамай, миллионлаб нусхада чоп этилишдан тўхтамаган, ўқувчиларини йўқотмаган газеталар ҳам оз эмас. Шу муносабат билан яқинда Тошкент шаҳридаги матбуот дўкони сотувчиларининг савдо шохобчалари борасидаги ўйларига қизиқдик ва фикр-мулоҳазаларини ёзиб олдик.

Эътибор берсангиз, тобора шаҳарларда (чекка ҳудудларда-ку тамоман) матбуот дўконлари сийраклашиб бораётир. Қайси бир “киоск”кa қараманг ё компьютер хизматлари дўконига айланганини кўрасиз ёки бутунлай ташландиқ ҳолдаги манзаранинг гувоҳи бўласиз. Тўғри, талаб нимага кўп бўлса, савдо ҳам ўша нарсага ихтисослашади. Аммо ҳамма нарса ўз ўрнида, ўз жойида бўлгани дуруст. Шундай эмасми?

 

Меҳригул Холмуродова (52 ёш):

— Ростини айтсам, дўконимизда газета савдоси ҳавас қилгулик эмас. Шохобчамда 15 хилча газетам бор бор-йўғи. Асосан, “концтовар” сотаман. Нима қилай, қора қозон қайнаши керак ахир… Матбуот дўкони бўлгани учун мажбур бир-иккита нашрлардан оламан. Кўпроқ нарса харид қилганларга газеталаримдан “подарка” қилиб бервораман. Қайси газеталар бор дейсизми? “Маърифат”, “Ҳуррият”, “Халқ сўзи”, “Правда Востока” … Яна русча газеталар бор, яхши сотилади. Харидорлар кўпроқ нима харид қилади… Хўш, бу ер талабалар шаҳарчаси бўлгани учун ёшлар дафтар-ручка, сигарет, гувоҳномасига “чопон”, пулни резинкаси, лист сўраб келишади кўпроқ… Лекин газета сўраб келишмайди. Ўқимаганидан кейин олмайди-да. Мен ҳам талаб нимага кўп бўлса ўша нарсадан кўпроқ сотаман.

Қани эди, матбуот дўконларида ҳам турнақатор нав­бат бўлса-ю янги газеталар талашиб-талашиб олинса, деб ўйга толамиз ўзимиз ҳам. Гарчи ёшлар орасида камнамо бўлса-да, катталар орасида босма нашр ўқувчилари бор, ҳартугул. Бироқ аудиторияси кенг қамровли бўлишига қарамай, расмий нашрлардан кўра сариқ матбуот нашрларининг харидоргирлигини кузатиб айтсак тилимиз куяди, айтмасак дилимиз…

 

Раҳимжон Қосимшайхов (67 ёш):

– Мен тўрт йилдан буён газета-журнал сотаман. Шохобчамга ўзбек-рус тилларида 60 хил нашр келади. Ҳар бир газетанинг ўз мухлиси, ўз ўқувчиси бор сизга айтсам. Менинг дўконимда ҳафталик кроссвордлар, “Даракчи”, “Ҳордиқ”, “Сўғдиёна”, “Аргументы и факты”, “Мир новос­тей” газеталарига талаб кўп. Харидорлар кўпроқ ёши катталар. “Тасвир”, “Хумо” каби русча газеталар тез кетади. Камдан-кам ҳолларда 1-2 та сотилмай қолади. “Халқ сўзи”, “Тошкент ҳақиқати”, “Адолат”, “Ҳуррият”, “Маърифат” деган газеталарни кўпроқ домлалар, давлат ишида ишлайдиганлар олади. Ҳа, яна саломатликка, спортга оид газеталар ҳам яхши кетади. Ҳар бир нашрдан ойма-ойига, сотилишига қараб, 4-5 тадан 50 тагача оламан. Сотилмай қолса “Матбуот тарқатувчи” акциядорлик компанияси газеталарни қайтариб олади. “Договор” шунақа.

 

Фахриддин Хайриддинов (ёш сотувчи):

— Биздан ҳам интервью оладиганлар бор экан-да (кулади). Фикрларимни ўғлимни номидан бера қолинг, элга танилсин.

Хўш, дўконимизда 20-30 хил газеталар бор. Бу ерда университетлар, давлат идоралари кўп бўлгани учун кўпроқ расмий газеталар сўраб келишади одамлар. Ёшлар келса бирор мавзу айтишади ва шу мавзуга доир газеталар беришни сўрашади баъзида. Домлалари айтса керакда ўқи деб. Мени отам ҳам журналист бўлганлар, исмлари Хайриддин Муқимов, радиода ишлаганлар. Матбуот дўконларига келсак, улар бизга керак, интернет етиб бормаган чекка ҳудудларга, телефон ишлатишни яхши билмайдиган қариялар учун ҳам керак. Айниқса, бундай шохобчалар ҳар бир университет яқинида бўлиши лозим деб биламан. Лекин ўзингиз биласиз-ку, бугун ёшларнинг топгани – телефон…

Азиз ўқувчи, мақсадимиз шунчаки, зиёлиликка “даъвогар” жамиятимизга бирров ойна тутиш эди. Хулоса эса ўзингиздан.

Ю.Ўрмонова тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − five =