Хархашами ёки ношукурлик?
Инсоният ниҳоятда мураккаб даврда яшай бошлаганини ҳаммамиз билиб турибмиз, ҳис қилаяпмиз. Қўл билан ушлаб, кўз билан кўриб бўлмайдиган вирус дунёнинг деярли барча мамлакатларининг иқтисодиёти, турмуш тарзини ўзгартириб юборди.
Балои офат манаман деган давлатларнинг силласини қуритаяпти, миллионлаб одамларнинг жисмонан ва руҳан азобланишига сабаб бўлаяпти. Карантин чекловлари ўрнатилиб, одамлар бир-биридан узоқлашди, бири биридан шубҳалана бошлади. Бундай синовлар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаяпти, албатта.
Айтиш мумкинки, шу кунларда ижтимоий тармоқларни, ундаги изоҳ ва фикрларни кузатиб, шундай фикрга келиш мумкин: қирқига чидаган одамлар негадир қирқ бирига чидай олмаётганидек, орамизда юқумли вирусдан-да хавфли “хасталик” — ношукурлик ҳукм сура бошлабди. Ёки бошқача айтганда, шундоқ ҳам пандемия таъсирида бироз “бели букилиб” қолган оила иқтисодини “оёққа турғазиш” осон бўлмаётганини айрим ҳамюртларимиз тўлиғича тушуниб етмаяпти. Бу ҳолатдан эса кўпинча блогерлар одамларда норозилик туйғусини келтириб чиқаришга уринмоқда.
Энг ҳайратланарлиси, ижтимоий тармоқда қолдирилаётган айрим изоҳ ёки “пост”ларни кўриб, оддий, осон ҳал этса бўладиган маиший муаммоларни глобал масала қилиб кўрсатаётган блогер бўлмишлар энди элу юрт орасида ваҳима ҳам кўтарадиган бўлдими, деган ўйга борасан киши. Гўёки улар кўзига қора кўзойнак тақиб олган ва ўзгаларнинг меҳнатини, фикрини камситиш орқали ўзини илғор қилиб кўрсатаётгандек, назаримизда. Аслида илғор инсон ўз амали, меҳнати, бунёдкор ғоялари билан барчага ўрнак бўлиши керак-ку!
Ҳар кимнинг эркин фикр билдириш ҳуқуқи бор, албатта, буни тушунамиз. Аммо кўпроқ хайрихоҳ йиғиш мақсадида жўн, кераксиз нарсаларни рўкач қилиб кимларнидир танқид қиладиганларнинг ўзларини ким деб аташ мумкин? Ким деб аташни билмадигу, аммо кимга ўхшатишимизни айта қолайлик. Бола агар хархаша қилса катталар “лаббай” деб туришини билиб қолса борми, ҳар қандай истагини хархаша билан бажартиришга одатланади. Кейинги пайтларда блогерлар ҳам хархашахўрликка ўтиб олишганга ўхшайди. Қаерда бақир-чақир, қўйди-чиқди бўлса, ўша жойда улар ҳозиру нозир бўлишаяпти.
Ҳеч ҳам ёдимдан чиқмайди, алгебра фани устозимиз Холида опа биз, ўқувчиларга “ҳар қандай арифметик мисолни икки хил усул билан ечиш мумкин: бири қисқа йўл, иккинчиси узун йўл. Қайси усулни танлашингиз ўзингизга боғлиқ”, дегандилар. Мен узун йўл билан мисолни ечишни маъқул кўрардим.
Сабаби — узун йўл билан ишланганида мисол жавоби тўғри чиқишининг эҳтимоли қисқа йўлникига қараганда катта бўлади. Қолаверса, кўпроқ вақт ва меҳнат сарфлаб топилган тўғри жавобдан кўрилган роҳат кишига ўзгача мароқ бағишлайди. Айниқса, мукофотига аъло баҳони қўлга киритсангиз борми, бунинг хурсандчилиги келаси дарснинг навбатдаги мисолигача етарди…
Назаримда, ҳозир аксарият ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари у ёки бу масалани ҳал этиш учун қисқа, осон йўлни излашга киришиб кетди. Бунинг устига, бирор тўсиққа учраган одам, дарҳол ижтимоий тармоқ орқали айюҳаннос соладиган, гўёки ҳамма унга қарши, у аллақандай исёнкорлар қурбонига айланиб қолаётгандек, дод-вой қиладиган бўлиб қолишди.
Мана бир мисол, яқинда ижтимоий тармоқларнинг бирида баъзи одамларнинг ҳай-ҳайлашига сабаб бўлган блогернинг “…3 нафар ёш боласи бор янгийўллик аёлга “шантажлик” қилгани сабаб уй берилгани…”, бўлди. Аммо блогер аёлнинг бутун бошли жамиятни лоқайдлик, бепарволикда айблаб, ўзини “давлат” қилиб кўрсатганидан, очиғи, бироз хафсалам пир бўлди. Аслида-чи, айнан ўша блогер қоралаган жамоатчилик ёрдамида аёлга хайрия ҳисоб-рақами очилган, бундан ташқари, маҳалла фаоллари бу ёлғиз аёлга “тикув машинаси” совға қилишгани, лекин у тикишни билмаслик важи билан бу ҳадядан воз кечиб, ҳатто тикувчиликка ўргатадиган бепул ўқув машғулотларида қатнашишдан ҳам бош тортганини нима дейиш мумкин? Бу ҳақда негадир блогер жанобларининг тўхталгиси келмайди.
Тўғри, ижтимоий тармоқ қаҳрамони — бу аёл сингари аёллар сони юртимизда кам эмас, етарлича бор. Аммо энди аввалгидек юртимизда камбағаллар борлигига кўз юмилаётгани ҳам йўқ-ку! “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” айнан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш учун амалиётга жорий этилмоқда.
Юқоридаги вазиятда блогер опамиз ёки унинг ҳимоясидаги ёш аёл ҳаракатидан-да кишини кўпроқ хафа қиладиган бошқа нарса ҳам бор: ижтимоий тармоқда ушбу масалага оид қолдирилаётган изоҳлар, куракда турмайдиган ҳақоратларни ўқиб: орамизда ҳар нарсага чап кўзи билан қарайдиган, Ватанини — ўзи яшаб турган уйини борича севмайдиган “негатив”чилар ростан ҳам кўпайибди, деган фикрга келасан.
Худди шу кайфият ва ўй-хаёллар билан юрганимда, таниқли психолог Азизахон Тошхўжаеванинг “негативчилар ҳақида” сарлавҳали аудио суҳбатини тинглаб қолдим. Суҳбатда психолог ҳар бир инсоннинг ўзи учун белгилаган ҳалоллик даражаси мавжудлиги ва ушбу даражани инсоннинг ўзи ёки ўзгалар қандай қабул қилишига тўхталар экан, “негатив”, яъни салбий фикр билдиришга алоҳида эътибор қаратади.
— Ўзгалар қандайдир “негатив” фикр билдирса, бу унинг ҳуқуқи эканлигиниям англашимиз керак, — дейди Азизахон Тошхўжаева. — Биз унга қараб айтамиз, “бу сизнинг фикрингиз, бу сизнинг ҳуқуқингиз”, деб. Лекин инсон қилаётган амалининг тўғри эканига 100 фоиз ишонса салбий фикрлар таъсирида қолмайди.
Қолаверса, биз одатда ҳар қандай инсонни танқид қилишимиз мумкин, деб ўйлаймиз. Аслида эса бу хато, бизнинг инсоннинг ўзини эмас, балки унинг бажарган ишини танқид қилишга ҳаққимиз бор, холос. Демак, биз танқидни шахсга нисбатан эмас, балки шахс бажарган ишига нисбатан қўллашимиз керак. Ана шунда бу соғлом ва асосли танқид бўлади.
Албатта, бу ерда мутахассис тингловчи эътиборини танқид мотиви тушунчасига қаратар экан, аввало, бирор-бир инсоннинг ҳаракати, фаолияти танқид қилинганида бунинг замирида унинг ишини янаям яхшилаш мақсади бўлиши кераклигини қайд этади.
— Масалан, — дейди А.Тошхўжаева, — ёш олим илмий ишини ёқлаётганида устози камчиликларини кўрсатиб, шогирдини танқид қилиши мумкин. Аммо бунинг натижасида иш мукаммаллашади. Бу ерда мотив шогирднинг ишини сайқаллаш билан боғлиқ. Иккинчи мотив бу — тўхтатиш мотиви. Яъни, бошқа шахсни танқид қилиш орқали уни ривожланишдан ёки пастга чўкиб кетишдан тўхтатишга ундалади. Шундай устозлар бор, чўкаётганингизда ёки хатога йўл қўяётганингизда атайин танқид қилишади. Унинг таъсирида тўхтаб қолган инсон яна ҳаракатланиши ёки аксинча, ҳаракатдаги одам тўхтаб қолиши эҳтимоли бор. Учинчи мотив — ҳасад, кўролмаслик ёки ўрнини эгаллаб қўйиш хавотиридан юзага келади. Бундай танқид инсоннинг очиқдан-очиқ оёғидан чалишга қаратилган бўлади.
Психолог танқиднинг тўртинчи мотивига тўхталар экан, бу танқид нолиш оқибатида юзага келишини алоҳида таъкидлайди. “Яъни, меҳнат қилмай, жабрдийдага айланаётган айрим одамлар ҳаётдан, инсонлардан, берилаётган имкониятлардан нуқул нолийдиган бўлади. Айнан мана шу жабрдийда ролидаги нолувчилар атрофга асосий негатив тарқатувчилардир. Ўзга одамларга ёрдам бериш, уларга ачиниш ҳамда қўллаб-қувватлаш, раҳм қилиш сингари нозик туйғулардан жабрдийда образини бажараётганлар устамонлик билан фойдаланишади. Бундан ташқари, жамиятдан, иш жойида жамоасидан ёки қўшнисидан ёки оиласи, фарзандидан нолийдиганлар ҳам бор. Ва мана шулар, асосий негатив тарқатувчилар ҳисобланади. Бундай инсонларнинг ҳаракати юқумли касалликлардан ҳам хавфлидир”, — дейди А.Тошхўжаева.
Ўйлаб кўринг, оламдаги барча нарса ва ҳодисалар ҳаракатда, ўзгаришда, тараққиётда. Шундай экан, ҳар бир шахс атрофда кечаётган воқеа-ҳодисаларни тўғри баҳолаб, ўзгаришларга нисбатан онгли муносабатда бўлиши лозим эмасми?
Саодат СОДИҚОВА,
журналист