Табиат фарёди

Ҳаёт гўзал, яшаш завқи бўлакча. Табиат ҳусни кўзингизни қувонтирса, тоза ҳаво баҳри-дилингизни очади. Ям-яшил дарахтлар, гуллар, майсаларга қараб қувонасиз. Гоҳо ёлғиз қолиб далаларга, қирларга чиққингиз келади. Анҳор ёқалаб яёв юришни, хушманзара боғ-роғларда сайр қилишни, сой лабида ўтириб, жилғалар овозини эшитишни истаб қоласиз. Лекин…

Кексаларнинг суҳбатида бўлсангиз, улар ёшлигида ариқ сувидан тў­йиб-тўйиб ичганию, унда нон оқизиб еганларини завқланиб айтиб беришади. Чунки, узоққа борманг, бундан 40-50 йил илгари ҳам ҳеч ким сувга ахлат ташламасди. Ҳамма сувни улуғ неъмат, муқаддас билишарди. Кексаю ёш унинг уволидан бирдай қўрқарди. Бизга ҳам болалигимиздан “Ҳеч қачон сувга ахлат ташлама, тупурма, гуноҳ бўлади, фаришталар қарғайди”, деб уқтиришган. Аммо… бугун-чи?

Бугун эса табиатни сиқувга олаётган глобал индустрия, урбанизация, модернизация каби инсоният вужудга келтирган унсурлар, афсуски, бутун ер юзини ҳалокат ёқасига келтириб қўйди. Аслида, ер, сув, ҳаво ва чор атрофимиз тозалигини сақлаш тарбияси оиладан, бола туғилиши биланоқ шакл­лантирилиши керак. Афсуски, жуда кўп ҳолларда биз катталар ҳам бунга аҳамият беравермаймиз.

Айрим бефарқ қўни-қўшни ёхуд уй бекалари супурги, ахлат челакларини бола қўлига тутқазиб, “Бор, ариққа тўкиб кел, сув оқизиб кетади” деганига баъзан гувоҳ бўлганмиз. Калаванинг учи мана қаерга бориб тақаляпти! Чиқиндини сувга ташлаб келган фарзанд кўп нарсани сувга ташлаш мумкин экан, онам айтди-ку, деган хулосага бормайдими?

Абу Али ибн Сино “ Агар тутун, чанг бўлмаганида инсон минг йил яшарди” деган экан. Бугун эса супуриндию хазон япроқлари, қишда қуриб қолган бегона ўт, ажриқ ва янтоқларни жойида бемалол ёқиб юбораверамиз. Оқибати билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ. Табиатга муносабатимиз тубдан ўзгарганини, бу қилмишимизнинг салбий “натижа”ларини ижтимоий тармоқларда кузатиб боряпмиз. Масалан, яқин-яқингача муҳокамалар марказида турган Сўқоқдаги хушманзара масканни олайлик. Интернетда бу гўзал жойнинг сурати эълон қилинганидан сўнг одамлар бир ҳафта ичида бу беқиёс гўзаллик масканини чиқиндихонага айлантиришгани нақадар ачинарли ҳол.

Кўпгина ривожланган мамлакатларда нефть, газ, кўмир каби манбалар ер остида қолиб, ўрнига муқобил қувват воситаларидан фойдаланишга ўтилаётгани бежиз эмас. Дейлик, Германияда ҳавони ифлослантирадиган 10 йиллик эски автомашиналар утилизацияси амалга оширилиб, автомобиль эгасига 2500 еврогача пул маблағи тўлаб берилади. Маиший чиқиндиларни турларга ажратиш, қайта ишлаш, ундан иккиламчи маҳсулот олиш йўлидаги амалий ишлар ҳам аллақачон германияликлар турмуш тарзининг ажралмас қисмига айланган. Мамлакат ҳудудидаги экомактаб ва экобоғчалар фаолияти аллақачон кенг жамоатчилик назоратига олинган. Бу тажриба Япония, Сингапур, Малайзия ва бошка тараққий этган давлатлар сиёсатида ҳам кузатилмоқда.

Ер юзида аҳоли сонининг ўсиши туфайли фойдали қазилмалар ва сув ресурсларининг сарфи кун сайин ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, 25 йилдан сўнг, ҳозирги экологик муаммолар қаторига ичимлик суви тақчиллиги ҳам қўшилади. Бинобарин, кўрилаётган чоралар, қабул қилинаётган қатор қонунларга қарамай, табиатнинг фарёди ҳануз тўхтагани йўқ.

Мутахассислар фикрича, одамларнинг эътиборсизлиги сабаб, дунё океанига бир йилда 1 миллиард тоннадан зиёд пластик идишлар ташланади.

Хўш, тоза худуд шиори нима учун юртимизда оммалашмайди? Онда-сонда хўжакўрсинга ўтказиладиган тадбирлардан қандай наф бор?

Феруза АКРОМХЎЖАЕВА,

Дилфуза ТОШПЎЛАТОВА,

Ўзбекистон Давлат табиат музейи ходимлари

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + five =