Ўсаров Олимжон Авалбоевич — Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси

Ўсаров Олим Авалбоевич 1973 йили Самарқанд вилоятида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини (1996), Тошкент давлат юридик институтининг суд-прокурорлик факультетини (2002) тамомлаган. Ихтисослиги – журналист, ҳуқуқшунос. Филология фанлари номзоди. 3-даражали адлия маслаҳатчиси. Икки чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати (2005, 2010).

О.Ўсаров 30 йиллик иш фаолияти давомида оммавий ахборот воситалари ва давлат ҳокимияти органларида масъул лавозимларида ишлаган ва бой тажриба орттирган.

Иш фаолиятини “Чирчиқ тонги” газетасидан бошлаб, 1995-2002 йилларда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Спорт” таҳририяти муҳаррири, “Маънавият” бош дирекцияси бўлим бош­лиғи, “Сиёсат” бош муҳарририяти бўлим бошлиғи, “Ёшлар” телеканали гуруҳ раҳбари, продюсери лавозимларида фаолият юритди ҳамда телетомошабинлар эътирофига сазовор бўлган “ТВ-адвокат”, “Чироғи ёниқ уй”, “Табаррук қадамжолар”, “Қишлоқдаги тенгдошим”, “Саё­ҳатнома” кўрсатувларини ташкил этган.

2002-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Матбуот хизмат раҳбари — “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ахборотномаси” илмий-амалий журнали ва “Куч-адолатда” газетаси бирлашган таҳририяти Бош муҳаррири лавозимларида ишлаган.

О.Ўсаров 2017 йил 1 мартдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида таъсис этилган “Нуроний” газетаси ва “Кексалик гашти” журнали Бош муҳаррири вазифасида фаолият юритди.

Унинг 50 дан ортиқ илмий ишлари, хусусан, “Паблик рилейшнз” ўқув қўлланмаси (2012), “Оммавий ахборот воситалари ва суд ҳокимияти муносабатлари: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” (2013), “Ўзбекистонда сиёсий пар­тияларнинг жамоатчилик билан алоқалари” монографиялари (2014), “Пресс-конференция қандай ўтказилади?” (2014), “Давлат ҳокимияти органларида журналистларни аккредитация қилиш: мажбуриятми ёки зарурият” (2014) ўқув-услубий қўлланмалари, “The legislative chamber of the Oliy Majlis of the Republik of Uzbekistan” (2013), “Парламентда журналистларни аккредитация қилишнинг зарурияти” (2011), “Ўзбекистон ва жаҳон: халқаро алоқалар, давлатлараро муносабатлар ва истиқболли ҳамкорлик” (2014), “Судлар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги тамойили” (2016), “Замонавий медиа муҳитда PR-хизматлар” (2019) китоблари нашр этилган.

Шунингдек, “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан яратилган “Инсоннинг яшаш ҳуқуқи” (2007), “Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари” (2007), “Ўзбек жанг санъати” (2011), “Ёшлар ва ҳуқуқий маданият” (2012) илмий-оммабоп фильмларининг муаллифи.

Жорий йилнинг 4 июнь куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг навбатдан ташқари конференциясида О.Ўсаров уюшма раиси этиб сайланди.

Олим Авалбоевич Ўсаровга мамлакатимиз журналистларининг нуфузли ташкилоти бўлмиш — Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада жонлантириш, уюшмада йиллар давомида тўп­ланиб қолган қатор муаммолар, вазифалар ижросини амалга оширишда муваффақиятлар тилаймиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 4 =