Поклик уйи
Тоққа овга чиққан эдим, илон изи сўқмоқлардан айланиб юриб, кичкина тоғ қишлоғи олдидан чиқиб қолдим. Ўн ёшлардаги ёш бола оқ оҳак тошлардан бўйи баравар уйча кўтариб, билакдек арча ёғочлари билан устини ёпаётган эди. Қизиққанча ёнига борган эдим, эсли бола экан: “Ассалом алайкум, амаки!” дея салом берди. Саломига алик олгач: “Бу қанақа уй? Ёмғирдан, офтобдан ҳимояланиш ёки ит ва бирор жониворни сақлаш учунми?!” деб сўрадим қизиқиш билан. “Бу поклик уйи, амаки!” деб жаовб қилди у ҳайратимни ошириб. “Поклик уйи?”, “Ҳа, поклик уйи?” дея жавоб қилди у худди катталардек жиддий оҳангда. “Бу уйингга кимлар кириши мумкин?” деб сўрадим яна. “Амалдорлар!” деб жавоб қилди у. “Нима учун амалдорлар?”, “Отам мана шу тоғ қоровули! Илгари какликлар, товушқонлар, кийиклар шундоққина уйимиз ёнида гала-гала, тўда-тўда бўлиб юришарди, ҳар ойда туман амалдорлари шаҳарлик меҳмонларини овга олиб келишади, барисини отиб бўлишди: на каклик қолди, на товушқон, на кийик. Ҳатто бўрилар ҳам келмай қўйишди, тоғ ўрмони ичи ўлаксаларга тўлиб, сасиб кетяпти, бўрилар уларни еб, тозалаб туришарди!”— деди у яна худди катталардек. Эшитганим борки ё баланд тоғда яша, ё азим шаҳарда. Яна эшитганим борки, тоғ халқи қонунчи ва жуда зийрак бўлишади. Туманда яшаётган амалдор Америкада нима бўлаётганини кечроқ билиши мумкин, аммо тоғлик аллақачон янгиликдан хабар топиб, кераклисини ажратиб олган бўлади. Бу бола ҳам ўшалардан бири. Тасанно, деб юборишимга оз қолди. “Нима, сен ўйлайсанки, амалдорлар шу уйингга киришадими?!” дедим уни синаш учун. “Киролмаганини тоққа қўймайман!” деб жавоб қилди бола бийронлик билан. “Сенга қулоқ солишармикин?!” дедим яна синаш учун. “Агар қулоқ солишмаса, телеграм ёки фейсбугим орқали керак бўлса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига ёзаман, ана ўшанда амалдор дегани мен билан ҳазиллашмайдиган бўлади!” деди у қизишиб.
На кулгим келди, на йиғлагим.
— Баракалла, болам! – дедим унинг елкасига уриб қўйиб.
Нариги тоққа етгач, ортимга қарадим: боланинг оқ уйчаси қорамтир арчали тоғлар орасидан оппоқ покиза оламдек кўзга ташланди. “Поклик уйи!” – аллақандай ғалати бўлдим: боланинг поклик уйчасига киришга биздаги қанча амалдорнинг юраги дов бераркин?!
Тўлқин ҲАЙИТ.