Журналистлар эккан дарахтлар

Бир қарашда оддий туюлган ҳодисанинг ҳосиласи нақадар улуғворлигини бироз фурсат ўтгандан кейингина ҳис қиламиз.

Кейинги йилларда мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли юмушлар хусусида ҳам худди шундай мулоҳаза юритиш мумкин. Юртбошимиз ташаббуси билан дарахтлар кесилишига мораторий эълон қилиш билан “старт” олган ишлар бугун умуммиллий ҳаракатга айланди. Ёшу қари, амалдору ходим, тадбиркору сармоячи ким бўлишидан қатъи назар табиатдан айро яшаш имконсизлигини идрок этаётир.

Буларнинг барчаси атроф-муҳитни аслича асраш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, сув ва ер ресусрларидан оқилона фойдаланиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани шарофатидир. Давлатимиз раҳбари сайловолди учрашувларида ҳам ушбу йўналишнинг умумиқтисодий тараққиёт ва фаровон ҳаёт билан нақадар чамбарчас боғлиқлигини бутун халқимизга содда тилда тушунтириб бердилар.

Шулардан келиб чиқиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга бағишланган Президентимизнинг видеоселектор йиғилишида 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича юртимиз бўйлаб “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳам бу жараёнда соҳа вакилларининг муносиб ҳисса қўшишини таъминлаш мақсадида кўчат экиш тадбирини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг бир гуруҳ ўқитувчи ва талабалари бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, “Долзарб 40 кунлик” акцияси доирасида Тошкент шаҳри Боғишамол кўчасида   ўтказилган кўчат экиш тадбирида фаол иштирок этишди.

– Бизнинг бундай ташаббус билан чиққанимизни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам мамнуният билан қабул қилиб, янги дарахтлар экилиши зарур бўлиб қолган жойни кўрсатишди – деди, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров. – Халқимиз суйган, таниқли журналист ҳамкасбларимиз билан биргаликда пойтахтимизнинг “Ботаника” боғи олдига 500 тупдан ошиқ турли манзарали дарахтлар экдик. Бу жараёнда ҳамма ўзгача иштиёқ, ҳамда бир олам завқ билан қатнашди. Газета ва журналлар, телевидение, радио ҳамда интернет нашрлари вакиллари ўзлари эккан кўчатларига ўз нашрлари номи ёзилган тахтачаларни осиб қўйиш билан бу кўчатларнинг ўсиб, катта дарахтга айлангунга қадар парвариш қилиш мажбуриятини олдилар. Насиб этса, баҳор ойларида бу дарахтлар илк бор гуллаганда, яна бир марта шу ерга келиб, ободонлаштириш ишларини ҳам ташкил этишни мақсад қилдик.

Чиндан ҳам мазкур тадбирда каттаю-кичикнинг ғайрат билан кўчат ўтқазишга киришиб кетганини кўриб, ҳеч кимнинг четда тургиси келмади. Барчанинг чеҳрасида савоб ишга ҳисса қўшаётганидан мамнунлик кайфияти яққол сезилиб турди.

– Кўчат экиш учун ҳам яхши жой танланган: Тошкентнинг энг сўлим боғи атрофи, Боғишамол кўчаси дейди, – Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бошқарма бошлиғи Маъмуржон Парпиев. – Бу кўчага деярли кўпчиликнинг йўли тушади, одамлар маданий дам олиш учун атайлаб келишади. Вақти келиб, биз эккан манзарали дарахтлар бўй чўзиб, одамларга хушкайфият бағиш­лайди. Умуман олганда, бугун биз ҳамкасбларимиз билан нафақат кўчат экдик, балки соҳа фаолиятига оид ютуқ ва муаммолар юзасидан фикр алмашдик. Шунга ўхшаш ташаббуслар керак экан. Анчадан бери кўришмаган ҳамкасбларимиз билан яхши гурунг қилдик. Бунинг учун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига миннатдорлик билдирамиз, — дейди М.Парпиев.

— Шаҳар фақатгина баланд бинолари билан эмас, ўзига яраша яшил табиати, манзараси билан ҳам гўзал бўлиши керак, — деди тадбирда қатнашган Юнусобод тумани ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов. — Бизлар экаётган дарахтларимиз ҳам эртанги авлодга қолдирадиган меросларимиздан бўлади. Ҳозир дарахт экиш учун айни зўр палла. Сабаби, бобокалонларимиз айтганларидек, яҳобнинг сувида суғорилган экин ҳеч қандай касалликларга учрамасдан, яхши ўсади. Ўйлайманки, журналистлар томонидан экилган бугунги кўчатлар келгуси йилларда шаҳримиз кўркига янада кўрк қўшади.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − nine =